Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


19.11.2025 | 14:21

img170

ОНГ ВА РАҚАМЛИ ҒОЯ

Ҳабибулло САДИБАҚОСЕВ

XXI аср кишилари ахборот цивилизацияси босқичига кирди. Эндиликда жамият тараққиёти ва осойишталигини фақат иқтисодий ёки сиёсий омиллар эмас, ахборотни қабул қилиш ва қайта ишлаш қобилияти, яъни рақамли онг даражаси ҳам белгиламоқда. Бундай шароитда ҳар бир миллатнинг келажаги унинг ахборотга бўлган муносабати, сунъий интеллектни қандай талқин қилиши ва рақамли муҳитда миллий ўзлигини сақлаб қолиш қобилияти билан чамбарчас боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбе­кис­тон Президенти Шавкат Мирзиёев­нинг рақамли ахборот технологиялари ва сунъий интеллект(СИ)ни ривожланти­ришга доир ташаббуслари техноло­гик сиёсатнинг янги босқичи, миллий онг, маданият ва маънави­ятни ҳимоя қилишнинг илмий-фалсафий стратегияси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Аслида, СИга инсон онгини алмаш­­тирувчи сифатида эмас, уни кенгайтирувчи, тизимлаштирувчи ва қайта дастурловчи восита сифатида қарашимиз зарур. Фалсафий нуқтаи назардан, сунъий интеллект – инсоннинг ўзини англаш жараёнининг янги босқичи. У инсон онгининг ташқи моделлашуви ҳамдир. Лекин бу жараён ахлоқий, маънавий ва миллий ўлчамларга ҳам эга.
Агар СИ алгоритмлар орқалигина иш­ласа, у нейтрал эмас, чунки ҳар бир алгоритм маълум маданият, тил, қадриятлар билан тузилади. Шунинг учун ҳам бугун миллий ахборот маконида СИни ривожлантиришга ало­ҳи­да эътибор қаратиш маданий суве­ренитетни таъминлаш ҳаракати, дейиш тўғрироқ.
Ахборот глобаллашган даврда тил маданий ҳимоя қалқони ҳамдир. Миль­лий тил рақамли муҳитда фаол бўл­маса, у аста-секинлик билан ахборот жара­ён­ларидан сиқиб чиқарилади. Миллий тилни рақамли муҳитга жорий этиш, ахборот тизимларининг ўзбек тили асосида ишлашини таъминлаш каби йўналишлардаги ислоҳотлар айнан шу хавфни бартараф этишга қаратилган. Бу жараён фақат лингвистик эмас, фалсафий жараён ҳамдир. Чунки тил онгнинг шакли. Миллий тил рақамли муҳитда фаол бўлса, миллий онг ҳам рақамли оламда яшайди. Агар тил суст бўлса, миллат онги ҳам шундай бўлиб қолади.
Ахборот асрида инсоният учун энг катта таҳдид манипуляция қилин­ган маълумотдир. Бугунги ­дун­ё­­да ёлғон ҳақиқатдан тезроқ тарқал­­моқда. Шунинг учун ахборот истеъмоли маданиятини шакл­лантириш муҳим. Бу жараён туфайли ёшларда ахборот манипул­ятсиясига қарши иммунитет ҳосил бўлади. Миллий тил рақамли ҳаётга мослашади. Миллий маданият рақамли шаклда яшай бошлайди. Энг муҳими, инсон онги сунъий онг билан ҳамкорликда янги “онг цивилизацияси”га қадам қўя­ди.

МАФКУРАВИЙ ГЛОБАЛЛАШУВ ВА АХЛОҚ ТАНАЗЗУЛИ

Мафкуравий глобаллашув – бу замонавий даврда миллий қадриятлар ва маданиятлар ўртасидаги мувоза-натни бузувчи янги жараёндир. У ташқи таъсир орқали халқларнинг урф-одатлари, тили ва дунёқарашини бир хил қолипга солишга интилади. Агар илгари мустамлакачилик иқтисодий ёки сиёсий характерда бўлган бўлса, бугунги кунда у ахборот ва ғоялар майдонида кечмоқда. Бу жараён миллий онгни кучсизлантириб, шахснинг ўз маданиятидан узоқлашишига сабаб бўлади.
Миллий тил, маданият ва урф-одатлар инсоннинг маънавий идентификациясини таъминловчи асосий омиллардан биридир. Бироқ виртуал муҳитда глобал контент устуворлиги туфайли кўп миллатлар ўз тилида рақамли маҳсулотлар яратиш борасида ортда қолмоқда. Натижада ёш авлод ўз маданияти қолиб, бошқа миллатнинг қадриятларини ўзига сингдириб олаётганини сезмаяпти. Бу ҳолатни фалсафий нуқтаи назардан “маданий ассимиляция” деб аташ мумкин. Яъни, бутун бир халқ бошқа маданият таъсирида ўз қадриятлари илдизини унутиб, бегона маданиятга сингиб кетади.
Мафкуравий глобаллашувнинг асо­сий оқибати миллий ўзига хосликнинг йўқолишидир. Тил, урф-одат, ахлоқ ва маънавият – миллатнинг руҳий меъмори. Агар унга зиён етса, миллатнинг тарихий хотираси ва маънавий бирдамлиги ҳам йўқолади. Шу нуқтаи назардан, виртуал муҳитда миллий тил ва маданиятни муҳофаза қилиш стратегик аҳамиятга эга вазифа. Бугун дунёдаги кўплаб давлатлар ўз рақамли маконида миллий тилни омма­лаштириш учун махсус дас­турлар ишлаб чиқмоқда.
Мафкуравий глобаллашувнинг яна бир салбий жиҳати – ахлоқий меъёрларнинг янгича маънода талқин қилинишидир. Виртуал муҳитда “эркин фикрлаш” шиори остида қадимдан шаклланган ахлоқий чегаралар инкор этилмоқда. Бу жараён фалсафий жиҳатдан ахлоқ таназзулининг асосий сабабларидан бири. Замонавий виртуал муҳит “ўзинг учун яша” деган эгосентрик фалсафани илгари сурмоқда. Бу эса инсонни жамоавий масъулиятдан узоқлаштириб, ахлоқни фақат шахсий манфаат нуқтаи назаридан баҳолаш тенденциясини кучайтиради.
Аслида, ахлоқ жамиятнинг маъна­вий иммунитетидир. У шахсни нафақат ёмонликдан, балки маънавий инқи­роз­дан ҳам асрайди. Аммо рақамли муҳитда бу иммунитет заифлаш­моқ­да. Эътибор қилсангиз, инсон қадриятлари лайклар, трендлар ва виртуал маъқуллаш­лар билан ўлчана бошланди. Меҳр, ҳурмат, садоқат каби тушунчалар кўпинча сунъий контент кўрини­шида намоён бўлмоқда. Масалан, баъзи ёшлар ота-онага бўлган муҳаббатни амал билан эмас, “видео эҳтиром” орқали ифода этишни маъқул кўра бошлади. Бу ҳолатда маънавият шакл сифатида сақланса-да, мазмун жиҳатидан бўшаб боради.
Ахлоқ таназзули – бу фақат шахсий муаммо эмас, балки жамият бар­қа­рорлиги учун таҳдиддир. Чунки ахлоқсиз фуқаро маънавиятсиз жами­ят­­­нинг оддий чиқиндиси, холос. Шу­нинг учун ахлоқни фақат диний ёки маърифий тизим орқали эмас, балки рақамли маданият воситалари орқали ҳам мустаҳкамлаш зарур. Миллий контент, подкастлар, визуал таълим платформалари, кино ва анимация орқали ёшларга ахлоқни замонавий тилда етказиш керак. Негаки, маънавият тақиқ билан эмас, маърифат билан муҳофаза қилинади.
Бу нуқтаи назардан қаралса, рақамли технологиялар ахлоқнинг душмани эмас, унинг янгича ифодаси бўлиши мумкин. Агар улар ахлоқий назорат ва миллий қадриятлар асосида бошқарилса, технология маънавиятнинг хизматкорига айла­нади. Шунинг учун “виртуал таҳдид” тушунчасини “ахборот инқирози”дан кўра кенгроқ маънода қабул қилиб, инсон маънавияти учун имтиҳон сифатида ҳам кўриш керак. Ундан ўтиш учун жамият ахборот мада­ниятини, танқидий тафаккурни ва миллий ахлоқни бир бутун тизим сифатида қайта шакллантириши зарур.

МАЪНАВИЙ ВА ИЛМИЙ ЁНДАШУВ

Инсоният тарихида ҳар бир янги  цивилизация босқичи онг ва қадриятлар синовига ҳам айланган. Бугун эса дунё сунъий идрок ва рақамли онг асрига қадам қўйди. Бу даврда ҳар бир мамлакатнинг нуфузи ва рақобатбардошлиги иқтисодий ёки ҳарбий кучдан кўра кўпроқ унинг ақлий ва маънавий салоҳияти билан белгиланмоқда.
Шу боис, “Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Бу технологиялар иқтисо­диётдан тортиб, таълим ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бормоқда. Ким бу жараён­да изланса, натижа қилса, марра шуники бўлади”, дейди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев.
Бу сўзларда илмий даъватдан ташқари бугуннинг чин ҳақиқати ҳам мужассам. Бу ҳақиқат ахборот маданияти масаласидир. Айнан шу омил ҳозирги замоннинг миллий хавфсизлик ва маънавий барқарорлигининг асоси саналади.
Рақамли дунёда инсон онги устидан таъсир ўтказиш усуллари тобора мураккаблашиб бормоқда. Бугун маънавий хавфсизлик давлат хавфсизлигининг ажралмас қисмига айланди. Тарихдан маълумки, ҳар қан­дай мағлубиятга ғоявий бўш­лиқ сабаб бўлган. Шунинг учун рақамли дунёдаги энг катта муваффақият – инсон онги ҳимояси, фикр мустақиллиги ва ахборот устидан назоратни йўқотмасликдир.
Маънавий барқарорлик эса келажакка талпинган онг билан яшашдир. Шу маънода, барча, ҳар бир таълим муассасаси ва ҳар бир ОАВ маънавий мудофаа тизимининг муҳим бўғини бўлиши шарт.
Фейк (ёлғон) хабарлар, мани­пул­ятсия, виртуал иллюзия ва одамни ахборот орқали бошқариш механизмлари инсон тафаккурига таъсирсиз эмаслигини барчамиз кўриб, билиб, гувоҳи бўлиб келмоқдамиз. Бу эса миллий ғоя ва маънавий барқарорликка нисбатан янги турдаги таҳдид демакдир. Бундай шароитда ахборотни қабул қилиш асносида шу таҳлил қиладиган, танлайдиган ва маънавий мезонлар асосида баҳолайдиган авлодни тарбиялаш, шу мақсадга хизмат қилувчи медиа марказлар ишини янада такомиллаштириш мамлакат ва жамият олдидаги стратегик вазифага айланади. Негаки, рақамли муҳитда мустақил фикрлаш, манбага ишонишдан аввал уни таҳлил қилиш салоҳиятини шакл­лантириш ҳозирги замоннинг “ақлий гигиенаси”га айланди.
Бундан ташқари, ахборот май­­донида миллий тил, урф-одат ва қадри­ят­лар мавқейини мустаҳкамлаш ҳам маънавий, ҳам стратегик аҳа­миятга эга. Рақамли маконда ўзбек тилидаги подкастлар, таълим платформалари, мультимедиа курслари, фильмлар ва инфографикаларни яратиш миллий маданиятимиз учун рақамли ҳимоя қалқони вазифасини ўтайди.
Агар миллий контент етарли бўл­маса, ёшлар бошқа маданият ва қадриятларга моил бўлиб қолади. Шунинг учун рақамли май­донда миллий образни тарғиб қилувчи лойиҳалар, мобил иловалар, ахборот ресурслари давлат ва жамият ҳамкорлигида қўллаб-қувватланиши, ҳар бир соҳа ва йўналишда фаолият кўрсатиши назарда тутилган медиа марказлар сони оширилиши шарт. Виртуал таҳдидларга қарши самарали кураш техник чоралар билан ҳам чекланиб қолмаслиги керак. Бу йўналишда социологик, психологик ва ахборот таҳлиллари асосида илмий ишланмаларга суянган тизимли ёндашув зарур. Негаки, инсон онгини манипуляция қилиш усуллари, ёшлар онгига таъсир этувчи трендлар ва ахборот муҳитининг эмоционал муҳити мунтазам ўрганиб боришни талаб қилади. Бу ўрганишлар асосида эса маънавий профилактика дастурлари, мотивацион контент ва таълимга оид янгидан-янги лойиҳалар ишлаб чиқилади.
Ана шунда виртуал оламда доми­нантлик қилаётган тил ёки маданият ёшлар онги устидан ҳукмронлик қилолмайди, чунки бу ҳолатда миллий тилимиз ва миллий маданиятимизнинг ўзи бу оламнинг доминантларидан бирига айланади. Фақат шундагина биз рақамли асрда сунъий идрок устидан инсон онгининг устуворлигини сақлаб қолишимиз мум­кин бўлади.

ТАРАҚҚИЁТНИНГ МАЪНАВИЙ ДРАЙВЕРИ

XXI асрга келиб сунъий интеллект (СИ) инсоният тараққиётининг стратегик омилларидан бирига айланди. У иқтисодий самара берувчи восита, инсон онгини кенгайтирувчи илмий ва маънавий жараён ҳамдир. Жаҳон иқтисодиётида СИ индустриясининг улуши 2030 йилга бориб 20 триллион доллардан ошиши кутилмоқда. Бу рақам фақат иқтисо­дий ўсиш баробарида интеллектуал ресурс­нинг янгича шаклда моддий­лашувини ҳам ифода этади.
Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолаётгани йўқ. 2024 йили Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан СИ технологияларини иқтисодиётнинг барча тармоқла­рига жорий этиш, миллий маълумотлар база­сини яратиш ва очиқ маълумот­лар экотизимини ривожлантириш, миллий ахборот хавфсизлиги ва ахлоқий  меъёр­ларни таъминлаш, инновацион кадрлар тайёр­лаш ва таълим тизимини рақамли асосда қайта қуришни мақсад қилган “Сунъий интеллектни 2030 йилга­ча ривожлантириш стратегияси” қабул қилинган. Бу ҳужжат мамлакатда СИ соҳасини ҳуқуқий ва институт­сионал жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг асо­сий пойдеворини яратмоқда.
Бу йўналишда Рақамли техно­логиялар вазирлиги ҳузурида СИ бўйича махсус марказ ташкил этилди. Қисқа вақт ичида 30 дан зиёд пилот лойиҳалар амалга оширилди. Давлат хизматларида “ақлли ёрдамчи” тизимлари ишга туширилди, банк ва суғурта тизимларида СИ асосида хавф таҳлили амалга оширила бошлади, транспорт ва шаҳар бошқарувида “ақлли шаҳар” моделлари жорий этилди. Натижада, Ўзбекистон 2024 йил якун­ларига кўра СИга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилаб, Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.
Бу натижаларнинг замирида техник модернизация билан бирга маънавий парадигма ҳам ётади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Сунъий интел­лект дастурлари самарали ишлаши учун улар аввало ўзбек тили ва маданиятини тушуниши керак”.
СИ ривожининг марказида инсон туриши лозим. Агар сунъий интеллект миллий ахлоқ ва маданият асосида бошқарилса, у фақат техник ёрдамчи эмас, балки маърифий тараққиёт воситасига айланади. Бу Янги Ўзбекистоннинг “технология инсонни эмас, инсон технологияни бошқариши керак”, деган тамойилни илгари сураётган фалсафий дастуридир.
Шу нуқтаи назардан, СИ ва ахлоқ муносабатини “ақл ва виждон синтези” сифатида талқин қилиш мумкин. Технология илмни тезлаштирса, ахлоқ уни тўғри йўналтиради. Фақат шундагина янги цивилизация – маърифат ва маънавиятга асосланган рақамли жамият вужудга келади.
Мавзу юзасидан хулоса қилиб айтганда, ахборот асри инсон онги, ахлоқи ва маънавиятини синовдан ўтказаётган даврга айланди. Бу синовда инсон ўз онги ва виждони билан ҳам беллашмоқда. Айни замонда виртуал муҳитнинг таъсири кишиларга, айниқса ёшларга нисба­­тан шунчалик кучайдики, у энди ҳаётнинг қўшим­ча қисми эмас, онгнинг бир қисмига айланиб бормоқда. Шу сабабли, жамият олдидаги асосий вазифа – техно­логияни инсон руҳига бўй­сундириш, ахборотни маърифат восита­сига айлантириш бўлиб қолди.
Мақолада қайта-қайта таъкид­лаганимиздек, “виртуал таҳдид”га қарши туриш киберхавфсизлик ёки ахборот назорати масаласи бўлиш  билан бирга инсон онгини, ахлоқи ва миллий қадриятларини муҳофаза қилиш муаммоси ҳамдир. Бу таҳдиднинг илдизи инсоннинг ўз фикри устидан назоратни йўқотишида. Унинг самарали ечими эса – ахборотни тақиқлаш эмас, аксинча, уни тўғри англаш, таҳлил қилиш ва маънавий назорат орқали бошқаришдир.
Шу нуқтаи назардан, замонавий жамиятнинг асосий стратегик вазифаси ахборот маданиятини шакллантириш, миллий ғояни рақамли форматда ифода этиш ва сунъий идрокни инсон ахлоқи билан уйғунлаштиришдан иборат. Ёшларда ахборот маданиятини шакллантириш, уларга техник билим бериш қаторида маънавий иммунитетини мустаҳкамлашдир.
Негаки, ахборот маданияти ёш­­ларнинг руҳий барқарорлигини, фикр мус­тақиллигини ва ахлоқий қарор қабул қилиш қобилиятини таъминлайди.
Фалсафий жиҳатдан олиб қараган­да, XXI асрдаги энг катта инқи­лоб – бу илм ва ахлоқнинг қайта уйғунлашуви бўлиб қолди. Илм инсонга қудрат беради, ахлоқ эса йўналиш. Ахлоқсиз илм хавфли, илмсиз ахлоқ эса кучсиз. Шунинг учун Янги Ўзбекистон фалсафаси илмни ахлоқ билан, техно­логияни маърифат билан, сунъий идрокни виждон билан уйғунлаштиришдир.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 14 ноябрдаги 46-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855