08.10.2025 | 12:23
257
“ЎТКАН КУНЛАР” БОШИДАН ЎТГАН КУНЛАР
1
Сталин ҳукумати отамиз Ҳабибулло Қодирий (1918–1988)ни ҳам “халқ душманининг ўғли” деган тамға билан қамаган. У киши ҳаётининг ўн йилини маҳкумликда ўтказган. Отам ўша ерда бўлган бир воқеани қуйидагича эслаганди:
“1949 йилнинг охири – 1950 йилнинг бошлари эди. Шимолий Ўрол лагерларидаги (унда қирқдан ортиқ лагерь бор эди) барча сиёсий маҳбусларни этап қилиб, қизил вагонларга ортиб Қарағанда шаҳрига келтирдилар.

…Кунларнинг бирида пешинлик қилиб тиббий бўлимга келсам, бир киши мени кутиб ўтирар эди. Кўришиб, сўрашдик. У тошкентлик, ўзбек, бугун этап билан лагеримизга келган экан. Исм-шарифи хотирамда қолмаган, паст бўйли, мошгуруч соқол-муртли, шилпиқ кўз, эллик ёшлардаги киши эди. У бизга яқин бўлган Ўқчи маҳалласида турар ва шу маҳалланинг раиси бўлган экан.
– Этапдан лагерингизга кириб, “Ўзбеклар борми?” – деб сўрасам, сизни айтишди. Ётоқ еримни тайин қилиб, овқатланиб, тўғри олдингизга келдим.
У бу сўзларни шу қадар секин, қўрқиб айтар эдики, икки гапнинг бирида “биров эшитаётгани йўқми” дегандай, атрофга қараб олар эди. Мен ҳам Тошкентнинг қаерида туришимни айтдим ва кулиб сўрадим:
– Хўш, нима жиноят қилдингиз?
– Эй, менинг жиноятим йўқ, доктор.
– Айбсиз қамамайдилар-ку…
– Айбим бўлса ҳам, жуда арзимайдиган…
– Хўш?
У яна атрофга бир қараб олиб, аста деди:
– Ўқчидаги чойхонада кечаси тўрт-беш ўртоқлар тўпланиб, “Ўткан кунлар” романини ўқиган эдик. Ичимизда битта-яримта хуфия бор экан, шекилли, тегишли жойларга етказибди. Барчамизни қамаб, уч-тўрт кун сўроқ қилдилар. Ҳаммамиз китобни ўқиганимизни бўйнимизга олдик. Дарҳол суд қилиб, барчамизни шу ёққа жўнатдилар.
– Неча йилга кесдилар?
– Ҳаммамизга бирдек, йигирма йилдан.
– Ҳоо, жуда баракали қилиб беришибди-ку, – дедим кулиб. – Майли, ҳечқиси йўқ. Сизлар албатта бу муддатни ўтамайсизлар. Хоҳласангиз, Москвага бир шикоят ариза ёзиб берай?!
– Майли, раҳмат, – деди ва уҳ тортиб қўшиб қўйди: – Бир қизимни тўй қиламан деб турган эдим-а…
Мен у кишига ариза ёзиб бердим. Муддатим битиб уйга қайтгач, бир куни кўчадан келсам, уйдагилар:
– Ўқчилик бир ўртоғингиз қамоқдан келибди. Сизга раҳмат айтиб, меҳмонга айтиб кетди, – дейишди. Мен меҳмонга бормасам-да, у киши билан баъзан кўчаларда кўришиб юрдим…”
2
Адибнинг кичик ўғли Маъсуд Абдуллаев (1924–1997) хотираларидан:
“Мен бошланғич сабоғимни қўшни Сузук ота маҳалласидаги (ҳозирги 23-сонли боғча ўрнида) мактабда олганман. Мактаб тўрт-беш хона (синф)дан иборат бўлиб, янглишмасам, Маҳкамбой деганнинг ҳовлисида очилган эди.
Биринчи ё иккинчи синфда ўқиб юрган чоғларим эди. Муаллима опам (исмларини унутганман) бир куни дарсдан сўнг:
– Ўғлим, сен Абдулла Қодирийнинг фарзанди экансан. Мен даданг ёзган “Ўткан кунлар” китобини ўзимда йўқлигидан бировдан олиб ўқиб чиқдим. Энди шу китоб менда ҳам бўлса, дегандим. Дадангда бўлса, олиб келсанг. Бу илтимосимни ойингга айтгин, – деб такрор-такрор тайинладилар.
Мен “хўб” деб ваъда бердим. Мактабдан келибоқ ойимга:
– Ойи, муаллима опам мен билан алоҳида гаплашдилар. Мен энди катта бола бўлиб қолдим, – деб мақтаниб, уларнинг илтимосларини айтдим.
Ойим кулиб:
– Хўб. Агар уйда бўлса, дадангдан сўраб олиб бераман, – дедилар.
Орадан икки кун ўтди. Китобдан дарак йўқ. Мен ваъдамни бажара олмаганимга муаллима опамдан уялиб, мактабга бормай қўйдим. Ойим:
– Ўғлим, китоб дадангларда ҳозир йўқ экан. Топиб беришга ваъда бердилар. Сен эртага ўқишга боравер, – дедилар.
Менга муаллима опамнинг сўзлари қонундек туюлгани учун қайсарлигим тутиб мактабга бормадим. Кечлик маҳали ойим дадамга:
– Ўғлингиз яна мактабга бормади, – деб шикоятландилар.
– Қўявер, ўзим гаплашаман, – дедилар дадам кулиб.
Эртасига нонуштадан сўнг дадам мени етаклаб мактабга йўл олдилар. Борсак, дарс бошланган экан. Дадам:
– Майли, бироз кутамиз, – дедилар.
Бир маҳал муаллима опам (синф ойнасидан бизни кўриб) чиқиб, дадамга салом бердилар. Дадам алик олиб:
– Маъсуд ўғлингиз менинг айбим билан дарсларга келмай қўйибди. Сўраган китобингиз ўзимда йўқ эди. Сабаби, сиз каби мухлислар китобимнинг сўнггисини ҳам олиб кетишганди. Узр, мен албатта китобни топиб, Маъсуд орқали бериб юбораман, – дедилар.
Муаллима опам:
– Сиздек азиз инсонни овора қилибман, – деб қайта-қайта узр сўрадилар. Дадам:
– Йўқ, хижолат бўлманг. Асаримни ўқиб қадрлаётганингиз учун сизга раҳмат айтиш менинг бурчим. Сизга раҳмат, – дедилар. Менга:
– Маъсуд, муаллима опангга қулоқ сол. Яхши ўқигин. Қани, дарсга кира қол, – деб муаллима опам билан хайрлашиб, мактабдан чиқиб кетдилар.
Муалима опам мени қучоқлаб, юзимдан ўпиб:
– Даданг билан биринчи бор суҳбатлашишим. У киши камтарин инсон эканлар. Сен каби ёшларимиз бахтига омон бўлсинлар, – деб ичкарига бошладилар. Хонадаги жим ўтирган болаларга қараб:
– Азиз болалар! Яхши ўқинглар, одобли бўлинглар. Келажакда Абдулла Қодирийдек камтарин инсон бўлиб етишинглар, – деб дарсни давом эттирдилар. Орадан икки-уч кун ўтгач, кечлик маҳали ойим:
– Китобни топдингизми? – деб сўрадилар. Дадам:
– Ҳа, бир дўстимдан лотин алифбосида босилганини сўраб олдим, – дедилар.
Эртасига нонуштадан сўнг, қоғозга ўралган китобни жилдимга солиб йўлга тушдим. Мактабга бориб муаллима опамга китобни бердим. Опа “Раҳмат” дедилар. Дарсдан сўнг муаллима опам: “Ойингга бергин” деб, букланган қоғоз бердилар.
Кейин билсам, ўша қоғоз “Ўткан кунлар” учун ёзилган миннатдорлик хати экан”.
3
Маъсуд Абдуллаев яна шундай хотирлайди “Дадамни иккинчи марта қора курсига ўтқазганларида, ёзган асарларини ҳам бадном қилишга уринишган. “Халқ душманининг ёзган асари” деб, китобхонлар қўлидан тортиб олишган. Бироқ, мухлислар китобни ўқиш ман этилгани ва ўқиганлари учун жазоланишларига қарамай, бир-бирларидан олиб, яшириб ўқийверишган.
Жумҳуриятда хизмат кўрсатган маданият ходими Аъзамхон Рустамов бир суҳбатда шундай ҳикоя қилганди:
– Ўша қатағон йилларида қанча-қанча одамлар дадангизнинг асарларини ўқиганлари учун қамалиб, азобландилар… Менинг укамни ҳам “Ўткан кунлар” романини уйида сақлагани учун қора курсига ўтқазгандилар…
1990 йили Шайхонтоҳур туманидаги 84-ўрта мактабда отамизнинг 96 йиллик таваллудларига бағишланган йиғилишга мени ҳам таклиф этишганди. Анжумандан сўнг бир пиёла чой чоғида директор ҳикоя қилганди:
– 1945 йили 7-синфда ўқир эдим. Ўша пайтда тақиқланган бўлса-да, адабиётга қизиқишим туфайли уйда “Ўткан кунлар”ни ўқий бошладим. Китобни тугата олмаганимдан давомини эртасига математика дарсида ҳам ўқийвердим. Қизиқиб кетиб, домла тепамга келиб қолганини ҳам сезмабман. Домла: “Нима ўқияпсан?” деб қўлимдан китобни тортиб олди. Эртасига директор хонасига чақириб, математика домласи: “Нима қилиб қўйганингни биласанми? Халқ душманининг тақиқланган китобини ўқидинг-а?!” деб дўқ урди… Улар: “Эртага отангни олиб кел!” деб китобни олиб қолишди.
Ўша куни кечқурун синфдошим уйимизга келиб: “Сени тоғам чақиряптилар”, деб айтиб кетди. Борсам, директор уйда эканлар. Мени яхши муомала билан кутиб олдилар-да, холи хонага олиб чиқиб дедилар:
– Ўғлим, ўқиётганинг ўзбек халқининг севимли “Ўткан кунлар” китоби. Мен ҳам уни сен каби берилиб ўқиганман. Минг афсуски, сенларнинг даврингда бу китоб ман этилди. Албатта, сен буни билмагансан. Кимда ким ушбу китобни ўқиса ёки сақласа, бошига қора кунлар тушади. Агар бу ишингни биров эшитса, даданг ва мен жавобгар бўламиз. Сенга маслаҳатим, ўқиган китобингнинг муқовасига ўхшаш бошқа китоб топиб, бориб алмаштириб қўясан. Китобингни хонамдаги жавоннинг тепасига, кўзга кўринадиган жойга қўйганман. Хона деразасини омонат беркитганман. Сен ўша ердан тушгин.
Мен ўрнимдан турдим. Домлам хайрлаша туриб:
– Сени эрта-индин отанг билан хонамга чақиришлари мумкин. Ўша китоб ҳақида сўрасалар: “Билмайман, ўқимаганман” дегин, – деб тайинладилар.
Мен ўша тунда директор айтган ишни бажариб қўйдим. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, мени директорнинг хонасига чақиришди. Унда директор, математика домласи ва чарм пальтоли нотаниш киши ўтирар эди. Нотаниш киши:
– Сен қандай китоблар ўқийсан? – деб сўради. Мен жавоб бердим.
– Нега тақиқланган китоб ўқидинг? – деб дўқ урди.
– Мен унақа китобни билмайман, ўқимаганман, – дедим.
– Сен ёш бўла туриб, ёлғон гапиряпсан. Мана гувоҳ бор, – деди у математика домласига ишора қилиб.
– Қани, ўша китобни кўрсатинг! – деб буюрди. Математика домласи ўрнидан туриб, жавон устидан китобни олиб, унинг қўлига тутқазди. Улар иккови китобнинг у ёқ-бу ёғни кўришиб, ҳайрон бўлишди…
Қалтираб ўтирган директорга жон кириб, ўрнидан турди-да, домланинг ёнига келиб:
– Балки англашилмовчилик бўлгандир. Бу ёшдаги болалар ундай китобни ўқиганларида ҳам ҳеч нарса тушунмайдилар, – деб мени қутқариб қолганди”.
Шеркон ҚОДИРИЙ тайёрлади.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



