Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 12°C

TAVSIYA QILAMIZ


02.12.2025 | 15:00

img178

БИЗДАН ҲАРАКАТ…

Кимё фанлари доктори, профессор Рашид ҚУЛМАТОВ билан суҳбат

– Хабарингиз бор, Прези­дентимизнинг “Тошкент шаҳри­­да экологик вазиятни яхши­лаш бўйича кечиктириб бўл­майдиган чора-тадбирлар тўғ­рисида”ги Фармони эълон қилин­ди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслар­дан оқилона фойдаланиш соҳаси­даги малакали олим сифатида суҳ­батни ушбу ҳужжатга муноса­батингиздан бошласак.

– Фармон нафақат Тошкент шаҳри, балки республикамиздаги экологик муаммоларни ечишга қаратилган тизимли ишларнинг пунк­туал йўл харитасидир. Унда белгилаб берилган вазифалар ижроси таъминланиши натижасида пойтахтда экологик вазият барқарорлашиб, келгусидаги “хуруж”ларнинг олди олинади. Шу маънода, бу фақат реабилитация эмас, профилактика ҳам демак.

Бугунги кунда Тошкент шаҳри ҳавосининг бу қадар ифлосланиши­га нима сабаб бўляпти? Бунинг жавоби ҳам айнан юқоридаги фармон бандларида ўз аксини топ­ган. Яъни, чекловлар ва имтиёз­лар турига қараб, атмосферага чиқари­лаётган газлар, чанг, кул ва қурумлар манбасини аниқлаш мумкин. Айримларини келтира­миз: авто­транспорт воситалари, саноат кор­хоналари, иссиқхоналар, қури­лишлар…

Фикримча, электромобиллар­га ўтиш жараёнини тезлаштириш керак. Кўп мамлакатларда, айниқса, Хитой­да бунга эришилган. Масалан, ўн йил олдин Пекин ­дунёдаги атмос­фераси энг ифлос шаҳарлардан бири эди. Яқинда Хитойда илмий сафарда бўлдим – ижобий ўзгариш бор. Эътибор берсам, йўлда деяр­ли юз фоиз электромобиллар ҳара­катланмоқда. Бизда ҳам ушбу авто­­­уловларга қизиқиш ортиб бор­япти. Менимча, уй олиш учун берилаётгани сингари электромобиль хариди учун ҳам субсидия жорий қилиш мумкин.

Бунда аҳолидан ҳам ҳаракат лозим. Имкон қадар шаҳар ичида жамоат транспортларидан фойдаланиш керак. Эсласангиз, карантин даври­да транспорт қатнови кескин чекланган эди. Ўшанда ҳаво шунчалик тозаланганки, Тошкент атрофидаги тоғлар, осмондаги юлдузлар ҳам равшан кўрина бошлаган.

– Домла, бу йўлда ҳам, албатта, илм-фан ёрдами ва олимлар хизмати зарур. Фармонда Ўзбекистон Фанлар академияси бежиз қайд этилмаган. Бугун қайси мавзуларда илмий изла­нишлар олиб боряпсиз?

– Шогирдларимиз билан олиб бора­ётган илмий ишларимиз мавзуси – иқлим ўзгаришлари ва сув ресурслари бўйича. Ўзбекистоннинг йирик дарёлари, уларни муҳофаза қилиш ва соф ҳолда сақлаш бўйича ҳозирда уч шогирдим докторлик диссертацияси устида ишлаяпти.

Бундан ташқари, суғорилади­ган ерларнинг деградацияси, шўр­ланиши масалалари устида ­Сир­­дарё, Жиззах, Навоий вилоят­ларида бир неча йил давомида илмий тадқиқотлар ўтказдик. Жуда яхши илмий натижаларга эриш­дик, хулоса ва таклифларни тегишли ташкилот­ларга тақдим этдик. Қуво­нарлиси, ҳозир улар амалиётда қўлланил­япти. Ерларнинг шўр­ланиши Ўзбе­кистон учун жуда катта муаммо. Айниқса, Қора­қалпоғистон Рес­публикаси, Хоразм, Навоий, Сир­дарё вилоятларида ҳосил­дорлик 30–50 фоизгача камайиб кетади.

Шу йўналишда ҳозир илмий тавсиялар ишлаб чиқяпмиз.

Иқлим ўзгаришларининг Марказий Осиёга таъсирига келсак, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбе­кистон ва Қозоғистоннинг жанубий қисмида ҳарорат ошиши жаҳон кўрсаткичига қараганда 0,4-0,5 даражага юқори. Бунинг сабаблари кўп. Энг муҳимларидан бири, минтақанинг географик жойлашуви билан боғлиқ. Ўзбекистон қуруқ, арид иқлимли ҳудудда жойлашган. Шунинг учун бу ерда нафақат атмосфера, балки тупроқ ҳам кўпроқ қизийди.

– Бунга қўшимча равишда кузнинг қурғоқчил ўтаётгани ҳам вазиятни оғирлаштиряпти. Жаҳонда сунъий интеллект дронлари ёрдамида ёмғир ҳосил қилиш амалиёти бор экан. Бизда ҳам шунақа янгиликлар борми?

– Сунъий ёмғир ёғдириш технологияси бизда ҳозирча ривожланмаган. Бу жуда катта маблаг‘ ва тажриба талаб қиладиган соҳа. Булутларни кимёвий усулда уруғлантириб, маълум ҳудудга йўналтириш ва ёғдириш – катта техника, илмий тадқиқотлар ва доимий мониторингни талаб қилади.

Ёғингарчиликнинг камайиши ҳам иқлим ўзгариши фожиалари занжирининг бир қисми. Музликлар эриши, ёғингарчилик режимининг ўзгариши, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, қурғоқчиликнинг кучайиши – буларнинг барчаси ўзаро боғлиқ. “Биз табиатдан инъом-эҳсон кутмаймиз, аксинча, тортиб оламиз” деган ақидалар даври ўтди. Табиат билан курашиш эмас, муроса қилиш керак. Чунки табиат одамзоднинг эмас, одамзод табиатнинг бир бўлаги. Уни қутқаришга қўл чўзмас эканмиз, охирида шу қўллар билан бошимизга муштлаб қолишимиз мумкин.

Юртимизда сувни тежовчи технологияларга, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатига катта эътибор қаратиляпти. Буларнинг барчаси табиат ва тараққиёт ҳамкорлиги тимсолидир. Иқлим бир кунда шаклланмагани каби, унинг муаммолари ҳам бир кунда ё бир ойда ҳал бўлиб қолмайди. Бугун экилган ҳар бир ниҳол фарзандларимиз, невараларимизга тоза ҳаво беради, ҳар бир литр тежалган сув авлодларимиз чанқоғини босади.

– Пекинда сафарда бўлганингизни айтдингиз. ­Хитойлик ҳамкасбларингиз билан ҳамкорлик қай йўсинда давом этмоқда?

– Дарҳақиқат, ушбу давлатга кўп бор хизмат сафари уюштирганмиз. Бу йил ҳам Хитой Фанлар академиясининг президенти томонидан уч марта расмий таклиф келди. Уларни ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорлик нима учун бу қадар қизиқтирмоқда? Сабаби шуки, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш янги босқичга кўтарилди. Савдо-иқтисодий, технологик ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Энди улар “Иқлим ўзгариши инвестиция лойиҳалари келажагига қандай таъсир кўрсатади? Келгусида қандай чора-тадбирлар кўриш керак? Бу йўлда илм-фан вакиллари қандай фикрда?” каби саволларга жавоб излайди. Шунинг учун Хитой томони барча харажатларни қоплаган ҳолда ҳамкор давлатлар олимларини таклиф қилиб, фикр ва тажриба алмашади.

Шу ерда икки жиҳатдан ибрат олишимиз мумкин. Биринчиси, дунёда илмдан бошқа нажот йўқ, деган қоидага биноан илм-фан ривожини изчил давом эттириш ҳамда яратилаётган шароитларга муносиб жавоб бериш. Иккинчиси, иқлим ўзгариши фақат ҳукумат ё экологларнинг муаммоси эмас, ҳар биримизнинг фаолиятимиз ҳам бевосита шунга боғлиқ эканини англаб етишимиз лозим.

– Экологик муаммоларни бартараф этишда сунъий идрок имкониятларидан нечоғлик фойдалана оляп­миз?

– Сунъий идрок иқлим ўзгаришларини ўрганишда, хусусан, прогнозлар аниқлигини оширишда ҳам ёрдам беради. У орқали катта маълумотлар қисқа вақт ичида таҳлил қилинади. Шунингдек, қатор технологияларнинг ишлаш тартибини назорат қилишда ҳам ундан унумли фойдаланиш мумкин. Аммо охирида барибир ҳаракатни сиз-у биз – одамзод қилиши керак. Асосий масъулият барибир бизнинг елкамизда қолади.

Иқлим ўзгаришларини тўхтатиш мумкинми? Очиғини айтиш керак, бунинг имкони йўқ. Бу менинг эмас, жаҳон олимларининг фикри. Демак, ягона йўл – мослашиш ва изланиш. Юқори ҳароратга мослашиш, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришни шунга мослаштириш, инфратузилмани қайта кўриб чиқиш зарур.

– Домла, менимча, муштарийларимиз учун жуда қизиқ ва фойдали суҳбат бўлди. Сизнинг машақ­қатли ва савобли изланишларингизда янгидан-янги ютуқлар тилаб қоламиз. Зеро, илмнинг мувафаққияти жамиятнинг равнақи ва фаровонлиги асосидир. Саломат бўлинг!

Васила ҲАБИБУЛЛАEВА суҳбатлашди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855