08.10.2025 | 13:55
331
БЕҲБУДИЙ ВА СУЛТОН ҚОБУС
Ўмон – Арабистон яриморолнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган давлат. Майдони – 309,5 минг квадрат километр. Аҳолиси – 5,3 миллион киши (2025). Пойтахти – Маскат шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 59 вилоятга бўлинади. Шўро кенгаши ва Давлат кенгашидан иборат Ўмон Кенгаши маслаҳат органи мавжуд. Ижрочи ҳокимиятни султон ва ҳукумат амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори йирик олим қолдирган илмий-маърифий меросни теран ўрганиш ва унинг фаолиятини халқаро илмий майдонга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875–1919) жадидлик ҳаракатининг етакчи намоёндаларидан бири сифатида халқни замонавий илм-фанга, маърифатга чорлаган, тараққиётнинг калити билимда деб ҳисоблаган. Унинг саҳна асарлари орқали юксак миллий ғоялар кенг жамоатчилик онгига сингди, қалбларга нур бағишлади.
Беҳбудий ўз асарлари, илғор педагогик қарашлари ва фаол ижтимоий-сиёсий позицияси билан жамиятда янги уйғониш даврини бошлаб берди. Айни шу маънода, унинг фикрлари ва фаолияти наинки минтақада, балки бутун мусулмон Шарқида тараққиётга етакловчи руҳий тўлқин уйғотгани барчамизга яхши маълум.
Ана шу маърифатпарварлик ғояси бошқа диёрларда ҳам ўз ифодасини топгани сир эмас. Ўмон Султонлигида Султон Қобус бин Саид (1940–2020) айнан шундай инсонпарвар ва маърифатпарвар етакчи сифатида эҳтиром билан хотирланади. Унинг фаолияти, халқни билимга, замонавийликка чорлашга қаратилган ҳаракатлари минтақа тараққиётида катта ўрин тутган, кенг қамровли ислоҳотлари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланган. Унинг бошқаруви даврида мамлакатда таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда туб ўзгаришлар амалга оширилган. Айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг таълим олиши ва меҳнат бозорида фаол қатнашишини рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Султон Қобус раҳбарлигида Ўмон анъаналарга содиқ қолган ҳолда замонавийлик сари интилиб, янги тараққиёт босқичига кўтарилди. Унинг ҳукмронлик даври тарих саҳифаларида “Ўмон уйғониши” деб ном олгани бежиз эмас, албатта.
Қизиғи шундаки, ҳар икки буюк шахс – турли давр, турли ҳудуд ва сиёсий шароитда яшаб фаолият олиб борган бўлса-да, уларни ягона нуқта бирлаштиради: бу маърифат орқали халқни уйғотиш, миллатни тараққиёт сари етаклаш ғоясидир. Уларнинг ҳаёт йўли, фаолияти ва руҳий дунёси шунчалик муштаракки, гўё улар бир замонда, бир сафда юрган, бир миллат, бир келажак учун елкадош бўлгандек таассурот уйғотади.
Жорий йилнинг 26 сентябр куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Маданий ўлчов ва Ўзбекистон – Ўмон мулоқоти: ислоҳотлар йўли” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуман Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги ҳамда Ўмон Султонлигининг марҳум раҳбари Султон Қобуснинг таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотларига бағишланди. Унда маданий алоқалар, таълим тизимида ўзаро тажриба алмашинув ҳамда маънавий меросни сақлаш ва тарғиб этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Маърузачилар томонидан Академияда Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасини абадийлаштириш мақсадида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилаётгани, “Беҳбудий” стипендияси жорий қилингани, жадидлар меросига бағишланган илмий-амалий дарслар мунтазам йўлга қўйилгани, Беҳбудий асарларини ўқиш ва тадқиқ қилишга бағишланган махсус давра суҳбатлари ташкил этилаётганига урғу берилди. Эзгу ташаббуснинг мантиқий давоми бўлган ушбу анжуман Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилаётгани таъкидланди.
Маърифий йиғинда Ўмоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо бинт Жабр Носир ал-Бусаидий ўз маърузаси билан иштирок этди. Шунингдек, “Байтул қироа сақофий” китобхонлар жамияти вакиллари – Ҳамда аш-Шамсий ва Марям ал-Ваҳайбий, Техник талаблар департаменти директори, экологик менежмент ва иқтисодиёт бўйича фан доктори Жиҳод бинт Жабр ал-Бусаидий, Ўмон Хотин-қизлар ассоциациясининг хазинадори, бошқарув кенгаши аъзоси ва пудрат-қурилиш соҳасидаги йирик тадбиркор Ханан бинт Муҳаммад аз-Зажалий, банкир, бухгалтерия ва молиявий менежмент бўйича магистр Камила бинт Муҳаммад аз-Зажалий, бизнес бошқаруви бўйича ўқитувчи ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги мутахассислар – Таҳира бинт Фида ал-Лаватия ва Интисар Абу ал-Раб, таълим соҳаси мутахассиси ва касбий ривожланишга кўмаклашувчи мутахассис Нахла бинт Сулаймон ал-Анқудий сўз олиб, ўз соҳаларида эришилган ютуқлар ва бу борада Ўзбекистон тажрибасидан ўрганилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчиси Аҳмад Муса ва таниқли шарқшунос олим Бахтиёр Ибрагимов бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар, етакчи мутахассислар, тадқиқотчилар ва талаба-ёшлардан иборат кенг жамоа йиғилишнинг илмий ва маънавий жиҳатдан юксак савияда ўтишини таъминлашда фаол иштирок этди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, тарих фанлари доктори Саидакбар Аъзамхўжаев икки давлат ўртасидаги илмий-маънавий ҳамкорликка хизмат қилувчи мазкур тадбир ҳақида сўз юритар экан, “Марказий Осиё давлатлари ва араб диёрларидаги янгиликлар, ислоҳотларни ўзаро ўрганиш ва биргаликда илмий тадқиқотлар қилиш учун бу каби анжуманлар ўтказилиши бугун ниҳоятда фойдали ва долзарб деб ҳисоблайман. Бизнинг жадид боболар, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари қолдирган бой илмий мерос нафақат жонажон Ватанимиз олимлари, балки дунё афкор оммасининг диққат-эътиборида экани бизни бениҳоя қувонтирди”, дея таъкидлади. Шунингдек, у ўз маърузасида жадидлар яшаган даврга оид фотосуратлар ва архив материаллар нусхаларидан фойдаланган ҳолда, ўша даврдаги таълим шароитлари, Самарқанддаги эски ва янги усулдаги мактаблар ўртасидаги фарқ, шунингдек, Хожи Муин, Абдуқодир Шакурий ва Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан ташкил этилган усули жадид мактаблари ҳақида фикр юритиб, Беҳбудийнинг ёшларни таълим учун хорижга юборишга бўлган интилиши хусусида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида нафақат тарихий ва маданий ўхшашликлар, балки икки мамлакатнинг тараққиёт стратегиясидаги ҳамоҳанг нуқталар ҳам муҳокама қилинди. Иштирокчилар фикрича, бундай анжуманлар ҳар икки мамлакатда олиб борилаётган маърифий ислоҳотлар, инсон капиталини ривожлантириш, замонавий таълим моделларини татбиқ этиш каби йўналишларда ўзаро илмий-амалий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Конференция талабалар учун ҳам фаол мулоқот майдони сифатида хизмат қилди. Унда илгари сурилган замонавий ғоя ва ташаббуслар улар учун янги билим манбаи, шунингдек, илмий тадқиқотларга руҳлантирувчи давра вазифасини ўтади. Талабалар халқаро илмий майдондаги жараёнларни жонли кузатиш ва ижтимоий-сиёсий мулоқот маданиятига янада яқин бориш имкониятига эга бўлди.
Анжуман доирасида “Маҳмудхўжа Беҳбудий илмий меросининг ўзига хос жиҳатлари”, “Султон Қобус бин Саид – замонавий Ўмоннинг ислоҳотчи ҳукмдори”, “Қобус бин Саид ислоҳотлари: ёпиқликдан замонавий давлат сари”, “Жадидлар ва Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифатпарварлик ва илм-фан соҳасидаги фаолияти”, “Ўмон – анъана ва модернизатсия чорраҳасида: Султон Қобус мероси”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Султон Қобуснинг маърифатпарварлик қарашларидаги ўхшаш жиҳатлар” ҳамда “Султон Қобус ислоҳотларининг жадидлар ғояларига уйғунлиги” каби таҳлилий мақолалар ўқиб эшиттирилди. Йирик тарихий шахсият – Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Султон Қобус бин Саиднинг ҳаёт йўли, маърифатпарварлик ғоялари ва амалий ислоҳотлари орқали юксак қадрият – Ватанга хизмат қилиш, миллат тараққиёти учун ўзини бағишлаш тамойили яна бир бор яққол намоён бўлди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган тасвирий санъат кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўмоннинг қадимий маданияти, замонавий тараққиёти ва миллий ўзлигини ифодаловчи турли йўналишдаги асарлар намойиш этилди. Экспозицияда тарихий портретлар ва қоришиқ услубдаги лавҳалар, халқ анъаналарига оид миллий либослар, меҳнат ва ҳаёт саҳналари тасвирланган композициялар, замонавий абстракт ва каллиграфик асарлар, шунингдек, Ўмон санъатига хос безак буюмлари намуналари жамоатчилик эътиборига тақдим этилди.
Шаҳриёр ШАВКАТ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
856



