Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


03.12.2025 | 10:12

img223

ФИТРАТНИНГ СЕВАР ГУЛИ

Биринчи ўзбек профессорининг қизи Севаргул КАРОМАТИЛЛАХЎЖАEВА хотиралари

Қисматга қасдлашув

Бухорода туғилган бўл­сам ҳам, жуда кич­кина­­­ли­гимда Тошкент­га кў­чиб келганмиз. Аввал биз­га берилган хонадон­да яшадик, кейин катта ҳовли сотиб олдик. Ҳовли тўла гул­лар, дарахтлар эди. Афсуски, бу гулзор бизга насиб қилмаган экан. 37-йилда отам қатағон қилинди, уч ой ўтиб-ўтмай онамни ҳам қамашди.

Мени етимхонага таш­лашди. Аслида, бу жой “халқ душмани”нинг фар­занд­лари учун қамоқ­хона ўрни­даги махсус уй эди. Биз у ерда ўқимас­дик, ёши­мизга қараб гуруҳ­ларга ажратилган эдик, холос. Кўчага чиқишимиз мум­кин эмасди. Муассаса панжара билан ўралган, дар­возада қуролланган зобит­лар туришарди.

Сал вақтдан кейин тоғам мени уйига олиб кетди.

Аммо уни ҳам “халқ душманининг қариндоши” деб қамоққа олишди. Мен икки бувим, тоғамнинг поляк аёли ва уч қизи билан қолдим.

Аччиқ қисматим қасдигами, юрист бўлишни орзу қилганман. Мактабни тугатиб, Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топширдим, лекин қабул қилишмади. Ёшим кичкиналиги, бу соҳага меҳнат стажига эга одам олинишини рўкач қилишди. Бу ростмиди, ёлғонмиди, билмайман, ҳар ҳолда, менга шундай дейишган. Кейин ўша пайтдаги Ўрта Осиё давлат  университетининг шарқшунослик факультетига ўқишга кирдим. Бир йил ўтиб “халқ душмани”нинг қизи эканимни билиб қолишди. Ариза ёздирмоқчи бўлишди, ёзмадим. Аммо  то‘нғичим бетобланиб ўқишга бора олмай қолганимдан фойдаланиб, ҳайдашди.

Кейин турмуш ўртоғим ҳужжатларимни Тошкент чет тиллар педагогика институтига олиб бориб топширди. Лекин ҳужжатларим ичига таржимаи ҳолимни киритмадим. Ўқишим тугай деганда ректор чақириб, таржимаи ҳол ёзиб беришимни сўради. Мен “агар уни ёзсам, сизлар мени ҳайдайсизлар, чунки мен “халқ душмани”нинг қизиман”, деб йиғлаб юбордим. Ректор “кимнинг қизисан”, деб сўради. Фитратнинг фарзанди эканимни билгач, “Қизим, ўқийвер. Ҳали кўрасан, бир кун Фитратни биладилар. Мендан олишса, шу лавозимни олишар. Сени ҳимоя қиламан”, деди.

Олий таълимда ўқидим ҳам, қирқ йил ишладим ҳам. Катта ўқитувчи, декан, проректор даражасигача чиқдим. Москвада ўқиб келдим. Кейинроқ университет тавсияси билан Америка элчихонасига ишга ўтиб, у ерда ҳам йигирма тўрт йил ишладим. Икки ўғил, бир қиз кўрдим. Қизим бир умр хасталаниб яшади ва дунёни тарк этди. Ўғилларимдан бири Канадада. Каттаси – Шоаҳмад эса ёнимда.

ОДАМИЙЛИК ОЛИМИ

Фитратнинг бутун борлиғи хислат эди. У ниҳоятда мулоҳазали, оғир, вазмин киши бўлган. У ҳақда йодимда қолган воқеаларни кўп бор гапириб берганман.

Биз яшаган Гулистон маҳалласидаги ҳовлимиз ёнида болалар уйи бўларди. Кунларнинг бирида шу ерда роса ур-тўполон бўлди. Йигирма-ўттиз чоғли бола бир болани оғзи-бурнини қон қилиб уришди. Отам уйга келганида, кўрганларимни айтиб бердим. Билсам, жанжал миллатчиликдан чиққан экан. Отам: “Баъзи бир одамлар миллат айиради. Ҳар доим эсингда турсин, ҳамма миллат бир. Одамлар бошқа-бошқа тилда сўзлашишлари, ҳатто эътиқодлари бошқа бўлиши мумкин. Лекин асли – одам. Ҳеч қачон миллат айирмаслик керак. Бу яхши иш эмас”, деди. Эртаси куни бозорга бориб, патефон ва икки пластинка сотиб олди. Сўнг ўша уриш­ган болаларни тўплаб, менга айтганларини такрор айтди ва калтакланган болага “ўртоқларинг сендан кечирим сўрашмоқчи экан”, дея мусиқани қўйди. Болалар завқланиб рақсга тушишди. Отам мамлакатнинг кўзга кўринган олими эди ўша пайтда. Иши, ташвиши кўплигига қарамай, болалар қалбидан миллатчилик деган иллатни ўз вақтида бартараф этганди. Умуман, отам бу муассасага тез-тез чиқиб турарди, болалар билан суҳбатлашарди. Суҳбат баҳона иқтидорлиларни аниқлаб, ёнидан маблаг‘ ажратиб, Москвага ўқишга юборарди.

Яна бир ҳолат менга қаттиқ таъсир қилган. Отам қамалишидан олдин уч ой уй қамоғига олинганди. Ўша пайтда талабалар уйимизга келиб имтиҳон топширишарди. Бир куни бир қиз тўрт-беш китоб билан кириб келди ва китобларни стол устига устма-уст териб, ёнига “шпаргалка”сини сездирмай очиб қўйди. У ишини ўғринча ўқиб берди, отам бошдан охири эшитиб ўтирди. Билса ҳам индамади. Қиз тўхтагач, бир-икки савол берди. Жавоб беролмагач, “яхши тайёрланибсиз, лекин яна озгина ўқинг”, деди. “Кўчирма”дан фойдаландинг, деб уялтирмади. Бу менга ибрат бўлди. Талабаларга “кўчирма” тайёрлаган бўл­сангиз, майли, уни ишлатинг. Умуман жавоб бермай кетгандан кўра, кўрсангиз, ўқисангиз, менга шу муҳимроқ, дердим.

Отам жуда меҳрибон ва оқибатли инсон эди. Бир куни ўртоғим отам ўлиб қолади, деб йиғлаб келди. Мен югуриб кириб отамга айтдим. У ёзиб ўтирарди. Ишини ташлаб, дарров ўртоғимнинг уйига чиқиб кетди. Бир соатлардан кейин келиб, “ана, ўртоғингни адаси энди ўлмайди, қизим”, деди. Мен профессорман, ишим кўп демади. Ана шундай одамижон эди отам.

Отамни биринчи ўзбек профессори сифатида билишади. Мен эса одамийликни ҳам бир илм кўраман. Фитрат аввало, одамийлик илмининг устоди комили эди.

ОНА

Бувимиз Настарбибим паст бўйлик, кичкина, кўримсизгина аёл эди. Опаларига совчи келганда ота-онаси у қизининг ўрнига бунисини бериб юборишган экан. У пайтларда келин-куйов бир-бирини чимилдиққача кўрмаган. Бобомиз бувимга ҳеч кўнгил қўйолмаган, шунинг учун отам туғилиши билан боланиям, хотинниям ташлаб, қаёққадир кетиб қолган экан.

Бувим миқти бўлса-да, ниҳоятда вазмин ва илмли аёл эди. Тарих ва адабиётни жуда яхши биларди. Уйимизда кечки овқатдан кейин китобхонлик қилишарди. Отам китоб ўқиб, оналари давом эттирарди. Бувимнинг овозлари ҳам жуда чиройли эди. Ғазалларни ифодали ижро қиларди. Менга подшолар ҳаётидан ҳикоялар ўқиб берарди. “Катта бўлсам, мен ҳам под­шо – меҳрибон подшо бўламан”, дердим. Бувим куларди. “Ўшанақа подшо бўлиш қийин. Жуда меҳрибон бўлса, подшо бўлолмайди”, дерди.

Отамнинг бу қадар маърифатли бўлиб етиши­шида бувимнинг хизмати катта. У кишининг бунча билимни қаердан олганини билмайман. Чунки ўзи ҳақида ҳеч гапирмас, ниҳоятда камгап эди.

Бувимнинг ич-ичида бир додлари бор эди: “Боламни мен бадном қилдим”, дерди. Отам Бухоро мадрасасида ўқиётган чоғида директорнинг қизи ҳам ўша ерда ўқиган. Бир-бирига болаларча меҳри тушган. Улар улғайишгач, мадраса директори отамни яхши кўриб куйов қилади, ўзи тўй қилиб беради. Лекин негадир эндигина фарзанд кўришганида, отамни “эътиқодсиз” деб уларни айиради. Яраштириш учун ўртага тушганларга: “Менга Худога ишонмайдиган куйов керак эмас”, деб узил-кесил гапиради. Ҳатто болани ҳам отамга кўрсатишмайди.

Анчадан кейин у аёл боласи билан бир мартагина келди бизникига. Бир кунгина туриб қайтиб кетди. Ўша пайтда отам маориф нозири эди. Ўшанда пул бўлган уйимизда. Бувим бу пул маорифга тегишли эканини билмаган, келинига меҳрибонлик қилиб бериб юборган. Отамни шу масала билан вазифасидан четлатишган. Бувим отамнинг бошига тушган савдоларда ўзини кўп айблади, ўша пулга тегмасам бўларкан, деб кўп изтироб чекди.

Настарбибим уруш йиллари дунёдан ўтди…

ЗОДАГОНИЙ ЛАТОФАТ

Жуда-жуда кўҳлик эди онам… Уни икки ўғилдан сўнг тилаб-тилаб олишган. Лекин онам туғилаётганида отаси ўпка сили билан оғир аҳволда ётган экан. Чақалоқ қиз эканини айтиб, исм қўйишни сўрашганида: “Мен кетар эканман-у, у келаркан дунёга, бу ҳам бир ҳикмати Худо. Исми Ҳикматой бўлсин”, дебди.

Онамнинг саводи йўқ эди. Мен шунчалик ўқимишли отамнинг онамдай ҳарф танимаган аёл билан қандай яшаганига ҳалигача ҳайрон қоламан. Менимча, онамдаги  о‘ткир фаросат ва нозик таъб отамни севинтирган.

Онамнинг холаваччаси Бухоро амирининг хотини бўлган. Хон саройида уларга юриш, кийиниш, овқатланиш, ўзини тутиш сирлари ўрга­тилган. Шунинг учун онамнинг ҳаракатлари гўзал эди. Ўқимаган бўлса ҳам, ўзини аслзодалардек тутарди, чиройли гапирарди. Кўчада ким кўрса актриса деб ўйларди уни.

Онам шунчалик озода эдики, дарахтдан битта барг тушса, шуни албатта бориб оларди. Агар овқатланишга дастурхон тузса, гулдонда гул бўлиши шарт эди. Тортиладиган идишлар ҳам бир хил бўлишига эътибор қаратарди.

Менга нисбатан ҳам жуда талабчанлик қиларди онам. Баъзан ўзи шу аёл менинг онаммикин, деб ҳам ўйлардим. Чунки ҳали бола бўлишимга қарамай кўп тергарди. Ўтирганимда, юрганимда сал елкам қийшайса ҳам, қаттиқ койирди. Кўпинча иягимга қўлимни қўйиб ўтирардим, у киши эса ҳар гал уришганлари уришган эди. Ўртоқларим лой ўйнашарди, тупроқ кўчаларда оёқяланг юришарди. Уларга ҳавасим келарди. Мени бундай эркинликка қўйишмасди.

Баъзан отам ишдан келганида биз бироз кўчаларни айланиб келамиз, деб қўлига газета оларди-да, мени эргаштириб чиқиб кетарди. Дарвозадан чиққанимиздан туфлимни ечтириб, газетага ўрар, тупроқга қўйиб юборарди. Ярим соат-бир соат мазза қилиб ялангоёқ юргизиб, оёқларимни ўзи билан олган латтага артиб, уйга олиб келар эди.

Эсимда, қатағон қилинганларнинг қамоққа ташланган аёллари озод этилгач, онам ҳам уйга қайтди. Мени етаклаб ҳовлимизга борди. Лекин бизнинг уйимиз Тошкент шаҳрининг ўша пайтдаги бош архитектори Бакаевга берилган экан. У бизни уйга қўймади. Онам ёзда қамоққа олинган, ҳаво совиб қолгани учун юпун кийимда эди. Ҳеч бўлмаса, кийимларимни олай, деб ёлворди. Бакаев “кийим-кечагингни ҳам олиб кетишган. Ҳозироқ бу ердан жўна, энди бу уй меники. Агар қорангни ўчирмасанг, милицияга бериб, сени яна турмага ташлатаман”, деди. Онам “турма”, “милиция” деган сўздан шунчалик қўрқиб қолган эдики, жон ҳолатда қўлимдан тутдилар-у, трамвай йўлигача тўхтатмай югуртириб келди.

Онам тез озод этилди, лекин унга паспортини қайтаришмади. Ҳужжатсиз яшади бечора. Саидаҳмад тоғамнинг уйида унинг оиласи билан яшадик. Онам 74 ёшида вафот этди.

“ОДАМИ КАЛОН”

Отам Файзулла Хўжаевникига тез-тез бориб турарди. Ҳар сафар “менам бораман”, деб эргашардим. Лекин отам унамас, “у киши одами калон”, дерди. Одами калон деганларига Файзулла Хўжаевни жуда катта гавдали одам деб ўйлардим. Бола бўлганман, вазифаси, мавқейи катталигини тушунмаганман. У киши ўша пайтда Халқ Комиссарлари Совети раиси лавозимида ишларкан.

Уларнинг уйи Олой бозорининг ёнида эди. Ҳовлининг ташқисида Файзулла Хўжаев онаси билан, ичкисида укаси Ибодхўжа онаси билан яшар эди. Яъни, икки кундош аёл бир ҳовлида туришарди.

Файзулла Хўжаев Москвага ўқишга борганида бошқа миллатга мансуб актриса билан оила қурган. Улар қизли бўлишган. Лекин Файзулла Хўжаев Тошкентга қайтар маҳалида у аёл Ўзбекистонда театр йўқ, мен театрсиз яшолмайман, деб келмаган. Онам ўша аёл ҳақида бир марта гапирганлари эсимда. Бироқ отам миллатчиликка ҳар доим қарши бўлганидан, “қўйгин, ким билан оила қилиш ҳар кимнинг ихтиёри”, деб бу ҳақда гапиришга қўймаганди.

Отам билан Файзулла Хўжаев ўртасида жуда чуқур ҳурмат ва яқинлик бор эди. У ота томонидан бадавлат оиладан бўлса-да, онаси фақирнинг қизи бўлган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Файзулла Хўжаев камбағалларни кўп ўйлаган, улар учун мактаблар очиш кераклигини идрок қилган бўлса керак. Унинг икки ўғли, бир қизи бор эди. Авлодлари ҳам бўлса керак, албатта.Сўнг қийинчиликлар билан бўлиб, борди-келдиларимиз узилиб кетган.

БИР СУРАТ ҲАЖРИДА

Отам оқланганидан кейин ҳозирги кунгача жуда кўп журналист келди. Мен учун ғоят қадрли бир сурат бор эди. Тоғамнинг уч қизи – Тожибар, Лайли, Гулчеҳра билан бирга тушган бу суратни менга КГБдан беришганди. Суратнинг орқа томонига “Дети фашистов” деб ёзил­ган экан. Бу ёзувни ҳар кўрганимда юрагим узиларди. Уни у ёққа чиқарамиз, бу ёққа чиқаришимиз керак, деб кимдир олди-ю, қайтиб бермади. Йўқолиб кетганига дилим оғрийди. Мабодо, қайсидир таҳририят ё нашриётларнинг архивида бўлса, қайтариб беришса, 98 йиллик умримнинг энг масрур дамларини эслатгандай бўлишарди…

Баъзан маълумотларни хато эълон қилишади. Бир журналист аёл ҳаттоки, газетага мени Фитратнинг хотини деб бериб юборган. Қанча китоблар чиқди, баъзиларида кўп хатоликлар бор. Ахир тарих-ку, бу. Инсон ҳаётини ёзаётганда, оммага эълон қилаётганда эҳтиёт бўлиш керак.

БОБО ИЗИДАН…

Ўғлим Шоаҳмад ТошДУнинг физика факультетини ва Чет тиллар институтини тугатди. Кўп йиллар Фанлар академияси Ядро физикаси институтида ишлади. Юздан ортиқ илмий-пуб­литсис­тик мақола ёзди, таржималар қилди. Наби­рам Лайли “Умид” фондининг илк қалдирғоч­лари сафида Америкада ўқиди. Эварам Мумтоз Германияда биоинформатика соҳасида таҳсил олди. Ҳозир Мюнхендаги “Исотоп Technolo­gies Munich” компаниясида IT лойиҳа­чиси бўлиб ишлаяпти. Лайлининг ўғли Фарруҳ­бек Американинг Канзас университетида фаолият олиб бориб, докторлик ҳимоясига тайёрланмоқда.

Худога шукур, Фитратнинг чироғи ўчмади.

Муҳайё РУСТАМ қизи ёзиб олди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858