12.08.2025 | 12:30
288
ЭРИХ МАРИЯ РЕМАРКНИНГ “УЧ ОҒАЙНИ” РОМАНИДАН ИҚТИБОСЛАР
Ғарбда “Йўқотилган авлод” деб аталган адабиётнинг йирик вакили ҳисобланмиш Ремаркнинг “Уч оғайни” асарида уруш даҳшатлари, Иккинчи жаҳон уруши йиллари ва ундан кейинги даврдаги ҳаётни, фашизмнинг мудҳиш қиёфаси, маънавий эзилган, ўзини жамиятдан бегоналашган деб ҳис қилувчи кишилар қисмати акс этган.

Ҳеч нарсани юрагингга яқин олма. Яқин олсанг, ўша нарсани асраб қолмоқчи бўласан. Бу дунёда ҳеч нарсани мангу асраб бўлмайди.
Қоқилган одам ўзини ўнглаб кетарди, ҳозир эса ишдан бўшасанг – умрбод кўчада қоласан.
Камтарлик билан ҳалоллик фақат романларда рағбатлантирилади. Ҳаётда эса бунақа одамларнинг ширасини сўриб, пўстлоғини туфлаб ташлашади.
Бизнинг тезкор асримизда уддабуррон бўлиш керак, ҳамма гап мана шунда. Бир-бирига зид нарсалар кишиларни ўзига маҳлиё қилади.
Чин ҳаёт фақат орзу-хаёлларда, унинг шуълаларидагина мавжуд.
Ҳаммамиз ёшмиз, қалбимиздаги умид учқунлари буткул сўнган. Биз ўтмишимизга дахлдор барча нарсага қарши – сохталик ва худбинлик, очкўзлик ва шафқатсизликка қарши курашмоқчи эдик; биз бағритош бўлиб қолдик ва яқин ўртоғимиздан бошқа ҳеч кимга, бизни ҳеч қачон алдамаган осмон, тамаки, дарахтлар, нон ва заминдан бўлак ҳеч нарсага ишонмай қўйдик. Хўш, оқибати нима бўлди? Бари емирилди, қалбакилашди ва унутилди. Унута олмаганларнинг улуши эса фақат ночорлик, ноумидлик, лоқайдлик ва ичкилик бўлди. Буюк инсоний ва мардона талпинишлар даври ўтди. Корчалонлик, сотқинлик ва қашшоқлик тантана қилди.
Ёлғиз одамни ҳеч ким ташлаб кетмайди.
Одамзод ўзининг бир чимдимгина яхшилигини, кўпинча, вақт ўтгандан кейин эслайди. Сўнгра нақадар олижаноб бўлиши мумкинлигидан тўлқинланиб, ўзини олиҳиммат кишилар қаторига қўшиб юради. Яхши фазилат, поклик, олижаноблик…
Одамзод ёвуз, лекин эзгуликни яхши кўради… фақат бировлардан чиқадиган эзгуликни яхши кўради.
Муҳаббат учун соддалик ярашади. Сенда бу нарса бор. Шуни асраб қол. Худонинг туҳфаси бу. Бир йўқотсанг, қайтиб тополмайсан.
Аҳмоқ бўлиб туғилиш уятмас, аҳмоқ бўлиб ўлиб кетган ёмон.
Хомхаёллар ўтмишдан қолган, қарзлар эса келажак ҳисобидан.
Соддалик улуғ нарса! Фақат ҳасадгўйлар уни аҳмоқлик дейишади. Хафа бўлма. Соддалик қусур эмас, аксинча, истеъдод белгиси.
Фақат аҳмоқларгина ҳаётда ғалаба қозонишади, ақлли одам кўпдан-кўп тўсиқларга дуч келиб, бир ишни бошламасданоқ ҳафсаласи пир бўлади. Оғир пайтларда соддалик – бебаҳо хазина, инсонни турли хавф-хатарлардан асраб қолгувчи сеҳрли ниқоб.
Ҳеч қачон кўп нарса билишга уринма. Қанча кам билсанг, ҳаётинг шунча енгил бўлади.
Келгусида нима керак бўлишини одамзод ҳеч қачон олдиндан билмайди.
Бизнинг аянчли замонамизда, афсуски, тансиқ бўлиб кетган илиқ сўзлар. Аёл – темир буюм эмас, аёл бамисоли гул. У илиқ-иссиқ гапларни хуш кўради. Унинг учун умри бўйи елкангизни яғир қилиб ишлаганингиздан кўра ҳар куни уч-тўрт оғиз ширин сўз айтганингиз минг марта афзал.
Муҳаббат ажойиб нарса. Аммо икки кишидан бирига ҳамиша зерикарли бўлади. Иккинчиси эса қуп-қуруқ қолаверади. Ниманидир кутади… Телбаларча кутади…
Сизлар ўз туйғуларингиздан чўчийсизлар. Сизлар мактуб ёзмайсизлар – телефонда гаплашиб қўя қоласизлар. Хаёл суриш сизларга бегона – шанба-якшанба кунлари шаҳар ташқарисига чиқсанглар бўлди. Сизлар муҳаббатнинг ҳисоб-китобини қиласизлар, сиёсатнинг ҳисоб-китобини билмайсизлар – ана шунага ночор авлодсизлар!
Ғазабини тизгинлай олган одам назокатли бўлади.
Ҳаёт ҳақида ўйлаганингда дилгир бўласан, аммо одамлар ҳаётни нимага айлантириб юборганини кўрганингда сурбет бўлишинг турган гап.
Яхшиямки, нсониятни ҳаётга боғлаб турадиган икир-чикирлар ҳали тугаган эмас. Ёлғизлик эса, ҳақиқий ёлғизлик – ақлдан озиш ёки ўз жонингга қасд қилиш арафасида бошланади.
Ҳар қандай муҳаббат боқий бўлишни истайди, унинг боқий азоби ҳам шундан. Лекин дунёда интиҳосиз нарсанинг ўзи йўқ.
Андиша – бировнинг хатосини айтмаслик ва уни тузатмаслик хусусида ёзилмаган норасмий битим. Жирканч муроса.
Фақат эркингни қўлдан берма! Эрк муҳаббатдан қимматроқ нарса. Аммо инсон буни кеч тушунади.
Энг даҳшатли нарса бу – вақт, оғайнилар. Вақт. Биз яшаётган ва ўзимиз ҳеч қачон измимизга сололмайдиган дақиқалар.
Дунёнинг энг оғир дарди – тафаккур!
Ҳаёт бу – касаллик, инсон туғилиши билан ўлим бошланади. Ҳар нафас олиб – нафас чиқаришда, юракнинг ҳар бир зарбида ўлим зарралари бор – булар бизни муқаррар жаҳаннамга етаклайди.
Бизга ўхшаган одамлар тунда табиат билан мулоқотда бўлмаслиги керак. Табиат тунда ёлғизликни хуш кўради. Деҳқон ёки балиқчи бўлганимизда бошқа гап эди. Биз шаҳарликлармиз, ҳис-туйғуларимиз ўтмаслашиб кетган…
Агар гўзалликни ҳис этиш туйғуси озгина бўлса ҳам сақланиб қолмаганда ҳамма нарсадан жудо бўлардик.
Ўтмиш сизларга ёқмайди, бугунги кундан нафратланасизлар, келажак билан ишинглар йўқ. Охири бахайр бўлсин-да ишқилиб.
Сиёсат ҳар қандай театрнинг, тунги отишмалар ажойиб концертларнинг, одамзод эҳтиёжидан иборат улкан китоб бутун бошли кутубхонанинг ўрнини босади.
Муҳаббат инсон вужудида пайдо бўлади, лекин ҳеч қачон бу вужудда тугамайди. Ҳатто ҳамма нарса: инсон ҳам, муҳаббат ҳам, бахт ҳам, ҳаёт ҳам – бари тўла-тўкис бўлгани билан, аллақандай даҳшатли қонунга кўра, мудом камдай туйилаверади, булар нечоғли кўп кўринмасин, аслида жудаям оз.
Бир нарсага эга бўлиш аслида йўқотишдир. Ҳеч қачон ҳеч нарсани тутиб қолиш мумкин эмас, ҳеч қачон! Жаранглаб турган вақт занжирини ҳеч қачон узиб бўлмайди, ҳеч қачон безовталик оромга, изланиш – сукунатга айланмаган, тубанлашиш ҳеч қачон тўхтамаган.
Бизни хотиралар қаритади. Унутишни билмаймиз.
Ҳамма нарса мутаносиб бўлиши лозим – ҳаётнинг сири мана шунда.
Бизнинг давримизда фойдали битимни бой бериш тақдир билан ўйнашишдай гап. Ҳозир ҳеч ким бунақа нодонлик қилмайди.
Нуқул маҳзун нарсалар хусусида ўйланадиган бўлса, бу дунёда ҳеч кимнинг кулишга ҳаққи қолмайди.
Бамаъни одам кечга яқин ҳамиша дилгир бўлиб қолади. Унга бошқа сабабнинг кераги йўқ. Шунчаки… дилгир бўлади-қолади…
Пулга жирканч назар билан қарамаслик керак. Кўп аёллар пул важидан севиб қолишади. Севги эса аксарият эркакларни очкўз қилиб қўяди. Хуллас, пул юксак орзуларга, муҳаббат эса, аксинча, манфаатпарастликка чорлайди.
Инсон аҳд қилишга ҳамиша уста. Лекин аҳдини бажаришга эмас. Унинг афсункорлиги ҳам мана шунда.
Қилиш мумкин бўлган кўп ишларни қилмаймиз, сабабини ҳам билмаймиз. Иш ҳамма нарсадан муҳим бўлиб қолди: қанча одам иш қидириб юрипти, кўзига бошқа нарса кўринмайди. Бу ернинг ажойиблигини қаранг! Қанча йилдан бери энди кўриб турибман. Иккита мошинам, ўн хонали уйим, етарлича пулим бор. Лекин булардан нима фойда? Мана шу фарахбахш тонгга уларни қиёслаб бўладими! Иш аянчли васвасага айланиб қолди. Ўлиб-тирилиб ишлаймиз, худди бир нарса ўзгарадигандай. Ҳеч қачон ҳеч нарса ўзгармайди. Одамлар ҳаётларини дўзахга айлантириб юборишди. Қараб туриб, ёқа ушлайсан!
Эркак киши ёлғиз муҳаббатга суяниб яшай олмайди. У азбаройи бошқа одамни деб яшашга қодир.
Бизнинг давр туйғуларни ифода этадиган сўзларни ҳали топмаган. Бу замона фақат одобсизликни билади, холос, қолган барчаси – сунъий.
Тавба: одамлар уришиб қолишганда қанақа сўзларни топишмайди дейсиз! Фақат муҳаббатга дахлдор сўзларгина абадий ва ўзгаришсиз қолаверади. Ҳақорат луғати эса ранг-баранг ва битмас-туганмас!
Шошмаслик – пухталик. Пухта нарса ҳамиша яхши бўлади.
Эҳтимол, ҳаёт, чинакам ҳаёт ва бахт шудир, балки, ғам-ғусса, қўрқув ва унсиз иқрор омихта бўлган муҳаббат мана шунинг ўзидир…
Одам бир-бирини қанчалик кўп билса, англашилмовчилик шунча кўп бўлади. Қанчалик яқинлашса, шунчалик бегоналашади.
Ярим ҳақиқатлардан нарига ўтолмаймиз. Ожиз бандалигимиз шунда. Фақат ярим ҳақиқатлардан огоҳ бўлиб, қанча номаъқул ишларни қиламиз. Агар ҳақиқатни тўлалигича фаҳм этсак, ер юзида яшаш мумкин бўлмай қолади.
Инсонни фақат ўлганидан сўнг йўқотасан.
Минг йиллар давомида одамзод нимага эришди-ю, нимага эришолмади, буни фақат мана шу ерда яққол англаш мумкин: инсоният ўлмас санъат обидаларини яратди, аммо ўз қавмига дахлдор кимсаларнинг ҳар бирини лоақал нонга тўйғазишга қурби етмади.
Балки, вақт-соати келиб, бугун ичинг ачиётган одаминг дунёда энг бахтли инсон бўлиб туйилар?
Ўтмиш бизни узоқни кўзламасликка ўргатган.
Сен шундай бир сирли қавмга мансубсанки, бу қавмга дахлдор кишилар мансабга интилишдан кўра ўлимни афзал билишади. Улар азоб чекишади, қийма-қийма бўлиб кетишади, ёруғ дунё билан видолашишади, аммо ширин турмуш кетидан қувиб, беқиёс тимсолни ўзгартиришга ёки уни унутишга журъат этишмайди, бу тимсол, жигарим, уларнинг қалбига муҳрланган, ер юзида ҳали яланғоч ҳаёт ва яланғоч ўлимдан бўлак ҳеч нарса бўлмаган дақиқалар, кунлар ва тунларда уларнинг дилига абадулабад ўрнашиб қолган.
Фақат бахтсизларгина бахтнинг нималигини билишади. Бахтли одам ҳаёт қувончини қўғирчоқ каби туяди: у бу қувончни кўз-кўз қилади, холос. Аслида бундан бебаҳра. Ёруғ пайтда чироқнинг нури кўринмайди. У қоронғида кўринади.
Бизга насиб этган жиндайгина нур омон бўлсин! Биз уни шунақа севамизки, фойда ҳисобига гаровга қўёлмаймиз! Яшаш керак – эртага Худо пошшо! Бундан ўн минг ёруғлик йили муқаддам парчаланиб кетган юлдузлар борки, улар ҳамон нур таратиб туради!
Одамлар ақлдан озганмас. Улар очкўз, холос. Бири иккинчисига ҳасад қилади. Бўлмаса дунёда эзгуликлар тўлиб-тошиб ётипти, аммо аксарият кишиларда ана шу эзгуликни кўрмайсиз. Ҳамма гап тақсимотда.
Бу умидворликда ҳамма нарса эътироз, шубҳа, зиддият, долзарб муаммолар, турмуш ташвишлари, ҳозирги кун, мавжуд воқелик – бари-бари мужассам.
Ҳаётнинг айрим жиҳатлари гўзал, умуман олганда эса бутунлай бемаъни. Гўё бу оламни ҳаётнинг ранг-баранглигига маҳлиё бўлган бир савдойи яратиб қўйган-у, сўнг уни яксон этишдан бўлак тадбирни ўйлаб тополмаган.
Шаҳзода Орифжонова тайёрлади.
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
825
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



