Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


24.09.2025 | 12:27

img325

ЁЗУВЧИ ЁН ДАФТАРИДАН

Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас.

* * *

Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир.

* * *

Яхши ёзолмаганлигингни кечириш мумкин, лекин яхши ёзишни истамаганингни кечириш мумкин эмас.

* * *

Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак. Лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун талантнинг ўзигина кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак.

* * *

Бошқа ишга ярамай, адабиётда танқидчилик қилиб кун кўриб юрган танқидчи, қўрқоқ қоровулдай ҳар шарпадан чўчиб, шақилдоқ чалаверади.

* * *

Гуржистонда маданият тарихига оид бўлса, ўлган отнинг тақасини ҳам бахмалга қадаб осиб қўйишар экан.

* * *

Бу одам ёзувчилик меҳнатини фақат ёзишдан иборат, деб ўйлайди.

* * *

Катталар учун ёзилган китобда йўл қўйилган хатони тузатиш мумкин, лекин болалар учун ёзилган китобда кетган хатони тузатиб бўлмайди, бу хатодан бола огоҳлантирилса, хато унинг зеҳнига чуқурроқ ўрнашади.

* * *

Болалар учун китоб ёзадиган киши ғоят уста санъаткор, катта тажрибали педагог, тилнинг заршуноси бўлмоғи керак.

***

Ҳаммадан бир айб топиб оттириб юборса-ю, ёниб кетган уйнинг мўрисидай бўлиб адабиётда битта ўзи сўппайиб қолса.

* * *

Дон Кихотнинг бўйи, бўйни, юзи, бурни – ҳаммаси узун, фақат ақли қисқа, холос.

* * *

Менинг бир қариндошим бор, ёзувчи бўлиш учун илми ҳам, лаёқати ҳам бўлмагани ҳолда, ёзувчиликка ҳава  қилад ; илми борлигини, бошқа одамларга қараганда адабиётга яқин эканини кўрсатиш учун ҳамма ерда “П” ўрнига “Ф” ишлатади.

* * *

Адабиёт ҳунар, уни касбга айлантириб олган ёзувчи олмага тушган қуртдан фарқ қилмайди.

* * *

Мен бу китобни не машаққат билан дўппимни ҳидлаб-ҳидлаб ўқидим.

* * *

Зуҳра дунёда ҳеч нарсага, ҳеч кимнинг сўзига ишонмас, фақат “сен чиройлисан” деган товушгагина ишонар, лекин бу товуш қаёқдан, кимдан чиққанига қарамас эди.

* * *

Ёзувчи бирон нарса ёзиш учун қўлига қалам олганида ҳаммадан бурун кўз олдига шу нарсани ўқиётган ўқувчини келтирсин, асарнинг ҳар бир сатри кўз олдидан ўтганида унинг чеҳрасида бўладиган ўзгаришни кўриб турсин. Ёзувчи ўзини каттакон билимдон, юксак дид эгаси бўлган киши олдида имтиҳон бераётгандай сезсин.

* * *

Ҳис қилмасдан асарни тузатиш дуторни икки киши чалгандай гап: парда босган киши ҳам, зарб берган киши ҳам ҳеч нарсани ҳис қилолмайди, бундай машқдан ҳеч ким лаззат олмайди.

* * *

Мен “Анор” деган ҳикояни ёзганимда бошқоронғи хотиннинг ҳолатини шу кунларда мушоҳада қилганим йўқ. Бошқоронғи хотиннинг ҳолати менинг ён дафтаримда бор эди. Буни мен бир вақтлар дафтарга шундай қайд қилиб қўйган эканман: “Эр хотинига жаннатнинг таърифини қилади. Хотиннинг кўзига ҳовзикавсар ва унда сузиб юрган балиқдан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Хотин балиққа бошқоронғи”.

* * *

Чиройли лоф-қофдан хунук ҳақиқат яхши.

* * *

Мен адабиётга қадам қўйгандан бери адабиётга кириб чиққан одамларнинг сони бор-у, саноғи йўқ. Буларнинг бир қисми ёзиш-чизишга бўлган ҳавасини талант деб ўйлаган, шунинг учун адабиётга янглиш кирган одамлар-да.

* * *

Асар илҳом билан ёзилса, образлар ўз-ўзидан гавдаланади, ҳатто ўзининг қиладиган ишини, айтадиган гапини ёзувчига айтиб, луқма солиб туради. Илҳом ёзувчини ҳамма қийинчиликлардан қутқаради.

* * *

Ҳавас ҳаммада ҳам бўлиши мумкин, лекин ҳаваснинг ўзи кишини ҳеч қаёққа элтмайди. Мен, масалан, танбур чертиб ҳаммани қойил қилгим келади, лекин начораки, дард бор-у, дармон йўқ.

* * *

Ёмон хотин тўғрисида ёзиш, ҳар нарса ёзиш мумкин. Лекин ёзган вақтда ёзишдан мақсад нима эканини, онамиз ҳам, оиламиз ҳам хотин жинсидан эканини эсимиздан чиқармаслигимиз керак.

* * *

Ёзувчи ўз ижодий ишидан ҳеч қачон қаноат ҳосил қилмайди, қаноат ҳосил қилган куни, менимча, ёмон қариган лақма чолга айланади.

* * *

Қоронғи кечада отилган мушак ҳам гўзал, қуёшга қараб хандон ташлаб турган гул ҳам гўзал. Осмонда сочилиб кетган ранг-баранг олов ва оқиш излар гўзаллиги кўзни қамаштирса ҳам пуч гўзаллик, шунинг учун бебақодир. Гулнинг гўзаллиги эса тўқ гўзаллик, чунки унинг бағрида ҳаёт бор, шунинг учун абадий гўзалликдир. Ғунча гулдан ҳам гўзалроқ, чунки унинг бағрида икки ҳаёт – ўз ҳаёти ва яна гул ҳаёти бор.

* * *

Қадим замонда “Табиат бўшлиқдарепетиция, дейишар экан. Ҳақиқатан, яхши нарса бўлмаган жойга ёмон нарса суқилиб кириб олади.

* * *

Феруз ким ўзи?

Феруз машҳур лирик шоир, мусиқашунос, композитор, яхши таржимон, Умархон сингари ўз замонасининг шоирларини ўрдасига йиққан, 1873-йилда босмахона сотиб олиб Хоразмда биринчи китоб бостирган одам. Шу одамни юз йилдан кейин қора курсига ўтқазиб, совет қонуни билан суд қилишдан нима мурод ҳосил бўлади?

* * *

Оддий камончи, ғижжакчининг қўлида оддий ёғоч қутидан аломат садолар чиқади.

* * *

Уят фақат инсонга хос туйғудир. Ҳайвон уят пайдо қилолмагани учун инсонга яқинлашолмайди, лекин инсон уятни йўқотиб ҳайвонга яқинлашиб қолиши мумкин.

* * *

Бир донишманд уятни “виждоннинг сиртқи кўриниши” дебди. Демак, уятсизлик билан беадаблик, беадаблик билан ахлоқсизлик, ахлоқсизлик билан жинояткорлик орасида қалин девор йўқ, буларнинг ҳар бири виждонсизликнинг турли босқичидир.

* * *

Биз кўпинча “ёшларимизнинг тарбияси бузилаётипти” деймиз, ҳолбуки, бузуқ тарбия осмондан тушаётгани йўқ.

* * *

Ҳар қандай қонунга ҳам чап бериш мумкин, лекин уятга чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, уят эса одамнинг кўксида бўлади.

* * *

Урушда вайрон бўлган иморатни тиклаш осон, лекин мустамлакачилик қўл-оёғини боғлаб, тақдир ҳукмига топширган одамни бу фалокатдан халос қилиш қийинроқ!

* * *

Ёзувчи биринчи қадамини илҳом билан қўяди, иккинчи қадамини қўйгани эса ҳали илҳом нуқтаи йўқ, илҳомсиз қадам қўйилганда тизза қалтирайди.

* * *

Иккинчи китоб ҳамма ёшлар учун жиддий синовдир.

Абдулла ҚАҲҲОР

“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 сентябрдаги 38-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855