12.04.2024 | 15:09
666
ТURKISTON BOLALARI

Жадидлик ҳаракати, ўша давр воқеалари ҳақида саҳна асарлари деярли ёзилмаганини назарда тутсак, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли ижодкор Гўзалой Матёқубованинг ушбу мавзуга қўл ургани эътиборга лойиқ. Муаллиф “Туркистон болалари” номли саҳна асарини Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романи ҳамда Баҳром Ирзаевнинг “Ўзбек ёшлари ва хорижий таълим” китобидан фойдаланган ҳолда яратган. Песада Туркистонни озод, мустақил кўришни орзу қилган, шу йўлда курашган, жадид боболаримиз кўмагида Германияда ўқиб қайтган талабаларнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Ёшлари, танлаган касблари турлича бўлган бу талабаларни битта мақсад – Туркистонни юксалтириш мақсади бирлаштирган. Бу мақсад йўлида улар бор куч-ғайратларини сарфлайдилар, ҳатто жонларини фидо этадилар. Афсуски, уларнинг орзу-интилишлари, меҳнатлари увол кетади. Юртга қайтиб, эзгулик йўлида иш бошлаган ёшларнинг бошига жадидларнинг куни тушади, совет ҳукуматининг қонли сиёсати уларни ўз домига тортади. Яқинда Ўзбекистон драма театрида Г.Матёқубованинг “Туркистон болалари” номли икки пардали драмасини ёш режиссёр Расулжон Тоғайқулов устоз санъаткор Олимжон Салимов бадиий раҳбарлигида саҳналаштирган спектакл премераси бўлиб ўтди. Саҳналаштирувчи рассом Сергей Чуфарнов, либослар рассоми Райҳон Йўлдошева.
Юртимизнинг таниқли фан ва санъат намояндалари ҳамда ёш ижодкорларнинг мазкур спектакл ҳақидаги таассуротлари билан танишасиз.
Баҳром ИРЗАЕВ, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
– “Туркистон болалари” спектаклида бир гуруҳ ёшларнинг Туркистон тараққиётига ҳисса қўшиш ниятида олис Германияга йўл олиши, таълим олиш жараёнидаги ҳаёти, Ватанига қайтгач, ўз соҳаларида амалга оширган улкан ишлари ҳамда собиқ совет ҳукумати томонидан қатағонга дучор этилиши ўзига хос тарзда очиб берилган. Спектаклда ўтган асрдаги Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ўткир муаммолари юртни озод ва обод кўришни орзу қилган Файзулла Хўжаев, Фитрат ва Чўлпон суҳбати жараёнида тушунтирилган. Илм-фан ва Ватан тараққиёти йўлида ҳаётларини бахшида этишга тайёр ёшлар, уларнинг ота-оналари, ҳукумат вакиллари ва жадид муаллимларининг Германияда ўқиш таклифини хурсандчилик билан қарши олиши ва уларни тантанали кузатиш жараёни томошабинни тўлқинлантиради. Уларнинг Берлиндаги ҳаёти, орзу-интилишлари ва илм йўлидаги саъй-ҳаракатлари Абдуваҳҳоб Муродий, Саттор Жаббор, Аҳмад Шукрий, Хайринисо Мажидхонова, Султон Матқул, Марям Султонмуродова, Афзал Абдусаидлар тимсолида ишонарли кўрсатиб берилган ва бу томошабинни бефарқ қолдирмайди. Туркистондан профессор Меерсоннинг боришини асарнинг кулминацияси десак, Жавлон Жовлиев “Қўрқма” романида уни ашаддий шовинист ва табиатан ўта хунук қилиб тасвирласа, Гўзалой Матёқубова Туркистоннинг ва талабаларнинг “дўсти” сифатида таништиради. Воқеалар, кечинмалар Аҳмад Шукрий (Бекзод Зокиров), Султон Матқул (Нодир Бекмуродов), Хайринисо Мажидхонова (Сабина Муродова), Марям Султонмуродова (Ҳусниябону Тўрамуротова) образлари орқали таъсирчан гавдалантирилган. Кузатишимча, атрофимдаги ёшлар ҳам, кексалар ҳам бу қаҳрамонларга қўшилиб кулди, ғазабланди, куйлади, йиғлади. Шу ўринда Гўзалойнинг яна бир ютуғи Берлиндаги талабаларнинг “Кўмак” журналида чоп этилган шеърларини, мақолаларини ўзларига ўқитганидир. Михалков ва Афзал Абдусаид тўқнашуви ҳам жуда таъсирли чиққан. Асарда икки образ – Хайринисо ва Марям бириктирувчи вазифани ўтаган. Аммо улар, ҳақиқатан ҳам, Германияда, Ж.Жовлиев таъбири билан айтганда, ўша “етмишвойлар”нинг икки кўзи эди. Ҳалиям уларнинг Париж сафари, Венадаги ҳаётлари ёритилмаган. Умуман, спектакл режиссёри Расулжон Тоғайқулов, саҳна асарига бадиий раҳбарлик қилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Салимовга ҳам бу гўзал асар учун миннатдорлик билдирамиз.
Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Спектаклда бугунги жамиятимиз, ёшлар камолоти учун жуда зарур ғоялар илгари сурилган. Ўтган асрнинг 20-йилларида жадид маърифатпарварларининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан олмон диёрида таҳсил олган ва Туркистонга қайтгач, фожиали тарзда қатл этилган миллат ёшларининг жасорати бугун ҳар бир инсонни ҳаяжонга солиши, Ватанга бўлган муҳаббатини ошириши табиий. Шу маънода Ўзбекистон давлат драма театри жамоасини айни мавзуга мурожаат қилгани билан қутласак арзийди.
Драма муаллифи Гўзалой Матёқубова Туркистон ёшлари қисматини мураккаб, драматик лавҳаларда тасвирлайди. Хусусан, талабаларнинг Германия сафари олдидан Ватан ҳаққига қасам ичиши, рус мулозими Меерсон билан суҳбати, ҳибсдаги оташин сўзлари томошабинни мутаассир қилади.
Эътиборлиси, спектаклдаги барча қаҳрамонларни, асосан, ёш актёрлар ижро этган. Улар саҳнада бир-бирини тушуниб, яхлит ансамблга айланишади, муаллиф ва режиссёр ғоясини ифодалашга ҳаракат қилишади. Жумладан, Беҳзод Зокиржонов ижросидаги Аҳмад Шукрий, Нодир Муҳаммаджонов ижросидаги Саттор Жаббор, Ҳусниябону Тўрамуратова талқинидаги Марям Султонмуродова, Сабина Муротова гавдалантирган Хайринисо Мажидхова образларида эътиборга молик ютуқлар мавжуд. Айниқса, матонатли ўзбек қизи Хайринисо образи спектаклнинг етакчи қаҳрамонига айлантирилганини қайд этиш лозим. Хайринисо – миллат хотин-қизларининг чинакам тимсоли, фидойилиги, жасорати, илм-у маърифати билан минглаб тенгдошларига ўрнак бўлган, Ватан тараққиёти, ҳурлиги учун ширин жонини нисор айлаган қаҳрамон аёл. Унинг қамоқхонада рус зобити билан учрашуви спектаклнинг энг таъсирчан саҳналаридан бири бўлиб, заифа бўлсада, қаддини тик тутиб, душманнинг юзига боқиши, бетига тупуриши ва якунда даҳшатли калтакларига туриб беришини кўриб, ўзбек қизининг жасурлиги, темир иродасига таҳсин ўқийсиз.
Шу ўринда ижро ва талқин масаласидаги айрим мулоҳазаларимизни айтиб ўтсак. Спектаклдаги диалоглар ҳар қанча таъсирчан ва ҳароратли бўлмасин, актёрларнинг ҳали ёш экани, муайян ўринларда тажрибага муҳтожлиги сезилиб қолган. Актёрлар матнни пухта ўзлаштирган, бироқ ўша матн ортидаги дард, изтироб, алам-у қайғу, фожиалар етарлича ҳис қилинмаган, аксар саҳналарда овоз-у эҳтиросга зўр берилади, ортиқча пафос, ҳиссиёт устуворлик қилади. Ваҳоланки, кечинмаларни сукутлар ила, жим туриб ҳам етказиш мумкин. Шунингдек, жадидлар – Чўлпон (Пўлат Норматов), Файзулла Хўжаев (Сирожиддин Сатторов), Фитрат (Нодир Мирзааҳмедов) образларини тажрибали актёрлар ижро этган бўлса-да, уларнинг спектаклдаги ўрни деярли сезилмайди. Жадидлар Туркистон ёшлари тақдирида ҳал қилувчи ўрин тутганини инобатга олсак, уларнинг драма ва спектаклдаги аҳамиятини ошириш даркор. Бу вазифани амалга ошириш учун ёш режиссёр Расулжон Тоғайқулов актёрлар билан изланишларини давом эттириши лозим.
Саҳналаштирувчи рассом Сергей Чуфарнов давр манзараси ва муҳитини саҳна декорацияларида очиб беради. Спектаклда саҳнада кечаётган воқелик билан параллел тарзда орқа фондаги видеотасвир орқали ХХ аср бошида Туркистондаги ҳаёт, жадид зиёлиларининг қиёфалари кўрсатилади. Назаримизда, бундай ёндашув шартли санъат бўлмиш театрнинг табиатига мувофиқ эмас, саҳнада барча воқеаларни жонли кўрсатган маъқул. Шу каби камчиликларни истисно этганда, “Туркистон болалари” спектаклидан кўзланган мақсадга эришилган деса бўлади. Энг муҳими, бу саҳна асари ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат, миллатга дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилади.
Маъмур УМАРОВ, фалсафа фанлари доктори:
– Ёш драматург Гўзалой Матёқубованинг “Туркистон болалари” номли драмаси асосидаги спектаклнинг бош қаҳрамонлари чет элларда ўқиб келиб, юрт ривожига ҳисса қўшишни ният қилган ёшлар. Саҳнада улар билан бирга Ф.Хўжаев, Фитрат, Чўлпон қиёфалари ҳам намоён бўлади.
Туркистон ёшлари 70 дан ортиқ эди. Драматург саҳна талабларини инобатга олиб, бу ёшлар номидан тўрт йигит ва тўрт қизни асарга бош қаҳрамон қилиб олган. Ёш режиссёр драматург билан ҳамкорликда спектакл композициясини воқеаларнинг мантиқий ривожи асосига қуради. Натижада бошланиш, тугун, ривож, пафос ва ечимдан иборат композицияга эга бўлган томоша юзага келади. Ушбу томошанинг асосий ғояси ёшларни билимли бўлишга ва ўз юртининг равнақи учун ҳисса қўшишга даъват қилишдан иборат.
Tеатрнинг бош режиссёри О.Салимов мазкур спектакл учун институтни энди битирган ёшлар танлаб олинганини, улар театр жамоаси билан биргаликда тажриба орттираётганини алоҳида таъкидлади. Мазкур спектакл премераси кутилганидан зиёд натижа кўрсатгани ёшлар устозларининг ишончини оқлаганидан далолат берди. Чунки томоша сўнггида зал оёққа қалқди, мухлисларнинг гулдурос қарсакларидан ларзага келди. Ҳаммамиз учун янги ва яхши спектакл муборак бўлсин.
Суҳбатни Гулчеҳра УМАРОВА ёзиб олди.
2024 йил 26 январь 5-сон
ÖZBEK-QOZOQ MADANIY HAMKORLIGI MUSTAHKAMLANMOQDA
Özbek va qozoq xalqlari tili, dini va madaniyati bilan bir-biriga çambarças boğlangan ellardir. Ajdodlarimiz ming yillar davomida yonma-yon yaşab, hayotning quvonç va taşvişlarini, yaxşi-yomon kunlarni birgalikda boşdan keçirib, taqdirdoş bölib kelişgan. Bu qardoşlik keyingi yillarda, ayniqsa, mustahkamlanib, yangiça mazmun va ruh bilan boyib bormoqda. Bu borada Özbekiston Respublikasi Prezidenti Şavkat Mirziyoyev hamda Qozoğiston Respublikasi Prezidenti […]
16.11.2026 | 14:34
87
“BIR ÇORAK ET”
Yaqin-yaqinlargaça xalq tilida, badiiy adabiyotda “Tört qadoq göşt”, “bir çirpit asal”, “ön tanob yer” kabi jumlalar işlatib kelinardi. Hozir esa bular nimani anglatişini deyarli unutib yubordik. Qirq yilça burun “bir aşmuşka çoy”, “tört yumaloq çoy” kabi sözlar savdoda, turmuşda köp işlatilardi. “Aşmuşka” deb eng kiçik çoy qadoği – ellik grammlik, özi kub şaklida bölsa ham, […]
12.11.2026 | 14:31
601
NON VA OŞ ŞAHRI
Yaqinda xorijlik oşnalarni kutib oldim. Uçoq tungi soat uçda qöndi. Ertalab sakkizda “Afrosiyob”da Buxoroga ketişlari kerak. Ölguday çarçaşgan, ramaqijon ahvolda. Özbekona taomilga köra, qönoqlar öziga kelsin deb palovxona sari boşladim. Uç xil oş çaqirdim. Non-çoy, aççiq-çuçuk degandek… Qiziği keyin boşlandi. Mehmonlar piyolaning çetiga ikki marta lab tekkizib, ajablanişdi: – I-ya, qardoş, çoyga şakar solinganmi?– Ha-da! […]
12.11.2026 | 09:27
600



