Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


30.10.2025 | 09:58

img235

АСРИЙ  ҲАСРАТ ёхуд тарихталашарлар талвасаси

Рўзимбой ҲАСАН

…Талабалар билан бир учрашувда кутилмаган саволга жавоб бериш мажбуриятида қолдим. Бу саволни талаба эмас, уларга сабоқ бераётган, яна денг, тарих бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олган домла бергани ғоят ташвишли, ачинарли эди. Савол жаҳон фанида инқилоб ясаган “буюк олимлар бешталиги”га кирган Муҳаммад Хоразмийнинг миллати ҳақида эди. Буюк олим яшаган даврда ҳали бугунги миллат тушунчаси бўлмагани, бу тушунча кейинги даврларда муомалага киритилгани, Хоразмий барча илмий асарларини ўша даврда фан тили ҳисобланган араб тилида ёзгани, бундан ташқари, салтанат ҳужжатларини юритишда амалда бўлган форсий ҳамда ерлик халқнинг ўзаро мулоқотида туркий ва бошқа бир қатор тиллардан фойдалангани, олимнинг қайси миллатга алоқадорлигидан баҳс очишнинг ўзи ортиқчалигини айтдим.

Жавобим якунланмасдан, талабалардан бири қайсидир ижтимоий тармоқда Хоразмий ўтроқлашган араблардан экани, шу сабабли, асарларини араб тилида ёзгани ва умрини айнан қондошлари тупроғида поёнлагани ҳақида айтиб қолди. Яна фалсафа сўқиш ортиқчалиги учун жавобни қисқа қилдим: “Кимнинг қай қавмга мансуб эканини аниқлаш учун унинг ДНКсини экспертизадан ўтказиш керак. Бу соҳада эса нўноқман…” Билдимки, талабалар (ва ҳатто тарихчи домла ҳам) ижтимоий тармоқларда “болалаб” кетган “тарихталашарлар” сайтларига кириб туришади, у ердаги ҳудуд, миллат талашиб, обрў-шаън талашиб ёқавайрон бўлаётган сохта олимлар ёяётган сафсаталар билан мияларини “ювишади”.

Афсусланарлиси, ижтимоий тармоқлардаги турли-туман “подкаст”лар айримларнинг зеҳниятларига тобора ўрнашиб бормоқда. Элдаги тўй-маърака ва давраларда қишлоқдан чеккага чиқмаган кишиларнинг шу мазмундаги саволларига жавоб қайтарганим бор. Уларни тушунса бўлар, аммо зиёли инсонларнинг чалғишлари, шу мазмунда савол беришлари, фақат савол билан чекланмай тортишишлари саҳна ортида турган ёвуз ниятли кимсалар томонидан ташкиллаштирилган лойиҳаларнинг маълум маънода ўз олдларига қўйган мақсадларга бир қадар эришгани, эришаётганини кўрсатади. 

Ҳозирги глобал замонда дунёда ўз давлатчилигига эга туркий миллатларнинг бирикиш ҳаракати йил саин тараққий топиб, Туркий давлатлар иттифоқи атамаси шунчаки қоғоздаги чақириқдан аниқ режали ҳаракатга айланиб бораётган даврда унга қарши кучлар талвасага тушиб, турли иғво ва бўҳтонлар, ёлғон-яшиқлар билан ёшлар онгини заҳарлашаётганига бефарқ қараб туриш мумкин эмас.

Йодимизда, “ягона совет халқи” атамаси зўрлаб онгимизга сингдирилган собиқ шўролар даври ниҳоясида бир олимнусха қандайдир “болталаб бўлиш сиёсати” ҳақида китоб чоп қилиб, қадим Туркистон ҳудудида минг-минг йиллардан буён елкама-елка яшаётган, қуда-анда миллатлар орасига нифоқ солишни бошлаб берган эди. Илдизи тўқима тарихга асос бўлган ушбу ғоя, афсуски, ҳамон яшовчан. Ижтимоий тармоқларда “ким – кимники”, “ер кимники” деб ёқа йиртишаётганлар рўйхатига син солсангиз, “эй, бўлди” деб баҳсга нуқта қўйишга кўтарилган қўлингиз беихтиёр телефон мурватларига текканини сезмай, истаб-истамаган ҳолда баҳсга қўшилиб кетасиз. Ёзган ҳақ гапларингиз учун ҳақоратга кўмиб ташлашгани майли, “маҳкамага тортиш”, “топиб сазойи қилиш” таҳдиди ҳаммасидан ошиб тушади. Шунгами, аксар зиёлилар бу баҳслардан четда туришни маъқул кўради, асрашади. Ўзларининг шу ҳаракатларини мақбул билишлари бир томондан тўғридир, аммо… ўша учрашувдаги томдан тараша тушгандай берилган савол эртага, индинга қайта ва қайта берилмаслигига кафолат йўқ! Миллий низо қўзғашни мақсад қилган яширин кучларнинг фисқ-у фасодига яраша жавоб қайтармоқ ҳар биримизнинг бурчимиз, аслида!

Ўз вақтида жадид боболаримиз ушбу иллатларга жим туришмаган, “тарихталашар”, “шахсталашар” кимсаларга муносиб жавоб қайтариб, уларнинг танобини тортиб қўйишган. Масалан, буюк адиб Абдулла Қодирий “Қизил байроқ” газетасининг 1923 йил 17 май сонида чоп қилинган “Билдиришлар” (“Ҳангома”) номли мақоласининг “Тилхат” номли ихчам бўлимида шундай ёзади:“Манким, Туркистон ўзбекларининг вакилидирман. Бераман ушбу тилхатни Татаристон вакили ибдаш Абдураҳмон Саъдийга шул хусусдаким, Чингиз, Темур, Аҳмад Яссавий, наманганлик шоҳ Машраб, Абу Али ибн Сино… буларнинг ҳаммаси ҳам татарлардир. Татар қариндошлар мазкурларни ҳар бир йўсин билан тасарруф этмакка ҳақлидирлар. Темур, Аҳмад Яссавий, шоҳ Машраб мардумларнинг қабрларини бузиб, наъшларини Татаристонга кўчирилганда ўзбеклар чурқ этмай, балки кўмак берурлар. Навоийнинг татарми ва ёки ўзбекми масаласи алоҳида бир мажлисда ўлтуришда ҳал қилинур.

Ўзбек вакили Думбулбоев”.

Кесатиб ёзилган ушбу кичик хабардан кўринадики, аср бошларида ҳам пешонамизга тақдир битган улуғларни ўзга миллатлар “бизники” деб даъво қилган, бу ҳақда давраларда гапириш билан чекланмай, вақтли матбуотда иддаоли мақолалар чоп қилган. Қодирий ўз кесатиғига “Думбулбоев” тахаллусини танлагани ҳам бежиз эмас. Бу билан у атрофдаги айримларнинг бу каби иғволарга бепарволигига нисбатан гўёки “бир думбул” ўлароқ жавоб қайтариш мажбуриятини олганига ишора қилган.

Қодирий миллатлар орасида низо қўзғовчиларга қарши яна бир қанча мақолалар эълон қилган. “Муштум” журналининг 1925 йил 22-сонида “Бир йил” мақоласида билдирган кескин фикрларига эътибор беринг: “Биз ҳақиқатни ҳаётдан олдиқ. Ҳаммадан илгари шахс ўзини танисин, сўнгра бошқани! Зеро, “Ўзини билмаган ўзгани билмас”, сўзи турмуш онасининг дард чекиб туққан тўнғич ўғлидир”.

Адибнинг “Ўзини билмаган ўзгани билмас” сўзини “турмуш онасининг дард чекиб туққан тўнғич ўғлидир”, дея таърифлаши ортида миллатпарварлик ётибди. Ёзувчи бу орқали “Ўзгаларни тафтиш қилгунча (бирор нарсасини ўзиники қилишга уриниш орқали), аввало ўзингни, тарихингни бил!” дея бонг урмоқда. Зеро, жадид боболаримиз долғали замонларда амалиётга айлантирмоқчи бўлган мақсадлардан бири – маориф тизимини ислоҳ қилиш ортида ҳам миллатнинг кўзини очиш, ўзлигини англашга имкон яратиш, шу орқали яхлит, жипслашган миллатни шакллантириш эди. Пойдевори илм-у маърифат, эзгулик, ҳаққоният асосига қурилган жамиятни ташқи кучлар ҳеч қачон таназзул сари бошлай олмайдилар, уринишлари “Ит ҳурар, карвон ўтар” қабилида қолаверади.

Аҳли донишлар “Ҳар қандай янгилик – унутилган эскилик”, деганлар. Ҳақиқат учун бошини кундага тиккан жадид боболаримиздан асрий ҳасрат бугун яна бош кўтармоқда. Улар аср илгари катта-кичик давраларда, кам сонли вақтли матбуот саҳифаларида иғво қўзғашга уринган бўлса, бугун уларнинг қўлида қудратли ва тезкор қурол бор – бу, интернет. Қўлида шапалоқдек телефони бор ҳар кимнинг уйига кириб борган “ўргимчак тўри” айни замонда одамлар онгини кеча-ю кундуз заҳарлаш билан банд. “Бирники – мингга, мингники – оломонга” ўз таъсирини ўтказа олади. Минг афсуски, айрим “подкаст” аталмиш бузғунчи лойиҳаларнинг обуначилари сони еттиталик рақамларда ифодаланади. “Бир кўрган – таниш, икки кўрган – билиш, уч кўрган – қариндош”, дейилмиш отасўзимизга қулоқ тутсак, ана шундай бузғунчи сайтлар аллақачон миллионлаб ҳамюртларимиз ва кўпроқ ёшларимизга “қадрдон қариндош” бўлиб олган.

“Тарихталашар” каслар очиқдан-очиқ БМТга аъзо барча давлатлар томонидан тан олинган ҳудудий яхлитлик тамойилига қарши бориб, қайси макон ёки шаҳар кимга тегишлиги ҳақида қандайдир “тарихий ҳужжатлар”ни бурнингизга ниқтаб, ўз фикрини ўтказишга зўр бериш билан чекланмай, фисқ-у фасодларнинг бошқа усулларини ҳам қўллашяпти. Бу ҳолатни яқин тарихимизда юрт бошига, миллат ойдинлари бошига турли кулфатларни ёғдирган, уларни маънан ва жисмонан маҳв қилган шўро доҳийларининг туғилиш (ва ҳатто ўлиш) саналарига бағишлаб чиқарган эсдалик нишонларини тап тортмай айрим элдошларимиз кўкракларига тақиб қўйишларида кўрамиз. Улар бу билан гўё тарих ахлатхонасига улоқтирилган собиқ иттифоқ ҳалиям мавжуд, эртами-индин дунё харитасида бўй кўрсатади, демоқчи бўлади. Бу ниятлари амалга ошиши учун “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” деган, эски синалган “сиёсат”ни гўридан тортиб чиқариб, байроқ қилишга уринади. Ўша “нишон”ни олган кимсалар мукофотлангани ҳақида ижтимоий тармоқларда фахр билан ёзишганида, айрим ўзини зиёли ҳисоблайдиган одамлар ўша “кавалер”ни табриклаётгани янада аянчлидир. Бу ҳолат манқуртликдан бошқа нарса эмас! Бу шаҳид боболар қабрига тош отиш билан тенг!

…Куни кеча қўшнимизнинг саккизинчи синфда ўқийдиган невараси: “Сиздан бир нарса сўрасам бўладими?” деб қолди. “Нима савол?”  деб сўрадим-у эшитиб, бошим ҳушимдан учди. Қўлида қимматбаҳо телефон ушлаган бола: “Ибн Сино ўзбекми, тожикми? Мактабда шу ҳақда баҳслашиб қолдик”, деса бўладими. Жаҳлимни зўрға босиб дедим: “Ибн Сино – катта олим. Шу қадар каттаки, унинг сиймоси қўлингдаги матоҳга сиғмайди! Бор, дарслигингни яхшилаб ўқи!”

“Жадид” газетасининг 2025 йил 24 октябрдаги 43-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855