24.07.2025 | 14:14
414
БИРИНЧИ ЎЗБЕК ШЕЪРИЙ РОМАНИНИ КИМ ЁЗГАН?
Шеърий роман ёзилиши камёб ҳодиса. Роман даражасидаги кенг қамровли воқеа-ҳодисаларни назмий шаклда ифода этиш жуда мураккаб.
“Шеърий роман” тушунчаси адабиётшуносликка кириб келгунига қадар ҳам катта ҳажмдаги шеърий эпик асарлар кўп яратилган. Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си, Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Садди Искандарий” достонлари, ундан ҳам олдин яралган “Илиада” ва “Одиссей” эпослари моҳиятан олиб қаралса, шеърий романнинг бир кўриниши бўла олади.

Тадқиқотларга кўра, “шеърий роман” истилоҳи Пушкиннинг “Евгений Онегин” асари яратилгандан сўнг адабиётшуносликка кириб келган. Филология фанлари номзоди Лола Аҳророва “Ўзбек шеърий романларининг спецификаси” мавзусидаги номзодлик диссертациясида, жумладан, шундай дейди: “Пушкингача мавжуд шеърий асарларга нисбатан “катта эпик поэма”, “эпик поэма”, “поэма” терминлари қўлланилган бўлса, ўзбек адабиётидаги шеърий эпик асарларга нисбатан “достон”, янги лирик-эпик асарларга асосан “поэма” термини синоним сифатида ишлатилиб келинмоқда”. Олима биринчи ўзбек шеърий романи қайсилиги ҳақида тўхталиб, “Ўзбек реалистик шеърий романи Мирмуҳсиннинг “Зиёд ва Адиба” асари билан бошланади”, деган хулосага келади. Бошқа бир нечта манбаларда ҳам биринчи ўзбек шеърий романи айни шу асар экани қайд этилади. Аммо бу қанчалик тўғри?
Юқорида таъкидлаганимиз мумтоз адабиётдаги достонларни ҳисобга олмасдан, замонавий адабиётдаги шеърий романларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг биринчиси жадид бобомиз Элбекнинг “Тозагул” асари экани ойдинлашади.
Адабиётшунос Ҳайдарали Узоқов “Эрк йўлида эрксиз кетган фидойи” мақоласида шундай ёзади: “…шоир ўта камтарлик қилиб беш катта бўлим, 215 саҳифани ўз ичига олган 5 823 мисралик “Тозагул” шеърий романини “достон” деб атайди. Асарни ўқир экансиз, ундаги Тозагул ҳамда Норйигитлар турмуши негизида содир бўлган ижобий ва салбий кайфиятлар, қишлоқдаги машаққатли меҳнат, ҳалол ва пок уринишлар ҳамда баъзи нохуш зиддиятлар шеърий тарзда ҳаётий ва бадиий такрорланади. “Тозагул”да қаламга олинган мавзунинг кенг қамровлилиги ва воқеалар ривожи, қаҳрамонларнинг кўлам даражаси, бизнингча, асарни достон эмас, балки уни шеърий роман дейишга асос беради”.
Ушбу асар 1934 йилда ёзилган. Мирмуҳсин қаламига мансуб “Зиёд ва Адиба” эса 1954–1958 йилларда қоғозга туширилган. Балки “Тозагул”ни шоирнинг ўзи поэма деб эълон қилгани учун ҳам адабиётшунослар уни шеърий роман қаторига киритмас. Аммо асарни бироз таҳлил қилиб, ундаги қаҳрамонлар сони ва воқеалар тадрижини кўздан кечирадиган бўлсак, достондан кўра қамрови кенгроқ, поэмага нисбатан каттароқ асар эканига гувоҳ бўламиз.
Асар воқеалари Биринчи жаҳон уруши арафасидан 1933 йилгача бўлган даврни акс эттиради. Ўша пайтдаги сиёсий вазиятнинг реал тасвирини кўрсатишда бу шеърий романнинг аҳамияти юқори. Зеро, ўзбек халқининг турмуш тарзи, одамларнинг орзу-ҳаваслари, ижтимоий-сиёсий жараёнларга муносабат, “инқилоб” дея кўкка кўтарилган пуч ғояларга қандай алдангани, синфий курашнинг салбий оқибатлари, илғор пахтакорларнинг биринчи қурултойи каби долзарб масалалар романнинг асосий объекти саналади.
Шеърий романда бош қаҳрамонлар – Норйигит ва Тозагулдан ташқари йигирмага яқин катта-кичик образлар акс эттирилган бўлиб, уларнинг тақдири, қисмати орқали XX аср бошларидаги турмуш ҳақиқатлари намоён бўлади.
Роман соф бадиий асар сифатида камчиликлардан холи эмас. Шоир ўша давр сиёсати, тузуми таъсирида совет мафкураси, социалистик революция учун курашларни акс эттиришга мажбур бўлгани, айрим эпизод ва қаҳрамонларни мажбуран қўшгани сезилади. Чўлпон “Кеча ва кундуз” романига рус кишиси образини киритишга мажбур бўлгани каби Элбек ҳам шеърий романига Михаил Игнатевни қўшади. Гўёки, Тошкентда яшайдиган бу шахс Норйигитга ёрдам қўлини чўзиб, уйидан жой беради, ишга жойлаштиради, сиёсатга тортади. Ажабланарлиси, ўзи яқиндагина Тошкентга кўчириб келтирилган Михаил шаҳарга ёндош бўлган Чирчиқ қишлоғи вакили Норйигитни меҳмон сифатида қабул қилади ва уни онгли, исёнкор, фаол курашчига айлантиради. Шоир бу образни ўзи истаб қўшмагани тайин, аммо замона зайли шу эди. Йўқса, роман орқали айтмоқчи бўлган асосий фикрларни ҳам бера олмас, асарни чоп қилишнинг имкони топилмасди.
Норйигит ва Тозагул дастлаб содда қишлоқ ёшлари сифатида тасвирланиб, асар давомида ҳақиқий курашчи, меҳнаткаш ишчи сифатида шакллана бориши, сюжет линиясининг изчил ривожланиши, икки ёшнинг севги қиссалари ва висолга етишишлари, эпик асарга хос конфликт, тугун ва ечимнинг берилиши асарнинг шу пайтгача яратилган шеърий романлардан кам эмаслигини кўрсатади.
“Тозагул” шеърий романи ўз даврида китоб ҳолида ва қисмларга бўлинган ҳолда матбуот саҳифаларида чоп этилган. Аммо бугунги ўқувчи бу шеърий роман билан тўла таниша олмайди. Адибнинг 1999 йилда нашр қилинган “Танланган асарлар”ида боблар берилган, холос. Бу асарни илк ўзбек шеърий романи сифатида қайта нашр этиш ва ўқувчиларга етказиш адабиётшунослар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Зеро, бу орқали мазкур жанрдаги илк асар тарихи 20 йил ортга сурилиб, ушбу йўналишда ҳам дастлабки тажрибалар жадидлар томонидан амалга оширилгани борасидаги ҳақиқатлар юзага чиқади.
Бекзод ИБРАГИМОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мустақил изланувчиси
“Жадид” газетасининг 2025 йил 18 июлдаги 29-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
825
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



