Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


21.11.2025 | 10:28

img204

ХУШХАБАР БЕРГУВЧИ ВА ОГОҲЛАНТИРУВЧИ

Икром ИСКАНДАР

Қуръони Карим маъноларининг янги изоҳли таржимаси – “Анворул-Қуръон: Файзул-Фурқон” ҳақида

Мўътабар китоб – “Анворул-Қуръон: Файзул-Фурқон” (Қуръони Карим маъноларининг изоҳли таржимаси) мутолааси ҳар бир ўқувчига Яратганнинг чексиз қудратини англатади, инсоннинг ожиз банда эканини яна бир бор эслатади. Зеро, “ҳам хушхабар бергувчи, ҳам (оқибат ҳақида) огоҳлантирувчи (ҳолида туширилган)” Қуръони Каримда айтилади (оят маъноси): “Аллоҳ сўзнинг энг гўзалини (равонлик ва оҳангда, фасоҳат ва балоғатда) бир хил ўхшашликда бўлган ҳамда (ҳукмлари) такрорли (хушхабар ва таҳдид – ваъда ва ваъид, раҳмат ва азоб, жаннат ва дўзах каби муқобил қиёсий баёнли) бир Китоб ҳолида нозил қилди. Ундан (Қуръондан) Раббисидан қўрқадиганларнинг (оят­ларни тинглаб) баданлари титрар, кейин эса танлари ва қалблари Аллоҳнинг зикри учун юмшар. Ана шу (Китоб) Аллоҳнинг (сўнгги юборган) ҳидоятидир…” (“Зумар” сураси, 23-оят).
Ислом динининг дунёга келишига оид энг ҳаққоний тарих ҳам ушбу Китобдадир. Баён этиладики, исломдан олдин Каъбада мушриклардан ҳар бир қабиланинг биттадан бути, чунончи, Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ, Наср сингари энг улуг‘ бутлари бўларди. Аслида, улар ҳазрати Одам алайҳиссаллом ўғилларининг исми бўлиб, халқ бу қаҳрамон зотларни севгани сабабли вафотларидан кейин уларни унутмаслик ва термилиб туриш учун расмларини чизиб, уйларига осади. Ишнинг моҳияти унутилгач эса кейинги насллар уларни ҳайкал сифатида бутлаштириб, майдонларда уларга сиғина бошлайди.
Юксак адабий санъат шаклланган шеърларида ҳам мушриклар “Бисмил-Лот вал-Уззо” дея бутларини зикр қилар, бутларни улуғлаш таълимотларининг асосини ташкил этарди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга Қуръон нозил бўлар экан, мушриклар ул зотни ёлғончига, мажнунга чиқаради. “Қуръонни ўзи тўқиб олган”, дейишгача боради. Улар “Биз бир мажнун шоир учун ўз илоҳларимизни тарк этар эканмизми?” дея тавҳидга қарши чиқар, тавҳид калимасини айтганлар мушрик-бутпарастлар томонидан мавжуд тузумга қарши деб топиларди. Қуръон тиловат қилинаётганда одамлар эшитмасин учун мушрикларнинг шовқин-сурон ва бақир-чақир қилиб туришини тасаввур қилинг. Улар яна Маккада Валид ибн ал-Муғира ёки Тоифда Урва ибн Маъсуд сингари одамларни назарда тутиб: “Бу Қуръон икки юртдан бир улуг‘ кишига нозил қилиниши лозим эмасмиди?”  дер эди. Ҳатто Абу Лаҳаб ва унинг хотини кечқурун у зотга озор-азият етказиш учун йўлларига тиканлар ташлашади.
Ислом байроғи юксала боргани сари Абу Жаҳл ва баъзи Қурайш мушриклари томонидан Расулуллоҳга ўз амакилари воситасида: “Хоҳласа, унга вазирлик берайлик, фақат бизнинг бутларимизга қарши гапирмасин”, “Бир йил у бизнинг бутларимизга сиғинсин, бир йил биз унинг Аллоҳига ибодат қилайлик”, дея турли таклифлар ҳам айтилади. Аллоҳнинг Расули, табиийки, уларга Аллоҳнинг билдирган рад жавобини беради.
Инсонлар манфаати учун ҳақ ўлароқ нозил қилинмиш табаррук Китобда: “Ахир ақл юритмайсизларми?”, “Ибрат олмай­сизларми?”, “Сизлар нақадар оз фикр қилурсизлар”, “Нечог‘ оз насиҳат олурсизлар!”, “Аллоҳ қилаётган амалларингиздан бехабар эмасдир”, “Аллоҳ қилаётган амалларингизни ғоят кўриб тургувчидир” каби огоҳ этувчи фикрлар энг кўп такрор­ланиб келиши бежиз эмас. Лекин бу танбеҳлардан “фақат ақл эгалари эслатма олурлар”.
Қуръони Карим инсонларни тинч-тотув яшашга чақиради. Қуйидаги табаррук оятлар бунга мисолдир: “Ер юзида зинҳор фасод қилманглар!”, “Ер юзида бузғунчилик қилманг­лар!”, “Ер юзида бузғунчилик қилиб (низолар чиқариб, тинчлик низо­мини бузиб) юрманглар”, “Бир-бир­ла­рингиз билан танишингиз­лар (дўстлашиб, ёрдамлашингизлар) дея сизларни халқлар ва қабилалар – элат­лар қилиб қўйдик”, “Кимки ўз нафси­­нинг бахиллигидан сақланса, нажот ва саодатга эришганлар ана ўша­лардир”, “Ҳар бир шахс ўз қилми­шининг гаровидадир (ўз қилган амалига боғлаб қўйилгандир)”, “Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар”, “Аллоҳ золимларни севмас”, “Аллоҳ ҳаддан ошгувчиларни севмас”, “Аллоҳ фасодни севмас”, “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, “Кимки яхши бир ишга воситачи бўлса, ундан ўзига бир насиб (савоб) бор. Кимки ёмон бир (ишга) воситачи бўлса, (тағин) ундан ўзига бир улуш (гуноҳ) бор”, “Ёмонликнинг жазоси ўзига тенг ёмонликдир”.
Муқаддас Китоб бандаларни ҳамиша яхшиликка ундайди: “Хайр ишларида мусобақа қилинглар!”, “Кимки чин дилдан бир яхши иш қилса, муҳаққақ, Аллоҳ Шокирдир – мукофотини бергув­чидир”, “Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севар”, “Аллоҳ муҳсин­ларни – яхшилик қилгувчиларни севар”, “Ўзаро яхшилик ва эҳсонни унут­манглар”, “Бундай (яхши) амал қилувчи зотларнинг мукофоти қандай гўзалдир”, “Ким тўғри йўлга келса, фақат ўзи учун тўғри йўлга келган бўлур”, “Тақво қилган зотларга “Раббингиз нимани нозил қилди?” дейилди. Улар: “Яхшиликни”, дедилар”, “Биз, албатта, амали гўзал бўлган кишининг мукофотини асло зоеъ қилмасмиз”.
Қуръони Каримда ёзилишича: “Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур (унинг мартабасини баланд қилур)”, “Ҳеч бир киши тоқатидан ортиқ нарсага таклиф қилинмас”, “Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишининг (ният ва амалларига кўра) ризқини кенг қилур ва тор қилур”. Бас, шундай экан, ношукур банда Аллоҳга хуш келмайди. Зеро, неъматнинг шукрини адо қилмоқ неъматдан ҳам улуғдир. Шу боис, қайта-қайта эслатма бериладики: “Ношукурлик қилманглар”, “Шукр қилгувчиларни мукофотлармиз”, “Нақадар оз шукр қилурсизлар!”, “Биз ношукурдан бошқани жазолармидик!”, “Биз унга (инсонга) тўғри йўлни кўрсатдик: хоҳ шукр қилгувчи, хоҳ нонкўр-ношукр бўлур”. Аксинча, ҳар бир мушкулотга сабр қилмоқ – энг улуг‘ савоб. Чунки: “Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”, “Аллоҳ сабрли (ва саботли)ларни севар”, “Сабр қилмоғингиз сизлар учун яхшироқдир”, “Кимки сабр қилса ва (ёмонликни) кечирса, албатта, бу ҳимматли (хайрли) ишлардандир”.
Ер юзида токи тириклик, ҳаёт мавжуд экан, Яратганнинг ўз бандаларини исрофдан сақланиш ва инсофни сақлашга даъват этгувчи хитоби ҳамиша долзарбдир: “Енглар, ичинглар, фақат исроф қилманглар. Чунки Аллоҳ исроф қилгувчиларни севмас”, “Ўлчовни тўлиқ ўлчанглар ва камайтиргувчилардан (бировнинг ҳақини егувчилардан) бўлманглар”, “Тўғри тарози билан тортинглар”, “Ўлчов ва тарозида ҳийла қилувчи­ларнинг ҳолига вой!”, “Инсонларга нарсаларини (ҳақларини) камайтириб берманглар”.
Инсонни яратган, унга Қуръонни ўргатган, ер-у осмонни, жамики жонзот, ўт-ўлан-у дарахтларни ­бунёд этган, икки денгизни учраштириб, ораларига бир тўсиқ қўйган, дўзах ва жаннатни барпо этган улуг‘ Раббимиз қудратига оид “Раҳмон” сураси­даги жами 78-оятнинг 31-оятида: “Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?” деган савол ажиб фасоҳат билан такрорланиб келади.
Муқаддас Китобда “Тағобун” сураси бор. Тағобун куни – айб-у қусурга йўл қўйган инсон охиратда ўз гуноҳларини кўриб, бу дунёда алданганини тан оладиган кундир. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу вафотларидан олдин: “Раббимнинг азоби­дан эмас, Унга маҳжуб (хижолат) ҳолда боришдан қўрқаман”, деган эканлар. “Қоф” сураси мазмунига кўра, жаҳаннамнинг бағри кенг “У кун жаҳаннамга: “Тўлдингми?” дермиз. У: “Яна қўшимча борми?” дер” (30-оят).
Аллоҳ ҳузурида энг оғир гуноҳлардан бири бандасининг кибрга, манманликка берилмоғидир. Бир вақтлар Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломдан кейин Тавротни энг яхши билган шахс афсонавий бойликка эга Қорун эди. “Қасас” сурасида маълум қилинишича, Аллоҳ таоло томони­дан унга шундай хазиналар берилган эдики, унинг калитларини кўтариб юришнинг ўзиёқ бақувват жамоага оғирлик қиларди. “Бу бойлик менга фақат ўзимдаги илм туфайли берилди”, дея кериларди Қорун. Оқибат, уни бутун мулки билан қўшиб ер ютди. Араб шоири Ҳофиз Иброҳимнинг: “Гўзал ахлоқ билан зийнатланмаган илм ўз эгасини пастга отадиган улов ҳайвони кабидир”, деган мазмундаги байтлари кибр бандаларига мос ва мувофиқдир.
“Мутаффифийн” сурасида баён этилиши­ча, Аллоҳнинг амридан чиққан­лар­нинг китоби бор, у Сижжийн деб аталади. Унга ёмон амаллар битиб борилади. Яхшиларнинг китоби эса Иллийюндир. Ҳар банда яхшиликни шиор билса, “Ҳашр” сурасидаги “уларнинг қалблари тарқоқдир” сифатидан йироқ бўлса, амаллари Иллийюн саҳифаларини безаб турса, аслида, яшамоқдан бош мақсад шу эмасми?
Қуръони Карим – буюк ҳикматдир. “Бақара” сурасининг 269-оятида ёзилганидек: “Кимгаки ҳикмат насиб этган бўлса, муҳаққақ, унга кўп яхшилик берилибди”, “Агар билмасангизлар, зикр аҳлидан (муттақий ва динда собитқадам бўлган олимлардан) сўранглар” (Анбиё сураси 7-оят), дея эслатма бери­лади Китобда.
“Анворул-Қуръон: Файзул-Фурқон” китоби 2024 йили “Ирфоннашр” нашриёти­да чоп этилган. Таржимон ҳамда қўшимча изоҳлар муаллифи заҳматкаш олим, закий адиб Мирзо Кенжабекдир. Китобнинг ўзбек тилидаги мазкур еттин­чи таржимаси ҳурматли устозимиз­нинг 23 йиллик машаққатли меҳнат­лари самарасидир. Изоҳдан маълум бўлишича, таржима ишлари 2009 йилда ниҳоясига етган бўлса-да, унинг сўнгги таҳрири 2021-йили тугалланган. Якунига етган таржима устида яна уч йил таҳрир ишлари олиб борилгани ҳам таржимоннинг ишга ғоят юксак масъулият билан ёндашганидан далолат беради.

“Жадид” газетасининг 2025-йил 14-ноябрдаги 46-сони.


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855