26.11.2025 | 10:20
161
“НЕГА ЯПОН ЮЗ ЙИЛ ЯШАР-У…”
Япониянинг “TOHO SERVICE” акциядорлик компанияси бош директори вазифасида фаолият юритаётган миллатдошимиз Баҳодир Искандаров билан суҳбат
Суҳбатдош: Иқбол МИРЗО

– Ҳар бир даврнинг ўз тош-тарозиси, ўлчови бўлади. Ёши улуг‘ авлод доимо ёшларга нисбатан талабчанроқ бўлиб боради. Бу табиий ҳолат – тараққиётнинг ўзи шундай жараён. Устоз Эркин Воҳидовнинг “Эҳ, ҳозирги ёшлар” деган машҳур шеърининг умрбоқийлиги шундаки, авлодлар ўртасидаги муносабат, талаб ва интилиш ҳам абадий мавзудир.
Бугун ҳам гўё ёшлар “айниб” кетгандек, янги замон талотўплари ичида йўқолиб бораётгандек туюлади. Бироқ ҳар даврда аждодлар руҳини, миллий қадриятларимизни юрагида асраб келаётган, юксак маънавиятни ўз ҳаётида ифода этаётган ёшларимиз ҳам кўп. Ана шундай йигитлардан бири – Японияда фаолият юритаётган Баҳодир Искандаров… У Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Янгиқўрғон қишлоғида туғилган. Японияга билим олиш ниятида келган, таълимни муваффақиятли якунлаб, ўтган ўн йил давомида катта ташкилот раҳбарлигигача кўтарилган.
– Баҳодир, ижтимоий тармоқларда чиқишларингизда миллат тақдири учун куюниш, маърифат ва фидокорликни кўраман. Айтинг-чи, бунинг асоси нимада деб ўйлайсиз?
– Аввало, бунинг асосида устозларимизнинг меҳнати, жадид боболаримиз ёзган китоблар, оила ва мактабда берилган тарбия ётади, деб ўйлайман. Кишининг қалбига ватанпарварлик ва миллатсеварлик ҳисси ёшликдан сингдирилади.
Аслида, жамиятшуносликда шундай бир “касаллик” борки, ҳозир одамлар атрофга салбий назар билан қарайди, ҳамма нарсадан шубҳаланади. Шундан ҳаётга ишончсизлик кучайиб боряпти. Бу ҳолат айрим тоифага хос бўлиб, афсуски, улар сони ортиб боряпти. Ижтимоий тармоқларда баъзи юртдошларимизнинг фикрларини ўқиб, кўпинча “Йўқ, нотўғри гапиряпсиз, аслида вазият бундай эмас”, дегим келади. Чунки мен яхши биламан, миллатимиз унча-мунча миллатдан қолишмайди. Ҳа, айрим юртдошларимиз қаердадир хато қилаётгандир, лекин бу бутун миллатнинг айби эмас-ку. Шуни кўпроқ одамга етказгим келади. Шу мақсадда қўлимдан келганича ҳаракат қиламан: жадид боболаримизми, улардан аввалги аждодларимизми – улар орзу қилган, кутган ёшлар борлигини, ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатгим келади. Ишонаманки, японлар 40–50 йилда эришган ютуқларга биз ҳам бемалол эриша оламиз. Фақат ишонч, меҳнат ва бирлик бўлса, бас.
– Сиздаги мана шу жиҳатлар оилавий муҳит сабабли эмасми?
– Албатта, онам ҳозир ҳам ўқитувчи бўлиб ишлайди. Дадам ҳам олий маълумотли. Ота томондан ҳам, она томондан ҳам зиёлилар, журналистлар, шоирлар кўп. Уйимизда ҳар бир кишининг шахсий кутубхонаси бор. Ҳафталик газеталар, рўзномалар доимий ўқилади. Аслида, шу муҳит сабаб илм олишга қизиққанман.
– Энди сизга яна бир савол: Японияга қандай бориб қолдингиз?
– Бакалавриатни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида, инглиз ва япон тилларида ўқиганман. Ўзи, ёшлигимда Японияга кетиш орзусида бўлмаганман. Ўқиш давримда эндигина Япониядан келган бир ўқитувчимиз билан университет ҳовлисида танишиб қолганман. Шу куни биз инглиз тилида суҳбатлашдик, унга ўзбек овқатларини таништирдим, шаҳар айландик. Шунда ундан япон тилини жиддий ўрганишга илҳом олганман. Кейинчалик ўша устозим билан боғланиб турдим, уларнинг тавсияси ва ёрдами билан Японияга бордим. Магистратурани ўша ерда ўқидим.
– Япония – Иккинчи жаҳон урушида вайрон бўлган давлат эди. 1945 йилда икки марта атом бомбаси ташланди: 6 август куни Ҳирошимага, 9 август куни Нагасакига. Юз минглаб одам ҳалок бўлди, мамлакат иқтисоди ва саноати тўлиқ инқирозга учради. Аммо орадан кўп ўтмай, Япония дунёдаги энг ривожланган давлатлардан бирига айланди. “Тоёта”, “Ҳонда”, “Ниссан”, “Сонй”, “Панасониc”, “Cанон”, “Митсубиши” каби брендлар унинг тикланиш рамзига айланди. Шундай фожиалардан кейин миллатни “қайта тирилтирган” кучнинг сири нимада, деб ўйлайсиз?
– Таълимда. Бу борада турли илмий ишлар қилинган. Уларда таълимга бўлган муносабат жуда кучли. Мактабга бормасликни тасаввур ҳам қилишолмайди. Кўзим тушиб қолади: ҳатто оёғи синган болалар ҳам қўлтиқтаёқда мактабга кетаётган бўлади. Бу уларнинг маърифатга, интизомга бўлган муносабатини кўрсатади.
– Бизда эса, афсуски, баъзан мактабга бормаслик учун баҳона излаб, оёғи синишига рози бўладиган болалар ҳам учрайди. Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг бир ҳикояси эсга тушади: Бир киши эчкисини судраб кетаётган экан, эчки икки оёғини ерга тираб, юрмас эмиш. Шунда у киши дейди: “Намунча тихирлик қилмасанг, мен сени мактабга олиб кетаётганим йўқ-ку, қассобга олиб кетяпман, холос”.
– Япония цунамилар ва зилзилалар давлати эканини ҳамма билади. Лекин шундай фожиаларда ҳам таълим тўхтамайди. Масалан, 2011 йил 11 март куни аввал 9 баллик даҳшатли зилзила бўлган, ортидан цунами келган. 20–30 метр баландликдаги тўлқинлар бутун шаҳарларни ювиб кетган, 18 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган. Бу Япония тарихидаги энг оғир фожиалардан бири эди. Шундай шароитда ҳам японлар озиқ-овқат ёки дори эмас, мактаб сўради. Катта спорт залларда вақтинчалик мактаблар ташкил этилди, дарслар қайта йўлга қўйилди. Қолаверса, японларда бир ибора бор: “Қандай миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, агар бизга боғча ёшидаги болани берсангиз, биз ундан япон тайёрлаймиз”.
Ота-оналар жуда банд бўлгани учун болалар асосан таълим тизими орқали тарбияланади. Шу сабабдан, уларда интизом, поклик, ҳурмат, навбатда туриш, жамоа билан мулоқот маданияти жуда кучли. Чиндан ҳам, у тизим ҳар қандай инсонни япон қилиб тарбиялайди. Улар “Мен – японман!” деган ифтихор билан яшайди. Бизда эса…
Миллатчилик эмас, миллиятчилик – яъни, ўз миллатини севиш, унинг қадриятларини ҳимоя қилиш ҳиссини тарбиялаш жуда муҳим.
– Тез-тез эшитиб қоламиз, мактабларда телефон, интернет ёки ўйинларга муккасидан кетган ўқувчилар масаласи кўтарилади. Бу борада Япония тажрибаси қандай?
– Таниқли япон жамиятшуносларидан бири айтган: “Интернет денгизга ўхшайди – ундан фойда ҳам, офат ҳам келади. Ҳар нарса меъёр билан гўзал”. Япон мактабларига телефон олиб кириш тақиқланган, интернетдан фақат таълим мақсадида фойдаланилади. Болаларнинг кун тартиби тиғиз: эрталабдан кечгача дарс, спорт ва уй вазифалари билан банд бўлишади. Шу боис, уларда интернет ва ўйинларга муккасидан кетиш ҳолатлари жуда кам. Япон таълим тизими армиядек тартибли. Бола ҳамиша назоратда, вақтни қадрлаш ва тартиб ҳаёт тарзига айланган.
– Японлардаги телефонни чеклаш тизимига ҳавас қилса бўлади. Шунинг учун улар кундалик офатлар: сув тошқинлари, зилзила, иқтисодий қийинчиликларга бардош бериб, жадал ривожланиб боряпти. Бунинг ортида мустаҳкам ирода, метиндек инти-зом, катта эътиқод турибди. Инсон ўз ҳаётининг мазмунини топган бўлса, уни енгиб бўлмайди. Қўрқоқлик нега бўлади? Ишончсизликдан. Ўз ғоялари, Ватанини севадиган бўлса, ўлим қўрқинчли эмас. Уруш йилларида олинган сурат интернетда тарқалганди: Бир япон бола ўлган укасини опичлаб олган, ҳарбийларча турибди. Унга: “Елкангдаги юкни ташла”, дейишганда, бола шундай жавоб берган: “Бу – юк эмас, бу – менинг укам”.
Чеховнинг “Сахалин ороли” асарини ўқиганимда, япон халқига бўлган ҳурматим янада ошган. Япониянинг қадимий аҳолиси, айниқса, айну халқи ҳақида баъзи тадқиқотчилар туркий халқлар билан умумий илдизларга эга бўлиши мумкин, деган илмий мулоҳазаларни билдиришган. Бироқ расмий япон тарихшунослиги бу фикрни қўллаб-қувватламайди. Япон олимлари ўзларини ямато халқи, яъни Шарқий Осиё маданий доирасининг бир қисми деб ҳисоблайди. Бунга оддий японларнинг муносабати қандай?
– Бу жуда баҳсли, лекин қизиқ мавзу. Япониянинг энг қадимги ва нуфузли хусусий университетларидан бири бўлган Кеё университети олимлари айнуларнинг маданияти, мусиқаси ва генетик келиб чиқиши бўйича илмий тадқиқотлар олиб борган. Шу университетда дарс берадиган бир олим билан кўп марта суҳбат қилганман. У киши японларнинг кўп қисми Марказий Осиёдан келган, деган фаразни илгари суради. Айниқса, айнулар. Биз ҳам туркий халқлармиз, деган илмий иш қилган япон олимлари кўп. Ҳатто, япон тили ва ўзбек тиллари орасидаги ўхшашликлар кишини ҳайратга солади. 300 га яқин бир хил сўзлар бор. Албатта, буни тарихчи тилшунослар ўрганади.
– Сурхондарёдан япон маданиятига хос осори-атиқалар, хусусан, буддавийликка оид ҳайкалчалар ва ибодатхона қолдиқлари топилаётгани бежиз эмас. Бу ҳудуд қадимда Буюк Ипак йўлининг муҳим марказларидан бири бўлиб, Япониягача чўзилган маданий ва диний алоқаларнинг бош нуқтаси ҳисобланади. Шу боис, япониялик сайёҳлар, тадқиқотчилар бу ерга тез-тез ташриф буюриб туради. Айниқса, япон археологи, антропологи ва этнографи Като Кюдзонинг фаолияти бу йўналишда алоҳида аҳамиятга эга. Унинг асосий ихтисослиги – Ўзбекистондаги қадимий ёдгорликлар ва архитектура обидаларини ўрганиш бўлган. Като Кюдзо Термиз, Файзобод, Далварзинтепа каби буддавийлик марказларида археологик тадқиқотлар олиб борган ва япон-ўзбек илм-фани ҳамкорлигига катта ҳисса қўшган. У кишининг дўппи кийиб тушган сурати бор. Ўзбекка ўхшайди. Мени қизиқтирган нарса шуки, улар ҳозир биз яшаб турган тупроқлардан ўша ерларга кетган бўлса, феълимиз нега бир-бирига яқин эмас?
– Менимча, жуда ўхшашмиз, устоз. Бу меҳмондорчилик, кичикка иззат, каттага ҳурмат, чой маросимлари, аёллардаги назокат каби шарққа хос хислатларда кўринади.
– Япон адабиёти дунёда кўп ўқилади, Америка, Европа мамлакатларида яшаб, ижод қиладиган донгдор японлар бор. Замонавий ёзувчилардан Рюноске Акутагава, Кобо Абе, Ясунари Кавабата, Харуки Мураками машҳур. Япон олимлари ҳар йили Нобел мукофотига номзод бўлиб, турли илмий йўналишларда муваффақиятларга эришади. Бугун у ерда адабиёт, китоб, тилга муносабат қандай?
– Талабалик йилларимда “сабаби тирикчилик”, бир нашриётнинг етказиб бериш хизматида ишлаганман. Японларда газетхонлик даражаси жуда кучли. Бир кўчада деярли ҳамма уй ихтиёрий тарзда обуна бўлади. У ерда маҳаллий нашрлар интернетдан ҳам тезроқ маълумот тарқатади, дейиш мумкин. Ҳар куни икки-уч марта нашр этиладиган газеталар ҳам бор. Кўча-кўйда, метрода дейсизми, газета ўқиб кетаётган одамларни кўп учратасиз. Адабиётга, китобга меҳрни боғча, мактаб, ОАВ ва ТВда ҳам тинимсиз тарғибот қилишади. Бир инсоннинг кунлик мажбурий ишлари қаторида, масалан, овқатланиш шарт бўлгандек, мутолаа билан шуғулланиш ҳам шундай…
Япониянинг ривожига катта ҳисса қўшаётган йирик компаниялар бор. Дунё бўйича нуфузли бренд маҳсулотлар сотадиган ташкилотларнинг раҳбарлари китоб ўқиши билан фахрланиб интервьюлар беради. “Митсубиши Bussan” компаниясини биласиз. У мамлакатнинг халқаро савдо алоқаларида муҳим роль ўйнайди. Раҳбари Такахиро Ито ўз нутқларида машҳур китоблардан тез-тез иқтибос келтириб туради. Бу эса, ўз навбатида, унга ҳавас қиладиган ёшлар қатламида китобхонликка меҳр уйғотади. Чунки ёшлар муваффақиятга эришган кишилардан ўрнак олишга моил. Бизда эса, афсуски, йирик ташкилотларнинг бошлиқлари китоб ўқимаслиги билан фахрланишини айтиб чиқади.
– Китоб олишга пули, ўқишга вақти йўқ бўлса, тушуниш мумкиндир. Лекин баъзилар фалон жойларга бориб, дам олишга вақт ва пул топади-ку! Улар “Мен китоб ўқимайман” деганида, қулоғимга “Мен аҳмоқман” деб эшитилади. Кўпчилик “Япония ташқаридан қарагандагина гўзал кўринади. Улар кўргазма қилишни дўндиришади” дейди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
– Бир мақоламда “Япония асал ойида юрган келин-куёвга ўхшайди”, деб ёзганман. У ерга саёҳатга борганда, бошида ҳаммаси чиройли кўринади: тоза-озода кўчалар, маҳобатли бинолар, хушмуомала одамлар, хизмат кўрсатишдаги аъло даража… Чиндан ҳам, саёҳат учун энг яхши давлатлардан бири. Лекин узоқ вақт яшаганда, у ердаги босим, одамлардаги тушкунлик, ҳатто, миллатчилик масалалари, чет элликларга нисбатан яширин нафрат, элининг ички муаммолари: ота-она, қўни-қўшнига нисбатан меҳр-оқибатнинг йўқлиги яққол сезилади. Айниқса, эътиқоднинг сустлиги ёки умуман эътиқодсизлик кучайиб бормоқда. Японияда синтоизм ва буддизм асосий динлар сифатида биргаликда мавжуд. Аҳолининг катта қисми ўзини муайян дин вакили деб ҳисобламайди. Шу билан бирга, диний маросимлар, масалан, синто тўйлари ёки буддавий дафн маросимлари маданий анъана сифатида сақланиб қолган. Япония дунёда динсизлик даражаси юқори бўлган давлатлардан бири ҳисобланади.
– Мана шу фожиалар орасида, уруш бўлмаётган тинч шароитда ҳам Япония аҳолисининг йилига миллионлаб камайиб бораётгани ташвишли. Бу ҳолат ортида, менимча, миллий қадриятларнинг йўқолиши, болага меҳрсизлик, шахсий оромни устун қўйиш, худбинлик ва энг муҳими, миллат тақдирига бефарқлик каби муаммолар ётади.
– Кўпчилик молиявий қийинчиликлар туфайли оила қурмаётгани ёки фарзанд кўришни истамаётганини айтади. Ростдан ҳам, оилада бир киши кўпайса, молиявий мувозанат бузилиши мумкин. Фарзандни тўлиқ таъминлай олмаслик хавфи бор.
– Яқинда япониялик таниқли жадидшунос олим Ҳисао Коматсу билан газетамизда суҳбат чоп этилди. У киши ўзбек тўй ва маросимлари ҳақида мақола ёзган. Унда жадид боболаримизнинг тўй ва ортиқча маросимлар ҳақидаги ўткир фикрларидан иқтибос келтирилган. Мен қизиқиб сўрадим: “Японларга ўзбек тўйларининг нимаси қизиқ? Нега илмий-тадқиқот қилишга эҳтиёж туғилди? Жадид боболар учун нега бунча жон куйдиряпсиз?” Унинг жавоби жуда ҳайратланарли бўлди: “Жадид боболар дунё маърифатли бўлсин, оламда тинчлик бўлсин деган. Бизнинг япон халқи ҳам шу ғоялар асосида яшайди. Шунинг учун жадид боболар босиб ўтган йўл биз учун қизиқ”, деб ўзбек тилида жавоб берди. Устоз Эркин Воҳидов бир шеърида: “Нега япон юз йил яшар-у Ўзбек бунча ёшга бормайди?” деган ва унда ўз жавобларини айтиб кетган. Сиз бунга нима дейсиз?
– Японияда узоқ умр кўришнинг биринчи ва асосий сабаби – бу ерда ҳаёт сифати жуда юқори эканидир. Бундан ташқари, Японияда тиббиёт жуда яхши ривожланган. Боғчадан бошлаб, мактаблар, иш жойлари ва пенсия даврида ҳар йили қатъий тарзда тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий ҳисобланади. Бу орқали касаллик пайдо бўлишидан аввал унинг олди олинади. Мамлакат тўрт томондан денгиз билан ўралгани учун об-ҳаво ва иқлим, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари анча сифатли. Уларнинг спортга бўлган меҳри ҳам ҳавас қиларли.
– Бизда овқат энг кўп ейиладиган, таъбир жоиз бўлса, исроф қилинадиган жой – тўйхона. Энди япон тўйлари ва овқатланиш маданияти ҳақида гаплашсак.
– Японларда тўйга келин-куёвнинг энг яқин қариндошлари келади. Бошловчилик қиладиган киши ҳам ўзларидан. Ёш оила деярли харажат қилмайди. Меҳмонлар ҳар бири тахминан 200–250 доллар тўяна билан келади. Бу маблаг‘ тўй харажатларини қоплайди. Қолганига мамлакат ёки дунё бўйлаб саёҳат қилиш мумкин. Қўшиқчилар деярли бўлмайди. Рақслар ҳам йўқ ҳисоби. Овқатлар ҳам кўпмас: салат, кичик косада шўрва берилади. Қўшиқчилар тўй орқали тирикчилик қилмайди, асосан концертлардан даромад олади. “Диннер шоу” бор шу пайтда “қистир-қистир” бўлади. Одатда, 20-25 кишилик тўй бўлади.
– Тўй масаласи-ку, тушунарли, дафн маросимлари қандай? У ерда жанозада ҳамдардлик пули бериларкан. Бу ҳам ибратли жиҳат. Ўзи бошига мусибат тушиб турган кишидан марҳумнинг ҳақига атаб эҳсон оши қилишни талаб этиш тўғримас. Бу ҳақда маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу – тўй ва азадир”, дея кўп таъкидлаган. Ҳаттоки, Самарқандда тўй ёки аза харжи учун яшаб турган хонадонини гаровга қўйиб қарз олиб, тўлолмасдан уй-жойидан ажраб қолган кишилар ҳақида куюниб ёзган. Бу масалалар у ёқда қандай?
– Таъзияларда бир манн (буни мен “туман” деб атайман) берилади. Бу юз доллар атрофидаги пул. Шу сафар Ўзбекистонга келиб, бир ҳодисанинг гувоҳи бўлдим: танишим меҳмонхонасини, уйининг ташқи кўринишини жуда чиройли ва сифатли қилиб қўйган. Аммо ўзи ва болалари ухлайдиган хона ва айниқса, ҳаммом-ҳожатхоналар шароити унчаликмас. Шунда унга меҳмон ойда-йилда бир келади, ўзинг учун яшашни ўрган, дедим.
Яқинда хатна тўй сабаб қариндошларни чақириб, йигирма кишига ҳам бормайдиган маросим ўтказдик. Ижтимоий тармоқларда кузатган бўлсангиз керак, бу ташаббусга хайрихоҳ бўлганлар ҳам, ёмон фикр билдирганлар ҳам бўлди. Қувонарлиси, менга “шахсий”дан ёзиб, мен ҳам шундай қиламан, маросимларни қисқартираман, деган юртдошларимизнинг видеолари келди. Умуман, миллатсевар юртдошларимиз кўп. Яқинда тупроқшунослик бўйича Японияда илмий иш қилган олима қизимиз Ўзбекистонга қайтди. Аввалроқ, унга Японияда: “Бизда қолинг, лойиҳамизда ишланг, 10–15 минг доллар ойлик берамиз, фалон жойдаги тупроқ таркибини ўрганишга ёрдам беринг”, деган мазмунда таклиф беришган. У эса: “Менга Ўзбекистон тупроғи азиз!” деб қайтди. Бу ерда ўрганганларимни ўз юртимда сарф қиламан, деди.
– Куни кеча афғонистонлик ўзбек олими билан суҳбатлашганда шундай хулоса қилдимки, неча юз йиллик Хуросон давлати тизгини ўзбеклардан кетиши у юртда тилимизнинг нуфузи йўқолгани билан боғлиқ экан. Японияда тилга бўлган муносабат қандай?
– Улар жуда тилсевар халқ. Хорижликларга бу яққол сезилади. Маҳаллий аризаларни ҳам япон тилида ёзиш мажбурий. Баъзи бир масалалар борки, улар борасида муроса қилинмайди. Қонунлари қатъий ва шафқатсиз. Тилга бўлган эътиборсизликни миллатга бўлган ҳақорат деб қабул қилади японлар. Улардан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Ўргатадиганимиз ҳам…
– Бизда ҳам кейинги йилларда илмга, таълимга, ёшларга эътибор сезиларли кучайди. Кимдан сўрасанг, дунёнинг машҳур таълим даргоҳларида ўқиш истагини билдиради. Аниқ фанлар масаласида ҳам дунёқарашимиз ўзгарди. Илгари кўпроқ адабиёт ва тарих билан андармон эдик. Бугун Давлат раҳбари боболаримиз асос солган Ренессанслар аниқ фанлар устига қурилганини таъкидлаб, бу соҳага алоҳида эътибор қаратяпти. Баҳодир дўстим, Худо хоҳласа, Сиз билан ўн йилдан кейин шу мавзуда яна гаплашамиз. Биз бу дунёда кимлигимизни исботлайдиган халқмиз. Самимий суҳбат учун ташаккур билдирамиз ва Сизга “Жадид” газетасининг Япониядаги махсус мухбири вазифасидаги ишларингизда муваффақият тилаймиз.
“Жадид” газетасининг 2025-йил 21-ноябрдаги 47-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



