Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


15.10.2025 | 09:30

img222

АСЛ ШАРАФ

Бармоқ чизиқлари мутлақо мос келадиган икки одам бўлмаганидек, ҳаёт йўли буткул ўхшаш одамларни ҳам топиш мушкул. Тақдир Асил Рашидовга мутлоқ ўзига хос ҳаёт йўли, йирик давлат арбоби ва машҳур адибга укалик бахтини насиб этди. Лекин навқирон Асилжон бундан мағрурланмади, онгли, самарали ҳаётнинг калити меҳнат ва фақат меҳнат эканини эрта англаб етди. У ўзига номзодлик иши сифатида “Ўзбек қиссаларида меҳнат тасвири” мавзусини танлагани ҳам асло бежиз эмас.

Асил Рашидов умрининг охиригача меҳнат қилди. Биргина мисол, 2008 йилда “Чингиз Айтматовнинг бадиий олами” китобини салкам юз бетга яқин янги материаллар, таҳлиллар билан бойитиб, тўлдириб нашр эттирди. Айтмоқ жоизки, Асил ака адиб асарларини таржима қилиш жараёнида унинг ижоди тадқиқотчисига айлана борди ва натижада нафақат таржимон, балки йирик айтматовшунос олим даражасига кўтарилди.

Асил Рашидов Чингиз Айтматовдан қилган таржималарини муттасил тузатиб борди, уларни мукаммаллаштирди. “Биринчи муаллим” ва “Юзма-юз” қиссалари таржимасига қайтадан мурожаат қилдики, бунга алоҳида сабаблар мавжуд эди. “Биринчи муаллим” дастлаб Зайнаб томонидан таржима қилинган бўлиб, “Сарвқомат дилбарим” (1964) китобига кирган эди. Гап шундаки, Чингиз Айтматовнинг ўзи қиссага айрим жузъий ўзгартишлар киритган. Бу ўша давр сиёсати билан боғлиқ эди.

Мен бир мақоламда “Биринчи муаллим” қиссасидаги “Сувжон, шу кунларнинг ҳамма шалтоқ, ифлосларини ювиб кет” деган гап таржимасини адашиб Асил акага нисбат берган ҳолда, “Сувжон” сўзининг қойилмақом ишлатилгани ҳақида ёзган эдим. Аслида, бу таржима Зайнабга тегишли эди. Лекин Асил ака бу парчани маромига етказиб таржима қилди: “Эй, ҳаётбахш сув, сенга минг қатла шукрлар бўлсин, бу қаро кунларнинг барча нажаслари-ю разолатларини оқизиб кет!”

Асил ака айрим замондош-тенгдошларидан фарқли равишда, одам ўтгандан кейин ҳам ҳаёт тўхтаб қолмаслиги, ўлимдан кейин ҳам тириклик мавжудлигига ишонар эди. У кишининг сўнгги кунларига гувоҳ сифатида айта оламанки, Асил ака умрининг сўнгги дақиқаларигача ишладилар, 90 ёшнинг залвори, талай касалликлар шитобига қарамай.

Шунда Абу Райҳон Берунийнинг сўнгги дақиқалари ҳақида ёзиб қолдирилган воқеа беихтиёр йодга келади. Беруний ўлим тўшагида ётганида, олим дўсти Абулҳасан Валволижий ёнида эди. Беруний кўзини очиб: “Сен бир вақтда “Жаддатул фосида” (“Мерос масаласига доир ҳисоб”) тўғрисида менга баъзи сўзларни айтиб эдинг, ўша масаланинг моҳиятини тушунтириб беришингни сўрайман”, деди. Дўсти олимнинг оғир ётганини кўриб: “Ҳозир бу ҳақда сўрашнинг ва унга жавоб беришнинг ўрни ҳам, вақти ҳам эмас”, деди. Абу Райҳон: “Эй, улуғ дўстим, бу дунёда туғиладиган ҳар ким муқаррар равишда ўлади, аммо ақл менга бир вақтлар сен айтган масаланинг моҳиятини билиб олишни таъкидламоқда. Буни мен бутунлай билмаганим яхшироқ эди ва шу ҳолда ўлиб кетган бўлур эдим. Шу сабабли билиб ўлишим билмаган ҳолда ўлишимдан яхшироқдир”, дейди.

Эслаганим сабаби, Асил Рашидов “Биринчи муаллим”ни қайта таржима қилиб, мукаммал ҳолга келтирганидан ташқари, “Юзма-юз” қиссаси таржимаси устида ҳам сўнгги дамларигача ишлади ва уни 1988 йилда тўлдирилган ҳолда нашр эттирди. Асарда “Муаллифдан” деб номланган кириш сўзида шундай ёзилади: “Юзма-юз” қиссаси “Октябрь” журналида чоп этилди, китобхонлар эътиборига сазовор бўлди, танқид ҳам уни четлаб ўтмади, лекин такрор айтаман, орадан кўп вақт ўтди ва мен яна қиссага қайтишга, ўша кезлар цензура талаблари бўйича воз кечишга мажбур бўлган айрим боблар, қаҳрамонларимнинг айрим ҳаракатларини қайта тиклашга қарор қилдим”.

Шу тариқа, аввал нашр этилган қисса эллик саҳифа атрофида бўлса, кейинги нашрда 90–95 саҳифани ташкил этди. Муаллифнинг ёзишича, бир пайтлар қиссага киритилмаган парча айнан совет даврида ишбилармон деҳқон синфини тугатишга қаратилган қулоқлаштириш жараёнларига оид эди. Шунингдек, кейинги парчада аввал жуда кам ўрин берилган она образи фаоллашади ва мукаммаллашади. Унинг касалликка чалиниши ва вафот этиши, қабрга қўйиш жараёнини олисдан писиб кузатишга мажбур қочоқ ўғилнинг алам-изтироблари кучли драматизм билан тасвирланади.

Она тириклигида ўғлининг қилмишини тушунгандай бўлади, унинг ушбу сўзлари урушни кўкларга кўтараётган мустабид тузум сиёсатига ёқмаслиги аниқ эди: “… Бахти қора ўғлим эса қочқинда, уни лаънатлай олмайман: ахир, урушни у чиқаргани йўқ-ку, унинг ҳам қурбон бўлгиси келмайди”. Онанинг бу тарз фикрлаши бежиз эмас. У тузумдан миннатдор эмас, аламзада. Акалари, қондошлари қулоқлаштириш сиёсати тазйиқидан қочиб, биров устидан биров ҳукмрон бўлмаган Чотқолга оилалари билан кетишган.

Цензура нимталаган дастлабки нашрда онанинг тақдири мавҳум эди. У “тентираб, аллақаерга – даштликка чиқиб кетди”, дейилганди. Табиийки, муаллиф онага оид бундай гапларни асардан чиқариб ташлади, образга бошқа вазифа юклади. Онанинг вафоти қочоқ Исмоилнинг аҳвол-руҳияси ҳамда фожиасини кўрсатишга, қулоқлаштиришга қарши мотив эса қаҳрамон хатти-ҳаракатини психологик асослашга хизмат қилади. Энди Исмоилнинг урушга боришдан бош тортишини мустабид тузумга қарши ўзига хос исён тарзида англашимизга имкон туғилади:

“Сўнг эса у худди маст одамдай бор овози билан қичқира бошлади: “Онажон, онажон, кечир! Мени кечир! Мени лаънатла! Нариги дунёда лаънатла! Урушни лаънатла! Лаънатла! Урушни лаънатла!” Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қаҳрамоннинг фарёд ва таҳдиди ҳадди аълога чиқади: “Сўнг у бир зум жимиб қолди, худди ниманидир ўйлаб қолгандай яна ғазаб билан даҳшатли бўкира бошлади. “Нафратланаман! Қасос оламан, қасос, ҳаммасидан қасос оламан! Ҳеч кимни аяб ўтирмайман…”

Худди шу ерда киритма тугайди ва қисса воқеалари аввалги маромда давом этади. Лекин киритма асарнинг ғоявий аъмолига кучли таъсир ўтказади, яъни қочоқ Исмоил, бош жабрдийда Саида образи тўлишиб, бойишига, полифоник белгилар кашф этишга, асарда кучли трагизм яралишига замин яратади, таянч бўлади. Муаллиф ёзганидек, “зеро ўттиз саҳифа материал қўшганимдан сўнг ҳис қилдимки, бу амал, ҳар қалай беҳуда кетмади, ўз натижасини берди”.

Мақолада келтирилган барча мисоллар Асил Рашидов таржимонлик қалами маҳсули бўлиб, талай ўринларда аслият билан баҳслашади, айрим ҳолларда ундан ўзади ҳам. Чингиз Айтматов ўзбекча ёзса, шунчалик ёзарди-да, дейсиз беихтиёр.

Чингиз Айтматов япон мутафаккири Дайсаку Икеда билан қилган мулоқотида,  300 саҳифадан иборат бу диалог “Руҳ улуғворлигига қасида” деб номланади, ўзининг илк қиссаси ҳақида гапиради: “Менинг илк қиссам – “Юзма-юз” ўттиз йил ўтгач қочоқ ва унинг онаси ҳақидаги қаҳрамоннинг хатти-ҳаракатларини психологик таҳлил қилишга бағишланган янги боб билан тўлдирилдики, авваллари мафкуравий сабабларга кўра уни асарга киритиб бўлмасди”. Шу ерда суҳбатдош Икеда қисса япон тилида “Саиданинг кулфати” номида нашр этилиб, япон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотганини таъкидлайди.

Озроқ чўзилган юқоридаги мулоҳазалардан мақсад аввал олиб ташланган, сўнг қиссага киритилган парчанинг бадиий аҳамиятини ҳамда у Асил Рашидов томонидан юксак савияда таржима қилинганини таъкидлашдир. Асил ака асарнинг бадиий-ғоявий йўналишини глобал ҳаётий ҳақиқат томон бурган ушбу каттагина киритмани умрининг сўнгги йилларида сабот билан она тилимизга ўгирди ва нашр эттирди. Устоз таржимоннинг Чингиз Айтматовдан қилган таржималари яхлитлик касб этди, ўз бадиий қиёмига етди.

Асил ака шу соҳада амалга оширган ишларининг илмий жиҳатдан қайд этилиши ва тадқиқ қилинишини истади ҳамда шу ишни бажаришни мендан илтимос қилди. Мен бу илтимосни васият сифатида қабул қилдим ва уни шу ерда баҳоли қудрат адо этмоқдаман.

Қўлимда Асил ака ўз дастхатлари билан ёзган: “Ушбу материал дўстим Сувонқулга топширилади. Мавзу: Ортга бир назар ёки бир асарнинг икки таржимаси хусусида” дея бошланадиган салкам бир варақ хат ҳам бор. У 2020 йил 18 апрелда ёзилган ва шу куни менга берилган. Насиб этса, Асил ака таклиф қилган мавзуда ҳам бир мақола ёзармиз.

Ҳазрат Навоийнинг кичик замондоши, буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз “Бобурнома”сида ул зотнинг “Нозук мижоз”лиги ҳақида сўзлаб, “Эл назокатини давлатининг ғуруридин тасаввур қилур эдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибиллий (туғма) экандур” деб ёзади. Шунга яқин мулоҳазани Асил акага ҳам қўллаш мумкин, у киши анча-мунча одамни ўзига яқинлаштирмас, кам сонли дўстларини эса ғоят қадрлар эдилар. “Электр симидаги икки қуш қийшиқ ўтирса ғашимга тегади”, деган эди устоз биргаликдаги сайрларимиздан бирида. Ҳамма нарсада тартиб-интизом, меъёр ва уйғунлик қатъий ҳаётий талаби ва аъмоли эди Асил аканинг.

Асил Рашидов таълим берган шогирдлар эл-юртга наф келтириб, Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшмоқда, у киши яратган илмий асарлар ўз фанний вазифасини бажармоқда. Она тилимизга моҳирона ўгирган асарлари, айниқса, Чингиз Айтматовнинг ҳикоя ва қиссаларидан тортиб “Асрни қаритган кун” романигача ҳамон севиб ўқилмоқда, театр саҳналарида таъсирчан намойиш этилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлмоқда. Демак, Асил Рашидов маънан барҳаёт, у киши қолдирган мерос ҳамон ҳаракатда. Бу мерос ишламоқда, меҳнат қилмоқда.

Чингиз Айтматов таниқли журналист Анвар Жўрабоев билан суҳбатида Асил ака ҳақида шундай деганди: “Ана шундай адиб ва таржимон дастлаб менинг ижодим билан ўзбек адабиёти ўртасида кўприк ясагани мен учун чексиз қувончдир”. Дарҳақиқат, ўзбек китобхони ва бутун халқ онгида Асил Рашидов номи оламшумул адиб Чингиз Айтматов билан ёнма-ён қолди.

Асил Рашидов акаси Шароф Рашидов шуҳратидан фойдаланмади, йирик давлат арбобининг соясида қолиб кетмади. Чингиз Айтматовдай улуғ адибнинг ишончини суиистеъмол қилмади. Шунинг баробарида, у акасига ҳам, устоз адибга ҳам муносиб жигар ва шогирд бўлиб қолди. Бу тақдир инъоми, қолаверса, асл шарафдир.

Сувон МЕЛИ,
филология фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 10 октябрдаги 41-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855