07.08.2025 | 09:07
197
ҚОЗИ –ТАРОЗИ. РАИЯТ УЛАРДАН РОЗИ ЭДИМИ?
Инсон пайдо бўлибдики, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва қабоҳат унга ҳамиша ҳамроҳлик қилиб келади. Аслида, ҳаёт аталмиш неъматнинг ўзи ушбу икки куч орасидаги курашдан иборат. Эртак қаҳрамонлари бошдан кечирадиган воқеалар ҳам айнан шу асосга қурилган.

Таълим-тарбия ва унга ҳамоҳанг иқтисод мўътадил замонларда яхшилик ғолиб келса, бидъат уфурган, тарбия издан чиққан тизим ва салтанатларда ёмонлик даври давронини суради.
Қозилик жамиятда тарози вазифасини бажариб, ёмонлик йўлига кирган бандаларни ундан қайтариш ва жазолаш воситаси сифатида пайдо бўлган. Табиийки, ҳеч бир банда ўз айбини осонликча бўйнига олмайди, қорани оқ, оқни қора, деб оёқ тираб турадиганлар ҳамма даврларда топилади.
Шу сабабдан, тақдирига қозилик қилиш ёзилган бандалар ҳамиша надомат тўфони остида қолганлар ва қоладилар. Эсланг, атиги бир аср илгари муомалада бўлган касб билан боғлиқ атамага ким, қачондир, нима мақсадни кўзлаб тилга олишга уяладиган “Онангни қози зўрласа…” маталини тўқиган? Билмаймиз. Билганимиз шуки, буюк жадид адибимиз Абдулла Қодирий “…мавзуни тарихимизнинг кир ва қора кунларидан танладим”, деган иштибоҳ билан бошлаган бир-биридан гўзал эгизак романларидаги салбий қаҳрамонлари орасида амалдорлар, дин вакиллари, сарой мулозимлари, савдогар аҳли озми-кўпми учрагани ҳолда салбий қози образи негадир йўқ. “Муштум” журналида чоп қилинган кўпдан-кўп танқидий мақолалари, фельетонларида ҳам қозилар бир четда қолгандек.
Нега шундай? Ўша “кир ва қора замонларда” фаолият юритган қозилар шу қадар адолатли эдиларми?
Архив ҳужжатларига мурожаат қиламиз:
“…1275 йил жумадил-аввал ойининг 11, 12сида Искандарбой мачитига қарашлик Тангиберди ўғли Паҳлавон Ниёз – буғдойранг, қўй кўз, эгар қош, соқоли оқ, ўрта бўйли – қонунга биноан қуйидагиларга рози бўлди:
“Менки, Паҳлавон Ниёз Искандарбой ўғли Абдулла мутаваллига бутун ҳуқуқ ва имтиёзлар билан ўзимнинг икки таноб еримни оғирлиги бир мисқол бўлган беш қизил тиллога сотдим. Ернинг кунчиқар томони ариқ, кун юриш томони Болтаниёз шайх ери, тунёқ томони Муҳаммадниёз ери, кун ботиш томони катта йўл. Мазкур Абдулла бу ерни ижарага қўйиб, йилига бир тиллодан олишни шарт қилди. Бу васиқа Мулла Муҳаммад Юсуф Отажон хўжа ва бошқаларнинг гувоҳлиги билан тузилди”.
1858 йилда тузилган ушбу васиқага қози муҳри, гувоҳлар имзолари (айримлари бармоқ босишган) қўйилган.
Хива хонлиги архивида бу каби юзлаб васиқалар сақланмоқда.
Бир варақлик ҳуқуқий ҳужжат-васиқадаги ерини сотаётган одамнинг юз қиёфаси тасвирига қойил қолмай иложимиз йўқ. Ҳали фотография аталмиш нимарса пайдо бўлмаган замонларда қозиларга мурожаат қилувчилар, турлик можароларига ечим излаганларнинг афти-ангорини аслидагидек акс эттириш осон бўлмаган. Бунинг учун қозида рассом нигоҳи бўлиши шарт!
Демакки, қозилар нафақат диний, дунёвий билими, балки инсон ички ва ташқи дунёсини англовчи салоҳиятга эга кишилардан тайинланиши талаб қилинган. Қози бир вақтнинг ўзида исломий ҳуқуқ ҳамда дунёвий билимларни тўла эгаллаган бўлиши шарт қилинганки, бу унинг фаолиятида хатогарчилик, сохтакорликка йўл қўймаслигига кафолат ҳисобланган. Мадраса сабоғини тугатган толиблар хоннинг шахсан ўзи, вазирлари, уламолар иштирокида имтиҳондан ўтишган ва улар орасидан Қуръони Каримни, саҳиҳ ҳадисларни йод билганларига охунд даражаси берилган. Қозилар айнан охундлар орасидан танланган.
Мазҳабимиз бошловчиси Имоми Аъзам нега қози бўлишга розилик бермади ва бу рад жавоби учун олтмиш дарра билан жазоланди? Имоми Аъзам қозилик нафақат мартаба, балки масъулият экани, бирор можаро ёки жиноят ишини кўришда беихтиёр хатоликка йўл қўйса, охиратда жавоби оғир бўлишини англаган.
Қозилар жиноий ишларни кўрганларида ўлим ҳукмидан бошқа ҳар қандай жазо бериш ваколатига эга бўлишган. Қози томонидан аниқланган оғир жинояти учун ўлим жазосига лойиқ деб топилган шахсни хон ёки амир шахсан суд қилиб, сўнг олий жазо берган. Бу тартиб қозиларнинг ҳуқуқларини бир қадар чеклагандек таассурот уйғотади. Аслида эса бу тартиб суд тизимининг ғоятда мукаммал ва адолатли бўлганидан дарак беради. Инсон тақдирини бир шахс – қози мустақил ҳал қила олмайди. Бу жараёнда янада юқорироқ маҳкама – сарой охирги сўзини айтиши керак (Ҳозирда амалда бўлган қонунчиликда ҳам айни шу қадим суд тизими анъанасини кўрамиз. Биринчи суд босқичи чиқарган ҳар қандай ҳукм устидан айбланувчи юқори инстантсияга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Апеллатсия, кассация босқичларидан ўтган ҳукм қонуний кучга киради).
Аммо совет даврида чоп қилинган айрим китобларда гўё “Бағдоднинг бош қозиси вафот этгач, ўрнига қози тайинланиши учун эълон берилгани, бунда бир кун ишлагач, эртасига боши танасидан жудо қилиниши шартлиги белгиланган бўлишига қарамасдан қози бўлиш учун қатор навбатда туришган” қабилидаги ривоят қайдан пайдо бўлган?
Ёки совет замонларида яратилган айрим киноларда ҳам қозиларнинг салбий образларига кўплаб дуч келамиз. Яна денг, бу образлар бачкана тарзда тасвирланади.
…Чор Русияси 1865 йилда ташкил қилинган генерал-губернаторликка Туркистонни бошқариш тўғрисида вақтинчалик низом ишлаб чиққан. Икки йилдан сўнг бу низом қайта тўлдирилган. Унга кўра “маъмурий ва ҳарбий ҳокимият бир-биридан ажратилмасдан бир кишининг қўлида бўлиши шарт” дея белгиланган. Туркистон генерал-губернаторлигига гўё мустақил субект даражасида ҳуқуқлар берилган: қўшни давлатлар билан алоқани мустақил ҳал қилиш, аҳолига солинадиган солиқлар миқдорини белгилаш, чор Русияси фуқаролигига қабул қилиш, маҳаллий аҳоли устидан чиқариладиган ўлим ҳукмларини тасдиқлаш” ва бошқа ҳуқуқлар.
Ушбу низомда бир-бирига қарама-қарши ҳолатларга ҳам дуч келамиз, яъни Туркистон генерал-губернаторлиги ўз қўл остида бўлган ҳудудлар ҳамда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида яшаётган фуқароларга Россия фуқаролигини берарди. Бундан кўринадики, бир қарашда мустамлака бўлган Туркистон аҳли бор бўйича чоризм давлати фуқаролари эмас. Унда улар кимлар? Вақтинча босиб олинганларми? Ундай десак, уларни ўлимга ҳукм қилиш учун генерал-губернаторликка нега ҳуқуқ берилган? Ўз фуқароси бўлмаган кишиларга ўлим жазоси бериш ўша вақтда мавжуд халқаро қонунларга тўғри келармиди? Йўқ, албатта!
1873 йилда (Хива хонлиги ҳам тўла истило қилингач) Кауфман таклиф қилган янги лойиҳада “маъмурий ҳуқуқларни кучайтириш” бандлари пайдо бўлди.
1886-йилги низомда суд тузилиши тўғрисида асосий қоидалар белгиланди ва бу билан қозиларнинг ҳуқуқлари бир қадар чекланди.
Чор Русияси Туркистонни босиб олгач, бир қатор маъмурий ўзгаришларни амалга оширади. Аммо юз йиллардан озиқланган шариатча суд тизими – қозиликни йўқ қила олмайди. Фақат унинг номини “халқ суди” деб ўзгартиради. Бу ўша қадимги суд бўлиб, ўтроқ аҳоли орасида қозилик, кўчманчи қавмларда эса бийлар кўринишида сақланиб қолади. Қозилар ва бийлар волость вакиллари ўтказган қурултойларда уч йил муддатга сайланишган ва номзодларни губернатор шахсан тасдиқлаган. Бийлар одатга, қозилар шариатга асосланиб ҳукм чиқаришлари тартиби сақланиб қолаверган.
Архив ҳужжатларида келтирилишича, 1899 йил Тошкентнинг Себзор даҳаси қозилигига Муҳиддинхўжа исмли инсон кўпчилик овоз билан сайланган. Вакиллардан 62 нафари унинг номзодини қўллаган, фақат 12 вакил қарши овоз берган. Низомга кўра, вакиллар сайлаган қозини вилоят генерал-губернатори тасдиқлаши керак эди, аммо Муҳиддинхўжа номзодини генерал-губернатор тасдиқламайди. Сабаби, Муҳиддинхўжа эркин фикрли киши сифатида “қора рўйхат”га тушиб улгурганди. Жадидлар отаси Исмоил Ғаспрали Тошкентга келганида уни уйига таклиф қилган, иззат-ҳурмат билан елкасига шарқона тўн ёпганди…
Бу бир-икки мисол орқали ўша замонларда барча қозилар адолат билан иш юритган деган даъводан йироқмиз. Уларнинг орасида нафсига эрк берган, таниш-билишчилик қилган, ришва эвазига тарози посангисини ноҳақ томонга босганлари ҳам бўлган, албатта.
1952 йил чоп қилинган “Ўзбекистон ССР тарихи” кўп томли китобнинг иккинчи бобида Туркистондаги суд тизими ҳақида фақат салбий фикрлар берилган. Ўқиймиз: “…Қози ва бийликка, одатда маҳаллий судхўр бойлар турли ҳийла ва найранглар ишлатиш ва поралар бериш йўли билан сайланар эдилар. Одатга кўра, даъвогар ва жавобгар тўлайдиган ҳақ ҳисобига қози ва бийлар талай даромад олар эдилар. Мирзалар (қози ёрдамчилари) кўрилган ҳар бир иш юзасидан 10-12 тийиндан, ясовуллар жавобгардан 25 тийиндан олганлар. Ясовуллар кўпинча жавобгарлардан пора олганлар ва “жавобгар топилмади”, деб баҳона кўрсатганлар.
Қози ва бийлар “ривоятлар” асосида ҳукм чиқарар эдилар; бундай “ривоятлар”ни даъвогар ва жавобгар учун муфтийлар ёки вакиллар тайёрлаб берар эдилар. Ривоятларни кўриб чиқишда аъламлар қатнашарди.
Шундай қилиб, Туркистоннинг халқ судлари деб аталган судлари – қози ва бийлар сотқинлик ва порахўрлик билан шуғулландилар, эксплуататорларнинг манфаатларини ҳимоя қилдилар ҳамда қолоқ феодаллик муносабатларини сақлаб келдилар”.
Ушбу тарихёзарманлар айтмиш иддаолари исботи учун бирорта факт ёки ҳолатни кўрсатишмаган – қуруқ туҳматона фикрлари билан чекланишган. Наҳотки, улар қозилар ҳукм чиқаришда фойдаланадиган Қуръони Карим оятлари, саҳиҳ ҳадислар, ислом ҳуқуқи асослари белгилаб берилган “Ҳидоя” асаридан бехабар бўлишса?
Қозилар ёрдамчилари оладиган 10-12 тийинни пеш қилар эканлар, ҳеч бўлмаганда чор Русияси тайинлаган “халқ судлари ҳар ойда фалон рубль маош олишарди”, деб қистириб кетишганида давлат тўлайдиган маошга қаноат ҳосил қилмай яна пора олишганига ишонишимиз мумкин эди. Аслида, қозиларга давлат ҳеч қандай маош тўламаган, улар ўзлари кўрган иш учун белгиланган иш ҳақи – ҳар бир ишдан 10-12 тийин олиш орқали рўзғорларини юритишган. Ва яна халқаро ҳуқуқ меъёрларига таққосласак, мирзалар оладиган тийинлар бугунги кунда амалда бўлган давлат божи тўлови ҳисобланади.
Ушбу асарни ёзган тарихчилар қозилар устидан кулиш учун дала четида, ерга кўрпача тўшаганча иш кўраётган қозилар суратини илова қилиб, унга “Тошкент уездида қозилар суди” деб ном тақашган.
Юз йилларки, амалда бўлган “қозихона” қайга кетди? Маълумки, ҳар бир қозининг фуқаролар арзларини тинглайдиган махсус қурилган қозихонаси бўлган.
Туҳмат ҳам эви билан-да!
Советлар ҳокимиятни қўлга олгач, қозилик тизимини тугатиб, европача андозадаги суд тизимини яратишга киришадилар. “Ишчи-деҳқон ҳокимияти” аталган тузумда илк судьялик курсисига ҳуқуқ илмидан бехабар, “совет тузуми учун фаол курашган” ишчи-деҳқонлар ўтиришган. Ва оқибати узоқ куттирмаган.
Боғот тумани мисолида айтадиган бўлсак, 1930 йилда янги тузилган туманга Шукур исмли аёл судьялик лавозимига қўйилади. Бор-йўғи тўртинчи синфни бир амаллаб тугатган бу аёл икки йилдан сўнг “ишда йўл қўйган хатолари учун” вазифасидан бўшатилади ва қатағондан қўрқиб, дарё ортига қочиб кетади. Шукур сўт лақабли момо ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида вафот этди. Момодан ўзи ишлаган даврлар ҳақида сўраганимда “Бизларга тепадан кўрсатма юбориларди: неча оти, сигири бор оилаларни “қулоқ” қилиш, бир вақтлари босмачилар сафида қатнашганларни неча йилга кесиш кераклиги ёзиб қўйиларди. Шу кўрсатмадан чиқа олмасдик”, деганди.
Шукур момодан сўнг туман судьяси вазифасига бизнинг қишлоқлик фаол колхозчи Қурбонниёзов “сайланган”, аслида тайинланган.
Қурбонниёзов қандай судья бўлганлигини у киши ҳақида ҳали-ҳамон одамлар хотирасида яшаб келаётган латифанамо воқеалар кўрсатади. Мана ўша воқеалардан бири:
Эшагини ўғирлатган бир банда мелисаларга мурожаат қилади. Мелиса ходимлари эшак ўғрисини топиб, тергов қилиб ишни судга оширади. Аммо, эшак топилмайди – ўғри уни сотиб юборган бўлади.
Қурбонниёзов очиқ ўтган суд мажлисида ўғрини беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилади ва уни суд залидан олиб чиқишни буюради. Эшагини ўғирлатган содда деҳқон судьяга қарата: “Мен эшагимни ўғирлатиб… энди қуруқ қолавераманми?” деб илтижо билан мурожаат қилганида Қурбонниёзов “Бор, сенга ҳам уч йил!” деб уни ҳам қаматиб юборган.
…Бизнинг Қулон Қорабоғ қишлоғимизда “Қози овул” аталган элат бор. Қариялар атама келиб чиқишига хонлик даврида шу ерлик бир киши қози бўлгани сабаблигини айтишади. Эътиборлиси, совет замонида қишлоғимиздан илк олий маълумот олган инсон айнан шу элатдан – қозилар авлодидан эди. Ҳа, қозилар орасида илмталаб, маърифатпарвар миллатдошларимиз ҳам кўп бўлган. Фақат мафкурага бўйсундирилган чўпчакларга кўпам ишонавериш керак эмас.
Рўзимбой ҲАСАН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



