11.12.2025 | 12:32
182
ИЛҲОМ МАНБАЙИ – ҲАЁТ
Ўзбекистон халқ рассоми Сарсенбай БАЙБОСИНОВ билан суҳбат

– Асарларингиз билан яқиндан танишиш жараёнида уларда миллий руҳ жуда кучли акс этганига гувоҳ бўлдик. Бу ҳолат, албатта, ижод маҳсулини халққа яқинлаштиради. Санъат асарида халқ руҳиятини ифода этиш учун қайси жиҳатларга эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз?
– Чироғим, рассом атайин халқ руҳини берай, деб мўйқалам тутмайди. Унинг қалбида ўзи ўсиб-улғайган замини, нафас олган муҳити, эшитган куйи, кўрган ранглари абадий муҳрланиб қолади. Шу сабабли ҳам, ижодий ишларимда қорақалпоқ халқининг ҳаёти, урф-одатлари, либослари, қадимий нақшлари, халқ оғзаки ижодини тасвирлаб роҳатланаман. Бу менинг туб илдизим, болалигимдир. Менимча, рассом учун энг муҳими – маънавий бойлик. Чунки ижодкорнинг кучи унинг ички дунёсида, юракнинг тозалиги ва самимиятдадир. Агар рассом ўз иши орқали одамларнинг қалбига бир нур, илиқлик бера олса, у ўз вазифасини адо этган ҳисобланади. Ҳар бир асар аслида томошабинга аталган совға. Уни халқ кўриб, ҳис қилмаса, ўйламаса, завқланмаса, демак, асар ўз вазифасини бажармаган.
Қорақалпоқ халқининг руҳида бир сокин куч, шукуҳ бор. Уларнинг ҳаётга, табиатга, меҳнатга бўлган муносабати, ҳаёт фалсафаси мен учун доимо илҳом манбайи бўлиб келади. Асарларимда шу руҳ, шу ҳалоллик ва самимиятни етказишга интиламан.
Менимча, санъат орқали халқ руҳини ифодалаш – бу фақат эстетик масала эмас, балки маънавий бурчдир. Рассом Ватанини севмаса, халқнинг оғриғини, қувончини ҳис қилмаса, у ҳеч қачон чинакам асар ярата олмайди. Шу боис, суратларда ўтмиш билан бугунни, дард билан орзуни, кечмиш билан келажакни бирлаштиришга ҳаракат қиламан. Ижодкор учун энг катта мукофот – халқ юрагига йўл топиш.
– Картиналарингизда ранг ва фактура жуда муҳим рол ўйнайди…
– Мен учун ранг – бу сўз, фактура эса унинг оҳанги.
Рассом учун ранглар – бу ҳис-туйғуларнинг тили, руҳнинг товуши. Ҳар бир рангда бир маъно, бир рамз яширинган. Бўёқлар орқали фақат шакл эмас, балки ҳисни, кайфиятни, ҳаётнинг ўзини ифодалашга интиламан. Фактура эса, асарга ҳаёт бахш этувчи куч. У бўёқларнинг чуқурлиги, ҳаракати, энергиясини беради. Фактурасиз расм жимжит бўлади, товушсиз қолади. Мен фактура орқали асарни “нафас олдираман”, жонлантираман. Демакки, фактура мен учун техника эмас, балки туйғу ифодаси, бўёқнинг ўз овозидир.
Бу услубни ўзим топганман, у менга эркинлик беради. Чунки ижодда эркинлик бўлмаса, самимият ҳам бўлмайди. Баъзида илҳом узоқ куттиради. Аммо шундай лаҳзалар бўладики, ҳаммаси бир пайтда юракдан отилиб чиқади, ранглар ўз жойини топади, шакллар бир-бирига уланади, бўёқлар гўё қўлни эмас, юракни бошқаради. Ана шундай онларда ҳақиқий санъат асари дунёга келади.
– Сиз кўпроқ нимадан илҳомланасиз?
– Ҳаётнинг ўзидан. Рассом учун энг муҳими – ҳаётни севиш, уни ҳис этиш ва ҳар лаҳзадан завқлана билишдир. Болалигимда чўл манзараларини, шамолнинг қумни қандай силашини, дарё тўлқинларининг сўзсиз мусиқасини, қуёшнинг уфққа сингиб боришини кузатардим. Бу манзаралар қалбимда ўчмас из қолдирган. Бугун эса ўша болалик хотиралари, ўша ранг ва товушлар асарларимда қайта тирилади. Чунки табиат – абадий дарслик, унда ранг, шакл ва туйғу уйғунлиги мукаммал акс этган.
Шу ўринда Орол денгизи ҳақида ҳам тўхталишни зарур деб биламан. Сабаби, у ҳам ҳар бир ижодкорга турлича илҳом бахш этади. Бугун унинг сув ҳудуди ўрнида туз қатламлари, канонлар ва қумлоқ водийлар пайдо бўлганини кўрамиз. Рассом кўзи билан қараганда, бу манзаралар табиатнинг ўзи яратган улкан мўъжизалардек туюлади. Кошки эди, бу гўзалликлар ҳақиқатан ҳам табиатнинг инъоми бўлганида…
Илгари сув билан тўлган бу масканда ҳозир ернинг табиий релефи, денгиз тубининг қолдиқларини кўриб, киши беихтиёр ўйга толади. Айрим жойларда 15–20 метр баландликдаги қоялар ва жарликлар кўзга ташланади. Қуйироққа тушсангиз, ўта қизиқарли релеф шакллари, табиий даралар ва туз билан қопланган водийлар намоён бўлади. Бу манзаралар инсон кўзини қувнатиш билан бирга, қалбда соғинч уйғотади – аввалги денгиз кўринишига, унинг тўлқинларига бўлган соғинч.
Одам жароҳатига қараб тургани билан битиб қолмайди, унга малҳам босиши ва тузалишга ҳаракат қилмоғи керак. Бугун Оролнинг қуриган туби “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида яшил “денгиз”га айланаётгани кишига таскин беради. Кўчат шаклида экилган, уруғи сепилаётган ўсимликлар гуркираб, Оролнинг жароҳатига боғланган яшил тасмага айланди. Ниятимиз шуки, бир куни денгиз тўлади, ана шунда бу буталар сув остида солланиб туради…
Мен учун табиат ва инсон руҳи бир-биридан ажралмас. Чунки инсон – табиатнинг бир бўлаги, унинг давомидир. Шу боис, асарларимда инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни, уларнинг бир-бирига таъсирини ифодалашга интиламан.
– Бугунги кунда Жоллибай Изентаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ранг-тасвир фани ўқитувчиси сифатида ёш авлодга маҳорат сирларини ўргатиб келмоқдасиз. “Ўзи устоз бўлар устоз кўрганлар”, деб ёзади шоир. Устозларингиз ҳақида гапириб берсангиз?
– Устозлар ҳақида гап кетганда, Ўрол Тансиқбоев, Қорахон Қориев каби санъат усталарини айрича эҳтиром билан тилга оламан. Улар ўз даврида Туркистон авангард санъатининг пойдеворини қўйган, ўз услуби, ўз фалсафасини яратган рассомлардан эди. Тансиқбоевнинг ишларида табиатнинг овозини юрак уришидек ҳис қилиш мумкин. Қориев ижодида эса миллийлик билан замонавийликнинг бетакрор уйғунлиги кўзга ташланади. Бу зотлар нафақат санъатда, балки ҳаётда ҳам бизга ўрнак бўлишган. Бугун Жолдасбек Қуттимуратов, Ислам Жаксибаев, Музаффар Ишанов, Олга Жолдасова, Василий Логутов каби санъаткорлар устозлар йўлини муносиб давом эттирмоқда, деб ўйлайман.
Рассомликда анъана жуда муҳим. Бугун янги авлод санъаткорлари ҳам ана шу устозлар йўлини давом эттирмоқда. Уларнинг ижодида ҳам ўтмиш меросига ҳурмат ва замонавий ифода уйғунлашганини кўриб, фахрланаман.
– Гап ўз-ўзидан ҳозирги ёшларга уланди. Ютуқларимиз ўзимизники. Шу ўринда ёш рассомларга нималар етишмаётганига тўхталиб ўтсангиз.
– Менимча, энг аввало, сабр, изчиллик ва меҳнатсеварлик етишмаяпти. Бугунги авлод биздан-да истеъдодли, замонавий фикрлайди, технологияларни яхши билади. Аммо шошқалоқлиги бор, натижани тезроқ кўришни истайди. Санъатда шошиш ярамайди, бу йўл поғонама-поғона, аста-секинлик билан босиб ўтиладиган йўлдир.
Ёшларга маслаҳатим: кўпроқ ўқисин, жаҳон санъати тенденцияларини кузатсин, ҳавойи кибрни четга суриб, арзон-гаров шуҳратга учмай ва тез келиб-кетадиган бойлик кетидан қувмай, камтарлик билан устозлардан сабоқ олсин. Устоз фақат йўл кўрсатувчи эмас, руҳий таянч ҳамдир. Мен доим айтаман: рассом бир умр шогирд бўлиб қолади. Чунки ўрганишнинг, изланишнинг чек-чегараси йўқ. Ҳар янги кун – янги дарс, ҳар янги асар – янги синов. Асл рассомлик эса бу шон-шуҳрат учун эмас, балки ички эҳтиёж учун ижод қилишдир. Шу боис ёшлар, аввало, ўзини тинглашни, ўз руҳини эшитишни ўрганиши керак.
– Айни пайтда Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзосисиз. Академик сифатида рассомликда анъанавий ва замонавий услублар ўртасидаги муносабатларга фикр билдирсангиз. Тасвирий санъатни фақат хослар эмас, кенг халқ оммаси ҳам тушуниши учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Бу жуда нозик савол, аммо ҳар бир рассом учун муҳим масала. Санъат доимо ўсишда, ҳаракатда. Вақт ўтган сари янги технологиялар, янги ифода воситалари, янги ғоялар пайдо бўлади. Аммо шу янгиланишлар ичида илдизни унутмаслик, ўз миллий руҳи, ўз замини билан боғлиқлигини йўқотмаслик – рассомнинг энг катта масъулияти. Мен учун миллий руҳ – бу таянч, замонавийлик эса ифода воситаси. Иккиси бир-бирини тўлдиради, бойитади. Чунки санъатда фақат янгилик излаб, ўтмишни унутиш – бу илдизсиз дарахтга ўхшайди. Аммо фақат анъанага таяниб, янгиликдан қочиш оқибатида рассом тўхтаб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Рассом ана шу икки қутб ўртасида мувозанат топа билиши керак.
Менимча, рассомнинг энг муҳим вазифаси инсонни тафаккурга ундаш, руҳлантириш ва ҳаётнинг ички гўзаллигини эслатишдир. Агар рассом яратган асар томошабиннинг қалбига етиб борса, уни ўйлантирса, ҳаётга бошқача назар билан қарашга ундаса, демак, у ўз бурчини адо этган бўлади. Ижодкор учун энг улуғ мукофот – бу томошабиннинг самимий раҳмати, чин дилдан айтилган эътирофи. Чунки санъат – юракдан чиқиб, юракка етадиган нозик туйғу.
Бироқ бугун дунёда шундай жараён кетяптики, кўпчилик музейлар, санъат кўргазмаларига боришни истамайди. Бу манзиллар гўёки вақтни мазмунли сарфлаш учун муносиб эмас. Тўғри, ҳамма ҳам санъатни чуқур тушунавермайди, аммо гўзалликни ҳис қилиш учун уни, албатта, англаш шарт эмас. Ҳар қандай гўзаллик инсонни эзгуликка етаклайди. Санъатни тўла тушунмасак ҳам ундан завқ олиш, руҳланиш мумкин. Масалан, бир жойда ниҳоятда чиройли гулни кўриб қолдингиз: ундан баҳра оласизми ё унинг номи, ватани, тури ҳақида билмаганингиз учун кўз юмиб ўтиб кетасизми?
Санъатдан хабардорлик зиёлилик, маданийлик белгиларидан бири. Шу боис, ўзимиз учун бўлмаса ҳам, фарзандларимиз, келажагимиз учун санъат билан ҳамнафас бўлишимиз керак.
– Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми” фахрий унвони билан тақдирландингиз. Юксак унвон билан таҳририятимиз номидан муборакбод этамиз! Ушбу манзилгача босиб ўтилган йўл ва ҳаяжонингиз билан бўлишсангиз.
– Раҳмат. Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда ижодкорлар учун яратилаётган шароитлар кўлами, эркинлик ва имкониятлар ақлни шоширади. Хусусан, бозор иқтисодиёти даврида санъатга, айниқса, тасвирий санъатга берилаётган эътибор – бу фақат моддий қўллаб-қувватлаш эмас, балки маънавий ишонч, ижодкор шахсига чуқур ҳурмат рамзидир.
Энг аввало, бугун рассом ўз фикрини эркин ифода эта олади. Санъат учун энг катта ютуқ шу. Чунки эркинликсиз илҳом бўлмайди. Энди рассом ўз ғоясини фақат бўёқ ёки шакл билан эмас, ички кечинма, рамз, тимсоллар орқали ифода этишга журъат топмоқда. Бу эса ижодда янгича оҳанг, янгича қараш, янгича услубни туғдирмоқда.
Бугунги ислоҳотлар натижасида санъат оламининг эшиклари тобора кенг очилмоқда. Халқаро кўргазмаларда қатнашиш, хорижий рассомлар билан ижодий учрашувлар ўтказиш, турли мамлакатларда ўз ишларини намойиш этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан яратилаётган шароит ва берилаётган эътибор рассомларга илҳом бағишламоқда. Кўргазмалар, танловлар, ижодий уюшмалар, халқаро лойиҳалар нафақат ижодга, балки ўзни топишга, халқ билан янада яқинлашишга ёрдам беради. Менимча, ижодкор учун энг катта мукофот – бу ишонч ва эътирофдир. Санъаткор ўз меҳнатининг қадрини ҳис қилган жойда фидойилик билан ижод қилади. Биз санъат орқали нафақат чиройли манзаралар чизамиз, балки халқ руҳини, замон оҳанги, халқнинг орзуларини ранглар орқали ифода этамиз.
“Ўзбекистон халқ рассоми” унвонига сазовор бўлганим ҳақидаги хабарни эшитган онимни ҳаётимдаги унутилмас дақиқалар сифатида эслайман. Бундай эътироф умрини санъатга бағишлаган инсон меҳнатининг энг олий мукофотидир. Бу унвонни мен фақат ўзимнинг эмас, балки халқим, миллатим, санъатимиз тарихининг эътирофи деб биламан. Рассом ҳеч қачон ёлғиз ижод қилмайди, унинг ортида ўз юрти, тили, маданияти, замон руҳи туради. Мен ўзимни шу руҳ билан бир бутун ҳис қиламан. Шу боис, бу мукофот менга қувонч, айни пайтда катта масъулият юклади.
– Сарсенбай оға, самимий суҳбатингиз учун ташаккур! Ижодингизга барака тилаймиз, мўйқаламингиз яратаётган мўъжизалар сони ортаверсин!
Васила ҲАБИБУЛЛАЕВА суҳбатлашди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 декабрдаги 49-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



