Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


24.12.2025 | 16:01

img390

ИККИ ХАЛҚНИНГ АРДОҚЛИ ФАРЗАНДИ

Аллоҳ йўлида оламни ва одамни севиш, олам ва одамга алоқадор барча туйғуларни қадрлаш, уларга самимий ва абадий муҳаббат боғлаш ҳамда умр бўйи шу эътиқодга содиқ қолиш осон эмас. Серқирра истеъдод соҳиби Акиф Азалп ватан, илм-фан ва адабиёт равнақи, озарбайжон – ўзбек дўстлиги янада мустаҳкамланиши учун ихлос ва садоқат билан хизмат қилаётган замондошларимиздан биридир.

Акиф Азалпнинг асарлари қалбларни нур каби мунаввар қилади. Унинг “Истиқлолнома” трилогияси (“Ўндарнома”, “Зафарнома”, “Ҳумо”) озарбайжон шеъриятида бу улуғ мавзуда яратилган энг гўзал намуналар қаторидан муносиб ўрин эгаллаган.

Қорабоғ изтироби билан ёзилган, буюк ғалабани мадҳ этган ва муғом образини гавдалантирган шеър-у достонлари (“Туркманчой”, “Нуҳчихан”, “Камон”, “Қочқин”, “44:0”) ва драмалари (“Маликалар ишқи”, “Жаннат гули”) ҳақида ҳам худди шундай фикрларни билдириш мумкин.

Икки халқнинг ардоқли фарзанди Мақсуд Шайхзода анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган Акиф Азалпнинг илмий ютуқлари ва шоирлик маҳорати ҳар икки мамлакатнинг кўзга кўринган олимлари, машҳур адабий намояндалари томонидан эътироф этилган. Унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳар икки мамлакатда ҳужжатли фильмлар суратга олинган, шеърларига куйлар басталанган. Бадиий таржимадаги юксак маҳорати учун Ўзбекистон, Грузия ва Озарбайжон ёзувчиларининг халқаро конференциясида махсус дипломга сазовор бўлган (Боку, 2005). Нуфузли адабий танловларда бир неча бор ғолиб деб топилган.

* * *

Акиф Азалп ижоди ҳақида гап кетганида, 1982- йилда битилган “Турон ҳавоси” шеъри беихтиёр йодга тушади. Қарийб ярим асрлик тарихга эга шеър қиммати айни пайтда – асрлар давомида шаклланган туркий дунё ҳамжиҳатлигининг янги даврида янада ошиб бормоқда. Ундаги ишора ва қофиялар туркий оламнинг бебаҳо обидаси бўлмиш “Дада Қўрқут” китобининг поэтик айтим тарзини эслатади. Шоир қирқ мисралик поэтик матнга туркий халқларнинг қадимий ва замонавий рамзий атрибутларини (от, қалъа, бўри, қизил олма ва бошқаларни), шунингдек, озодлик йўлида курашган тарихий сиймолар (Алп Эр Тўнга, Мадай хон) ва буюк маърифатпарварларимиз номларини моҳирона сингдиради.

Ушбу мавзудаги аксар шеърлари бадиий услубининг ўзига хослиги ва оҳангдорлиги билан ажралиб туради. “Ўлжас Сулаймонов” шеъри бунга ёрқин мисол бўла олади:

Худди бўлганидек дилларда достон,
“Қиз қу!” шиддатидек шўх тароналар,
Худди янграгандек Дашти Қипчоқдан
Оламга жар солиб шоҳ турконалар!

Нурини сочгандек мумтоз “Аз и Я”,
Ечилди тарихнинг чигал тугуни.
Энди Сизга боқиб кўражак дунё
Осиёнинг қандай буюклигини!

Ҳар бир шоир ижодида бўлгани сингари, Акиф Азалп лирикасида ҳам ишқ-муҳаббат мавзуси салмоққа эга. Бу анъанавий мавзуда ҳам шоир, аввало, услуб бетакрорлиги ва образларнинг янгилигини намоён этади. Шу маънода, муаллифнинг илк тажрибаларидан бўлган “Келсанг, ўзинг келма!” шеъри жиддий қизиқиш уйғотади:

Келсанг, ўзинг келма!
Менга ёддошимнинг йодини келтир,
Ёруғ нигоҳингнинг ўтини келтир
Ҳамда дудоғингнинг тотини келтир!
…Улар ҳам сен каби тушгач кўп узоқ,
Туташмас бўлдилар ҳеч кимга ҳеч вақт,
Келсалар, сен билан келарлар бироқ –
Келсанг, ўзинг келма!..

Шоир мазмун, ҳам шакл жиҳатдан бу ўзига хослик ҳамда янги поэтик ифода услубини севги мавзусидаги шеърларида сақлаб қололгани таҳсинга сазовор. Шу маънода, унинг “Бир баётга сўнгсўз ўрнида” шеъри замонавий озарбайжон лирикасининг гўзал намуналаридан:

Бир дали ўғлоннинг лол нигоҳидан
Ой юзида қолган ул излар ҳаққи!
Кўкдан мужда олган бир бокиранинг
Кўксига экилган ул сўзлар ҳаққи!
Дунёни яратган севгидир фақат,
Дунёни яшатса, у яшатажак!

Судрала-судрала бир ком йўлида,
Кўкариб-бўзарган ул тизлар ҳаққи!
Умиднинг сўнгидан бир қоронғига
Боқа-боқа тўлган ул кўзлар ҳаққи!
Дунёни яшатган севгидир фақат,
Дунёга не қолса, ундан қолажак!

* * *

Акиф Азалпнинг ранг-баранг ижодида таржимонлик фаолияти алоҳида ўрин тутади. Дейлик, унинг фақат туркий тиллардан таржималарининг ўзи тўрт китоб ҳолида чоп этилган: “Ўзбек халқи шеъриятидан танланган асарлар”, “Қрим-татар халқи шеъриятидан танланган асарлар”, “Сирожиддин Саййид. Вақт ҳайкали”, “Турон ҳавоси”. Озарбайжон ўқувчилари кўплаб ўзбек шоирларининг ижоди, шунингдек, уйғур, туркман, татар, хакас, қрим-татар, шор халқ қўшиқлари намуналари билан Акиф Азалпнинг гўзал таржималари орқали танишган.

Қаҳрамонимиз фаолиятининг иккинчи қаноти – сермаҳсул илмий фаолиятидир. Таъкидлаш жоиз, Акиф Азалп “Туркий тилли шеъриятда туюқ (жанр поэтикаси ва тарихи)”, “Бадиий идеал ва тарихий ҳақиқат” каби йирик тадқиқотлар билан бирга, туркий халқлар адабиётига оид муаммоли мақолалар ва салмоқли илмий маърузаларнинг ҳам муаллифидир.

Унинг умр йўли ўзига ўхшайди – хоксор ва самимий. Акиф Азалп (Акиф Зейнал ўғли Бағиров) 1954 йил 7 апрелда Озарбайжоннинг Шоҳбуз тумани Нурсу қишлоғида туғилган. 1971 йилда мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Озарбайжон давлат университети (ҳозирги Боку давлат университети) филология факультетига кирган. Матбуотдаги илк ижод намуналари ҳам шу йилларда туманнинг “Қабоқчил” газетасида чоп этилган.

1974 йилда аълочи талаба сифатида давлат йўлланмаси билан Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетига юборилган. Университетни имтиёзли диплом билан тугатгач, 1976–1978 йилларда Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Санъатшунослик институтида фаолият юритган. 1979 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасига қабул қилинган. 1983 йилда “Туркий тилли мумтоз шеъриятда туюқ (жанр поэтикаси ва тарихи)” мавзусида ёзилган диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олган. 1982 йилдан меҳнат фаолияти сўнгигача шу институтнинг Адабиёт назарияси бўлимида турли лавозимларда ишлаган, “Бадиий идеал ва тарихий ҳақиқат (адабиёт ва тарих муносабатлари назариясига доир)” тадқиқоти устида илмий изланиш олиб борган.

Унинг шеър ва достонлари, илмий тадқиқотлари ўтган асрнинг 70 йилларидан эътиборан Ўзбекистон ва Озарбайжон илмий доираларида эътироф этила бошланган. Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов, Озарбайжон халқ шоири Фикрат Қўжа томонидан юксак баҳоланган.

Биз Шоиримизга ижодий муваффақият тилаймиз. Сўнгсўз ўрнида Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг “Азалп ҳодисаси” мақоласидан парча келтирмоқчимиз. Сўз заргаридан ўтказиб нима ҳам дейиш мумкин: “Акиф Азалп – турк дунёсини, Туркистонни, туғишган Сўзни теран англаган буюк шоир. Мен фахрланаманки, Акиф Азалп Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий, Ҳусайн Жовид, Абдулҳамид Чўлпон каби улуғларнинг муқаддас тилида ёзиб, ўз кўнглини тараннум этади”.

Яшар ҚОСИМ,
филология фанлари доктори, профессор, 

Ҳулкар ҲАМРОEВА,
филология фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 декабрдаги 51-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859