Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


18.08.2025 | 09:38

img136

ЭЛ ҒАМХЎРИ

Ҳазрат Алишер Навоий “Подшоҳ одил ва ҳақ ниятли бўлса, мамлакат обод бўлади, гуллаб-яшнайди”, деб ёзади. Яна қадимги ҳикматларда нақл қилинадики, “Юртбошининг қадами етган жойга Тангрининг раҳмати ёғилади”. Бу сўзларнинг ҳаётий ҳақиқатини Қорақалпоғистон мисолида кўриб турибмиз. Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ғарбий сарҳадларимизга қилаётган ҳар бир ташрифи биз учун қатор янгилик ва имкониятлар эшигини очмоқда. Ташриф доирасида бўлган халқ билан мулоқот одамлар кайфиятини ижобий тарафга ўзгартираётган бўлса, масъуллар билан ўтказилган йиғилишлар хайрли тадбирларга йўл очмоқда.

Юртдошим, Оролга бир ниҳол қада…

Туз ва қумлари Аляска музликларигача учиб бораётган Орол муаммоси узоқ вақтдан бери янгича ёндашувдаги ечим кутиб ётган эди. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72- ва 75-сессияларида Орол денгизи инқирози чегара билмайдиган глобал экологик муаммолардан бири эканлигини таъкидлаб, дунё ҳамжамиятини огоҳликка чақирди. Ана шундай таклиф ва ташаббуслар натижаси ўлароқ, 2018 йилнинг 27 ноябрь куни Ню-Ёрк шаҳридаги БМТ қароргоҳида муҳим тарихий воқелик юз берди. БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилди.

Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг эътибори ҳамда ёрдами яхши натижа бермоқда. Лекин асосий иш мамлакат ичкарисида амалга оширилди. Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш ташаббусининг илгари сурилгани инсон ва иқлим фойдаси учун нажот кемаси бўлди, десак адашмаймиз. Эзгу ташаббус фақат масъул идоралар томонидан амалга оширилмади. Унга ҳисса қўшишни истаган турли соҳа вакиллари, хусусан, ёшлар кўнгилли равишда Мўйноққа оқиб кела бошлади. Натижада, 1 минг 459 тонна саксовул, 73 тонна қорабуроқ уруғи йиғилиб, Оролқумга битталаб қадаб чиқилди.

Учоқ билан 326,2 минг гектар, бошқа техникалар ёрдамида 119,4 минг гектар ва қўл меҳнати билан 15,3 минг гектар ер кўкаламзорлаштирилди. Орол денгизи тубида чуқур бурғулаш ишлари олиб борилди. Ҳар бир артезиан қудуғидан сув отилиб чиққан саин аҳолининг қувончи ҳам булоқдек тўлиб-тошаверди.

Олмон шоири Гёте “Умид билан суқилган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ”, деб ёзганди. Дастлабки йилнинг ўзида саксовуллар бўй кўрсатиб, унинг бағрига кўпдан бери кўринмай кетган ноёб ҳайвонлар ва қушлар қайта бошлади. Денгиз атрофида ўсадиган ўсимликлар қайта кўкарди.

Агар “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатининг харитаси тузилса, Оролқумдан тортиб олиниб кўкаламзорлаштирилган майдоннинг ўзи бир денгиз бўлиб ястаниб ётганини кўришимиз мумкин.

БИР КЕЛИБ-КЕТИНГ МЎЙНОҒИМИЗГА!

Тарихан қисқа вақтда Давлатимиз раҳбарининг ўндан ортиқ ташрифига гувоҳ бўлдик. Биз учун бир неча ўнлаб фармонлар имзолаганини, юзлаб қарорлар қабул қилганини кўрдик. Айниқса, Мўйноқ туманини сиёсий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари акс этган кўрсатмалари қақраган тупроққа ҳам, ташна дилларга ҳам оби ҳаёт каби таъсир қилди.

Бир вақтлар минтақада балиқчилик локомотиви бўлган Мўйноқнинг файзи Орол сувлари билан чекинган эди. Иқтисодий танглик одамларни туғилиб-ўсган уйларини тарк этишга мажбур қила бошлаганди…

Шавкат Миромоновичнинг “Маданият Мўйноқдан бошланади!” деган шиори маёқ бўлиб порлай бошлади. Унинг ёғдуси кўп ўтмай кенг ва равон кўчалар, ижтимоий соҳа объектлари, баланд-баланд турар жойлар, корхоналарнинг кўркам бинолари узра тарала бошлади. Қисқа вақт ичида туман марказига чирой кириб, росмана шаҳарга айланди. 250 ўринли маданият саройи, 800 ўринли амфитеатр, музейлар, шоирлар хиёбони, ҳунармандлар аллеяси, Ажиниёз боғи, болалар дам олиши учун оромгоҳлар ташкил этилди. Янги иш ўринлари очилди.

Мўйноқ туристик ҳудудга айланди. Чет эллардан сайёҳлар кела бошлади. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш соҳалари ривожлантирилди. Айниқса, балиқ маҳсулотларидан тайёрланадиган 99 хил таом фестивали маҳоратли ошпазларни кашф қиладиган катта майдонга айланди.

“Қоражар” қишлоғининг тарихида биринчи марта тош ётқизилган йўл қурилди. “Туямўйин” сув омборидан “Қизил жар”, Ҳаким ота, Бўзатов, Амударё, Қипчоқдарё, Учсой, Алий овул, Дўстлик овул, Таллиқ овул, Тўқман ота овулларига тоза ичимлик суви етиб борди. Кенг табиат қўйнида қад ростлаган “Ақ кеме” болалар оромгоҳи ўсмирлар дам оладиган ҳузурбахш масканга айланди.

Энг муҳими, “Маданият Мўйноқдан бошланади!” маёғининг ёғдуси одамлар қалбини нурафшон қилди. Бугун биз Мўйноққа янгиланаётган эмас, тўлақонли янги сифатини ишлатамиз.

БЎЗАТОВ ОВОЗИ

Тикилган ўтов – ойдин келажак
Кетадиган бўлдик яна йўл солиб.
Омон бўл, хайр энди, Бўзатов.

– дея “оҳ” чеккан Ажиниёз шоирнинг дардли ноласи фақат китоб саҳифаларида қолиб кетганига кўп бўлди.

Бўзатов бутун бошли Болтиқбўйи давлатлари сиғадиган ҳудудга эга. Туман қайта ташкил этилгач, элликка яқин муассаса ва корхоналар иш бошлаб, кўплаб мутахассислар иш ўринларига эга бўлди. 135 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик ривожланди.

Ҳозир бу ерда ўттизга яқин мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. “Оқ Эден” қишлоғида қурилаётган 200 ўринли санатория биноси битса, Бўзатовда яна 150 иш ўрни очилади.

2019 йил Бўзатов тумани ташкил этилгач, Президентимиз ташаббуси билан ёш истеъдод эгалари мана шу гўзал масканга келиб, туманнинг обрўйини, довруғини бутун Ўзбекистонга танитиш учун “Бўзатов FEST” Ёшлар овози танловини юксак савияда ўтказишди. Бу танлов анъанавий санъат фестивалига айлангани минтақа ёшларига қақнусқанот бахш этаётгани бор гап.

БУ ЙЎЛЛАР КЎП ЯНГИ ЙЎЛЛАРДИР!

Автомобиль йўллари – иқтисодиётнинг “қон томири”. Сўнгги саккиз йилда соҳага 58 триллион сўм ажратилиб, 2 минг километр йўл қурилди, 100 минг километри таъмирланди. Лойиҳа ҳужжатларининг намуна стандартларидан воз кечилиб, ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятидан келиб чиқиш услубига ўтилди. 1 минг 700 та махсус техника харид қилиниб, йўл хўжалиги корхоналарининг таъминот даражаси оширилди. Янги турдаги асфальт-бетон,  цемент-бетон қопламалар жорий этилди. Уларнинг ҳолати 42 турдаги кўрсаткич бўйича текшириб борилади.

Жаҳон банкининг грант маблағлари ҳисобидан олиб келинган техникалар йўлнинг физик хусусиятларини баҳолаш ва ерости коммуникация тармоқлари ҳолатини қопламани бузмаган ҳолда текшириш имконини беради. Ҳар мавсумда йўлларнинг икки четига ҳар хил турдаги дарахт кўчатлари экилмоқда. Шунингдек, яшил макон доирасида ишларни янада жадаллаштириш учун йўллар бўйидаги ер майдонларини ижарага бериш жорий этилди.

2025 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида автомобиль йўлларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли дастур белгиланган бўлиб, режага кўра, жорий йилда жами 782,1 километр автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 577,6 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиши белгиланган. Бу ишлар натижасида транспорт алоқалари яхшиланиши, ҳаракат хавфсизлиги ошиши ва аҳоли учун қулай шароитлар яратилиши кўзда тутилган. Амалга оширилаётган ишлар эса Президентимиз томонидан белгиланган йўл инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги қатъий сиёсат Қорақалпоғистонда ҳам самарали давом этаётганини кўрсатмоқда.

“ЯШИЛ ЭНЕРГЕТИКА” РИВОЖЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги “Республика ҳудудларида микро гидроэлектр стантсиялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистонда 5 та янги микро гидроэлектр станция фойдаланишга топширилди.

Хусусан, Нукус туманида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида 3 та микро ГЕС қурилиб, ишга туширилди. “Ақтерек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Бўзатов канали оқимидан фойдаланилган ҳолда қуввати 15 кВт бўлган микро станция қурилди. Бу қурилма йилига 85 минг кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, маҳалланинг электр таъминотини барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, “Кердер” овул фуқаролар йиғинига қарашли “Қизил уй” овулидаги Тўрткўл каналининг сув ресурслари асосида қуввати 30 кВт/соат бўлган яна 2 та микро ГЕС фаолияти йўлга қўйилди.

КИРОЙИ ШАҲАР ШУНДАЙ БЎЛСА…

Тахтакўпир туманининг шимоли-шарқий томонида жойлашган Қоратеран кўли бўйидаги “Деҳқон қишлоқ”ликлар илгари Бўрчи тоғнинг тепасига чиқиб қуёшни ҳаммадан олдин кўрамиз деб мақтанадиган бўлса, энди “Президент бизга шаҳар қуриб берди”, деб ҳузурланадиган бўлди.

Кўл атрофи ва яқин қишлоқлар кўп йиллардан буён қаровсиз қолиб, ижтимоий объектлар, уй-жойлар, инфратузилма объектлари яроқсиз аҳволга келиб қолган, ишсизлик одамларни қийнаётган энг катта муаммолардан бирига айланган эди. Тахтакўпир марказидан кўлгача олиб борувчи 18 километр йўлга қум-шағал аралашмаси тўшалиб, асфалтланди. Кўл бўйига 223 дона бетон таянч устунлари ўрнатилди ва сув тозалаш иншооти қурилди.

Бўрчитов тоғига чиқиш учун узунлиги 130 метр, баландлиги 80 метр, кенглиги эса 3 метр, темир-бетондан ишланган 272 та зинапоядан иборат йўл бунёд бўлди. 30 миллиард сўмлик ушбу туристик маскан Қоратеранга келувчиларнинг мазмунли дам олиши учун севимли бир жойга айланди.

“БУНДА БУЛБУЛ КИТОБ ЎҚИЙДИ”

Нукус шаҳрида Президент мактабининг очилиши тарихий воқеа бўлди. Ўқиш СТЕМ йўналишида Кембриж ва маҳаллий ўқув дастури асосида қорақалпоқ ва инглиз тилларида олиб бориляпти.

Бунинг ёнида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов номидаги тил ўрганишга ихтисослаштирилган мактаб ҳам биринчилардан бўлиб истеъдодли ўғил-қизларни ўз бағрига олди. Ота-оналарининг орзуларидагина бўлган бу мактабда бугун икки юзга яқин бола таълим-тарбия оляпти.

Бундан ташқари, бевосита Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили минглаб ёшлар квота асосида олий ўқув юртларининг талабалари бўлиш бахтига муяссар бўлмоқда.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали, Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали, опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти йўлга қўйилгани бир ён бўлди, Бердақ номидаги давлат мусиқали драма театрига академик театр мақомининг берилиши бир ён бўлди.

Ҳозирда 24 та мусиқа мактабида тажрибали устозлар иқтидорли ёшларга сабоқ бермоқда.

Адабиётда эришган ютуқлари учун ўнга яқин қорақалпоқ ёзувчи-шоирлари давлат мукофотларига лойиқ кўрилди. Яна бир тарихда кўрилмаган воқеа: “Қорақалпоқ адабиётининг дурдоналари” кўп жилдлигини чиқаришга кўрсатма берилди.

Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида қўр тўкиб турган Бердақ, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов ҳайкалларига боқиб фахр туямиз. Мумтоз шоир ва тараққийпарвар Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллигини нишонлаш ҳақидаги Президент қарори эълон қилинди. Тошкент шаҳрида, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида “Қорақалпоқ адабиёти кунлари” бўлиб ўтди. Буларнинг барчаси адабиётимизга эҳтиром намунаси, меҳр ва ҳурматнинг белгиси.

* * *

Улуғ шоир Бердақ бир шеърида шундай ёзади:

“Эл-юртини ўйлаган
Эл ғамхўри керак менга”.

Бугун ана шундай эл ғамхўри юрт бошида тургани бизга фахр ва қувонч бағишлайди. Эзгу ишларнинг якуни бўлмайди. Яхши одамлар бор экан, яхши ишлар давом этаверади.

Бекназар EРНАЗАРОВ,
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби

“Жадид” газетасининг 2025 йил 15 августдаги 33-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img829

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img822

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857