19.07.2025 | 12:42
221
“ҚАБР”НИНГ 23 МИЛЛИОНЛИК ЖАБРИ
“Самарқанд шаҳрида илк маротаба, 7 ёшдан 70 ёшгача, ўткир сюжетли “Қабр” фильмига кинокастинг! Шошилинг, имкониятни қўлдан бой берманг! Манзил: Пастдарғом тумани маданият бўлими зали”.

Ушбу эълон катта-кичикни бирдек қизиқтириб, шошириб қўйди. Вилоятларда бунақа кастинг-пастинглар ҳадеганда бўлавермайди-да! Қолаверса, фильм режиссёри Аҳмад Қиёмшо пойтахтдан келган. Қўлида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Янгийўл шаҳар кенгаши ёш режиссёрлар тўгараги раҳбари, деган гувоҳномаси ҳам бор.
Ҳеч қанча вақт ўтмай, маданият бўлимининг эшиги ёпилмай қолди. Айниқса, фильмнинг кенг қамровлилиги, бир эмас беш нафар бош қаҳрамон ва катта-кичик ёшдаги ёрдамчи қаҳрамонлар образидан иборатлиги кўпчиликда танловдан ўтишга ишонч уйғотиб, орзуманд кўнгилларга шуҳрат алангасини солди.
Ҳар томолама муносиб номзод
– О, сиз бош қаҳрамонимга жуда ўхшайсиз. Сиздан мос вариант кўрмадим! – деди Аҳмад Қиёмшо ўзини Шаҳруз Имомов деб таништирган, баланд бўйли, 26 ёшли номзодни олқишлаган каби қарсак чалиб. – Фақат 1 минг 200 доллар тўлови бор. Кастинг талаби шундай: ҳар ким ўз роли учун кетадиган сарф-харажатни ўзи қоплайди. Бош қаҳрамон бўламан деганлар жуда кўп, харажатига ҳам тайёр, фақат уларнинг қиёфаси мос келмаяпти. Кинода машҳур актёрлар ҳам ўйнайди, танилиб кетасиз. Вақт қисқа, кечгача ўйлаб кўринг.
Йигит учун шарт содда кўринди, “шу билан “юлдуз” бўлиб кетсам-а”, деган ўйда керакли пулни келтириб берди. Режиссёр бу билан чекланмади, Шаҳрузга қуюқ ваъда бериб, съёмка учун ҳашаматли уй топишни ҳам юклаб юборди.
Бу ёқда Ботир Ғаффоров ҳам кечадан бери учиб юрибди. Ётса ҳам, турса ҳам хаёлида киноюлдузлик. Кимсан Ёдгор Саъдиев билан бирга роль ўйнармиш. Ролини биров илиб кетмаслиги учун 900 долларни тўлаб қўйди. Ҳадемай пойтахтга кетишади…
– Омадим чопди, иккинчи бош қаҳрамонга мендан кўра мос номзод топилмабди, онажон, – дея қайта-қайта волидасини қучарди у.
Ёш иқтидорларни излаб…
7-синф ўқувчиси Ҳалимжон актёр бўлишни орзу қилади. Мактабда ўтказиладиган турли тадбирлар усиз ўтмайди.
“Қабр”га иштирокчилар сараланаётганини эшитган куни ўзини қўярга жой тополмади. Дарс ниҳоясига етгач, амакиваччаси Анвар билан кастингга йўл олди.
– Аслида айнан сизга ўхшаш ёш талантларни кашф этиш учун келганман бу ерга, – деди уларни хурсанд кутиб олган режиссёр. – Қишлоқларда иқтидорлилар кўп, улар меҳнат ва мусаффо табиат билан уйғун улғайишгани учун ролларни табиий ижро этиш қобилиятига эга бўлишади. Сиз ана шундай ёшлардансиз, кўзингизда катта иқтидор учқунларини кўряпман, имконим бўлганида бепул қабул қилардим. Аммо бозор иқтисоди бунга йўл бермайди. Сизбоп икки ўрин қолган-у, тўлов масаласи бор-да…
– Ота-онам яқинда Россияда ишлаб келди, пуллари кўп, мен учун аямайдилар, – деди Ҳалимжон “мени танланг, илтимос”, дегандек ялинганнамо термилиб.
– Хўп, сени Ёдгор Саъдиевнинг набираси ролига оламан, фақат рўйхатга олишим учун дастлаб 300 минг сўм, кейин съёмка учун 150 доллар берасан, – деди Аҳмад.
Сўнг Анварга ўгирилди:
– Сен 50 доллар берсанг, буни ўртоғи ролида ўйнайсан.
Ҳалимжоннинг отаси ўғлининг раъйини қайтармади, фақат иш бошидаги кишини ўз кўзи билан кўриб, ишонч ҳосил қилиши кераклигини айтди. Таклифни эшитгач, Аҳмад Ҳалимжонга эргашиб уларникига келди. Отага гувоҳномасини кўрсатди, маълумотлар берди. Чиппа-чин ишонган ота унга 300 минг сўмни тутқазди. Шу куни Анвар ҳам айтилган маблағни келтириб берди.
Уч-тўрт кун ўтиб Аҳмад Ҳалимжонни чақириб, 150 долларни тўлашни тезлатишини, акс ҳолда ўрнига бошқа талабгорни олишини эслатди. Зум ўтмай бу талаб ҳам бажарилди…
8 КУНДА 23 МИЛЛИОН СЎМ
Хуллас “Қабр” кўпчиликни ўзига тортди. 8 кунлик кастингда 30 нафар ҳавасманд қатнашиб, улардан 13 нафари, тўғрироғи, “соққа” берганларнинг деярли барчаси танлаб олинди. Тўлов миқдори ҳам роллардаги мавқеларига кўра турлича бўлди. Жами 23 миллион 619 минг 814 сўм маблағ режиссёрга қўшқўллаб топширилди!
Ниҳоят, интиқиб кутилган кун келди. Жамоа Тошкент сари отланди. Йўл харажатлари ҳам “бўлғуси юлдуз” ҳисобидан қопланди. Пойтахти азимга келгач, бир ресторанда атиги 3-4 дақиқалик съёмка бўлди. Ёдгор Саъдиев кутилмаганда гастролга кетиб қолган экан, бошқа актёр билан суратга тушишди. Фильмнинг қолган саҳналари Самарқанднинг турли гўшалари – кўнгилочар жойларда, коллеж олдида, Ботир Ғаффоровнинг тоғасига тегишли ҳашаматли ҳовлида, Жума шаҳридаги бильярдхонада олинди…
Хориж учун 4 минг 800 доллар
Аҳмад Қиёмшо бақувват сармоядор, бош роль ижрочиси Шаҳруз Имомовга яна қўнғироқ қилиб, ёнига тез етиб келишини, зўр янгилик борлигини айтди.
– Ҳозиргина раҳбарият билан гаплашдим, фильмнинг давомини хорижда олинглар, деган топшириқ бўлди, тўртта давлатга кетамиз, – деди Аҳмад Шаҳрузни қучоқ очиб кутиб оларкан. – Шунга 4 минг 800 АҚШ доллари тўлашингиз керак бўляпти. Фақат сизни олиб кетамиз, қолган барча лавҳаларни олиб бўлдик. Тўлов индиндан кечикмаслиги керак. Кейинги ой учиб кетамиз.
Аҳмаднинг ёнидан “хўп бўлади” деб чиққан Шаҳрузни бу гал гумонлар чулғай бошлади: “Бир роль учун 6 000 доллар! Ўзи шу пайтгача қилинаётган ишлар ҳам ростга ўхшамаяпти, таниқли актёрларнинг қорасини кўрмадик”.
Бундай шубҳалар бошқа иштирокчиларнинг ҳам кўнглидан ўтаётган эди. Фарзандларидан съёмка жараёни ҳақида эшитган ота-оналар фирибгарнинг тузоғига тушганини англаган, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилиб ҳам улгурган эди.
Шаҳруз ҳам алданганини, фирибгарлик қурбони бўлганини сезди-ю, ҳолат юзасидан тегишли идорага арз қилди. Ўз навбатида зарур чоралар кўрилиб, Аҳмад Шаҳруздан пулни олаётган вақтда гувоҳлар иштирокида қўлга олинди.
Қандай жазо берилди?
Суд Аҳмад Қиёмшонинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандига кўра, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни такроран қўлга киритиш деб топилди. Унга айбига тўлиқ иқрорлиги ва пушаймонлиги, оилавий шароити, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ бартараф қилинганини ҳисобга олиб, ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоиз миқдорида давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Қонунбузар-ку, ўзига яраша “улуш”ини олди, тавбасига таяниб, кўзи очилган бўлса ажабмас. Лекин осон йўл билан ном қозониш, “пуч юлдузлик” штаммига чалинган жигарсўхталар-чи? Улар ҳам тайинли бир хулосага келишдимикан?
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
журналист
Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судида кўрилган жиноят иши материаллари асосида ёзилди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 11 июлдаги 28-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



