Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


15.09.2025 | 08:59

img136

ХЎШ, ЎЗИМИЗ-ЧИ?..

Инсон ўз феълидан кўрмайди-да, ҳаётнинг бешафқатлигидан нолийди, ўз дангасалиги, уқувсизлигини ҳисобга олмайди-да, тузумдан, тизимдан шикоят қилади. Ўзининг худбинлигидан қутулиш хусусида бош қотирмайди-да, омад кулиб боқмаётганидан, қуёш унинг елкасига кўпроқ нур ёғдирмаётганидан ўкинади. Ўзгаларга меҳр қўйиш, наф етказиш борасида қайғурмайди-да, унга илтифот-у мурувват кўрсатишмаётганидан ғижинади. Ё шундай эмасми?..

Ҳа, ҳасратга, нолишга, зорланишга, домангирликка мойиллик аксарият кишиларга хос хусусият. Албатта, бундай иддаоларнинг ҳаммасини ҳам асоссиз деб бўлмайди, улар орасида замонга, маконга қараб эътибор берилиши, чора кўрилиши зарур мулоҳазалар, танқидий фикрлар бўлиши табиий. Лекин “Аллоҳниям, тавбаниям айт”, деганларидай, талаб қўяётган одам адолат-у инсоф юзасидан: “Хўш, ўзим-чи, ана шу иддаоларимга муносибманми, шундай талаблар қўйишга маънавий ҳаққим борми, юз бераётган носозлик, ноқисликлар, йўл қўйилаётган номатлуб ишларда менинг ҳам ҳиссам йўқми?” деб ўзига савол бериб кўриши ҳам керак.

Гапни узоқдан бошлашга сабаб шуки, бир неча ойдан бери Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи тўғрисида ҳар турли миш-мишлар урчимоқда. Биров боғ бўлиниб, тадбиркорларга бериб юборилибди, деса, биров дов-дарахтлар кесилиб, кўл, амфитеатр-у бошқа иншоотлар бузилиб, текисланиб, ўрнига кўп қаватли уй-жойлар қурилармиш, деб кўнгилга ғулғула солади…

Манбаларга кўра, боғ ўтган асрнинг 30 йиллари бошида ҳашар асосида барпо этилган бўлиб, масалан, 1931 йил баҳор кунларининг бирида қурилишда 2500 дан ортиқ киши қатнашган экан.

Мен бу ерни 50 йилларнинг охирларидан бери биламан. Ям-яшил бутазор-у анвои гулзорларга бурканган боғда баҳордан кеч кузгача ҳамиша дам олувчилар, зиёратчилар гавжум бўлиб, кураш ва бошқа мусобақалар, саиллар, аскиябозликлар, турли-туман маданий-маърифий тадбирлар кўп, жуда кўп ўтказиларди. Боғ чеккаларидаги қатор чойхоналарда нуроний оқсоқоллар-у ўрта ёшлилар ошхўрлик қилиб, мириқиб суҳбат қуришар, боғ ўртасидаги каттагина кўлда ёшлар моторли, моторсиз қайиқларда сузиб, кўнгил ҳушлашарди. Ҳалинчаклар ёнида ёш-у бўй қизлар, ҳар турли ўйин майдонлари олдида аксарият болалар, ўсмирлар уймалашиб, чуғурлашиб, навбат кутиб туришарди. Ҳалинчак учаётганлар, аттракционларда ўйнаётганларнинг шодон қий-чувлари осмонга ўрларди. Бахтиёр йигит-қизларнинг қувноқ кайфияти, ёш ота-оналарнинг чиройли кийинган ўғил ё қизчасини ўртага олиб, икки қўлидан тутганча боғ ичида масрур айланиб юришлари ниҳоятда завқли, ибратли, ҳавасли манзара-ҳолатлар эди. Емак-ичмакхона борасида муаммо йўқ эди.

Боғ этагида вилоят театрининг усти очиқ ёзги биноси бўлиб, ҳар оқшом “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Тоҳир ва Зуҳра”,  “Бой ила хизматчи”, “Майсаранинг иши”, “Холисхон”, “Рустам”, “Ишқ билан ўйнашма” каби спектакллар намойиш этилар, таниқли санъаткорлар иштирокида катта концертлар қўйилар, томошага кириш учун чипта топиш маҳол эди. Хуллас, ярим тунгача боғдан одам аримасди.

2000 йили кўлнинг ўнг – кун чиқиш томонига байрам тантаналари ва бошқа томошалар ўтказиладиган салобатли, минглаб томошабинга мўлжалланган Амфитеатр қурилгач, боғнинг қиёфаси янада замонавийлашиб, ижтимоий вазифаси ортди, кўркига кўрк, файзига файз қўшилди.

Боғнинг асосий бойлиги, ўзига хос “жиҳоз”и ва ҳар қандай киши диққат-эътиборини ўзига дарҳол жалб этадиган “экспонат”и кўлнинг чап тарафида қанотларини ёзиб турган, китоб ва оммавий ахборот воситаларида “Бургут”, “Рамзий бургут”, халқ орасида эса “Семурғ” деб юритиладиган (мен ҳам уни ўша афсонавий Семурғ тимсоли деган бўлардим) бир неча тонна ҳажмдаги маҳобатли ёдгорлик – улкан қуш ҳайкалидир. Менимча, мамлакатдаги биронта маданият ва истироҳат боғида қуш зотига ўрнатилган бу даражадаги баҳайбат ва ғаройиб обида бўлмаса керак. Бургут (Семурғ) гўё узоқ ўлкалардан, тоғ-у тошлардан учиб келиб, чанқоғини қондириш учун тумшуғини кўлга чўзиб турган ҳолатда тасвирланган. Қушнинг бир неча метрли узун қанотлари ости қаҳвахона бўлиб, дам олувчилар кўлдан эсадиган майин шабадада музқаймоқхўрлик қилишарди. Аслида, боғ ана шу ёдгорликни кўриш, мириқиб томоша қилиш ва ҳайратланиш учун ҳам киришга арзийди. Зеро, ўзбек халқ эртаклари ва афсоналарида ижобий қаҳрамонлар, яхши инсонларнинг садоқатли дўсти, ҳимоячиси, энг оғир вазиятларда уларни халос этувчи олийжаноб қуш – Семурғ образи меҳмонлар-у мезбонлар учун энг қизиқарли ва завқбахш томоша эди…

Боғ остонасида меҳмонлар-у дам олувчиларни буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг бронзадан ишланган улуғвор сиймоси хуш такаллум ила қарши оларди. Мабодо, боғнинг мазмуни, вазифаси ўзгариб кетгудай бўлса, ҳазрат Навоийнинг ҳоли нима кечади, деган савол ҳам аҳолида анча-мунча саросима уйғотгани бор гап…

Хуллас, ана шу боғ тақдири аянчли якун топаётгани тўғрисидаги гаплар кўпларни, асосан, зиёлилар қатламини хавотирга, ташвишга солгани рост. Негаки, одамлар қатнови камайиб, файзи қочгани боис, боғ фаолияти анча вақтдан бери тўхтаб қолган, ҳудуд эгалари кўчиб кетган ҳовли мисол ҳувиллаб ётар эди. Балки шундай сабабларга кўра боғни фойдали, самарали масканга айлантириш борасида ҳар хил фикрлар, мушоҳадалар туғилса-туғилгандир, турли таклифлар, тавсия ва маслаҳатлар ўртага ташлангандир…

Дарвоқе, оромгоҳ-боғларнинг кимсасиз, эътиборсиз, қаровсиз қолиши Андижон шаҳрида ягона ҳодиса эмас. Бир замонлар Эски шаҳар ҳудудига қарашли кўлли оромгоҳ ҳам дам олувчилар назаридан четда қолгач, ўттиз йил аввал Нодирабегим таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан қайта лойиҳа қилиниб, таъмирланиб, сайилгоҳга айлантирилган эди. Дастлаб боққа одамлар қайтгандай бўлди, кейинги пайтларда бу ҳудуд яна деярли кимсасиз қолди. Ҳозир бу боғнинг тақдири ҳам муаллақ бўлиб турибди.

Яна бир мисол. Халқимизнинг ардоқли фарзанди Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ижоди ва номи батамом оқлангач, у туғилиб-ўсган шаҳарнинг Сой мавзесида вилоят ва Андижон шаҳар ҳокимликлари бош-қошлигида Чўлпон номидаги янги боғ барпо этилиб, манзарали дарахтлар, анвои гуллар экилди. Болалар учун аттракцион ўйинлар ўрнатилди, боғ чеккаларида чойхоналар ташкил этилди. Энг асосийси, боғнинг кираверишига замонавий, махсус бинолар қурилди, Чўлпон музейи барпо этилди. Музей кўп изланиш ва заҳматлар билан шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятини акс эттирувчи экспонатлар – китоб ва қўлёзмалар, суратлар, кийим-бош, уй-рўзғор буюмлари, бошқа ашёлар билан жиҳозланди. Андижоннинг маърифатпарвар фарзанди Зокиржон Машрабов ва бошқа фидойи хайрихоҳлар ташаббуси ва ташкилотчилигида Тошкент шаҳридаги 30 йилларда қатағонга учраганлар отилган Бўзсув қирғоғидан – қанча бегуноҳлар қатлига гувоҳ бўлган макондан тупроқ олиб келиниб, мазкур боғда Чўлпоннинг рамзий қабри бунёд этилди, боғ марказига эса шоирнинг салобатли ҳайкали ўрнатилди.

Ўшанда биз – ижодкор-зиёлилар, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг ворислари ҳақ жойида қарор топганидан, яна бир улуғ, мўътабар юртдошимиз ўзининг ҳақли иззат-икромига эришганидан бошимиз кўкка етгудай суюнган эдик. Ўйлагандикки, ишонгандикки, бу боғ андижонликларнинг, шаҳримиз меҳмонларининг суюкли оромгоҳи, музей эса гавжум ва қадрли зиёратгоҳ бўлажак.

Дастлаб биз кутганчалик бўлмаса-да, ҳар қалай, узоқ-яқиндан Чўлпоннинг ихлосмандлари, маърифатсевар кишилар келиб музейни зиёрат қила бошладилар, боққа одамлар кириб, ўйин майдонларида болаларнинг қийқириқлари янграб турди, чойхоналар ҳам ишлади. Лекин, ҳайҳотки, бундай гавжумлик, ташрифлар узоққа чўзилмади, йилдан-йилга келувчилар қадами сийраклаша борди ва… тўхтади. Рамзий қабр ҳам, ҳайкал ҳам мунғайиб, ғарибона тусга кирди. Музей ходимларининг кўзлари эшикда, йўлда қолди…

Вилоят-у шаҳар раҳбарларининг яна боши қотди. Одамларга нима бўляпти ўзи? Катта йўлдан нари борса юз қадам ичкарига киришга ҳам эриняптимикин? Чора топилди: асосий кўча билан боғ оралиғида каттагина хиёбон яратилди ва Чўлпоннинг ҳайкали вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташкилотчилигида, шаҳар нуронийлари, зиёлилар ва бошқа соҳа вакиллари иштирокида ана шу хиёбоннинг айлана йўлга яқинроқ жойига тантана билан кўчирилди – одамлар лоақал кўчадан пиёдами, уловлардами назар солиб ўтишар, деган ниятда.

Хўш, одамлар астойдил қараб, лоақал кўз ташлаб, мана шундай аждодларимиз, улуғларимиз бор-а, дея фахрланиб, бу жасоратли ва фидойи адиб тўғрисида ўғил-қизлари, набираларига сўзлаб, ибрат қилиб кўрсатиб ўтишяптими – аниқ бир нарса дейиш қийин…

Айтгандай, маданият, санъат даргоҳлари – вилоят театри, адабиёт ва санъат музейи, ўлкашунослик ва тарих мозийгоҳига қатновлар ҳақида ҳам фақат таажжуб ва таассуф билдириш мумкин.

Хўш, нега шундай бўлди ва бўляпти? Аниқроғи, нега шундаймиз? Чунки китоб, бадиий асар ўқишдан, театрга тушиб спектакль кўришдан, оммавий кўнгилочар саиллардан узоқлашиб, қай биримиз фақат телевизор каналларидаги бачкана, тор маиший мавзудаги сериаллар билан андармон бўлиб қолдик: қай биримиз кеча чиққан эстрада артистларининг гала-гала концерти, бачкана қўшиқлари бўлса, ўзини томдан ташлайдиган, қий-чувдан, бақир-чақирдан, қарсакбозлиг-у ер тепишдан яйрайдиган тоифага айландик. Ижтимоий тармоқлар деган, зиёни фойдасини мудом топтаб турадиган бир балои азим эркаг-у аёлнинг, ўсмирлар-у болаларнинг, умуман, ҳамманинг ақл-у хушини олди – одамзод бу митти қутининг жодусига осонгина ром бўлиб, домига илина қолди (ҳар қалай, бошқа асос, дастак топиш қийин).

Китоб ўқимаслик, боққа кирмаслик, театрга тушмаслик, фарзанд-у набираларнинг ўқимишли, илмли, ижодкор, ихтирочи, кашфиётчи, умуман, эл-юрт корига ярайдиган, жамиятга нафи тегадиган шахс бўлишлари учун жон койитмасликда, айниқса, лоқайдликнинг ҳиссаси каттадир. Таниқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов бежиз шундай деб куюнмаган: “Душманларингдан қўрқма, улар нари борса, сени ўлдиришлари мумкин, дўстларингдан қўрқма, улар нари борса, сени сотишлари мумкин, лоқайдлардан қўрқ…”

Ҳа, айбни ўзимиздан эмас, ўзгалардан излаймиз, катталардан ёзғирамиз. Миннатдорликни, рози бўлишни, шукр қилишни, раҳмат айтишни, қаноатни, узр сўрашни унутиб қўямиз, аммо ёзғиришни, таъна қилишни, талаб этишни асло унутмаймиз. Аксинча, ўзимизга боғлиқ, ўзимиз содир этадиган носозликларни ҳам  ўзгалар гарданига ағдариш пайида бўламиз.

Дарвоқе, яқинда Навоий боғида ўтказилган вилоят зиёлилари вакиллари иштирокидаги махсус йиғилишда боғ тақдири муҳокама қилинибди. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов боғни тадбиркорларга ҳам, бошқаларга ҳам бериш ёки кўп қаватли уй-жойлар қуриш ҳақида ҳеч қандай режа йўқлигини, балки уни қайта таъмирлаб, чинакам оромгоҳга айлантиришга тайёргарлик кўрилаётганини айтгач, зиёлилар ва бошқаларнинг кўнглига ёруғлик тушибди. Демак, энди ҳамма гап оддий халқ вакилларида – улар ўзларига яратилган қулайликлар, имкониятлар-у шарт-шароитлардан қандай фойдаланишларида. Зеро, оромгоҳлар-у сайилгоҳларни обод-гавжум, файзли қиладиган, зиёратгоҳга айлантирадиган ҳам халқ, кирмай, бефайз қиладиган ҳам аслида, халқ, одамлар-ку!..

Қамчибек КЕНЖА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855