02.12.2025 | 09:49
159
ОГОҲЛИК ҚЎНҒИРОҒИ
Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олгани бежиз эмас. Бунинг оқибатида охирги 20 йил ичида ер юзида 4,5 миллиардга яқин одам йирик табиий офатлардан жабр чеккани, 1,2 миллион киши ҳалок бўлгани, иқтисодий зарар эса қарийб 3 триллион долларни ташкил этганини тасдиқловчи маълумотлар бор.

Мутахассисларнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари географик жойлашувига кўра иқлим муаммоларига кўпроқ моилдир.
Масалан, охирги 50–60 йил ичида минтақадаги музликлар майдони 30 фоизга камайган. Ҳароратнинг 2 даража кўтарилиши музликлар майдонининг 1,5 баравар, 4 даража кўтарилиши 80 фоизга қисқаришига олиб келиши мумкин. Башоратларга кўра, 2050 йилга бориб сув ресурслари Сирдарёда 5 фоизга, Амударёда 15 фоизгача қисқаради. Ерларнинг деградацияси ва чўлланиши ҳам инкор этиб бўлмас масалалардан. Ўзбекистон ва қўшни давлатлар Орол денгизининг қуриши, унинг тубидан осмонга кўтарилган пестицидли чангларнинг таъсиридан азият чекиб келаётганига анча бўлди.
Айни пайтда ҳавонинг бузилиши жаҳон миқёсидаги экологик муаммолардан бирига айланмоқда.
Жумладан, халқаро ҳисоботлар охирги йилларда бир неча бор Тошкентни дунёдаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар сирасига киритди. Бу йил ҳам пойтахтимиз ушбу рўйхатда дунёнинг йирик шаҳарлари орасида бир неча бор олдинги ўринларга чиққани барчамизда жиддий ташвиш уйғотди. Натижада мавжуд муаммога зудлик билан ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Президентининг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ушбу муҳим ҳужжат пойтахтнинг экологик муаммоларига қарши курашда туб бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Фармон нафақат экологик муаммоларни тан олиш, балки уларни ҳал этиш учун амалий, комплекс ва кескин чора-тадбирларни жорий этишга қаратилган. Инсон саломатлиги ва ҳаёт сифатини яхшилаш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Ҳужжатда белгиланган ҳаво, сув ва тупроқни ифлослантирувчи манбаларга қарши кураш чоралари бевосита инсон саломатлигини ҳимоя қилишга йўналтирилган. Саноат корхоналари чиқиндиларини камайтириш, транспорт ҳаракатини чеклаш, қурилишдаги чангни бартараф этиш талаблари экологик хавфларни камайтиради.
Фармонга биноан, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан мамлакатимизга олиб кириладиган маиший ҳаво тозалаш ускуналари божхона божидан озод этилмоқда. Атмосфера ҳавосининг РМ 2.5 зарралари билан ифлосланиш манбаларини аниқлаш учун Экология қўмитаси ҳузурида Атмосфера ҳавосини чуқур ўрганишга қаратилган махсус лаборатория ташкил қилиниши, Тошкент шаҳрида ҳаво сифати реал вақт режимида назорат қилинадиган автоматлаштирилган тизим яратилиши, экологик меъёрларни бузган иссиқхоналар, турли печлар ҳамда корхоналарга нисбатан маъмурий ва бошқа таъсир чоралари кўрилиши назарда тутилган. Пойтахтда ҳаво ифлосланишини камайтириш мақсадида 2010 йилгача ишлаб чиқарилган, экологик талабларга жавоб бермайдиган автомобилларни траде-ин орқали янгилаш механизми жорий этилаётгани, Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2026 йилга қадар 33 километр узунликда “Яшил коридор” барпо этиш, 700 та чорраҳада замонавий, сунъий интеллектуал бошқарувга эга светофор тизимини жорий этиш вазифаси юклатилиши ҳам фармоннинг аҳамиятини оширади.
Фармон асосида Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
2025 йил 1 декабрдан бошлаб Тошкентда АИ-80 бензинини сотиш тўхтатилади. Қурилиш объектларига ҳаво сифатини ўлчайдиган стантсия ва камералар ўрнатилади. Бундан кейин Тошкентда биноларни қуриш лойиҳалаштирилаётган пайтда шамол йўналиши ва тезлигини инобатга олиш талаби қўйилади. “Яшил Тошкент” лойиҳаси учун масъул республика ишчи гуруҳи тузилади. Тошкент шаҳар ўрмон хўжалиги ташкил этилади. Энг муҳими, пойтахтда дарахт кесиш қарори овоз бериш орқали қабул қилинади.
Экологик назоратни кучайтириш ва масъулиятни ошириш мақсадида Махсус комиссиянинг тузилиши ва унга саноат корхоналари фаолиятини тўхтатиш, чекловлар жорий этиш сингари берилган кенг ваколатлар экологик қонунбузарликларга нисбатан кескин чоралар кўрилишидан далолат беради. Бу эса ифлослантирувчи субъектларнинг масъулиятсизлигига чек қўйиб, атмосфера ҳавосини тозалаш ва чангланишни камайтиришга хизмат қилади.
Тошкент ҳавосидаги зарарли моддалар ва чанг миқдорини кескин камайтириш фармоннинг энг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борада бир қатор чоралар назарда тутилган. Масалан, транспорт ҳаракатини чеклаш, юк ташувчи автотранспортлар ва тоқ-жуфт давлат рақамли автомобилларнинг ҳаракатини вақтинча чеклаш (электромобиллар бундан мустасно) ҳавога ташланадиган заҳарли газлар миқдорини камайтиради.
Дарахтлар – сайёрамизнинг “ўпка”си. Улар инсон учун бебаҳо манба – кислород ишлаб чиқаради, шунингдек, ҳаводаги чанг зарраларини, турли зарарли газларни ўзига сингдириб, ҳавони тозалайди. Шаҳарларда яшил майдонлар ва дарахтзорларни кўпайтириш ҳаво ифлосланишини табиий равишда камайтиришнинг энг самарали йўлларидан биридир. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси каби ташаббуслар доирасида кўчат экиш кўламини кенгайтириш ва уларнинг парваришини тизимли йўлга қўйиш, янги қурилаётган ҳудудларда дарахтзорлар ва боғлар учун мажбурий ер ажратиш, мавжуд яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ҳам экологияни, мусаффо табиатни яратишда муҳим роль ўйнайди. Фармонда бу масалаларга атрофлича аҳамият қаратилган.
Атроф-муҳитга зарар етказувчи саноат корхоналарининг Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларга кўчирилиши шаҳар ичидаги экологик босимни сезиларли даражада енгиллаштиради. Шунингдек, саноат корхоналари учун ташланмаларнинг рухсат этилган миқдорини белгилаш ва меъёр бузилган ҳолатда уларга кескин чоралар кўриш мумкинлиги экологик масъулиятни оширади. Махсус комиссияга ушбу йўналишда давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ваколати берилгани ҳам экологик сиёсатни амалга оширишда тарқоқликнинг олдини олади ва ягона стратегия асосида ҳаракат қилиш имкониятини яратади.
Кези келганда айтиш керакки, ҳаво сифатини яхшилаш бир кунлик иш ёки бир ташкилотнинг вазифаси эмас. Бу давлат органлари, маҳаллий ҳокимият, корхоналар ва энг муҳими, ҳар бир фуқаронинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этувчи кенг кўламли масаладир. Атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш ва яшил маконларни асраб-авайлаш орқали соғлом яшаш муҳитини яратишимиз мумкин. Халқимизнинг ерни, табиатни, сувни, ҳар бир ниҳолни асраш ва эъзозлаш борасидаги эзгу анъаналарини, бу билан боғлиқ муқаддас тушунчалари, мақол ва ривоятларини, албатта, ҳаммамиз яхши биламиз.
Афсуски, бугунги глобал замонда биз бу қадриятлардан тобора узоқлашиб бормоқдамиз. Ҳолбуки, мана шу миллий қадриятларимиз муаммога ечим топишнинг асосий йўлларидан бири бўлиши мумкин.
Экологик муаммолар – ўз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон ва жамият учун огоҳлик қўнғироғидир. Бугунги ҳар бир ҳаракатимиз фарзандларимизнинг тоза ҳаводан нафас олиши учун пойдевор бўлиб хизмат қилади. Шу маънода, Президентимизнинг ушбу фармони мавжуд муаммоларга ечим топиш билан бирга, келгуси авлодлар учун соғлом муҳитни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегик йўлни белгилаб бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Эндиликда асосий вазифа – бу муҳим фармонда белгиланган чора-тадбирларни изчил ва самарали амалга оширишдан иборат.
Жамолиддин БАДАЛОВ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



