03.11.2025 | 16:44
152
ИЛМ-У МАДАНИЯТГА МЕЗБОН САМАРҚАНД
Жамолиддин БАДАЛОВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этди
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд “Шарқ ва Ғарб маданиятлари ва цивилизациялари чорраҳаси” сифатида машҳур. Ушбу қадим кентнинг Бош конференция ўтказиладиган жой сифатида танланиши Ўзбекистоннинг асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳамда фан, технология, таълим ва маданият соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътирофи ҳамда мамлакатнинг жаҳон маданий туризми ва кўп томонлама алмашинувдаги аҳамиятини намойиш этади. Марказий Осиёнинг энг қадимги ва энг кўзга кўринган шаҳарларидан бири сифатида Самарқанд ўзининг ажойиб меъморий ёдгорликлари ва бой тарихий мероси билан машҳур.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барча халқаро ҳамкорлар ва дўстларга 2025 йилда қадимий Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлаганликлари учун самимий миннатдорлик билдирганди. Минтақамизда биринчи марта ўтказилаётган жаҳон миқёсидаги ушбу муҳим тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизация салоҳиятини яна бир бор намойиш этади.
Эътиборлиси, 2024 йил 16 март куни Ўзбекистон Президенти “2025 йилда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош коньференсиясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга мувофиқ, тадбирнинг тайёргарлигини назорат қилиш учун Ташкилий қўмита тузилди ва зарур чора-тадбирлар фаол равишда амалга оширилди. ЮНЕСКО билан яқин ҳамкорликда сессия иштирокчиларининг мамлакатимизга кириши ва чиқиши, виза режимини соддалаштириш, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, уларнинг асосий тадбирлар ва маданий дастурда иштирок этиши билан боғлиқ масалалар ҳал этилди. Мавжуд маълумотларга кўра, 43-сессия ва у билан боғлиқ тадбирларда 194 мамлакатдан 5000 дан ортиқ иштирокчи қатнашяпти. Ўзбекистон ҳукумати ЮНЕСКО билан ҳамкорликда асосий конференция доирасида бир қатор қўшма тадбирларни ўтказишни режалаштирган. Ушбу тадбирлар музей ишида сунъий интеллект технологияларининг роли, гендер тенглик, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш каби долзарб масалаларга бағишланади. Кутилаётган қарорлар орасида 15 декабрни “Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи куни” деб эълон қилиш ташаббуси ҳам бор. Форум иштирокчилари 5 гектар майдонга эга янги “ЮНЕСКО боғи” паркида дарахт экишда иштирок этади. Бундан ташқари, асосий конференция арафасида Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг XIV Ёшлар форуми ва ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияларнинг XII минтақалараро йиғилиши бошланди.
Кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги ҳар томонлама ривожланмоқда. Мазкур халқаро ташкилот кўмагида мамлакатимизнинг бой тарихи, қадимий анъаналари ва миллий қадриятларини кенг тарғиб қилиш, уларни келажак авлод учун сақлаб қолишга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилаётгани, икки томонлама муносабатлар доирасида ЮНЕСКОнинг халқаро реестрлари алоҳида ўрин тутаётганини эслатиб ўтиш жоиз. Хусусан, Ўзбекистоннинг муваффақиятли дипломатик саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатнинг қадимий тарихий-маданий объектлари ЮНЕСКО рўйхатларига киритилган.
ЮНЕСКО томонидан қўллаб-қувватланадиган яна бир муҳим рўйхат – Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатидир. Ушбу рўйхат ўзбек халқининг 16 та номоддий маданий мерос элементини ўз ичига олади, улардан 11 таси 2016 йилдан бери рўйхатга киритилган. Уларга Шашмақом, Бойсуннинг маданий анъаналари, Катта Ашула, Аския санъати, палов билан боғлиқ маданият ва анъаналар, Наврўзни нишонлаш одатлари, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, атлас ва адрас ишлаб чиқаришнинг анъанавий технологияларини сақлаш, Лазги рақси, миниатюра санъати, бахшичилик санъати, ипакчилик ва анъанавий ипак ишлаб чиқариш, Хўжа Насриддин ҳақидаги анъанавий ривоятлар, ўзбек кулолчилик санъати, наққошлик санъати, ифторлик ва унинг ижтимоий-маданий анъаналари, шунингдек, рубоб ясаш ва уни чалиш санъати киради.
2023 йилгача Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг “Дунё хотираси” реестрига бир нечта муҳим маданий мерос объектларини муваффақиятли киритди, жумладан, Тошкент шаҳрида сақланаётган Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар тўплами ва Хива хонлиги девонхонасининг архив ҳужжатлари. 2023-2024 йиллар давомида Ўзбекистон тарихига оид яна тўртта ҳужжатли тўплам ушбу нуфузли реестрга киритилди: Мавлоно тўплами, Бухоро амирлиги қушбеги маъмурияти архиви, Худойберган Девонов фотосуратлар тўплами ва “Туркистон альбоми”. ЮНЕСКОнинг яна бир муҳим йўналиши – Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғи бўлиб, унга ҳозирда Ўзбекистондан иккита объект киради: Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси (1978 йилда ташкил этилган) ва Қуйи Амударё давлат биосфера резервати (2021 йилда қўшилган). 2022 йилда Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта 2022–2026 йиллар даврида ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси аъзоси этиб сайланди.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ЮНЕСКО шафелиги остида 10 та халқаро конвенцияга қўшилиб, ташкилотнинг таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларидаги асосий қадриятларига қатъий содиқлигини намойиш этди.
Яқин вақт ичида рўй берган энг муҳим воқеалардан бири 2023 йилда Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО–Ўзбекистон халқаро мукофотининг таъсис этилгани бўлди. Ушбу нуфузли мукофот ЮНЕСКО билан биргаликда сунъий интеллектнинг этик тарзда қўлланилиши орқали илмий мулоқотга кўмаклашиш ва янги технологияларни масъулият билан қўллашнинг глобал англанишини рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган. Мукофотнинг биринчи лауреатларининг номлари Самарқанд Бош конференцияси доирасида ўтказиладиган юқори даражадаги махсус тадбирда расман эълон қилиниши кутилмоқда.
– 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКО Бош конференцияси Париж шаҳрида эмас, балки Ўзбекистонда – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилади, – дейди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади. – Гарчи анжуман Ўзбекистон учун энг муҳим воқеалардан бири бўлса-да, бу ЮНЕСКОнинг ўзи учун ҳам ниҳоятда муҳим қадамдир. Бугун бу ҳақда бутун дунё гапирмоқда ва Ўзбекистон бутун дунё эътибори марказида турибди. ЮНЕСКО Ўзбекистон ҳукумати билан 30 йилдан бери яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда ва халқаро ташкилот сифатида биз 2016-2017 йилларда бошланган дадил ислоҳотларни алоҳида эътибор билан кузатиб келмоқдамиз. Мен таълим соҳасида – мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида таъкидламоқчиман – улар доимий равишда ЮНЕСКО томонидан олқишланади ва қўллаб-қувватланади.
Шуни таъкидлаш жоизки, ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилиши нафақат Ўзбекистоннинг жаҳон маданий ва интеллектуал ривожига қўшаётган ҳиссасининг эътирофи, балки тарихий-маданий меросни сақлаш муҳимлигини яна бир бор таъкидлаш учун ажойиб имкониятдир. Юқори даражадаги бу учрашув маданий алмашинув ва барқарор ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш учун халқаро майдон вазифасини ўтайди. Ўзбекистон яна бир бор жаҳон маданияти ва фанининг муҳим маркази сифатидаги ролини тасдиқлайди. Қолаверса, Самарқанд конференцияси маданиятлараро мулоқот учун кўприк бўлиб, турли жамиятларда тажриба алмашиш ва илғор тажрибаларни жорий этишга ёрдам беради.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 31 октябрдаги 44-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



