Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


24.12.2025 | 12:26

img383

ОДАМЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, мана шу савол халқимиз хатти-ҳаракатларини белгилашда устунлик қилар экан. Бу устунлик ижобий аҳамият касб этса-ку, яхши. Кўчага чиқинди улоқтираётганда, пора олишга қўл чўзаётганда, хайрли ишларга бош қўшмай турганда, “Одамлар нима дейди?” дея виждонимиз сўроққа тутса, айни муддао. Аммо бу савол салбий оқибатларга бошласа-чи?

Уйимнинг томини қўшнимникидан кўтармасам, божамдан ўтказиб тўй қилмасам, умрадан келиб тўрт қозон ош тарқатмасам, ота-онамнинг туғилган кунида артист чақириб, тун ярмида табрикламасам, одамлар нима деркин, қабилидаги “ўй”лар охир-оқибат маънавий ва моддий ҳалокатга етаклайди. Айниқса, тўй-маъракалардаги дабдабабозлик ва исрофнинг негизида ҳам ана шу савол ётибди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгаши “Тўй, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтка­зилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қўшма қарорни қабул қилган. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти ана шу қарор асосида тадқиқот ишларини амалга оширди. Қани, одамлар нима деркин?

Лойиҳа учун ҳуқуқшунос, педа­гог, социолог, психолог, этнограф, иқтисодчи ва файласуфлардан иборат экспертлар гуруҳи тузилди, журналистлар ҳам жалб этилди. Улар гуруҳларга бўлиниб, республикамизнинг бир қатор ҳудудларида аҳоли орасида қатор сўровномалар ўтказди, шу асосда жамиятнинг ижтимоий-маънавий, руҳий, ахлоқий ҳолатларини ўрганди. Турмуш тарзи, ҳаётий муносабатлари, кундалик эҳтиёжлари ва мақсадлари билан танишди.

Жуда қисқа муддатда бир ярим мингдан ортиқ респондентлар – 383 нафар маҳалла фаоли, 326 нафар ёш оила вакили, 395 нафар ота-она, оила қуриш истаги­даги 403 нафар йигит-қиз иштирок этган сотсио­логик тадқиқот натижаларига эга бўлдик.

Масалан, “Жойларда тўйлар, оилавий тан­таналар, маърака ва маросим­ларни ўтказишни тартибга солувчи Жамоат­чи­лик кенгашлари фаолиятидан қай даражада хабардорсиз?” деган саволга қониқарли жавоб олинмади. Иштирокчилар ёшлар кенгаши фаолияти ҳақида ҳам етарли маълумотга эга эмаслиги маълум бўлди.

Жамоатчилик кенгаши ҳақида рес­пондентларнинг 30 фоиз: “Доимий фаолият юритади, маросимларда даб­даба­бозлик ва исрофгарчиликка чек қўйилмоқда”, 40 фоизи “Суст фаолият юритади, фаолияти деярли сезилмайди”, 20 фоизи “Умуман фаолият кўрсатмайди”, қолган 20 фоизи “Билмай­ман”, деб жавоб берган. Демак, ҳудудларда ушбу масала билан шуғул­ланувчи қатор ташкилотлар фаолияти қони­қарли эмас. Ана шу ҳолатнинг ўзи фаоли­ятимизга танқидий ёндашувни тақо­зо этади.

Респондентларнинг 40 фоизга яқини Жамоатчилик кенгашлари ижтимоий ҳаёт­­да зарур эканини, фақат унинг самара­дорлигини ошириш учун ҳуқуқий асосларни яратиш, яъни тегишли қонун ишлаб чиқиш зарурлигини билдирди. Бу, албатта, ижобий ҳодиса. Бироқ уларнинг 60 фоизга яқини жамоат ташкилотларига ишончи йўқлигини, жумладан, ушбу кенгаш ҳам улардан бири сифатида аҳоли онги ва қалбига киролмаётганини очиқ-ойдин билдирди.

Бу ҳолат турли жамоат ташкилотлари аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлашда етарли тажрибага эга эмаслигини кўрсатади. Қуруқ ҳисоботлар, рақамларни бўрттириб ёзиш, тадбирлар сонини кўпайтириш билан шуғулланмаяпмизми, деган фикр уйғонади беихтиёр. Битта жамоат ташкилоти маҳаллада тадбир ўтказса, ёнида бешта бошқа ташкилот вакили ҳам суратга тушади. Айтинг-чи, ўзимизни ўзимиз алдамаяпмизми?!

Тўй, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг аҳоли ҳаётидаги ижтимоий-маънавий аҳамияти ҳамда ўзгаришлар тенденцияси ҳам сотсио­логик тадқиқот давомида ўрга­нилди ва тадқиқ қилинди. Натижада бир қувончли ҳолатга гувоҳ бўлдик. Никоҳ тўйида дабдаба устувор мақсад эмаслиги, тўйни содда ва оила даврасида ўтказиш, моддий имко­ниятлардан келиб чиқиб ташкил этиш, ахлоқ доирасидан чиқмаслик кераклигини 64 фоиз иштирокчи қўллаб-қувватлаган.
Сўровнома қатнашчиларидан 26 фоизи икки томон келишуви билан ортиқча харажатлардан воз кечишни, 22 фоизи миллий урф-одатларга содиқлик, қадимий анъана ва қадриятларга ҳурмат кўрса­тиш зарурлигини, анъанавийлик билан замонавийлик уйғунлашишини истаган.

Тўй ва бошқа маросимларни ким­­ўзарга ўтказиш борасида 28 фоиз респондент “бундай салбий ҳолатларни тартибга солиш ўзаро келишув ва бир-бирини тушуниш асосида ҳал қилиниши керак”, деган фикрни билдирди. 19 фоиз ёшлар ортиқча харажатлар ва уй анжомлари зарур эмас, дейди. Қолганлар эса… Демак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп.

Дабдабабозликка учиш ўз-ўзидан қарзни эргаштириб келади. Исроф ортидан ҳеч замонда хайр-барака келган эмас. Шу маънода, қарз ёки кредит олиб тўй қилиш масаласи анча мунозарали бўлди. 34 фоиз респондент қарз олмаслик, “кўрпага қараб оёқ узатиш” тарафдори. 23 фоиз респондент эса бунга мутлақо қарши, муросасиз. Бундан кўриниб турибдики, аҳолининг асосий қисми ўз эҳтиёжига яраша, имконияти доирасида тўй ўтказиш мақсадга мувофиқ эканини айтмоқда. Лекин буни оддий ҳолат, ҳатто, замона урфи деб биладиганлар ҳам йўқ эмас.

Замонавий шароитда тўйларнинг шакли ҳам ўзгариб бормоқда. Жумладан, онлайн тўйлар, креатив форматдаги тўйлар, фақат аёллар билан ўтказиладиган тўйлар… Балки, бундай тўйларга ҳам зарурат бордир. Лекин тадқиқотда қатнашган аҳолининг кўпчилиги оддий, мазмунан бой, анъанавий тўйни қўллаб-қувватлаган. Хусусан, оилавий тўйлар (50-80 кишилик) энг қулай ва ихчам, камхаражат тўй эканини билдиришган.

“Турмуш қуришда маҳр муҳим­ми?” деган саволга респондентларнинг 64 фоизи “муҳим” деб фикр билдирган. Бу ерда маҳрнинг миқдори назарда тутилаётгани аён. Ёшлар эса айнан маҳр қиймати ҳаддан зиёд ошиб бораётгани, ҳатто уч хонали квартира, қиммат русумли автомашина, умра зиёратига олиб бориш каби талаблар ҳам қўйилаётганидан норози. Натижада, бу ҳолат тўй бошланмасидан куёвнинг фикри ўзгаришига, тўйнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Қизларимизнинг маҳрга ружу қўйиши тобора соф туйғулар қадрини тушириб юбормоқда. Ваҳоланки, маҳрдан мурод куёвдан кўпроқ бойлик ундириб олиш эмас. Орзулар, умидлар, ниятлар пул билан ўлчанадими? Муҳаббатнинг қиймати борми?

Ўтказилган тадқиқот жамият ижтимоий муҳити ва кайфиятини ўрганиш имконини берди. Реал ҳаётий воқелик қандайлигини кўрсатди. Энди ана шу тадқиқотлар натижалари асосида тегишли хулосаларга келишимиз мумкин.

Тўй-ҳашам борасида мусулмон ва туркий давлатлар тажрибасини ҳам ўрган­дик. Масалан, Миср оммавий ахборот воситаларида “Ортиқча харажатсиз бахтли никоҳ” шиори остида ижтимоий кампаниялар ташкил этилади, видеороликлар, мақолалар ва ток-шоулар орқали аҳолига таъсир ўтказилади. Ёшларда дабдаба ўрнига оддийлик, бардош ва руҳий тайёргарлик фазилатларининг шаклланишига ҳаракат қилинади.

Шунингдек, ёшларнинг “Тенглаш­тирилган никоҳ шартлари” ҳаракати вужудга келган. Унда ёшлар мадраса, Ёшлар маркази, маданият уйлари, махсус мунозара клубларида, қишлоқларда оқсоқоллар иштирокида йиғилиб, адолатли никоҳ шартларини одатга киритиш бўйича мунозара қилади. Йиғилишларда “Шабка” (биздаги қалин пулига ўхшайди) миқдорини рамзий қилиб жуда камайтириш, мебель ва техника бўйича минимал талаб, ижара уйга ҳам розилик, янги уй талаб қилмаслик, зиёфатларни фақат оила аъзолари ўртасида ўтказиш, умумий харажатларни қисқартириш каби масалаларни ўзаро келишади ва тарғиб қилади.

Яна бир жиҳати: илмий доиралар томонидан “Никоҳдан хабардорлик машғулотлари” ўқув дастури ташкил этилган. Бундай дастур нафақат Мисрда, балки кўп­лаб мусулмон мамлакатлари, айниқ­са, Малайзия, Индонезия, Нигерия, Туркия, БАА каби давлатларда ҳам кенг қўлла­нади. Баъзи давлатларда никоҳга рўйхатдан ўтиш учун тренинг сертификати талаб этилади. Ушбу курслар самараси сифатида Малайзия, Индонезия ва бошқа қатор мамлакатларда ажралишлар 20-30 фоизга камайган, оилаларда мулоқот ва ишонч яхшиланган, барқарорлиги ошган.

Туркия ҳам тўй харажатларини камай­тириш бўйича ўзига хос тажрибага эга. Бу борада қуйидаги асосий меха­низмлар жорий этилган: муниципал тўй заллари – арзон ва расмий; содда тўй ҳара­кати – ортиқча дабдабадан воз кечиш; дав­­лат грант ва субсидиялари – кредитсиз бош­ланиш; медиа ва диний тарғибот – маъна­вий ёндашув; камбағал оилалар учун бепул хизматлар ва ҳоказо.

Туркиянинг ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлигида “Никаҳ Салону” (Никоҳ зали) мавжуд. Бу залларда тўйни бепул ёки минимал тўлов эвазига ўтказиш мумкин. Муниципалитетлар кўп болали оилалар, талабалар ва ёш оилаларга имтиёз бера­ди. Бу механизмнинг афзаллиги шун­даки, қиммат тўйхоналарга эҳтиёж қол­май­ди, ҳуқуқий расмийлаштириш билан бирга, тантанали маросим ҳам ўтка­зилади, кам маблағли жуфтликлар учун осонлик яратилади. Бугунги кунда айрим шаҳарларда никоҳнинг 40-50 фоизи фақат “Никаҳ Салону”да ўтказилади.

Бугун Ўзбекистон буюк ислоҳотлар юртига айланди. Жаҳон сиёсий доирала­ридан тортиб, Ер шарининг турли бурчак­ларида истиқомат қилувчи халқлар ҳам Ватанимизга катта қизиқиш билдирмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Тош­кент, Самарқанд, Бўзатов ва бош­қа ҳудудларда ўтказилаётган халқаро тадбирлар дунё нигоҳини бизга қарат­моқда.

Шундай экан, энди биз ҳам “Одамлар нима дейди?” деган тор доирадан чиқиб, “Олам нима дейди? Оламда нима гаплар?” деган саволга ўтайлик. Болаларимизни ўткинчи ҳавасларга чирмаб ташламай, уларни дунё талаб қилиб турган соҳалар бўйича ўқитайлик, замонавий касб-ҳунарларни ўргатайлик.

Йигит-қизларимиз спорт ва фан олимпиада­ларида ғолиб бўлса, ўз соҳасида йирик натижалар кўрсатса, ана унда кўринг, маҳаллада дув-дув гап бўлишини. Шундай эмасми?

Фарида АБДУРАҲИМОВА,
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи, педагогика фанлари номзоди, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 декабрдаги 51-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858