Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


28.07.2025 | 17:10

img445

“АНОЙИНИНГ ЖАЙДАРИ ОЛМАСИ” ҚАРДОШЛАР САҲНАСИДА

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида йигирма икки йилдан буён ўзбек драма театри фаолият кўрсатиб келади. Бу ажойиб театр ҳақида анчадан бери билиб-эшитиб юрган бўлсам-да, у ерга бориш, спектаклларини томоша қилиш шу чоққача насиб қилмаган эди. Яқинда шу ниятим амалга ошди.

Чимкентдаги ўзбек драма театри саҳнасида устоз адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам қаламига мансуб “Анойининг жайдари олмаси” ҳикояси асосида спектакль премьераси бўлиб ўтди. Таниқли режиссёр Сайфиддин Мелиев томонидан саҳналаштирилган ушбу спектаклга Ўзбекистон номидан муаллиф бошлиқ бир гуруҳ зиёлилар таклиф этилиб,  томоша қилиш ва фикр билдириш имкони туғилди.

Кўпчилик қатори мени ҳам, аввало, бир савол қизиқтирди: “Нега айнан “Анойи?” Ахир саҳналаштираман дейилса, Эркин Аъзам сўзича “харидорини кутиб турган пьесалари бор”.

Киномуҳиблар яхши эсласа керак, асрнинг 90 йиллари режиссёр Фарҳод Ҳайдаров “Анойининг жайдари олмаси” асосида “Чантриморе” номли фильм суратга олган. Ўшанда, айниқса, бош қаҳрамон – Рамазон образини ижро этган Муҳаммаджон Холматов ижроси кўпчиликка маъқул келган, актёр дўлворгина, содда, самимий ва чапани ўзбек йигити қиёфасини гавдалантирган эди. Мана, орадан йиллар ўтиб, ҳикоя энди театр саҳнасида!

Режиссёр Сайфиддин Мелиев спектакль жанрини “этно-фольклор томоша” деб белгилайди. Халқона куй-қўшиқ, сурхонча либослар, ранг-баранг декорациялар шундан. Саҳнада ёғочдан ясалган шартли маконни кўрамиз: юқорига тарнов ўрнатилган, шилдираб сув оқади. Ўртада ҳовуз: икки нафар болакай бир-бирига сув сепиб чўмилади. Бу орқали улар қишлоқ муҳитини, икки дўст (Рамазон ва йигит)нинг болалик хотираларини жонлантиради. 

Спектаклда йигит ролини ижро этган актёр Улуғбек Носиров бир вақтнинг ўзида воқеалар шарҳловчиси, ҳам асосий қаҳрамонлардан бирига айланган. Асар унинг тилидан ҳикоя қилинади. У қаҳрамонларнинг ҳолати, кечинмаларига муносабат билдирар экан, бу ҳол томошабиннинг воқеаларни теран англашига йўл очади.

Рамазон образи ижрочиси Жавлон Сайитов гоҳда комик, гоҳда психологик бўёқлар билан қаҳрамони характерини очиб беради. Қотмадан келган, миқти йигит томоша давомида яхшигина руҳий ва жисмоний қувват сарфлайди. 

Актёр боши ва эгнида бойсунча дўппи-ю чопон, қўлида “эгасидек бетайин – қулфланса очилмайдиган, очилса қулфланмайдиган антиқа чамадон”, томоша залидан “Чантриморе-э!” дея ҳайқирганча кириб келароқ ҳамманинг эътиборини жалб қилади. У бирор саҳнада ҳаракатсиз қолмайди. Айниқса, қаҳрамон характеридаги ўзгариш, кескин бурилишларни моҳирона талқин этади. Дейлик, мана бу саҳна: “Олма можароси”дан сўнг қамоққа олинган Рамазон жазо муддатини ўтаб озодликка чиққач, бошқа одамга айланади – замонавий кийинган, қўлда сигарет, қиёфа жиддий. Тақдирнинг кутилмаган ўйинлари уни анча ўзгартиргани, қарашлари, нигоҳларини сергак торттиргани сезилади. Аммо ўша-ўша жайдарилик, ўша-ўша анойи фалсафа: “Дунёни панжарадан ҳам бир кўриб қўйдим-да, зиён қилмас…”

Маълумки, адабиёт ва театрнинг ифода воситаси, тутумлари бўлак. Адабиёт – сўз санъати, воқеаларни сўз ила тасвирлайди, ҳикоя қилади. Театр эса шартли ҳодиса, яъни саҳнада ҳамма нарсани борича кўрсатиш, талқин қилиш иложсиз. Зеро, китобдан фарқли, саҳнада сюжетни бошдан оёқ ҳикоя қилиб бериш имконсиз. Ҳолбуки, спектаклни фақат сўзга қурсангиз, томошабин мудрай бошлайди, зерикади. Режиссёримиз буни яхши билади, шу боис ҳикоя асосида алоҳида томоша яратади.

Айтайлик, Тошкентга келган Рамазон дўстига Бойсун ҳангомаларини радиоэшиттириш ўлароқ сўзлаб берадиган ғоят самимий лавҳа бор. Рамазон қўлидаги газламадан микрофон ясайди-да, латифаларга ўтади. Эскилик сарқити сифатида носдан воз кечиб, замонавийликка интилиб сигаретга ўтган Ашур кал; ўзининг кўкнор кайфида кампири билан ғижиллашиб, қизининг чорбоғига кўчиб кетган бобоси; милисадан муллага айланган, бир куни худойига кетаётиб бошида салла, қўлида асо, милисахона олдидан ўтганда чест бериб юборган Эсонбердиев билан боғлиқ ҳангомаларга гувоҳ бўласиз, яйраб куласиз. Актёрлар мазкур персонажларни юмористик кайфиятда гавдалантиради, шу тахлит “театр ичида театр” услуби пайдо бўлади.

Ёки ҳикоядаги Шоди гаранг кечмишига ҳам саҳнавий тус берилади: “хотини бор, ҳовли-жойи бор, каттакон олмазор боғи бор – фарзанди йўқ” Шоди (Одилжон Тўғанбоев ижросида) бўш бешикни елкасига ортмоқлаганча саҳнага чиқиб келади. Сўнг бефарзандлик доғидан азият чекиб, фольклор оҳангларида қўшиқ куйлайди. Бешик фарзандга зорлигидан ҳасрат чекади.

Аввал таъкидлаганимиздек, спектакль – этно-фольклор томоша. Айни жанр режиссёрга анча эркинлик берган. Куй-қўшиқлар бобида ҳам бу яққол кўринади. Айниқса, финал саҳнасида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеъри билан куйланувчи тарона том маънода саҳна асарининг бадиий-ғоявий аҳамиятини очиб берувчи лейтмотивга айланган:

Олма отдим отганга,
Дийдаси тош қотганга.
Дунё бўлсин қоронғу
Ўз дўстини сотганга…

Қўшиқни тинглай туриб, чин дўст қадрига етмаган, ёнгинасидаги жўмард инсонни бой берган аламдийда қалбнинг юрак ўртанишлари, тазаррулари кўз ўнгимиздан ўтади. Ушбу қўшиқ спектаклнинг мантиқий ечими ҳам бўлиб, муаллиф ва режиссёр ғоясининг юзага чиқишига хизмат қилади.

Умидимиз шуки, ҳали Чимкент саҳнасида ўзбек адабиётининг мана шундай кўп яхши асарлари ўйналади, бу маскан узоқ йиллар давомида қардош халқлар маданиятининг муштарак тимсоли ўлароқ яшайди, ижод қилади

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ,
санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори

“Жадид” газетасининг 2025 йил 25 июлдаги 30-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859