Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


02.09.2025 | 09:20

img293

ТУРКИСТОН ТАРИХИНИ ЁЗИШ ОРЗУСИ

Тарих миллий ўзликни англаш ва тарғиб этиш учун энг муҳим воситалардан бири саналади. Шу боис XX асрнинг бошларида жадидлар орасида Туркистон тарихини ёзиш масаласи майдонга чиқа бошлади. Бу хонликларнинг хонадон тарихидан бутунлай фарқли ўлароқ, миллий тарих хусусиятига эга бўлиши лозим эди.

Туркистон тарихи ёзма лойиҳасининг режасини Исмоил Ғаспрали “Тарихи жадидий Туркистон” асари а тақдим этган эди. “Таржимон” газетасида 1905-1906-йиллар орасида босилган бу асар шундай бошланади: “Юнон тарихларида “Трансоксиана,” араб тарихларида “Мовароуннаҳр”, бизнинг туркий тарихларда “Чиғатой эли, “Дашти қипчоқ” ва ҳозирги замонда “Туркистон вилояти” номлари билан  анилга  катта ҳудуднинг тарихий воқеалари жуда ибратлидир” (110-сон).

Жадидлар саркори асари учун нега айнан Туркистонни танлади? Балки бутун Русиядаги туркийларни, айниқса, улар орасида энг баланд мавқега эга туркистонликларни уйғотиш унинг замонавий стратегияси учун жуда муҳим фактор бўлгани учундир.

“Таржимон”даги чиқишлар бесамар кетмади. Туркистон жадидлари орасида миллий тарихни ёзиш хусусида биринчилардан бўлиб Ҳожи Муин сўз очди. 1913-йилда Оренбургда чиққан “Шўро” журналига “Туркистоннинг ўгити ва ўтинчи” номли қисқа, аммо маъноли мақола берди. Бунда Туркистонни инсон ўлароқ сўзлатиб шундай ёзади: “Тарих билувчи одамларга маълумдурки, ман бурунги замонда илм ва маданият ўчоғи бўлганим учун, дунёнинг энг маъмур ва масъуд ўлкаси эдим… Оҳ! На бўлдики, сўнги болаларим, маним устимда бир-бирлари ила сўғишиб, мани шул харобазор ҳолатина келтирдилар. Шул сабабдан манимда у парлоқ маданият, улум, саноат, расадхонам йўқолди, битди. У нохалаф авлодим-да бир ҳам-бир ҳам ғойиб бўлиб, мани да йитдилар.

Сизлардан ўти чим шулки, бурунги маданият ва умроним ҳамда бурунги боболарингиз турклар ҳақинда аҳамият бериб бир мукаммал “Турк Туркистон тарихи” китоби тасниф қилиб келажак авлод ва аҳфодимга суюрғол этингиз” (1913 йил, 1-сон).

Бу тарих ҳеч бир кимса томонидан ёзилмаган, лекин туркистонликларнинг уйғониши учун зарур восита эди. Порлоқ ўтмиш билан қолоқ бугунни қиёслаш ватандошларини илм-фан, маданийлашмоққа чақириш йўлидаги жадидлар афзал билган стратегик усул эди. Бу тарихни ким ёзади – шудир масала?!

Минтақага саёҳат қилиб, кўп мақолалар ёзган ёш мухбир Нуширавон Явушев (1886–1917) 1914 йилда “Садойи Туркистон” газетасида тарих дарслигининг заруратини таъкидлаб шундай хулоса қилади: “Ҳар миллат ва ҳар қавм, мактабларида ўзларининг миллий тарихларини ўқитмоқдадир… Лекин афсуски бизим Туркистонда бугунгача тарихга аҳамият берилмади. Мактабларимиз учун тарих китоби (Туркистон тарихи) ёзилмади. Унинг учун бўлса керак мактабларимизда ўқиган ва ўқиб чиққан болаларимизда миллий руҳ ва миллий ҳиссиёт бўлмайди. Зотан, тарих аҳамиятли бир илмдир. Тарих миллатнинг жони – руҳий, моддий ва маънавий ҳаётидир. Мана Туркистон тарихи, буни ким ёзар?” (1914 йил, 17-сон).

Ушбу огоҳлантирувчи мақолани ўқиган Ҳожи Муин дарҳол газетага жавоб ёзади: “Миллий тарихимизни ким ёзар, деган саволни ўқидим. Албатта, биз Туркистон турклари учун бир муфассал ва мактабларимиз учун бир мухтасар турк ва Туркистон тарихи лозимдир. Аммо ушбу хусусда тарих ёзмоқ ниҳоятда қийин ва оғир бўлиб, буни ёзувчи киши, турк, форс, араб ва рус тилларида турк ва Туркистон ҳақида ёзилган эски ва янги китобларни тадқиқ қилиб тарих ёзса керакдир. Ҳозиргача янги тадқиқот билан шуҳрат топган тарихчи Туркистонда бўлмайди. Бўлмаган тақдирда биз бу хизматни ёш муаррихимиз қозонлик муҳтарам Аҳмад Заки афанди Валидий жанобларининг қаламидан умид этамиз”(1914 йил,23-сон).

Бундан ўн бир кун сўнгра “Ойина” журналида “Туркистон тарихи керак” номли имзосиз бир мақола чиқади. Мақола Ҳожи Муин фикрлари билан уйғун бўлиб, унда шундай иқрор учрайди: “Тўғриси, тарих ёзувчи киши турк ўғилларидан ҳануз майдонга чиққани йўқ. Рус ва бошқа оврўпали тарихчилар, Туркистон ва турклар ҳақида туркий, форсий ва арабий китобларидан истифода қилиб асарлар ёзмоқдадур. Бизлар улардан хабарсиз қолмоқдамиз”. Муаллиф “ниҳоятда қийин иш”да ёш муҳаррир Аҳмад Заки Валидий афандининг қаламидан умид этаётганини ёзади (1914 йил, 38-сон).

Бу имзосиз мақола ҳозиргача Беҳбудийга оид, деб ҳисобланмоқда. Лекин бу мақоланинг мазмуни Ҳожи Муиннинг “Садойи Туркистон”га берган мақоласи билан тамоман айни бўлганлигига кўра муаллифи Ҳожи Муин бўлса керак, деган қарашимиз бор. Чунки “Таржимон” газетасининг1914 йил 15 июнда босилган Одесса хабарлари ичида: “Ойина” журнали муҳаррири Муфти Хўжа Маҳмуд Беҳбудий жаноблари бугунларда Одессадан ўтиб Истанбулга йўлланди”, деган хабар берилади. Демак, Явушевнинг мақоласи чиққан вақтда сафарда бўлган Беҳбудийда у мақолани ўқиб, жавоб ёзиш имкони бормиди? Ўша вақтда бетоб бўлган аллома ИстанбуАльтидаволаниш учун йўлга чиқади. Аммо қандай бўлса ҳам Туркистон тарихи хусусида унинг Ҳожи Муин билан бир хил фикрда бўлгани очиқдир.

Икки ой кейин “Садойи Туркистон” газетасининг таниқли татар муҳаррирларидан Абдурауф Музаффарзода миллий тарих хусусида шундай ёзади: “Энди бизга ҳам ўзимизнинг боболаримизни халқимизга танитмоқ ва мактабларимизда миллий тарих дарслари ўқитмоқ замони келди. Шояд бу масалага аҳамият берувчилар йўқ эмасдир. Лекин миллий тарих демоқ ила на сабабдандир хотирга бир нави маъюсият кела бошлайдир. Бу ҳолга йўл очадурган нарса, бу тўғрида уламомизнинг ҳануз сукут қилиб туришлари ва ўзларида бўлган умидли назарларини кўрсата олмаганларидир” (1914-йил, 39-сон).

Бу мавзу 1915-йил аввалида яна Ҳожи Муин томонидан “Миллий тарих ҳақинда” сарлавҳали жуда қизиқ мақолада кўтарилади. “Ойина”да босилган материалда олим ва адиб аввалги масалаларга бир карра қайтиб, келгусидаги ишларни режалаштиришда муҳим саволларга эътибор қаратади. Бу саволлар шундайдир:

1. Боболаримиз ҳижрий биринчи аср охирида Ислом динига кирмишлар. Улар арабларнинг зўрлаши биланми, йўқса, ўз ихтиёрлари биланми мусулмон бўлибдир?
2. Ислом қабулидан илгари Туркистон халқлари қайси динда эди?
3. Туркистоннинг жоҳилият замонидан қолган расм ва одатларидан баъзиси бугунги мусулмонларда ҳам борми?
4. Исломиятдан аввал туркистонийлар қайси тилда сўйлашардилар? Уларнинг умумий тиллари қайси тил эди? Адабиётлари на ҳолда эди? Даражайи маданиялари на тариқа эди?
5. Исломиятдан муқаддам умум туркистонийлар жинсият юзасидан қайси миллатга мансуб эдилар?
6. Ҳозирги Туркистон мусулмонларининг барчаси туркми? (Ё бошқа, қай жинсдандир?)
7. Арабларнинг истилосидан бери ҳозиргача Туркистон мусулмонлари неча подшоҳга табаалик этмишлар?
8. Амир Темурнинг ул қадар ғалаба ва жаҳонгирлигига нима сабаб  ўлди? Ва охирда ҳукуматининг мунқариз бўлиб кетганига сабаб надир?
9. Амир Темур даврида улум ва маориф ва адабиёт на кайфиятда эди?
10. Турк тарихида лозиминча истифода этмоқ учун қайси асарларни мутолаа этмоқ керак?

Бу саволларга қараганда Ҳожи Муин Туркистон тарихини энг эски замондан бошлаб ёзишни таклиф қилмоқдадир. Исломиятдан аввалги тарихга қизиқиш эса Исъҳоқхон Тўра Ибратнинг “Тарихи Фарғона” асарида ҳам пайдо бўлган эди.

Айни 1915-йилда “Туркистон вилоятининг газети”да бош муҳаррир муовини сифатида ишлаган Мулло Олим Махдум Ҳожининг “Тарихи Туркистон” (Тошкент, 1915) номли асари нашр қилинди. Бу асар хонликлар замонидан қолган воқеанома услуби билан тайёрланган, энг кўп Қўқон хонлиги, ундан кейин Бухоро ва Хива хонликларининг сиёсий тарихидан баҳс қилади. Тошкентнинг Русия давлатига таслимининг эллик йиллигига бағишланган бу асарда туркистонликларнинг миллий ҳиссиётини топиш жуда қийин. Ҳожи Муинлар орзу қилган Туркистон тарихидан узоқ бу асар ҳақида профессор Э.Аллворт шундай ёзади: “Жадидлар уларнинг замондоши бўлган бу тарихчи ва унинг асарига ҳеч аҳамият бермади”.

Бундан кейин ҳам Туркистон тарихи ёзма лойиҳаси давом этади. Афсуски, бунга совет репрессияси катта тўсиқ бўлди. Бу жараёндан чиққан ягона асар Аҳмад Заки Валидий Тўғонга оид “Бугунги Туркистон ва яқин мозийси” (Миср, 1929–1939) бўлса керак.

Ҳисао КОМАЦУ,
профессор, жадидшунос олим
(Япония)

Баҳодир КАРИМ тайёрлади.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 22 августдаги 34-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855