Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


12.12.2025 | 16:31

img278

АСРГА ТАТИГУЛИК УЧРАШУВ

1990 йилларнинг боши. Олис шимолда ҳарбий хизматдаман. Бир куни командиримиз Тўрақул Ўркачиев Энасой дарёси бўйида кимсан Чингиз Айтматовни учратганини айтиб қолди. Бу хушхабарни эшитганим заҳоти мени ҳам таништириб қўйишни илтимос қила бошладим. Тўрақул оға бироз оғринди: “Қани, иним, билиб келай-чи. Катта ёзувчининг вақти, имкони, хоҳиши бўлармикан…” Тўғриси, довруғи етти иқлимга етган адиб ва арбобнинг оддий аскар билан гурунглашишига ўзим ҳам ишонмасдим. У киши президентлар, қироллар, космонавтлар, хуллас, Ер юзининг казо-казолари билан ҳамсуҳбат бўлиб юрган бўлса…

Шу хаёлда уч соатни ўтказдим. Бир маҳал командиримиз ўзига хос бўлмаган бетоқатлик билан келиб қолди.

 “Омадинг бор экан, аскар! Чингиз оға учрашувга рози бўлди. Ўзиям дангал одам экан. Аммо-лекин сени ҳам ёзувчи деб юбордим. Шеър-пеърингдан кўтариб бор”, деганча нари кетди.

Баданимдан совуқ тер чиқиб кетди. Кимсан, “Асрга татигулик кун”, “Алвидо, Гулсари!”, “Жамила” каби асарларни ёзган инсоннинг олдига “ёзувчиман” деб бораманми? Кечирасиз, ўртоқ командир, Сибирнинг Тува ўлкасида оёғимдан совуқ ўтса-ўтгандир, лекин мия фаолиятидан шикоятим йўқ!

Ниҳоят, белгиланган вақтда Энасой соҳилига тушиб бордик. ­Дарёга қарасам, анвои ўтлар Марғилон атласидай товланади, денг. Томоққа недир тиқилади, ҳаяжонга йўяман.

Мана, Чингиз оғага кўзим тушди. Шу маҳалгача рангли-рангсиз суратларини кўриб юрганимиз – буюк ёзувчи билан ота-боладай қучоқлашиб кўришдик. Хизмат қандай кетаётгани билан қизиқди. Туркона мулозамат билан тушликка таклиф қилди. Дастурхон устида суҳбат қизиди.

– Журналист бўлмоқчиман, денг, – деди Чингиз Айтматов жилма­йиб. – Умуман олганда, тақдирингизни боғламоқчи бўлган ҳунар чакки эмас. Умримнинг кўп қисми ижодий сафарларда кечган. Тоғ-у тошларни, дашт-у биёбонлар, дарё-кўллар, далалар, ўтлоқларни беармон кезганман. Турли касб эгалари билан қадрдонлашиб, эл бўлиб кетганман…

Бу сўзлардан “энди шу ҳунардан қолма, одамларни кузат – шу сенинг тақдиринг”, деган бир маънони англагандай бўлдим. Ёшлик ҳаваси аниқ мақсадга айланди. Шу учрашувни шарҳ этиш учун ҳам журналист бўлишим шарт эди гўё.

Суҳбат мавзуси ўз-ўзидан туркий халқларнинг муқаддас меросларидан бўлган Энасой тарихига кўчди. Чингиз оғанинг “Оқ кема” қиссасидаги шеър эсингиздами?

– Кўнглимдагини айтсам, Тува кенгликларини, тўлиб-тошиб оқадиган Энасойни севаман. Москвада олий адабиёт институтида ўқиб юрганимда ҳам, ундан сўнг ҳам кўп бор туркийларнинг ор-номусини, латофатини энтикиб соғинишим ҳамон оёқларим беихтиёр шу ёққа бошларди. Бу дарёнинг мавжудлиги, унинг сир-саноати ҳақида болалигимда зўр қўбизчи Айтмат бобомдан кўп эшитгандим. Оч пуштиранг тўлқинлар пишқиради. Улкан дарё устида сув қушлари шовқин солиб “гап бозори”ни қизитади. Тумшуқларини сувга тиқиб ҳўрак излаб топади. Ўзи мен дарё соҳили бўйлаб танҳо сайр қилишни, адоқсиз хаёлларга чўмишни яхши кўраман, – дея хийла сукутга чўмди Чингиз оға.

Шу куни адибнинг гурунгга майли бор эканми, ҳаётидаги қизиқ воқеани шундай ҳикоя қилиб берди:

“Бир гал Таласга борсам, Боз ака (тўлиқ исми Бозорбой) “шаҳарда сиқилиб кетгандирсан”, деб тоққа судради. Чўпон манзилга боргунча оғзидан бол томиб, учраган ўсимликлар, қушлар, ҳайвонлар тўғрисида гапириб борди (Қани энди, имконим бўлганида, нуқул тоғлардаги булоқлар-у чашмалар, майсалар-у чечаклар, лочинлар-у бургутлар, архарлар-у илвирслар, турфа қушлар тўғрисида асарлар ёзган бўлардим). Кун найза бўйи кўтарилган, пешин оғишига ҳали вақт бор эди.

Бир пайт ўнгирлар орқали орқа-олдига қарамай, лўкиллаганича кетаётган бўрилар галасини кўриб қолдик. Ортидан сездирмасдан, изма-из боравердик. Қашқирлар сўқмоқ йўлдан водийга эниб борарди. Олдинда калласи катта, бўйни йўғон арслон бўри илдамлар, унинг орқасидан тағин еттита бўри маросимдан қолмаслик учун эргашиб борарди. Айниқса, тепадан уларнинг ҳар бир ҳаракати аниқ кўриниб турарди.

Ҳадемай қиш бостириб келади. Ана ўшанда бу ерга тиззабўйи қор ёғади. Бўриларга эса қорин тўйғизиш ташвиши тушади. Агар ўлжа топса, яйраб-яйраб, қувониб чангини чиқаради. Борди-ю егулик топилмаса…

Ортидан тушганимизни жониворлар сезмаслиги мумкин эмасди. Лекин бу ўжар бўрилар қочишни хаёлига ҳам келтирмасди. Бироздан сўнг шундай бир ҳолат юз бердики, айтган билан биров ишониши амримаҳол. Бўрилар булоқ атрофида доира ясаб, кўкка қараб увлай бошлади. Бу ёввойи товуш эмас, ростакам нола-ю афғон эди. Улар тахминан шундай деб ёлворарди: “Эй, Қодир Эгам! Бўри қавми учун тирикчилик шарбатини симириш, хотиржам, тинч ҳаёт кечириш тобора қийинлашиб бораётир. Табиатдаги улушимиз тораймоқда. Устига устак одамзоднинг таъқиблари… Сонимиз камайди. Кўплаб қавмдошларимизни қийратишди. Бу кетишда бўри қавми учун ов қиладиган ерлар, ўлжа оладиган жониворлар қолмайди-ку?! Шундай бўлгач, биз насл қолдириш бахтидан мосуво бўламиз-ку? Ўзинг биз бўриларга раҳм эт, мушкулимизни осон эт!” Буни кўрган чўпон оғам ҳам йиғлаб юборганди ўшанда…”

Айтишича, бу воқеа ўн бир ёшида бўлиб ўтган ва Чингиз оғанинг юрагида чуқур из қолдирган. Ижодкорнинг дили тубидан отилиб чиққан қуйидаги сўзлар ҳам мени бефарқ қолдирмади:

– Узоқ йиллар бўриларни ўргандим, фикр юритдим, махлуқлар табиатини миридан сиригача билиб олдим. Хўш, нима учун? Тошчайнар ва Акбарага ўхшаган қилни қирқ ёрадиган, чайир, қўрқув нималигини билмайдиган номдор бўриларни “Қиёмат” романимга қаҳрамон қилиб олиш учун. Салобатли ва маҳобатли тоғ бағрида, Бозорбой чўпон отарида кўрганим – Тошчайнарни эслаб, унинг характерини яратишга бел боғладим. Оқибатда, воқеаларга ўқувчиларни ишонтира олдим.

Чингиз оғанинг сўзларини тинглар эканман, унинг насрида реаллик ва романтика уйғунлашиб кетгани сабабларини англай бошладим. Ҳа, буюк адиб она табиат билан бир бўлиб ўйлар ва ўйларини оқ қоғозга маҳорат билан муҳрлар, ғаройиб жиҳати, у асри ютуқларидан фойдаланмасдан, фақат ручкада ёзар экан. “Бармоқларим ёзув нафосатини, машаққатини ҳис этсин, дейман-да” деб буюк адиб ҳорғин жилмайиб қўйди.

Ўтган вақт мобайнида кўплаб улуғ ижодкорлар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Аммо умримнинг энг унутилмас куни – Чингиз Айтматов суҳбатига мушарраф бўлган куним эди. Мен учун ўша гурунг ҳамон давом этмоқда. Қандай қилиб? Мутолаа орқали…

Улуғбек ЖУМАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 декабрдаги 50-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855