Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


08.07.2025 | 09:52

img235

БИЗДАН ҚАЙ ИШ ЛОЗИМ БЎЛСА, БАРЧАСИГА ТАЙЁРМИЗ!

Давлат раҳбарининг халқ билан, хусусан, ёшлар билан мулоқоти сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Навбатдаги учрашув 30 июнь ‒ Ёшлар куни байрами муносабати билан пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида ўтказилди. Глобал ёшлар форумининг ёпилиш маросими ҳам ушбу кунга тўғри келгани тадбирга алоҳида моҳият бағишлади.

Учрашув бошланишидан олдин юртимизнинг турли нуқталаридан йиғилган ёшлар ўзаро танишдик. Дўст‑биродар, ўртоқ‑дугона бўлдик. Ўз ҳудудимиздаги янгиликларни бўлишдик. Буни қарангки, ҳар биримизда айтса арзигулик ютуқ ва ўзгаришлар етарлича экан.

Кўп ўтмай даврамизга давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, шоирлар, спортчилар, тадбиркорлар ва хорижлик меҳмонлар келиб қўшилди. Барчамиз қизиқишларимиздан келиб чиқиб ўз соҳасининг профессионалларини суҳбатга тортдик, саволларимизга жавоб олдик. Катта экранда эса 14 та ҳудуддаги студиялардан қатнашаётган дўстларимиз кўриниб турибди.

Ва ниҳоят, геометрик аниқликда терилган ўриндиқларга жойлашдик. Шу пайт бошловчининг жарангдор овози янгради:

“Янги Ўзбекистоннинг азиз ёшлари! Кутиб оламиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти…”

Бутун зал оёққа қалқди. Кўзлар саҳнага қадалди. Орамизда Давлат раҳбарини телевидение ёки интернетда эмас, ҳаётда илк бор кўриб турган йигит‑қизлар кўп эди. Уларнинг нигоҳидаги меҳр ва хурсандчиликдан даврамиз файзига файз қўшилди, гўё меҳр нури билан зал яна ҳам чароғон бўлди.

Шавкат Мирзиёев бутун Ўзбекистон ёшларини байрам билан самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг, Юртбошимиз ёшлар учун манфаатли бўлган ташаббуслар ва янги имтиёзларни эълон қилди. Уларни санашдан олдин нутқдаги бир гапга эътиборингизни қаратсам: “Азиз ўғил-қизларим! Ҳозирги вақтда дунё қандай нотинч, қандай мураккаб бўлиб бораётганини кўриб турибмиз. Тинчлик – энг буюк неъмат, инсон қадри ва адолат – энг олий қадрият эканини ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этмоқдамиз”.

Дарҳақиқат, бугун вайронкор кучлар ёшлар қўлига ажал қуролларини бераётган ёки очлик ва юпунликдан бошқа нарса беролмаётган бир пайтда бизда ҳар уч‑тўрт ойда ёшлар учун янги имкониятлар берилмоқда.

Натижада, Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирди.

2024 йилда юртимиз ёшлари ТОП-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Бугунги кунда 30 нафар ёш дунёнинг ТОП-10талик олийгоҳида, 500 нафари ТОП-100 ва 1 минг 500 нафари ТОП-300 таликдан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда.

Футбол бўйича 17 ёшгача бўлган ўсмирларимиз Осиё чемпиони бўлди, Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

261 та ёшлар ташкил қилган корхонанинг йиллик айланмаси 100 млрд. сўмдан ошди.

2025 йилнинг 6 ойида халқаро фан олимпиадаларида 166 та медаль қўлга киритилди.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг ёш IT соҳасига ўқитилди.

Ўтган йили 150 мингдан зиёд ёш халқаро тил сертификатлари олди, бу 2023 йилга нисбатан 2 баравар ўсиш дегани.

Ушбу кўрсаткичларни кўтариш, ёшларни қўллаб‑қувватлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида эндиликда ҳар йили 3 минг нафар салоҳиятли ўқувчи дунёнинг нуфузли университетларига тайёрланади.

СТЕМ соҳалари учун “Эл-юрт умиди” квоталари бир неча баробар оширилади.

ТОП-300 олийгоҳга кирган ёшларга банклар томонидан 20 минг доллар имтиёзли кредит берилади.

“Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури ишга туширилади.

5 йилда барча мактаб битирувчилари сунъий интеллект соҳасида билимли бўлади.

2025 йилда 50 минг нафар қиз “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси билан қамраб олинади.

Ҳар йили юқори синф ўқувчиларини касб танлашга қизиқтириш ва кўмаклашиш мақсадида “Менинг касбим” республика танлови ўтказилади.

“Келажак лидерлари” дастурига ҳар йили 100 нафар ёш жалб этилади ва хорижий стажировкага юборилади.

300 миллион долларлик “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари орқали 240 минг ёш банд этилади.

Булар шунчаки рақам ва режалар эмас. Рақамлар ортидаги меҳнат ва маблағ ҳисобланса, Ўзбекистон ёшлар учун нақадар катта инвестиция киритаётганини тасаввур қилиш мумкин.

Эътиборлиси, нутқ қуруқ ҳисобот ёки иш режа шаклида бўлмади. Президентимиз ёшларнинг кўзига қараб, тенгдош суҳбатдоши билан фикрлашаётгандек сўзлади. Жараёнга ҳудудлар билан бўлган мулоқот, зарофатли лутфлар ва оталарча панд‑насиҳат ўзгача руҳ бағишлади.

Ушбу тарихий нутқдаги ҳароратли сатрлардан намуналар:

“Катта-катта давлатлар, дунёнинг энг нуфузли компаниялари бугун бизга нега ишонмоқда? Нега миллиардлаб доллар инвестиция киритмоқда?

Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки ҳамкорларимиз ёшларимизнинг илм-фан, таълим, ИТ, маданият, санъат ва спортдаги ютуқларини кўриб, салоҳиятимизга баҳо бермоқда, эртанги кунимиз пойдевори мустаҳкам эканига ишонч ҳосил қилмоқда”.

*

“Яқин-яқингача умрини пахта даласида ўтказган оддий оила фарзандлари илмда, спортда, бошқа соҳаларда бундай юксак марраларни эгаллашини тасаввур қилиш ҳам қийин эди.

Биз ёшларимиз учун шароит яратдик, улар бундан унумли фойдаланиб, баланд чўққиларни забт этмоқда.

Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда.

Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз!”

*

“Бу ишлар “кампаниябозлик” бўлмаслиги, ўзгаришларни ҳар бир маҳалладаги ҳар бир ёш ҳар куни чуқур ҳис қилиши зарур.

Ана шунда Янги Ўзбекистонда таълим олмаган, ишсиз, касб эгалламаган, бир сўз билан айтганда, уюшмаган ёшлар деган тушунчаларнинг ўзи қолмайди!”

*

“Мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини кўз асрашда сиз, азиз ёшларимизга таянамиз.

Унутманг: мустақиллик – бу шунчаки расмий мақом эмас, балки ҳар бир ёшга ўз тақдирини ўзи белгилаш имконини берадиган буюк неъмат”.

*

“Ҳеч қачон унутманг, фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги, албатта, ёруғ бўлади.

Мен бутун Ўзбекистон ёшлари ана шундай фазилатлар эгаси бўлишини тилайман!

Ишончим комил, биз кўп миллатли бутун халқимиз билан, сиз, азиз фарзандларим билан улуғ мақсадларимизга, албатта, етамиз! Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда, албатта, барпо этамиз!”

*

Навбат бир гуруҳ фаол ёшларга “Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳамда “Келажак бунёдкори” медалини топширишга етди. Тақдирлаш маросими ҳам самимий ва жўшқин кайфиятда ўтди.

Президентимиз ёшларга шунчаки нишонларни тақиб қўйгани йўқ. Ҳар бир лауреат билан суҳбатлашди. Уларга яна қандай ёрдам кераклигини сўради. Керак бўлса, айримлари кўтарган масалаларни шу ернинг ўзида ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Энг таъсирли нуқталардан бири – велоспорт бўйича Паралимпия терма жамоаси аъзоси Фотима Саиповага уй берилиши воқеаси бўлди. Бунда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимоя билан ҳар ким ҳамма жойда шуғулланиши керак деган ғоянинг амалий ифодасини кўрдик.

Гарчи диққат марказимизда иқтидорли тенгдошларимиз турган бўлса‑да, Президентни маҳаллалардаги 167 минг нафар уюшмаган ёш, тарбияси оғир ва ҳуқуқбузарлик қилган 17 минг ўқувчи ўйлантираётгани сезилди учрашув давомида.

Шу ўринда Давлат раҳбари янги сайланган маҳалла раисларига мурожаат қилди:

“Маҳалладаги тинчлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, соғлом муҳит кимга боғлиқ? Аввало, сизларга боғлиқ.

Маҳаллада битта боланинг нотўғри йўлга кириши ҳам фавқулодда ҳолат бўлиши керак. Шунинг учун, ҳар бир бола ҳақида, унинг тақдири, келажаги ҳақида, аввало, сизлар кўпроқ қайғуришингиз лозим”.

*

Одатда, мулоқот ўтказиладиган залда стол-стул қўйилади. Аммо бизнинг саҳнада фақат минбар ўрнатилган эди. Демак, асосий урғу нутқ ва табрикка қаратилган экан. Шундай бўлса ҳам Президентимиз тик оёқда туриб ёшлар билан бир соатга яқин мулоқот қилди. Унда йигирмага яқин йигит-қиз ўз таклиф ва ташаббусини билдирди.

Мулоқот мутлақо эркин муҳитда ўтди. Сўз сўраганларнинг барчаси мақсад-муддаоларини изҳор қилди. Ҳар бир ёшнинг масаласи тегишли ташкилот раҳбариятига йўналтирилди. Агар яна қўшимча таклифлар чиқадиган бўлса, уларни тўплаш ва Президентга етказиш Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев зиммасига юкланди. Шу тариқа тарихий учрашув ниҳоясига етди.

*

Яқин йилларгача бутун дунё назарида “миллион эгатларга сочилган” халқнинг болалари сифатида кўрилган, бугун эса Янги Ўзбекистоннинг олтин авлодига айланган ёшлар кўнглидан нима ўтди экан? Бахтли авлоднинг вакили сифатида хаёлимга халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг ушбу сатрлари келди:

Сиз қуёшсиз, баландланг-у ботар ерни унутманг,
Илдиздансиз, тағин илдиз отар ерни унутманг,
Туркистондай қайтиб келиб ётар ерни унутманг,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!

Отабек БАКИРОВ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 4 июлдаги 27-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859