Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


19.01.2026 | 17:45

img451

БЕҲБУДИЙ ЙИЛИ

ЎзЖОКУ профессори, филология фанлари доктори Ҳалим САИДОВ билан суҳбат

– Домла, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллиги ва бу сана билан боғлиқ воқеалар Сизда қандай таассурот қолдирди?
– Албатта, ҳар бир ўзбекистонлик учун хайрлашган йилимиз ўз соҳасида бетакрор ўтган бўлиши мумкинлигини ва уларнинг фикрларини ҳурмат қилган ҳолда таъкидлаб айтаманки, 2025 йил камина учун бетакрор ватандошимиз, халқимиз донишмандларидан бири сифатида тарихга кирган Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомизнинг йили бўлди.
Жуда кўп савобли ишлар амалга оширилди. Уларни “Жадид” газетаси мунтазам ёритиб борганини муштарийлар яхши билади.
– Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишланган “Туркистон даҳоси” китобингиз чоп этилгани билан табриклаймиз. Асар аллома таваллудининг 150 йиллигига муносиб туҳфа бўлди. Жадидларга қизиқишингиз қачондан бошланган?
– Раҳмат табрик учун. Жадидларга қизиқишим бобом туфайли ўқувчилик давримдан бошланган. Илк бор “Ойина” журналини, адашмасам, еттинчи ё саккизинчи синфлигимда кўрганман. Ўша фурсатда бобом устозлигида “Ҳафтияк”дан “Чоркитоб”га ўтган эдим. “Чоркитоб”нинг ҳарфига кўникишим қийин бўлгани боис, зер-у забарсиз ҳар хил эски китобларни топиб ўқишга ҳаракат қилардим. Бу ҳарф таниш кўникмамни чархларди. Бир куни ертўлада яшириб қўйилган араб алифбосидаги китобларни кўриб қолганман. Улар орасида “Ойина” журнали саҳифаларига кўзим тушди. “Бобо, нега бу китоблар ертўлада сақланади?” деб сўраганман. У киши бироз сукут сақлаб: “Рухсат берилган китобни ўқийвер, болам”, деганлар…
1987 йилда журналистика факультетига ўқишга кирдим. Мустақиллик арафасида бир домламиз билан жадидлар борасида тортишиб қолганман. Фикрингни илмий жиҳатдан исботлаб бергин, дея баҳсга ғолибона нуқта қўйганди домла. Шу воқеа бўлиб, яна “Ойина”га, Беҳбудий ижодига жиддийроқ мурожаат қила бошлаганман. Илк мақолам курсимизнинг деворий газетасида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган. Устозим Маҳмуд Саъдий далдаси ва илмий раҳбарлигида диплом ишим мавзуси ҳам Беҳбудийнинг публицистик ва муҳаррирлик фаолиятига бағишланди. Кейинчалик илмий жамоатчилик орасида шов-шув бўлган яна қатор материалларим шу нашрда чоп этилди. Бу пайтда мен аспирантурада Беҳбудий мавзусини чуқурлаштириб тадқиқот олиб бораётган эдим.
Умуман, жадидларга меҳрим бўлакча. Буларнинг ўртасидаги баҳс-мунозаралар, айниқса, меҳр-оқибат мени ҳайратга солган. Масалан, Беҳбудий “Самарқанд” газетаси иқтисодий қийинчилик сабаб ёпилишини нашр орқали эълон қилади. Газета эрталаб Тошкентга етиб келгач, Мунаввар қори воқеадан хабар топади, шахсан ўзи уйма-уй юриб шаҳар зиёлилари, бойларидан маблағ тўплайди. Пулни тугунчага ўраб, ўша куниёқ кеч пайти поездда Самарқандга йўлга чиқади. Эрталаб “Самарқанд” газетаси таҳририятига кириб боради ва газетани чоп этишда давом этиш кераклигини муҳаррирга айтади. Бу гапларни ўз даврининг забардаст зиёлиси Мунаввар қори Абдурашидхонов эмас, унинг ортидан тушган “Шахрисябский” лақабли хуфя “охранка” идорасига ёзиб берган. Оқибати нима бўлишидан қатъи назар, ўзаро муносабат, ҳаракатни қаранг! Тасаввур қиляпсизми? Бунинг учун қанақа инсон бўлиш керак? Дарвоқе, Беҳбудий сафдоши Мунаввар қорига Мунаввархон дея мурожаат қилган экан.
Энг кўп азоб тортган, тазйиқ-у таҳдидларга учраган, ўз мақсадидан қайтмаган, алалоқибат қурбон бўлган дастлабки жадидлар Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳисобланади. Чор “охранка”сининг ҳам, болшевикларнинг ҳам қора рўйхатида, сиёсий, тарихий адабиётларида Беҳбудий ва Мунаввар қорининг номи кетма-кет келади. Уларга тақалмаган айб, жиноят, қабиҳлик қолмаган ҳисоб. Айниқса, уларнинг ҳар қадами тугул, олган ҳар нафасини НКВД (кейинчалик КГБ) жосуслари кузатган. Мустамлакачилар улардан шу даражада хавфсираган, қўрққан.
Ҳатто, истиқлолнинг дастлабки даврида ҳам бунинг таъсири кузатилди. Мисол учун Фитрат, Қодирий сингари жадидларимизга эътибор бўлди, лекин Беҳбудий билан Мунаввар қори сояда қолиб кетаверди. Айтиш керакки, бу тарихий камчилик Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бартараф этилди. “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” Президент қарори имзоланди. Мана шу катта тўйга мен ҳам кичик ҳиссамни қўшишни ният қилгандим. Китоб чоп этилишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти яқиндан ёрдам берди, ҳомийлик қилди. Чоп этилгач, илк муносабат “Жадид” газетасида босилди. Муаллиф профессор Баҳодир Каримовнинг фикрларини ўқиб, жуда хурсанд бўлдим.
Беҳбудий ва сафдошларининг заҳматлари олдида бизнинг меҳнат ҳеч гап эмас. Бу улуғ зотлар хотирасини ҳурмат қилишимиз, улар ҳақида янада кўпроқ тадқиқотлар олиб боришимиз, ёзишимиз, энг муҳими, уларга муносиб бўлишимиз керак.
– Китобларингиздан бири “Маърифат либосидаги озодлик” деб номланади. Модомики, озодликка маърифат орқали эришиш мумкин экан, уни сақлаб қолишда ҳам илм-фаннинг ўрни беқиёс бўлади. Шундай эмасми?
– Беҳбудий ўз мақолаларида бир-икки одам ёки эллик киши билан тараққий бўлмайди, дейди. Мана, биринчи газетамизнинг номи ҳам “Тараққий”. Тараққий – ривожланиш дегани. Ривожланишнинг моҳиятида Озодлик ётибди, яъни эллик-олтмиш чоғли киши билан озодликка эришиб бўлмайди. Миллатни сафарбар қилиш учун эса илм-маърифат керак, дейди.

“Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, илм ва фандан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур”.
Маҳмудхўжа БEҲБУДИЙ

Беҳбудий мақола, ҳикоя, драма ёзган, газета-журнал очган, таржималар билан шуғулланган. Барча воситалардан фойдаланишга ҳаракат қилган, шу жараёнда беихтиёр жадидга – янгилик яратувчига айланган. Чунки унда тайёр қолип йўқ эди. Ўзи йўл очиб юришга мажбур эди. Нима қилса ҳам, шу миллатнинг онгини юксалтириш орзусида бўлган. Бошқа жадидлар ҳам шу, ҳаммасининг мақсади ягона. Шунинг учун бугун ҳам олдимизга савол қўйишимиз керак: “Биз миллатнинг онгини юксалтириш учун нима қиляпмиз?” Ҳаммаси улар айтмоқчи, таълим-тарбия орқали амалга ошади.
Чор мустамлакачилари босиб олинган ўлкаларда замонавий фанларни ўрганишга атайлаб йўл бермаган. Бор тарихни ҳам сохталаштириб, халқни аждодларининг бой меросидан маҳрум қилган. Жадидларнинг биринчи қиладиган иши тарихни холис кўрсатиш эди. “Самарқанд” газетасининг биринчи сонида Регистон ансамблининг виқорли сурати босилган. У пайтларда сурат жуда қимматга тушса-да, Беҳбудий маблағни аямаган. Нега? Амир Темурнинг сўзларини эсланг: “Агар бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг”. Сурат боболардан фахрланиш, поймол бўлган ғурурни кўтариш учун берилган. Шу билан бирга, тарихда қандай хато қадамлар ташланганки, буюк давлатимиз парчаланди, миллатимиз бошқаларга поймол бўлди, деган саволга жавоб берувчи мақолалар ёзишган, дарсликлар яратишган. Жадидларнинг дарсликлари фақат ўқув адабиёти эмас, хоҳ тарих, хоҳ география бўлсин, мавзулар қатларига миллий ҳурлик ғояси сингдирилган.
– Домла, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида таълим беряпсиз. Бугун ёшлар ўртасида бир баҳс кетмоқда: замонавий журналистикада амалиёт ва назария ўртасидаги мувозанатни қандай ушлаш керак? Журналистга диплом керакми?
– Бу эски баҳс. Бир фикрим бор: ўқимаса ҳам журналист бўлиш мумкин. Лекин олий таълим нима учун керак? Бунда мен асосий назарий билимларни билиш керак, деб ўйлайман. Биз совет даврида шуни билмаганмиз. Чунки бизга коммунистик матбуот назарияси бўйича дарс беришган. Мустақиллик бўлгач, домлалар уни бир юмалатиб, демократик матбуот назарияси деб қўйишди. Лекин бу билан иш битмайди. Бугун дунёда қандай назариялар ўрганиляпти? Шу саволга жавоб топиб, уларни таълимга олиб кириш, ўз назарияларимизни яратишимиз керак. Масалан, Ғарб демократиясининг босиб ўтган учта машҳур назарияси бор: авторитар, либертариан ва ижтимоий масъулият назарияси.
Авторитар назарияга кўра, ҳукуматни, ўша пайтда – подшо ва унинг ҳокимиятини танқид қилиб бўлмайди. Шундан кейин либертариан назарияга ўтилган. Бу аграр жамиятдан саноатлашиш даврига ўтишга хизмат қилган. Либертариан назарияда фикрни айтиш ҳуқуқи берилган ва турли хил қарашлар жамиятга кириб кела бошлаган. Мана шу омил асосан иқтисодни ривожлантиришда туртки бўлган. Либертариан назариянинг ўзига хослиги шуки, унинг асосий мақсади ҳокимиятга ёрдам бераман, демакдир. Гарчи авторитардан аъло бўлса ҳам, бунда барибир, ҳокимият матбуотни ўзининг хоҳишларидан ташқарига чиққани қўймаган. Кейин Америка, Европанинг катта қисми ижтимоий масъулият назарияси билан яшади. Мана энди, улар ахборий жамият назариясига ўтяпти. Биз ҳам шу назарияни ахлоқий ўзига хослигимизни асраган ҳолда қўллашимиз керак. Давлат раҳбари олиб бораётган сиёсат ва ислоҳотлар ахборий жамият назариясига ўтишни тақозо қилади.
Масалан, жадидлар авторитар назариядан либертариан назарияга ўтишга ҳаракат қилган. Қатағонлардан кейин биз авторитардан коммунистик матбуот назариясига ўтдик. Бу ривожланиш эмас, пастга тушдик, дегани. Қандай қилиб? Агар Николай замонида эркин сўз айтганлар мулки мусодара қилиниб, қамалган бўлса, болшевиклар уларни қатл этиш йўлидан борди. Энди биз, олимлар советлардан қолган қолиплардан воз кечиб, дунёнинг илғор назарияларини миллий қадриятларимизга мослаб ривожлантиришимиз керак.
Очиқ фикрни эшита оладиган аудиторияни яратишимиз керак. Бунинг учун фуқаро фозил бўлиши лозим. Уни ким тарбиялайди? Журналист, албатта. Шу нуқтаи назардан, журналист ўқиши керак, назарияларни билиши шарт. Бу назарияни амалга оширишда халқни ўзига ёрдамчи қилиш учун халқ билан ҳам ишлайдиган даражада фикрлайдиган журналист бўлиши керак. Фақат шов-шувни кўтариб, “оҳ-воҳ” қиладиган эмас.
– Кўриниб турибдики, сиз ниҳоятда талабчан одамсиз. Одатда, бундай шахслар аввало ўзига талабчанлик қилади. Ўз фаолиятингиздан, ўтган йилларингиздан қониқасизми?
– Йўқ. Қониқдим, дея олмайман. Қониқдим, деган одам ишламаган бўлади. Ўз даврида кўтара олмаган масалалар мени қийнайди. Масалан, тил, алифбо масаласи, хусусан, лотин ёзувига ўтиш муаммолари, коллежлар масаласини охиригача кўтара олмаганмиз. Аслида, улар яхши ниятда ташкил қилинди, аммо ишлар охирига етмай қолиб кетди. Бунинг оқибати ҳалигача сезилиб турибди.
Мана, бугунги оддий мисол. Германия ҳамширалик иш ўрнига ўзбекистонликларни таклиф қилди. Лекин талабга яраша ҳамшира чиқмади. Чунки немис тилини билиш керак. Тил билганларда эса маълумот йўқ. Агар қизлар тиббиёт коллежларида ўқиганида эди, ҳозир бемалол катта ойлик олиб ишлаётган бўларди… Шунинг учун ҳам таълим муаммоларини ёритишда етарли иш қила олмаганман, деб ўйлайман.
– Устоз, суҳбат давомида ўртага ташланмаган, лекин айтишни дилингизга тугиб қўйган фикрларингиз билан бўлишсангиз.
– Илмни ривожлантириб, илм олиб, ёнимиздагиларга таъсир қилиб, миллатни ўстириш учун нима керак бўлса, ҳаммасини қилишимиз керак. “Энг зўр тўй қилиб, тарихда қоламан”, деган гап мақтанадиган нарса эмас. Бугун билим олган, кашфиёт қилган, янги соҳа очган одамнинг мақтанадиган даври.
Яқин-яқингача ер ости ва ер усти бойликларимизни хомашё қилиб сотиб келдик. Тайёр маҳсулотга айлантириб сотиш ҳақида энди ислоҳотлар бошладик. Нега бизнинг брендларимиз арзон нархда-ю, бошқа давлатларнинг бренди қиммат? Биз уларни сотиб оламиз. Бунинг ҳаммаси илм, ўқиш, ҳунар билан боғлиқ. Битта ҳунар билан қолиб кетиш эмас, уни замонавий технологиялар билан бойитиш керак. Четдан тайёр қимматбаҳо автомобиллар ўрнига янги авлод ускуналарини олиб кириб ёки яратиб, хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириб, дунёга тақдим этсак, ана ўшанда ривожланиш бўлади.
Умид шулки, бу йўлда астойдил меҳнат қилаётган фидойилар бор. Улардан ибрат олаётган, эргашаётган ёшлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Шунинг учун ҳам ёшларимизга куч-ғайрат, сабр-матонат ва омад тилайман.
– Саломат бўлинг, катта раҳмат! Муштарийлар номидан Сизга илҳом ва сабот тилаймиз!

Суҳбатдош: Зарнигор ИБРОҲИМОВА

“Жадид” газетасининг 2026 йил 16 январдаги 3-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855