Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


11.09.2025 | 15:58

img233

ҒУРБАТ ЭЛИ

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат натижасида дунёнинг турли нуқталарида яшаб, ижод қилаётган ватандошлар олдига қўйилган тўсиқлар олиб ташланди. Энди улар ота юртларига эркин келиб-кетиши, ижодини ўқувчиларга етказиши мумкин. Агар ўзи оламдан ўтган бўлса, уларнинг хотирасига ҳурмат кўрсатиш учун ҳам юртимизда барча шароитлар яратилган. Бугун киндик қони Андижон тупроғига тўкилган, тақдир тақозоси билан Саудия Арабистонининг Тоиф шаҳрида истиқомат қилган Яъқубхўжа Маҳжурий ҳақида ҳикоя қиламиз.

Маҳжурий 1920–30 йилларда болшевикларнинг таъқиб-тазйиқлари остида мажбурликдан юртни тарк этди. У она тилини қўмсаб тилчи ва юртини соғиниб адиб бўлди. Унинг тилшунослик, тарихшунослик, адабиёт ва илоҳиёт йўналишларидаги илмий-адабий фаолияти таҳсинга сазовор.

Бугунги чуқур идрок этилган ҳақиқат шуни кўрсатадики, совет даврида ўзбек тили ҳам худди ўзбек зиёлиси каби турли жафоларни бошдан кечирди. Натижада, ўзбек тилининг иш кўриш соҳаси торайиб, қадимги луғат бойлиги унутилгани ҳеч кимга сир эмас. Аслида, бу тил туркий тилларнинг хоқони бўлгани тарихдан ҳаммага аён. Буни Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида яққол исботлаб берган. Бу ҳақиқатни англаган Маҳжурий домла “Ўзбек тили” қасидасида шундай ёзади:

“Мен Темур – Тангри қули”  деб битгач имзо ўрнига
Номасин Авропаларга йўллаган ўзбек тили.
Ёзганида Шоҳ Бобур номасин ўзбекчада,
Олам аҳли бош эгиб, олқишлаган ўзбек тили.

Шоир ўзбек тилига бўлган муҳаббатини фақат сўзда эмас, амалда ҳам кўрсатиб берди. Тилимизнинг грамматик хусусиятлари ўз аксини топган “Тил йўриғи” номли китоб ёзди. Муҳожиротда ўзбек тили қўлланмасига катта эҳтиёж бўлган бир вақтда вужудга келган бу китоб ўз вақтида катта аҳамият касб этган.

Фироқда ҳаёт кечираркан, бир лаҳза йўқ эдики, Ватан ҳижронида ўртанмаган бўлса. Интизорлик ва интиқлик қоғозга тўкилиб, шеърга айланди.

Яқинда Маҳжурийнинг ўқувчини фикрлашга, шукр қилишга ундовчи шеърлари бир муқова остига жамланиб, “Ўтган умр тушдек, онажон” тўплами чоп этилди. Китобдаги шеърларни араб ёзувидан Муқимжон Нурбоев лотин алифбосига ўгириб, нашрга тайёрлади.

Умидимиз шуки, тириклигида Ватан дийдори насиб бўлмаган шоирнинг ижоди ўқувчилар қалбидан жой олса, мутолаа сўнггида марҳум ватандошимиз ҳақига дуо айласа-ю, пок руҳи шод ўлса!

Азизуллаҳ АРАЛ,
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти

КЎРАЙ

Посбон, тўсма йўлимни, ошёнимни кўрай.
Тоғ-тошлардан ўтиб мен хонадонимни кўрай.

Ям-яшил саҳролари, дарёлари, гулзорлари
Кўзларимдан кетмаган ул бўстонимни кўрай.

Нотавон жисмимда имкон борича титраб бориб,
Боғларининг маъниси жаннатмаконимни кўрай.

Айрилиқ дардида эллик йилни ўтказдим бу кун,
Умрим охирлашти, эмди остонимни кўрай.

Чўлда қолғон бир қаландардак кезиб юрган эсам,
Ул мени девона қилган хонумонимни кўрай.
Бевафолар орасинда оҳ-зоримга қулоқ
Солғучи бўлса агар ул жонажонимни кўрай.

Бормудур инсонни қадр-у қиммати дастурида?
То яқинроққа бориб, бу истағонимни кўрай.

Нолишим таъсир қилса, аҳли маънига агар
Боғаро гул япроғидак яшнагонимни кўрай.

Чок-чок бўлган дилимга чорасизлик айлабон,
Васл ила пайванд қилган ҳозиқонимни кўрай.

Етса Маҳжурий ҳаёти интиҳосига у чоғ,
Жисмимни бағрига олган хокидонимни кўрай.

Тоиф. 1985

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855