14.11.2025 | 10:25
207
ИЛМ УММОНИНИНГ ҒАВВОСЛАРИ
Ваҳоб РАҲМОНОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

“Қомус” арабчадан олинган бўлиб, аслиятда уммон, луғат, сўз бойлиги каби маъноларни англатади. Изоҳли луғатга кўра, ўзбек тилида уч хил маънода қўлланади: мукаммал, тўлиқ луғат; энциклопедия, энциклопедик луғат; ҳаётнинг ёки билимнинг бирор соҳасига оид тўлиқ асар; мажмуа.
Қомус устида бутун бошли жамоа меҳнат қилади. Унга киритилган ҳар бир мақола бутун бир асарга тенг бўлади. Шунинг учун ҳам аксар ҳолларда қомусчи олимларнинг исм-шарифлари илмий доираларда қолиб кетади, эл орасида ёйилмайди. Бу сафар икки йирик қомусчи – Қодиржон Эргашев ҳамда Сайфиддин Рафиддинов ҳақида ёзмоқчиман.
Совет даврида навоийшунос дейишса Порсо Шамсиев, Азиз Қаюмов, Ҳамид Сулаймонов, Абдуқодир Ҳайитметов, Воҳид Абдуллаев, Натан Маллаев, Ботирхон Валижўжаев, Суйима Ғаниеваларни билганларидек, биз кейинги давр олимларидан Иброҳим Ҳаққулов, Ботурхон Акрамов, Нусратулло Жумаев, Шуҳрат Сирожиддинов, Эргаш Очилов, Олимжон Давлатовларни таниймиз. Ҳолбуки, мутахассислар бу рўйхатни ўн баравар кўпайтириб тасаввур этади. Катта анжуманлар ва юбилей саналари муносабати билан матбуот ва ижтимоий тармоқларда номлари байроқдай ҳилпирайдиган йирик олимлар сафида кўпчилик билмайдиган фидойилар борки, уларнинг исмлари муаллифлик китобларидан кўра қомусларнинг жамоавий рўйхатида кўринади.
Ана шундай фидойи олимлардан бири филология фанлари доктори Қодиржон Эргашевдир. Навоийшунослик ва бобуршунослик осмонининг кичик сайёраларидан бири бўлган бу олимнинг адабиётшуносликка қўшиб келаётган ҳиссаси каттадир.
Ушбу олимнинг кам таниш бўлганининг биринчи сабаби: ўта камтар ва камсуқумлиги. Ўзбек ҳамда рус тили ва адабиётидан мукаммал хабардор қаҳрамонимизнинг илмий фаолияти кўпроқ қомусчиликка дахлдорлиги бунинг иккинчи сабабидир.
Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил, адабиёт ва фольклор илмий-тадқиқот институтининг катта илмий ходими Қодиржон Эргашевнинг улуғвор сиймоси икки муҳташам қомус – “Алишер Навоий энциклопедияси” ва “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энсиклопедияси”даги хизматлари салмоғини айтишимиз заҳоти кўз ўнгимизда намоён бўлади.
“Алишер Навоий энсиклопедияси”да – 300 та мақола, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энсиклопедияси”да – 750 та мақола – бу саноқлар нимани кўрсатади? Бунинг учун қомус нималиги ва ундаги мақола моҳиятидан сўз очайлик.
Қомус кимнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлса, ўша шахс таржимаи ҳоли, асарларининг ҳар томонлама илмий таҳлили, асарларида учраган шахслар, жанрлар, асарлари ҳақидаги энг қисқа, энг мукаммал илмий давлат ҳужжатидир.
Агар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодлари ва таржимайи ҳоллари ҳақидаги маълумотларни бир хона тўла китоб ҳолида тасаввур этсак, қомус ўшалардаги илмнинг асоси, қаймоғидир.
Бундай қомусларга мақола ёзадиган олим Навоий ва Бобур ижоди, ўша даврда яратилган тарихий асарларни, замондошлари муносабатларини мукаммал ўқиб чиққан бўлмоғи шарт. Ўшалардаги минглаб маълумотлардан ўз мақоласида фойдалана билиш маҳорати ҳам қомусчи учун зарурдир.
Чунончи “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” китобидаги Навоий ҳақидаги ҳар бир маълумотни Қодиржон Эргашев Мирза Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”, Хондамирнинг “Макорим-ул ахлоқ” ва “Ҳабиб-ус сияр”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират-уш шуаро” ва замонавий навоийшунослар асарларидаги маълумотларни ҳам ҳисобга олган ҳолда аниқ, қисқа, лўнда, муҳим фикрларнигина йиғиб мақола ҳолига келтиради. Бу жараённи бир қомусий мақола ёзиш учун муаллиф ўнлаб ўқиган китобларидаги фактларни йиғиб, қисқа ифодалаш учун машаққат чекади.
Қодиржон Эргашев – илм асалариси. У минглаб китобни ўқий-ўқий қомус учун илм болини ҳормай-толмай йиғади ва қомус мақоласи ҳолида элимизга тутади.
Биз ҳали Қодиржон Эргашевнинг ўнга яқин китобидан сўз очмадик. Ҳазрат Алишер Навоий насрий асарлари хусусидаги рус ва ўзбек тилларидаги асарлари навоийшунослик ва бобуршуносликка қўшган ҳиссаси билан ҳар қандай мақтовга арзирлидир.
***
Истиқлол замони навоийшуносликнинг ҳақиқий тўлақонли тадқиқодлар силсиласи эканлигини исботлади. Забардаст илм фидойиси Олимжон Давлатов саъй-ҳаракати билан навоийшуносларнинг ўттиз жилдлик асарлари нашр этилди. Бу фаннинг буюк тантанаси бўлди. Алишер Навоийнинг бутун ижоди исломий-ирфоний эътиқод билан зарҳаллангани илмда ва мутафаккир шоирнинг “Тўла асарлар тўплами” ўн жилдлигида (2011, 2013) аниқ кўзга ташланади.
Навоий асарлари нашрга тайёрловчиларидан бири Сайфиддин Рафиддинов Алишер Навоий “Тўла асарлар тўплами”нинг дастлабки тўрт жилди: “Хазойин-ул маоний”нинг ҳар бир девонига тасаввуфий сўзлар луғатини илова қилди.
Ўзи ёзган “Мажоз ва ҳақиқат” монографиясида ҳам тасаввуф асосларини изчил ёритиб беришга ҳаракат қилди.
Сермаҳсул олим кейинги ўттиз йилда ёзган ўнлаб китоблари, турк тилидан таржима қилган асарлари билан ўзини тўлақонли тасаввуф олими сифатида кўрсата олди. Унинг “Етти пир”, “Муҳаммад (с.а.в) васиятлари” ва бошқа китоблари фикримизнинг ёрқин далилидир.
Тасаввуфшунос олимнинг бу соҳадаги билимларининг чўққиси “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг тўрт жилдидаги икки юздан ортиқ илмий мақолаларида кўзга ташланади, десак муболаға бўлмайди. Ушбу қомусий мақолаларда олим тасаввуф атамалари моҳияти, тасаввуф алломалари ҳаёти ва ижоди ҳақида асосли илмий-назарий фикрларини баён этади. Айниқса, унинг бу қарашлари Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган мақолалар қисмида янада ёрқинроқ акс этган.
Олимнинг узоқ йиллик маҳсулдор илмий хизматлари туфайли Сайфиддин Рафиддинов яқинда ўзи хизмат қилаётган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил, адабиёт ва фольклор институти “Ўзбек адабиёти тарихи” бўлимига мудир этиб тайинланди.
***
Беруний ҳазратлари “Мен ғаввос-у, илм бўлди уммоним” деб ёзган эди. Модомики, қомус маъноларидан бири уммон экан, заҳматкаш олимларимизни илм уммонининг теран қатларига кириб борувчи ғаввосга ўхшатиш ўринли бўлади. Икки йирик олимга сиҳат-саломатлик ва ижодий парвозлар тилаймиз!
“Жадид” газетасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 45-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



