Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


29.10.2025 | 10:12

img231

“ДУО” ҳикояси

Абдулла АЪЗАМнинг рус тилидан эркин таржимаси

– Ассалому алайкум, – телефонда боғчада тарбияланаётган болаларга хос овоз эшитилди, – бу йўқолган буюмларни топиб берадиган идорами?
– Ҳа, кичкинтой. Нима йўқотдинг?
– Ойимни.
– Ойимни? – ажабсинди топилмалар бюросининг ходими. – Ойинг қанақа эди?
– Жуда чиройли, жудаям меҳрибон. Ҳа, яна мушукларни яхши кўрарди.
– Бўлди-бўлди. Кеча худди шундай ойи топган эдик. Сенинг ойинг бўлса керак. Қаердан телефон қиляпсан?
– Учинчи болалар уйидан.
– Яхши. Ҳозироқ ойингни жўнатамиз. Кутиб тур.
Аёл Қўзивойнинг хонасига кириб келганда, у эшикка термулиб ўтирар эди. Аёл чиндан ҳам гўзал, юзидан шундай меҳр ёғилиб турар, яна, денг, қўлида мушукча кўтариб олган. Қўғирчоқ эмас, жонли.
– Ойи! – Бола ўзини аёлнинг қучоғига отди. Аёл ҳам уни кўтариб бағрига босди. Бола унинг елкаларига осилиб, шундай қаттиқ қучоқладики, шундай қилмаса, яна йўқотиб қўядигандай. – Ойижон!
Бола ўзининг қичқириғидан ўзи уйғониб кетди. Ўтирган кўйи жовдираб атрофга қаради, кейин ҳафсаласи пир бўлган одамдай бўшашганча тўшагининг ичига кирди. У ҳар куни шундай туш кўради. Ҳар куни туши рўё бўлиб чиқади. Болакай ёстиқчасининг остидан сурат олиб, унга термулди: “Ойижон, қаердасиз?
Анча бўлди, бола суратни ҳовлида ўйнаётганда топиб олган. Ўшандан бери уни авайлаб-асрайди. Суратдаги аёл менинг ойим деб ишонади, уни кутади. Ўнгида ҳам, тушларида ҳам. Бола суратни силаганча ухлаб қолди.
Болалар уйи мудираси ҳар куни эрталаб бирма-бир хоналарни айланишга одатланган – болаларни уйғотиб чиқади, шу баҳона улардан хабар олади.  Бугун ҳам у айланар экан, Қўзивойнинг хонасига кирганда, кўзи полда ётган суратга тушди. Уни қўлига олди-да, боланинг елкасини силаб уйғотди:
– Қўзивой, бу суратни қаердан олдинг?
Бола кўзларини ишқалаб олди-да, жавоб берди:
|– Ҳовлида ётган экан.
– Нега асраяпсан? Киминг бўлади?– Ойим. Қаранг, жуда чиройли, меҳрибон. Мушукларни яхши кўради.
Мудира аёлни таниди – суратда ёши каттароқ бўлиб кўринса ҳам, ўзи навниҳол қиз, исми Хайри эди. Анча бўлди, болалар уйини оталиққа олган университет талабалари билан келган, етим болаларга айрича меҳрибонлик кўрсатган – ўйинчоқлар совға қилган. Ўшандан буён у тез-тез келадиган бўлиб қолди – тарбияланаётган болалардан асраб олиш учун ҳужжатлар тўплар эди. Чамаси, расми ўша ташрифлардан бирида тушиб қолган бўлса керак. Бир неча марта аризасини рад қилишга мажбур бўлишди. Сабаби, ҳали турмуш қурмаган эди.
Мудира Қўзивойга далда бергандай ғудранди:
–  Сенинг ойинг бўлса, уни топамиз…
Хонанинг эшиги тақиллаб очилди-да, Хайри кўриниш берди.
– Киравер, бемалол, – лутф қилди мудира.
Хайри ишора қилинган стулга омонатгина ўтирди.
– Мана, – деди у қўлтиғига қистирилган жилдни стол устига қўяр экан. – Айтганларингизнинг ҳаммасини йиғдим.
– Маъқул, синглим, – мудира унга синовчан тикилди. – Сенга саволларим бор. Нима қарор қилаётганингни тушунаяпсанми? Қандай масъулиятни зиммангга олишингни англаяпсанми? Қариндош-уруғинг нима дейди? Атрофингдагилар? Ахир, бола – бир кунлик қўғирчоқ эмас. Бу – бир умрга…
– Ҳаммасини тушунаман, опа. Роса ўйлаганман. Қариндошларим йўқ. Ўзим ҳам… – дудуқланди Хайри. – Ҳаммаси яхши бўлади, Худо хоҳласа. Ишонинг, опа.
Мудира қизнинг самимиятидан, дадиллигидан роҳатланди, барибир, огоҳлантириш бурчи эди:
– Ҳали турмуш қурмагансан. Эрга тегсанг, фарзанд кўрасан – буёғини ҳам ўйладингми?
– Ҳа, опа, – деди Хайри яна дадиллик билан. Жавобидан изоҳсиз ҳам бу ҳақда кўп ўйлагани сезилиб турар эди. –  Ҳали қачон турмуш қураман-у… Эрга теккан дугоналаримдан биттаси бир йил ўтар-ўтмас, яна бири қирқи чиқмай ажрашиб кетди.
Мудиранинг кайфияти тушди. Етим қизларга осонмас, ҳеч кими йўқ дея камситадиганлар кўп.
– Унақа дема, яхши яшаб кетаётганлари ҳам бор, – мудира шундай деди-ю, бир хўрсиниб олди. – Хўп унда. Қачон танламоқчисан?
– Танламайман. Ўзим туғсам, танлаб туғармидим? Болани Худо беради, дейишади-ку. Қайси ота-она туғилажак боласини танлайди? Чиройлими, хунукми, соппа-соғми ё… Қанақа туғилса ҳам, яхши кўриши керак-да, она бўлгандан кейин…
Хайрининг сўзлари мудирани ҳайратга солди. У ичида: “Ўзингга шукр, Худойим” деб қўйди. Кейин Хайрига юзланди:
– Сен танламайдиган бўлсанг, сени танлаб бўлишган. Исми Қўзивой.  Истасанг, ҳозироқ олиб келаман.
– Ҳа-ҳа. Майли, опа, ҳозир бўлгани яхши, – деди Хайри боягидай қатъий.
Мудира хонадан чиқиб, кўп ўтмай Қўзивойни етаклаб қайтди:
– Қўзивой, бу сенинг ойинг…
Мудира сўзини тугатмасдан, Қўзивой ўзини Хайрининг бағрига ташлади:
– Ойи, ойижоним!
Хайри болани бағрига босиб, елкаларини силай бошлади:
– Ўғлим, ўғилгинам. 
Хона сукунатга чўмгандай эди. Жимликни Хайри бузди:
– Ҳужжатлар… Қачон олиб кетсам бўлади?
– Энди таомилга кўра, бир неча кун келиб, болани ўзингга ўргатишинг керак. Ўзинг ҳам кўникишинг…
– Йўқ, – деди Хайри яна ўша феълини намойиш қилиб, – рухсат берсангиз, ҳозир олиб кетаман.
– Майли, розиман, – деди мудира аввалдан қарор қилиб қўйганига мувофиқ. Унинг яна бир тарбияланувчи тақдиридан кўнгли тўқ, эрталабки расм воқеасидан безовталанган кўнгли ёришган эди.
Очиқ қолган эшикнинг у томонида ғужғон бўлиб кузатаётган тарбиячилар, энагалар, ҳамширалар ҳам елиб-югуриб қолишди – бири Қўзивойнинг нарсаларини йиғиштириб келди, бири қоғоз халтага у-бу егулик солди. Бошқалари ҳам мамнун, ҳатто кўзёшларини дастрўмолга артиб ҳам олишди.
– Қўзивой, кел, мен билан хайрлаш…
– Меҳмонга келиб тургин, хўпми?..
– Бизни узоқ соғинтирма…
Тақдир топиштирган она-бола етаклашиб кўчага чиқишди. Уларнинг олдидан малла мушук югуриб ўтди. Қўзивой шубҳалангандай аста сўради:
– Ойи, мушукларни яхши кўрасиз-а?
–  Бўлмасам-чи. Уйга борсанг, ўзинг кўрасан.
Бола қувонганидан бир-икки сакраб олди. Хайри ҳам унга қўшилиб, қўлидаги икки халтани айлантириб рақсга тушгандай бўлди.
Бу манзарани деразадан кузатиб турган мудира кўкка боқди. Осмон уфққача оқиш-қўнғир булут билан қопланган эди.
Мудира дуога қўл очди:
– Илоҳим, уларни ўз паноҳингга ол, бир-бирига меҳр-у муҳаббат ато эт! Шундай қалби пок бандангдан саховатингни дариғ тутма! Ўзига ўхшаган пок ниятли, меҳр-садоқатли, иймонли умрдош ато эт! Норасидаларни она меҳридан, ота тарбиясидан мосуво қилма!
Мудира кафтларини юзига тортар экан, қуёш ёғдуси булутлар орасини ёриб, чор-атрофни яшнатиб юборди – фаришталар “Омин!” дегандай.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 24 октябрдаги 43-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855