Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


01.08.2025 | 12:21

img573

“ЎЗБЕКИСТОН – ОҲАНРАБОЛИ ЮРТ”

Ҳиндистондаги Жавоҳарлаъл Неру университети профессори, турколог Ахлок Аҳмад Ахан билан суҳбат

– Ҳурматли профессор, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилаётгани илм-фан соҳасида ҳам ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Сизнинг мисолингизда олсак, сўнгги йилларда юртимизга ташрифингиз сони ортиб бормоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Сизни Ўзбекистон, ўзбек халқи тарихини ўрганишга нима илҳомлантирган?

– Ўзбекистонга тез-тез келишимга икки сабаб бор. Биринчидан, камина Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур маънавий мероси ҳамда Марказий Осиё ва Ҳиндистон яримороли ўртасидаги кўп минг йиллик маданий-тарихий алоқалар устида изланишлар олиб бораман.

Масалан, буддизм Ҳиндистондан бу ергача етиб келган бўлса, кейинроқ ислом дини айнан Марказий Осиё орқали бизнинг диёрларда ёйилган. Шунингдек, бугун бизнинг юртимиздаги миллионлаб одамлар бобурийлар даврида ёйилган нақшбандия тариқатида бўлиб, улар ўзлари ихлос қиладиган пирларни дунёга келтирган диёр билан руҳий боғлиқликни ҳис қилади.

Ўтмишда Бухоро, Самарқанд ва Хоразм интеллектуал инқилоблар маркази сифатида бутун жаҳонда муҳим ўрин тутган. Дунё тараққиётидаги маданий ва маънавий эврилишлар айнан шу ерларда бошланган. Марказий Осиёни таниш учун мана шу эврилишлар тарихини чуқурроқ ўрганиш керак.

Буни қарангки, Ҳиндистонда туғилган мутафаккир шоирлар Амир Хусрав Деҳлавий ва Мирзо Абдулқодир Бедилнинг келиб чиқиши Шаҳрисабзга тақалади. Шунингдек, Хоразм воҳасидан етишиб чиққан улуғ аллома Абу Райҳон Беруний биринчилардан бўлиб Ҳиндистонни илмий жиҳатдан ўрганган ва изланишлари асосида мукаммал асар ёзган. XIII асрда Султон Муҳаммадшоҳ ибн Ғиёсиддин Тўғлуқшоҳ даврида Деҳлига кетиб, бетакрор ижоди билан “фахри замон” рутбасига эришган Бадриддин Чочий қолдирган гўзал адабиёт намуналари ҳам икки халққа етадиган маънавий хазинадир.

Айтмоқчиманки, тил, адабиёт, фалсафа, илм-фан Ҳиндистон ва Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистонни қадимдан бир-бири билан боғлаб келган. Мен каби икки халқ тарихи ва маданиятини ўрганадиган олимлар учун Ўзбекистон шу боис ҳам оҳанраболи ўлка бўлиб қолиши, шубҳасиз.

Иккинчидан, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Тошкент ва Фарғона водийси ҳақида ҳинд адабиёти орқали кўплаб манбаларни болалигимдан эшитиб, ўқиб улғайганман ва улар қалбимда ажиб туйғулар уйғотган. Бу туйғулар кейинчалик илмий қизиқишларим билан уйғунлашиб кетди. 2019 йилда Тошкент давлат шарқшунослик университетида дарс бердим. Ўзбекистонлик олимлар билан дўстлашдим. Илмий фаолиятим ва қадрдонлик ҳисси боис оёғим Ўзбекистондан узилмайди. Ҳинд, форс, урду адабиётининг буюк шоири Мирзо Ғолиб ўзини “самарқандлик” деб атагани каби мен ҳам ўзимни қисман ўзбекистонликман деб ҳисоблайман.

– Ўзбекистон ва асрлардан бери боғлаб турувчи яна бир мумтоз ришта – ҳар икки миллат тарихида ёрқин из қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосидир. Сиз Бобур ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганган хорижлик олим сифатида унинг ҳинд тамаддунига қўшган ҳиссасини қандай баҳолайсиз?

– Ҳинд тараққиётини Бобур ва бобурийларсиз тасаввур этиб бўлмайди ва буни тан олмасликка ҳаққимиз йўқ! Ҳиндистоннинг қайси гўшасига борар экансиз, бобурийларнинг тарихий изларига дуч келасиз. Йирик Жоме масжиди, муҳташам Қизил қаср, Ҳумоюн мақбараси, Қутб минор – барчаси шу сулола вакиллари томонидан бунёд этилган диққатга сазовор масканлардир. Айниқса, Шоҳ Жаҳон қурдирган афсонавий Тожмаҳал Ҳиндистон бўйнидаги муқаддас тумор бўлиб қолди.

Бизнинг мамлакатда ер-сув тизими ушбу сулола томонидан изга солинган ва бу ҳозирги кунга қадар ҳам амалда. Шунингдек, Ҳиндистонда маъмурият тизими ҳам аслида ўша даврларда шаклланган. Форс, урду, ҳинд, гужарат, марати, бенгал тилларининг диалектдан адабиётга айланиши ҳам улар ҳукмронлиги даврига тўғри келади.

Қолаверса, “Бобурнома” ҳинд маданияти ва тараққиёт даврини ўрганишда  Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон” асаридан кейинги иккинчи энг муҳим манба ҳисобланади.

Бобур Мирзо урф-одатларимиз, маданият ва ҳаёт тарзимизни жуда диққат билан кузатган ва бу ҳақда “Бобурнома”да жонли, аниқ ва чуқур баён этган. Бу китобда сафарнома элементлари бор, лекин у тўлиқ сафарнома ҳам эмас. “Бобурнома” халқларимиз учун энг яхши мемуар энциклопедиядир. У дунё адабиётининг бебаҳо классик асарларидан бири. Мен ҳинд ва ўзбек халқи “Бобурнома”ни ўқиши шарт деб ўйлайман.

Албатта, Бобур каби улуғ мутафаккир қадам қўйган ерларда маърифат, маънавият ва маданиятнинг чуқур излари бўлиши табиий. Унинг Ҳиндистон тараққиётига қўшган ҳиссаси эса абадулабад эътироф этилажакдир.

– Ҳиндистон Президенти қароргоҳида Бобур Мирзо хотирасига боғ ташкил этилгани ва унинг эшиклари ҳар йили февраль-апрель ойларида халқ учун очиқ туришини эшитган эдик. Шу ҳақда гапириб берсангиз.

– Худди шундай. Боғнинг тарҳини яратишда “Бобур боғлари” архитектурасига таянилган. Боғнинг очилиш маросими жуда катта байрамга айланиб кетган эди. Томоша қилишга Ҳиндистоннинг барча штатларидан ниҳоятда кўп одам келди. Мазкур боғ ҳар йили моҳир боғбонлар, ландшафт усталари томонидан миллионлаб анвои гуллар, манзарали дарахтлар билан замонавий дизайн ва ўзига хос услубда ясатилади.

Фақат бир оғриқли жойи бор, инглизлар Ҳиндистоннинг тарихий ҳужжатларига бобурийларни мўғуллар деб киритиб кетишгани боис, бу боғ яқин-яқингача “Мўғуллар боғи” деб аталган.

– Жавоҳарлаъл Неру номидаги университет Ҳиндистондаги энг етакчи олий ўқув юрти ҳисобланади. У ерда ҳинд ёшларининг ўзбек тилини мукаммал ўрганаётгани бизни хурсанд қилди…

– Ҳа, биз ўзбек тили ўқув курсини қайта очдик. Унда фақат университет талабалари эмас, бошқа ўқув юртларидан ҳам йигит-қизлар келиб ўқишади. Қирқ йилча аввал бундай курс бўлган, лекин кейинчалик негадир ёпилган. Университетимизда форс тили профессори бор, у ўзбек тилидан ҳам дарс беради. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ходимлари ташкилий масалаларда бизга ёрдам беришади. Ўзбекистондаги бир қанча университетлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоладик. Албатта, бу талабаларимизга фақат мулоқот учунгина эмас, балки умумадабий меросимизни ўрганиш ва уни тадқиқ қилиш учун ҳам керак. Салоҳиятли ўзбек устозларни таклиф қиляпмиз. Шу масалада Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов қабулига ҳам кирдим. У киши бизга ўқитувчи ажратишда ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди. Бу эса талабаларимизга Ўзбекистон тарихи, жамияти, маданияти, иқтисодиёти ва бугуни ҳақида тўлиқ ахборотга эга бўлиш имконини яратади.

– Фаолиятингиз ва дунё олимлари билан муносабатларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

– 24 йилдан буён Жавоҳарлаъл Неру университетида ишлайман. Бундан ташқари, бир муддат Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳам фаолият олиб бордим. Оксфорд, Кембриж, Принстон университетларида маъруза ўқийман. Яна Покистондаги бир олий ўқув юрти билан ҳам шартномавий дарсларим бор. Яқинда Принстон университетининг катта лойиҳасида иштирок этдим.

Умуман, бир қанча халқаро илмий-адабий лойиҳаларда қатнашиб келяпман. Элликдан ортиқ фан номзодлари ва магистрантларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилдим. Шеърлар, таржималар, илмий мақолалар, адабий қўлланмалардан иборат ўттизга яқин китобим нашр этилган. Кўплаб адабий ва маданий ассоциацияларга аъзо бўлдим. Ҳиндистонда форс тили ўқитувчилари уюшмасининг илмий котиби, форсий шоирлар уюшмаси раҳбариман.

Таржима билан ҳам шуғулланаман. Яқинда ўзбек адибаси Шаҳодат Исахонованинг ҳикоялар тўпламини урду тилига ўгирдим. Ўзбек адабиётининг энг яхши намуналарини ҳинд халқига тақдим этиш ниятим бор. Мақсадим – адабий алоқалар ривожига ҳисса қўшиш. Ўйлайманки, бизнинг замонавий ҳинд адабиёти намуналари ҳам ўзбек тилига таржима қилинади.

– Facebook тармоғидаги саҳифангизда эълон қилинган шеърларингизни ўқидим. Шеъриятга қизиқишингиз қачон бошланган? Сиз учун шеърият нима?

– Шеър – бу ҳодиса. Шунингдек, у бир инсон туйғуларининг табиий ва ижодий ифодасидир. Бу биргина ҳолат ёки кечинма билан чекланмайди. Чунки инсон бутун умр бир ҳолатда яшамайди. Шоирнинг ички дунёсидаги кайфият унинг шеъриятида акс этади. Туғма шоирларга шеър илоҳий илҳом билан келади.

Ўзим классик шеъриятни яхши кўраман. Лекин маълум бир йўналишга ёпишиб олиш фикридан узоқман. Урду ва форс мумтоз шоирларининг деярли барчасини ўқиганман. Бошқа тиллардаги, хусусан ҳинд, инглиз, шунингдек, ўзбек шеъриятини ҳам севиб мутолаа қиламан.

– Сўнгги пайтларда ҳаваскор таржимонлар кўпайиб кетди. Улар томонидан турли тилларга қилинаётган таржималарнинг савияси анча баҳсли. Бундай ҳолатлар шеъриятнинг савиясига путур етказмайдими? Олим сифатида сиз бунга қандай қарайсиз?

– Яхши савол. Дарҳақиқат, шеър бошқа тилга ўгирилмайди. Чунки у кўзёшига ўхшайди. Кўзёши муайян ҳиссий ҳолат натижасида пайдо бўлади. Баъзан қайғудан, баъзан шодликдан. Лабораторияда кимёвий усулда сунъий кўз ёши ясашингиз мумкин, аммо у ҳақиқий бўлмайди. Шеърият ҳам шундай. У мантиқ ва ҳиссиёт ифодаси. Фақат бир кишигина уни ярата олади – у ҳам бўлса шоирнинг ўзи. Шеърнинг мазмунига чуқур кириб, уни яна шеърий усулда қайта яратиш ва балки шунга яқинлашишгина мумкин. Акс ҳолда, шеър ўгирилмайди.

Ўзим шундай фикрда бўлсам-да, араб тилидан ҳазрат Али, Ҳасан ибн Собит, Ибн Арабий; форсчадан Мавлоно Румий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Амир Хусрав, Бедил каби мумтоз шоирларнинг асарларини таржима қилганман. Бу жуда қийин иш. Мен шеърни ўқиётган пайтимда унинг руҳига кира олсамгина таржимасига қўл ураман. 

Таржимадан мақсад – оммалаштириш. Агар шеър ҳатто таржима қилинган ҳолатда ҳам ўқувчи кайфиятига таъсир қила олса, демак, у ҳақиқий шеър.

Шеър таржимаси нафақат сўз, балки руҳият таржимаси ҳамдир. Яъни, унинг замиридаги туйғу, ритм, ифодалар ҳам қайта яратилиши лозим. Таржима қилинган шеър бир танадан бошқа танага кўчириб ўтказилган юракка ўхшайди. Бир тилдан иккинчи тилга ўтаётганида у уриб туришдан тўхтаб қолмаслиги керак. Таржимон бунга эришсагина, муроди ҳосил бўлади. 

Адабий таржима – юраклар орасидаги кўприк. Асар муаллифи билан ҳамкорлик қилар экансиз, унинг туйғуларига хиёнат қилмаслигингиз керак. Бу жуда нозик жараён. Айниқса, туркий тилларнинг ўзига хос тембри ва мусиқий элементи бор. Таржимон уларни сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак. Ҳар бир шеърга ёндашув турлича, чунки ҳар бир муаллифнинг услуби ва фикрлаш тарзи ўзига хос.

– Тўртинчи саноат инқилоби ҳосиласи сифатида эътироф этилаётган сунъий интеллект ҳар бир соҳани қамраб олаётгани кишини ўйлантиради. Бугун унга буйруқ бериб, шеър ёздириш, сурат чиздириш ҳам мумкин. Сизнингча, бу кетишда келажакда ижодкор ва олимларнинг ҳоли нима кечади?

– Сунъий интеллект қанчалик ривожланмасин, инсон тафаккури билан тенглашолмайди. Чунки унинг ўзи ўша тафаккур маҳсулидир.

Ҳа, сунъий интеллект шеър ёзади, сурат чизади, таржима қилади, мақола тайёрлай олади. Лекин у бажарган ишлар, барибир, ўртамиёна даражада бўлади. Айниқса, ижодий ишни санъаткорона ярата олмайди. Бир аср олдин минглаб шоир бўлгандир балки. Улар ҳам эҳтимол ўз доирасида яхшигина танилган бўлиши мумкин. Лекин бизгача бир неча нафаригина етиб келди. Даҳолар яшаб қолди, ўлмади, қолганлари йитиб кетди. Шундай эмасми?

Инсоният ақл-заковатига, ижодий маҳсулига талаб ҳеч қачон ўлмайди. Бу томондан хавотир олишга ўрин йўқ, деб ўйлайман. Лекин бошқа нарса бор. Сунъий интеллект инсон онгини эгаллаб ола бошлагани рост. Бугун одамлар ўзидан “узоқда” яшаяпти. Агар у ўзига, ўзлигига қайтмас экан, ижодий қобилиятидан айрилади, онг, шуур томонлама ногирон бўлиб қолади. Асл адабиёт, илм, маданиятга эҳтиёж ҳамиша бўлади, аммо бу эҳтиёжни қаноатлантирадиган ижодкор-у олим топилмай қолиш хавфи бор.

– Ҳиндистонда бир муддат яшаб, халқингизнинг маданий объектларга чуқур эҳтиромидан ҳайратланганман. Ҳиндлар музей ва тарихий обидаларни томоша қилиш учун пули ва вақтини аямайди. Шунингдек, ҳинд тўйларида, мавқейидан қатъи назар, барчанинг бирдек миллий либос кийиши ҳам мени ҳайрон қолдирган. Нима деб ўйлайсиз, Ҳиндистон узоқ йиллик мустамлакаларда миллий ўзликка садоқат ҳиссини қандай сақлаб қолган?

– Ҳа, Ҳиндистон ўз урф-одатларига содиқ мамлакат. Гарчи юртимизда юзлаб тил, диний эътиқод, мазҳаблар, урф-одатлар, қабила, этник гуруҳлар яшаса-да, биз қадриятларимизда собитмиз. Айтганингиздек, халқимиз ўзининг миллиятини мустамлакалардан омон олиб чиқди.

Аслида, қадриятлар илдизлари шу қадар чуқур бўладики, уни суғуриб ташлашнинг иложи йўқ. Бироқ бугун кўп миллатлар ўзлигини унутиб, ғарб анъаналарини қабул қилмоқда. Жумладан, Деҳли ҳаётида ҳам Европанинг таъсири йўқ эмас. Мактабларимиз деярли инглиз тилига ихтисослашиб бормоқда. Ҳинд ёшлари урду, ҳинд, панжобий, тамил ёки бенгал адабиётини ўқий олмайди. Хўш, улар энди ҳинд классик асарларидан бехабар қоладиларми? Биз эски санскрит ва пали ёзувидан, бунинг ортидан эса улкан адабиётдан айрилдик ҳисоб. Мен бир ҳиндистонлик ўлароқ, миллий интеллектимиздан узоқлашаётганимиздан ташвишланаман.

Бундай йўқотишни Марказий Осиё мамлакатларида ҳам кўраман. Сизда ҳам қўлёзма асарларнинг деярли барчаси араб ёзувида, янги авлод эса бу ёзувни билмайди. Шунинг учун кутубхоналарда сақланаётган ноёб асарлар билан алоқалар деярли узилмоқда.

Музей ва тарихий обидалар, урф-одатлар, миллийликка эҳтиромимиз эса ҳудуд ва аҳоли сонининг катталиги ҳамда ҳинд халқининг санъатсеварлиги билан ҳам қисман боғлиқ, деб ўйлайман. Миллат муҳаббатини енгишга қодир ҳеч бир куч йўқ. Мустамлакачилар халққа ижтимоий жиҳатдан босим қилиши мумкин, лекин унинг аслиятини йўқ қила олмайди.

– Ўзбек халқининг сизни энг мутаассир қиладиган жиҳатини айта оласизми?

– Албатта, меҳмондўстлиги. Мен чет элларга тез-тез сафарга чиқаман ва жуда кўп дўстлар орттирганман. Қачон борсам, улар ҳурматимни жойига қўйишади. Лекин ўзбекона мезбонлик дунёда тенгсиздир. Ўзбеклар меҳмонини ер-у кўкка ишонмайди. Бошқа ҳеч бир ерда бегона одамни бу қадар эъзозлашмайди. Бу, менимча, маҳаллий маданият ва исломий тарбия туфайлидир. Агар йўқ демасангиз, ўзим ёзган бир шеър билан сўзимни якунласам.

Гўзал кулги, нозли боқишлар,
Лол айлади майин сўзларинг.
Не эди у берилган ваъда,
Келаман деб нечун келмадинг?

Лабинг, кўзинг, руҳинг анбари,
Мафтун этган кўйдаман ҳамон.
Қўнғироқсоч, қош, киприк – бари,
Ҳаётимни айлади тамом.

Ақлдан оздириб ҳуснинг-ла  мени,
Бир далли қул каби банди айладинг.
Кўнгил занжирига озод қалбимни
Жавобсиз муҳаббат билан бойладинг.

Муҳайё РУСТАМ қизи суҳбатлашди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 25 июлдаги 30-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img856