19.08.2025 | 09:10
196
ХАТАРЛИ ХУРУЖЛАР: УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ УЧУН НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Масала қанчалик жиддий?
Холис эътироф этиш лозимки, бугунга келиб геосиёсатда дин омили ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш борасида қўштирноқ ичида илгарилаб кетган нохолис кучлар фаоллиги кундан-кунга кўпроқ кузатилмоқда. Жамиятларни радикаллаштиришда ахборот омили, хусусан, ижтимоий тармоқлар ўта самарали роль ўйнаётгани эса соғлом фикрли ҳар қандай кишини ташвишлантиради.

Бу ҳодисанинг асосий жиҳатларидан қуйидагиларни алоҳида айтиб ўтиш лозим. Анча йиллардан бери дин ғоявий-мафкуравий таъсир воситаси сифатида айрим геосиёсий кучлар томонидан муайян ҳудудларда ўз таъсирини кучайтириш ёки бошқарувни беқарорлаштириш мақсадида қўлланмоқда.
Бу жараёнда мазҳаблар ва мазҳаблараро зиддиятлардан ўта самарали фойдаланиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Жумладан, сунний ва шиа мазҳаблари ўртасидаги зиддиятлар айрим давлатларнинг геосиёсий манфаатларини илгари суришда қўл келади. Қолаверса, сунний мазҳаби доирасида шаклланган мазҳаблар орасида зиддиятлар ва баҳс-мунозараларни келтириб чиқаришдан бевосита манфаатдор бўлган кучлар ҳам йўқ эмас.
Айрим Яқин Шарқ мамлакатларида ёки алоҳида минтақаларда сиёсий беқарорлик келтириб чиқарган ёхуд чиқаришга уринаётган баъзи радикал гуруҳлар ўз ҳаракатларини “илоҳий миссия” сифатида талқин қилиб, сиёсий мақсадларини “диний манфаатларни ҳимоялаш” деб изоҳламоқда. Айнан шу ўринда ахборот омилининг жамиятни радикаллаштиришдаги роли яққол кўзга ташланади. Масс-медиа ва интернет орқали диний радикал гуруҳлар ўз ғояларини кенг оммага етказиш учун қилаётган ҳаракати экспертларни шундай хулосага ундайди.
Бу жараёнда фейк янгиликлар, монтаж қилинган видеолар, манипуляция сингдирилган медиа маҳсулотлар ва нохолис талқиндаги оятлар ҳамда ҳадислар орқали одамларнинг ҳис-туйғуларига таъсир этилади.
“Мазлумлик” образи яратилиб, ёшларни ёлғон “жиҳод”га жалб қилиш осонлашади. Асосан ёшлар аудиториясини қамраган тармоқли коммуникация манбалари – Telegram, YouTube, TikTok, Discord, Dark Web сингари платформалар жамиятларни радикаллаштириш лойиҳаларини амалга оширишда қўл келади.
Шу ўринда ахборотнинг психологик таъсирини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Инсон ҳис-туйғуларига кучли таъсир ўтказиш мақсадида яратилган тасвирлар, видеолар ёки иллюстрациялар, драматик фильмлар, “жаннати шаҳидлар” ҳақидаги кинолар, сериаллар, радикал ва экстремистик мазмундаги видеороликлар кўзланган ғаразли мақсадга етишда улкан роль ўйнайди.
Нохолис диний таълимотни қабул қилиб олаётган кимсалар манипуляцияга асосланган фикрларга ишонишга моил бўлганлари учун ахборот кўмагида радикаллаштириш жараёнида дунёвий илми, диний тасаввурлари ғариб бўлган биринчи қатлам сифатида қурбонга айланади.
Радикал гуруҳлар эса бундан, албатта, устомонлик билан фойдаланишади. Қурбонлар онгида аввал ахборот хуружи орқали зиддиятли саволларни туғдиради. Сўнг ўзи яшаётган жамият ва мавжуд тузимдан бундай саволларига гўёки жавоб ололмаган манқуртлар онгига осонлик билан тажовузкор ғояларни сингдиради.
Шу ўринда алоҳида эътибор қаратиш ва албатта инобатга олиш лозим бўлган бир жиҳат бор. Дунёнинг қайсидир бурчагида радикаллашув омили кузатилаётган бўлса, билингки, унга улкан турткини, шубҳасиз, геосиёсий мақсадлар бермоқда. Мавжуд тузумга қарши ҳаракат қилувчи гуруҳлар воситасида диний гуруҳларни молиялаштирадиган ёки уларни қўллаб-қувватлайдиган давлатлар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди.
Айнан шу жараёнга ахборот ва оммавий ахборот воситалари геосиёсий таъсир қуроли сифатида хизмат қилиб, фуқаролик уруши, қочқинлар муаммоси ва ички беқарорликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, геосиёсий манфаатлар доирасидаги ҳудудий таъсирни кенгайтириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида муайян бир ҳудудни, диний озчилик ёки этник гуруҳни “қутқариш” борасидаги даъволар иддао қилиниб, бошқа давлатнинг ички ишларига аралашиш ҳам кузатилади.
Шу тарзда дин омили радикаллашув жараёнида символик ва эмоционал таъсир воситасига, ахборот омили эса геосиёсатнинг амалий қуролига айлантирилади. Бу икки омил биргаликда қўлланилганда инсон онгига таъсир қилиш, ёшлар онгига радикал ғояларни сингдириш, ички сиёсий барқарорлик издан чиқиши каби ҳодисалар содир бўлади. Бу ҳолатни айрим Яқин Шарқ, Африка, Осиё ва Океания мамлакатлари мисолида ҳам кузатиш мумкин.
Муаммонинг ечими борасида экспертлар нима дейди?
Доктор Реҳам Салама, Миср Араб Республикасидаги экстремизмга қарши кураш “Ал-Азҳар” обсерваторияси директори:
– Бугун дунёда айрим жамиятлар, хусусан, ёшларнинг радикал ғоялар таъсирига тушиб қолишида ахборот омили катта ўрин тутмоқда. Шу боис биз дастлаб илмий марказ сифатида ташкил этилган расадхонамизнинг функционал вазифасини маълум маънода ўзгартириб, оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда фаоллашишни мақсад қилдик.
Обсерваториянинг бош мақсади эса Ал-Азҳар мажмуасининг инсонпарварлик миссияси ва халқаро ҳамжамиятдаги ижтимоий роли доирасида барча кўринишдаги терроризм ва экстремизм ғоялари ҳамда мафкураларни кузатиб бориш, уларга ахборот воситалари кўмагида қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишдан иборат.
Айни пайтда биз дунёнинг барча жойларида яшовчи мусулмонларнинг ҳаётини ёритиб бориш, Ислом дини ҳақидаги ҳақиқатни тўғри етказиш ва динимизда акс этган инсоний қадриятларни очиб бериш мақсадида ўн уч тилда медиа маҳсулотлар ва материаллар тайёрлаяпмиз.
Тадқиқотчиларимиз турли террористик ва экстремистик ташкилотлар томонидан эълон қилинаётган материаллар, Ислом дини ва мусулмонларнинг ҳаётига оид барча мақолалар, фикрлар, жараёнлар, амалга оширилаётган тадқиқотларни диққат билан кузатиб боради. Шу билан бирга, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши тайёрланган материалларни веб-сайтларда, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда, экстремизм ва терроризмга оид тадқиқот марказларида, телеканалларда, газета ва журналларда эълон қилиб бориш йўлга қўйилган. Бундан кўзланган мақсад эса экстремистлар томонидан тарқатилган нотўғри ғояларга қарши курашиш, бағрикенгликни тарғиб қилиш, мўътадил Ислом динининг ҳақиқий қиёфасини кўрсатиб беришдан иборат. Марказимизда 18 та бўлим ва 110 нафар ходим айнан шу мақсад йўлида фаолият юритмоқда.
Доктор Муҳаммад Ҳассан, Миср Араб Республикасидаги “Салам” экстремизмни ўрганиш ва исломофобияга қарши курашиш маркази директори:
– Чиндан ҳам радикал, экстремистик ва террористик ғояларга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс, айниқса, онлайн сабоқлар, диний мазмундаги маърузалар ва даъватлар кенг оммалашиб кетган бугунги кунда. Бизнинг марказимизда бу борада жадал ишлар бошланганига анча бўлди. Биз бузғунчи ғояларни тарғиб этаётган кимсаларга жавоб қайтаришда уларнинг шахсига урғу бермаймиз, чунки бу ҳол унинг янада оммалашиб кетишига хизмат қилиши мумкин. Уни обрўсизлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар ҳам акс таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳозирча бу борада ўзини оқлаётган ечим шуки, жамиятларни радикаллаштиришда ахборот омилининг яққол устунликка эга эканлигини тан олган ҳолда, мавзуга оид соғлом ахборотни тарқатиш ва шундай ахборотни ишлаб чиқувчи марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш лозим. Айнан шу эҳтиёждан келиб чиқиб ташкил этилган марказимизда юздан ортиқ киши фаолият кўрсатмоқда.
Биз интернетдаги барча платформалар, хусусан, ижтимоий тармоқларда фаолият олиб бораётган радикал воизлар ҳамда экстремистик ва террористик ғояларни тарғиб этаётган шахсларнинг чиқишларини мунтазам кузатувга олганмиз. Жамиятимизда зиддиятларга олиб келиши мумкин бўлган диний мазмундаги ҳар қандай ғояга, фатво ва бошқа даъватларга тезкорлик билан жавоб қайтарамиз.
Мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларида учраётган экстремистик чақириқларга оид калит сўзларни аниқлаб, бундай контентларнинг кенг тарқалишидан олдин превентив тарзда ўчирилишини, шахсга урғу бермаган ҳолда мавзу юзасидан аниқ шаръий ва қонуний нуқтаи назарларни баён этувчи медиа маҳсулотларни ишлаб чиқишни йўлга қўйганмиз.
Доктор Тоҳа Нажим, Миср Араб Республикасидаги Искандария университетининг оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи:
– Бугун маълум маънода воқелик тезлашиб кетди. Жамиятда содир бўлаётган бирор-бир ҳодисани илмий жиҳатдан пухта таҳлил қилиб, у ҳақда илмий тадқиқотлар ўтказиб, салмоқли илмий китоб ёзиб, уни кимгадир ўқитишга жазм қилган одамлар бироз кечикиб ҳам қоляпти…
Қолаверса, ҳозирги ёшларнинг бундай китобларни ўқишга сабри етармикан?!
Жуда катта қисми ижтимоий тармоқларнинг ўта фаол фойдаланувчилари бўлган бугунги авлод онгига радикал ғоялар айнан шу “туйнук”лар орқали йўл топяпти. Демак, ижтимоий тармоқларда соғлом ғояларни тарғиб этиш ва радикал ғояларга асосли раддияларни оммалаштириш устида ишлаш лозим. Бу борада кино санъатининг, уй бекаларининг севимли эрмаги бўлган сериалларнинг, интернет платформаларида кенг оммалашган ижтимоий тармоқларнинг ва шу тармоқларда “харидоргир” ҳисобланган турли жанрлардаги видеороликларнинг ўрнини инобатга олиш керак.
Бу мулоҳазалар “Зиё” медиа маркази вакилларининг Миср Араб Республикаси ва Туркияга ижодий сафари мобайнида тингланди. Мисрдаги “Дорул ифто” Фатво уюшмаси, Искандария кутубхонаси, Туркиядаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш IRCICA ташкилотининг яна бир қанча тажрибали экспертлари ҳам шунга ўхшаш мулоҳазаларни билдириб ўтишди.
Радикал ахборот хуружига қарши курашда нималарга эътибор бериш зарур?
Аввало, зарарли ахборотларнинг превентив ўчирилишини йўлга қўйиш лозим. Бу цензура эмас, балки миллий хавфсизлик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муқаррар ғоявий-мафкуравий хавфдан аҳоли, хусусан, ёшларни ҳимоялаш усулидир. Дарвоқе, “Салам” экстремизмни ўрганиш ва исломофобияга қарши курашиш маркази директори доктор Муҳаммад Ҳассан ҳам ўз интервьюсида бу борада қисман тўхталиб ўтган эди.
Шу ўринда превентив тарзда ўчирилиш нима эканлигини изоҳлаш лозим. “Превентив” атамаси лотинча “праэвенире” сўзидан олинган бўлиб, “олдини олиш” деган маънони англатади. Превентив тарзда ўчирилиш эса, экстремизм, радикализм ёки зўравонликни тарғиб қилувчи контентни топиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқалишидан олдин йўқ қилиш, демакдир.
Кўпчиликда “бу техник жиҳатдан қандай ишлайди”, деган савол туғилиши табиий. Албатта, ушбу дастур интернет алгоритмларига хос тарзда ишлайди. Унда “Калит сўзлар” жамланмаси мавжуд. Марказ ва ҳамкорлар томонидан шакллантирилган маълум бир калит сўзлар ва ифодалар рўйхатини ўз ичига олади. Масалан, “жиҳод” сўзи ва унинг синонимларини, “кофирларга қарши курашиш”, “шаҳидлик”, “бомба тайёрлаш” ва ҳоказоларни.
Бундан ташқари, интернетда хавотирга сабаб бўлаётган контентлар мунтазам кузатиб борилади (wеб crawling). Аниқланган калит сўзлар асосида веб-сайтлар, блоглар, видеолар, ижтимоий тармоқлардаги постлар ҳам автоматик равишда ўрганилади. Зўравонликка даъват, ёлғон фатволар, ёшларни радикаллаштиришга уринишлар ва шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланса, ушбу контент платформага юборилади ва тарқалишидан аввал ўчирилади.
Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, бу жараён контент кенг оммага етмасидан аввал саноқли лаҳзалар ичида амалга ошади, яъни одамлар уни кўриб улгурмасидан аввал фойдаланувчининг профили блокланиши, видеоси ўчирилиши ёки пости йўқ қилиниши мумкин.
Бу эса ёшлар ва кенг жамоатчиликнинг радикал ғоялар таъсирига тушиб қолмаслигида, террористик ҳаракатларни режалаштиришнинг олдини олишда ва интернет ахборот тармоғининг экстремистлар учун ёллаш воситасига айланишига йўл қўймасликда самарали чора бўлиши мумкин.
Қолаверса, ахборот-таҳлил ва медиа марказлар фаолиятини такомиллаштириш лозим. Чунки ҳар қандай дунёвий давлат олдида диний қарашларга дахл қилмаслик, ҳеч бир динни бошқа диндан устун қўймаслик, динлараро ва мазҳаблараро бағрикенглик тамойилларини, миллатлар ўртасидаги тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, диний ақидалар ва тушунчаларнинг ўта радикал шаклга киришига ҳамда жамиятнинг радикаллашиб кетишига йўл қўймаслик вазифалари кўндаланг туради.
Бу вазифалар пухта илмий салоҳият ҳамда шу салоҳиятга таянган ахборотни кенг ёйиш, бузғунчи ва экстремистик ғояларга берилажак малакали илмий-таҳлилий жавобларни аҳолига ўз вақтида етказиш орқали амалга оширилади. Ахборот омили айнан шу ўринда жиддий роль ўйнайди.
Дунёда шундай вазифаларни бажараётган бир талай марказлар бор. Бу ўринда Гаагада жойлашган International Centre for Counter-Террорисм (ИCCТ) марказини, Лондондаги Institute for Strategic Dialogue (ИСД) институти, Global Research Network on Terrorism and Technology (РУСИ) маркази, Мериленд университетининг таълим-тадқиқот маркази ҳисобланган National Consortium for the Study of Terrorism and Responses to Terrorism (СТАРТ) маркази, БАА пойтахти Абу-Даби шаҳридаги Ҳедаяҳ – International Center of Excellence for Countering Violent Extremism маркази, Париждаги European Union Institute for Security Studies (ЭУИСС) институти, Чехиядаги Centre Against Terrorism and Hybrid Threats маркази, Сингапурдаги S. Rajaratnam School of International Studies (РСИС) хавфсизлик ва стратегик тадқиқот институти, АҚШнинг Ҳонолулу шаҳридаги, Осиё-Тинч океани региони бўйича фаолият кўрсатувчи Asia-Паcифиc Center for Security Studies (ДКИ APCSS) маркази, Bangladesh Institute of Peace & Security Studies (БИПСС) маркази ва яна ўнлаб ташкилотларни санаб ўтиш мумкин.
Эътибор беринг, бундай марказлар ташкил қилинган мамлакатларда ёшларнинг радикаллашиши, экстремистик ва террористик ғоялар таъсирига тушиб қолиши билан боғлиқ муаммолар деярли бартараф этилган. Чунки бундай марказлар оммавий ахборот воситалари орқали экстремистик оқимларни статистик таҳлил қилиш, дезинформацияга қарши курашиш, гибрид таҳдидларга қарши тегишли чоралар қўллаш, ўқув-семинар ва тренинглар ўтказиш, интернетда тарқатилаётган экстремистик материалларни мониторинг ва онлайн таҳлил қилиб, уларга қарши курашиш бўйича турли стратегияларни амалга оширади. Демак, оммавий ахборот воситалари, жумладан, ижтимоий тармоқлардаги стратегик қадамларнинг ишлаб чиқилиши ва пухта режа асосида бошқарилиши юрт тақдирига дахлдор ҳодисага айланиши мумкинлигини тан олган ҳолда, ахборот-таҳлил ва медиа марказлар фаолиятини янада такомиллаштириш чораларини кўриш лозим.
Хулоса
Шубҳасиз, бугунга келиб ахборот омили замонавий радикаллашув жараёнида энг хавфли ва таъсирчан қуроллардан бирига айланган. Айниқса, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган дезинформация, фейк янгиликлар, манипуляция сингдирилган диний матнлар ва эмоционал видеолар ёшлар онгига кучли таъсир кўрсатиб, уларни радикал ғояларга моил қилиб қўяётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Бу эса геосиёсат юритишда устаси фаранг бўлиб кетган айрим ғаразли кучлар учун жуда қўл келиши табиий. Натижада геосиёсий кучлар дин омили ва ахборот технологияларидан биргаликда фойдаланиб, ҳудудий беқарорлик ва зиддиятларни келтириб чиқаришдан тўхтамаяпти. Мазҳаблараро низолар, “мазлумлик” образи ва нотўғри фатволар орқали радикал гуруҳлар ўзларининг сиёсий мақсадларини диний даъват билан ниқоблаб, ўз таъсир доирасини кенгайтириб бораётгани ҳам бор гап.
Миср ва Туркиядаги бир қатор экспертлар таъкидлаганидек, радикал ғояларга қарши самарали кураш фақат шахсни обрўсизлантириш орқали эмас, балки соғлом, илмий асосланган, бағрикенгликка даъват этувчи ахборотни тизимли тарқатиш билан амалга оширилиши мумкин. Бу жараёнда превентив ўчириш, калит сўзлар ва автоматик мониторинг орқали экстремистик материалларни аниқлаш, ижтимоий тармоқларда тезкор ва асосли раддиялар бериб бориш, ОАВ орқали радикал ғояларга қарши бўлган медиа маҳсулотлар, мақолалар ва ҳоказоларни оммалаштириш жуда муҳим.
Дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларида шу мақсад йўлида фаолият кўрсатаётган илмий-тадқиқот ва медиа марказлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ахборотни жиловлаш, назорат қилиш ва бошқариш билан радикаллашувнинг олдини олиш мумкин. Ҳа, айнан шундай. Бундай марказлар гибрид таҳдидларга қарши стратегияларни ишлаб чиқиш, статистик таҳлил, тренинг ва онлайн мониторинг орқали ёшларнинг экстремистик ғоялар таъсирга тушиб қолиш хавфини кескин камайтиради. Айнан шу маънода, ахборот омилини назорат қилиш ва ундан соғлом контент тарқатишда фойдаланиш – радикаллашувга қарши энг самарали воситадир, дейиш мумкин. Бунинг учун миллий ва халқаро илмий марказлар, оммавий ахборот воситалари ва давлат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилиши зарур.
Абдулҳамид МУХТОРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси
“Жадид” газетасининг 2025 йил 15 августдаги 33-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



