Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


31.07.2025 | 09:07

img182

“ИЛМНИНГ АВВАЛИ ИШТИЁҚ”

Андижон давлат университети Физика-математика факультети профессори, физика-математика фанлари доктори, академик Сирожиддин Зайнобиддинов билан суҳбат

– Келинг, суҳбатимизни хотиралардан бошлаб, талабалик йилларингизга назар ташласак. Ўша пайтда сиз яримўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси соҳасини танлаган экансиз. 

– Физикага болаликдан қизиққанман. Табиий фанларга иштиёқим баландлиги туфайли 1963 йили Тошкент давлат университетининг физика факультетига ҳужжат топширганман. У пайтларда ўқишнинг иккинчи босқичидан сўнг ҳарбий хизматга чақиришарди. Кўп қатори мен ҳам аскарликка олиниб, Венгрияга жўнаб кетганман. 

Уч йиллик хизмат мен учун фақатгина ҳарбий тайёргарлик эмас, балки шахсий ривожланиш, иродавий ва руҳий тобланиш даврини ҳам ўтади. Бу тажриба менга ҳаётнинг турли синовларига тайёр туришни ўргатди. Шундан сўнг таълим ва илмий изланишларга ёндашувимда сезиларли ўзгариш кузатилди: масалаларга янада пухта, мақсадли ва масъулият билан ёндаша бошладим.

Университетдаги ўқув режага кўра, талабалар иккинчи курсдан сўнг ихтисосликлар бўйича йўналтириларди. Ўша йилларда дунё бўйлаб яримўтказгич технологиялари, микроэлектроника ва нанофизика соҳалари жадал ривожланиб бораётган эди. Бу глобал жараёнлар мамлакатимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади, албатта. Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларида яримўтказгичлар физикаси ва техникаси бўйича илмий фаолият кенг йўлга қўйилиб, янги технологиялар ишлаб чиқаришга татбиқ этила бошлаган, илмий-таълимий инфратузилма ривожланаётган давр эди.

Пойтахтимизда фаолият юритаётган электрон техника йўналишидаги илмий ишлаб чиқариш бирлашмаларида кўплаб етук олимлар, муҳандис-мутахассислар меҳнат қиларди. Ана шундай илмий муҳитда кўплаб ёшлар қатори мен ҳам ушбу соҳага қизиқиб қолдим ва келгусидаги илмий изланишларимни яримўтказгичлар физикасига бағишлашга қарор қилдим.

Бу йўлда менга жиддий таъсир кўрсатган инсон – университетдаги устозим, профессор Алишер Тешабоев бўлди. У киши нафақат билимли мутахассис, балки ҳақиқий илмий ташаббускор шахс эди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан факультетда яримўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси кафедраси ташкил этилди. Шу билан бирга, профессор Тешабоев халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, нуфузли хорижий илмий марказлар ва олимлар билан алоқаларни йўлга қўйиш борасида ҳам улкан ютуқларга эришди. Унинг илмий меҳнати ва инсон сифатидаги фидойилиги мен учун ўзига хос ҳаёт мактаби вазифасини ўтади.

– Сиз ёшликдаёқ ўз соҳасининг етакчи олимлари, профессорлари билан елкадош бўлиб, компенсирланган кремний олиш технологияси, шунингдек, ундаги киришма атомлар ва нуқсонларнинг хусусиятларини ўрганиш каби долзарб мавзуларда илмий ишлар олиб борган экансиз. Бундай мураккаб тадқиқотлар жараёнида чет элда тажриба ошириш ва амалиёт ўташ табиий жараён бўлган, шундайми?

– Албатта, халқаро миқёсдаги амалиёт – олимнинг ўз иқтидорини намоён қилиши ва мунтазам ўстириб боришида жуда муҳим босқич. Чунки у тадқиқотчига ўзи мансуб илмий муҳитга ва олиб бораётган изланишларига четдан назар солиш ва холис баҳолаш имконини беради.

Физика назарияларини қизғин ўрганаётган навқирон йигитлик давримда бир гуруҳ ёш олимлар Санкт-Петербургдаги А.Ф.Иоффе номли Физика-техника институтига амалиёт, стажировка ва аспирантурага юбориладиган бўлди. Бу ташаббус соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш мақсадида амалга оширилмоқда эди. Қувонарлиси, мен ҳам ана шу рўйхатдан жой олдим.

Вақт ўтиши билан бу ташаббус ўз самарасини кўрсата бошлади. Ўша ёшлар орасидан кейинчалик юқори малакали мутахассис олимлар, жумладан, академиклар Муҳаммад Кабир Баҳодирхонов, Абдуғафур Мамадалиев ва бошқа кўплаб кўзга кўринган фан арбоблари етишиб чиқди. Улар қаторида давлат мукофоти лауреатлари, фан ва ишлаб чиқариш соҳаси раҳбарлари ҳам бор эди.

Бундай илмий изланишлар мамлакатимизда фан ва таълим соҳасида жиддий илгарилашга туртки берди. Хусусан, Ўзбекистонда йирик илм-фан марказлари ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилди. Тошкент давлат университетида амалга оширилган яримўтказгичли кремнийни компенсациялаш бўйича тадқиқотлар халқаро илмий жамоатчилик томонидан юксак баҳоланди.

Бу илмий ютуқлар асосида Тошкентда “Яримўтказгичларда чуқур ҳолатли киришма атомлари ҳолатлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Ушбу анжуман ёш олимларнинг чет эллик ҳамкасблари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, фан ва таълим жараёнларига янги суръат бағишлади. Натижада кўплаб тадқиқотчилар фан номзоди ва фан доктори илмий даражаларини муваффақиятли ҳимоя қилишди. Ўнга яқин олимлар қаторида мен ҳам Абу Райҳон Беруний номидаги давлат мукофотига муносиб кўрилдим. Шунингдек, соҳа бўйича монографиялар, дарсликлар ва юзлаб илмий мақолаларимиз чоп этилди.

– Домла, юқорида илмий нашрлар масаласига тўхталдингиз. Сизни соҳага оид кўплаб дарслик ва қўлланмалар муаллифи сифатида ҳам яхши биламиз. “Нанотехнологиялар ва микроэлектроникадан инглизча-русча-ўзбекча луғат” ҳам тузгансиз. Бундай соҳавий луғатларни тузишнинг илм-фан ривожидаги аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

– Китоблар ёзиш, айниқса, ўзбек тилидаги ўқув адабиётларини яратиш илм-фан ривожида ва фикр алмашувида беқиёс аҳамиятга эга. Айниқса, луғатлар фаннинг тил орқали оммалашиши, англашилиши ва ўзлаштирилишига хизмат қиладиган муҳим восита. Масалан, инглизча ёки русча илмий адабиётларни ўзлаштириш жараёнида кўпчилик талабалар айнан соҳавий атамаларга тушунишда қийналади.

Шу нуқтаи назардан, биз тайёрлаган луғат-манбалар талабалар, муҳандислар, тадқиқотчилар, ҳатто мураббийлар учун ҳам ишончли қўлланма вазифасини ўтайди. Бу каби луғатлар орқали атамалар таржимаси, уларнинг контексти, ифода тарзи ва илмий моҳияти ҳам ўзбек тилида акс этади.

Бу фақат тил масаласи эмас, бу илмни халққа яқинлаштириш, ўзбек тилини фан тили сифатида шакллантириш, ёш авлодга мустаҳкам билим асосини бериш демакдир. Шу боис, физика ва техник фанлари йўналишида шундай луғатлар яратишга жиддий эътибор берилмоқда.

Умуман, бугунги кунда ўзбек тилида ўқув адабиётларини яратиш масаласи  ўта аҳамиятли, долзарб вазифалардан биридир. Аниқ фанлар кесимида, хусусан, физика соҳасида ҳам русча – ўзбекча, инглизча – ўзбекча луғатлар ва изоҳли атамалар тўпламларига эҳтиёж ортиб бораётир. Бу ҳаётий заруратга айланган.

Шу боис физикларимиз, академикларимиз бу масалага жиддий эътибор қаратмоқда. Ўз соҳаларидаги муҳим тушунча ва атамаларни она тилимизга мос равишда таржима қилиш, тизимли луғатлар яратиш орқали улар тил ривожига, фаннинг оммалашувига хизмат қиляпти. Яратилган луғатлар илмий жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бугунги кунда мазкур манбалар асосида қатор дарслик, қўлланма, илмий мақолалар тайёрланди.

Айтиш жоиз, шу пайтгача ўзбек тилидаги адабиётлар билан таъминланганлик даражаси бўйича яримўтказгичлар ва қаттиқ жисмлар физикаси йўналиши республикада етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бу миллий ютуқ бўлиш баробарида, халқаро эътирофнинг ҳам асосидир. Бугун ўзбекистонлик олимлар халқаро илмий тадқиқотларда фаол иштирок этмоқда, уларнинг ютуқлари турли нуфузли академик ташкилотлар томонидан тан олинаётир.

Мен ҳам бир қатор халқаро академиялар, жумладан, АҚШнинг Фан, таълим, техника ва технология академияси, Англиянинг Умумжаҳон биографик маркази, Грузиянинг Таълим ва туризм академияси, Москвадаги Олий таълим бўйича халқаро академиянинг аъзоси сифатида фаолият юритиб келяпман. Бу каби эътирофлар замирида, албатта, юртимизда илмга қаратилаётган юксак эътибор ва устозларимизнинг таълим-тарбияси ётади. Юзлаб мақолаларим дунё миқёсидаги нуфузли журналларда чоп этилганида доим мана шу юрт фарзанди эканимдан фахр туяман.

– Сиз узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Андижон–Наманган илмий маркази раҳбари сифатида фаолият юритгансиз. Маълумки, ҳудудлардаги илмий муҳит ва салоҳият бевосита шу каби марказлар орқали шаклланади. Айтинг-чи, вилоятлардаги бундай марказлар фаолиятини янада самарали қилиш, уларнинг таъсир доирасини кенгайтириш учун кўпроқ нималарга эътибор қаратиш керак?

– 1992 йилда академик Пўлат Ҳабибуллаев ташаббуси ва раҳбарлиги остида Ўзбекистон физика жамиятини ташкил этган эдик. Бу – физика фани ва таълими ривожида муҳим воқеа бўлди. Жамиятнинг асосий мақсади соҳада эришилаётган илмий ютуқларни кенг тарғиб қилиш, етакчи олимларимизни оммага танитиш, шунингдек, таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар ва ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассислар фаолиятини илмий марказлар билан интеграциялашдан иборат эди. Шунингдек, халқаро алоқаларни кучайтириш, илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Жамият ўз фаолиятининг дастлабки ўн йилида айнан шу йўналишларда сезиларли ютуқларга эришди.

Адашмасам, бундан чорак аср олдин профессор ҳаммаслакларим Мўйдинжон Мўминов ва Рустамжон Расулов билан Фарғона водийсидаги долзарб муаммоларга олимларнинг эътиборини қаратиш масаласида ўзаро кенгашдик. Кейинчалик Фанлар академиясининг Андижон, Наманган ва Фарғона филиаллари ташкил этилишига туртки бўлган ўша суҳбатларимиз, саъй-ҳаракатларимиз хайрли натижаларга асос бўлди. Бу марказларда ҳудудларда юзага келган масалалар, жумладан, энергия танқислиги, тут парвонаси, қишлоқ хўжалигига зарар етказувчи ҳашарот ва каламушларга қарши кураш каби кўплаб муаммолар илмий асосда ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мазкур филиалларда фақатгина илмий тадқиқот билан чекланиб қолмасдан, бир неча бор илмий-амалий анжуманлар ўтказилди, иқтидорли талабалар ва ёш изланувчилар йирик марказларга, таниқли олимлар қўлида ўқиш ва стажировка учун юборилди. Бу ишлар ҳудудда илмий муҳитни шакллантиришга хизмат қилди.

Шу жиҳатдан қаралса, ҳудудларда бундай илмий марказларнинг бўлиши, бўлганда ҳам пойтахт даражасида зарур техник воситалар билан таъминланиши ниҳоятда муҳим, деб ўйлайман.

Айни пайтда вилоятлардаги филиаллар фаолиятини тубдан кучайтириш, уларга замонавий лабораториялар ва ускуналар ажратиш ҳамда марказда фаолият юритаётган малакали олим ва мутахассисларни ротация асосида ўша масканларга юбориш амалиётини такомиллаштириш керак.

– Илмий фаолиятингиз жаҳон миқёсида эътироф этилган. Шогирдларингиз орасида ҳам изингиздан бориб, халқаро ютуқларга эришганлари бор, албатта. Улар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Ҳа, улар жуда кўп. Ҳар бирининг ўз ўрни, ўз ютуғи бор. Шунинг учун фақат бир-иккисини эслаб, қолганларининг исмини келтириб ўтмасам, ўйлайманки,  мендан ранжишмайди. Муҳими, фахр билан айта оламанки, ҳар бир шогирдим юксак натижаларга эришиб, фан ва жамият ривожига беминнат ҳисса қўшиб келмоқда.

Улар орасида физика-математика фанлари докторлари, профессорлар етишиб чиққан. Шулардан бири – Одилжон Маматкаримов. У нафақат йирик олим, балки Ўзбекистон Миллий университети ва Наманган технология университетига узоқ йиллар раҳбарлик қилган, ҳозир Олий Мажлис Сенатида фаолият юритмоқда. Шунингдек, Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти директори, профессор Шарифа Ўтамуродова, Москва энергетика институтининг Тошкент филиали раҳбари, профессор Ҳожиакбар Далиев ҳам етук шогирдларимдан.

Ёш, салоҳиятли олимларимиздан Иброҳимжон Каримов, Шаҳриёр Йўлчиев, Нозимжон Турғунов, Акромжон Бобоев каби фан докторлари таълим соҳасида сидқидилдан хизмат қилиб келяпти. Шунингдек, Жаҳонгир Усмонов, Хушрой Маҳмудов, Ҳотамжон Мансуров, Хуршиджон Мадаминов, Нуриддин Юнусалиев, Билолиддин Эргашев, Бахтиёр Ғуломов ҳам янги ихтиро ва инновацион лойиҳалар устида самарали ишламоқда.

Мен ишонаман, уларнинг ҳар бири фанимизнинг илмий анъаналарини муносиб давом эттириб, яримўтказгичлар физикасининг сир-асрорларини янада чуқур ўрганади ва келажакда янада салмоқли натижаларга эришади.

Албатта, бу соҳа осон эмас. Яримўтказгичлар физикаси соҳаси билан шуғулланиш юқори технологик ускуналар, аниқ тажрибалар, кенг назарий билим ва малакани талаб этади. Бундай шароитлар пойтахтимиздаги йирик илмий марказларда мавжуд.

Яхши томони шундаки, сўнгги йилларда юртимизда ҳам бу борада сезиларли қадамлар ташланди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорларига биноан вилоятлардаги университетларга замонавий лаборатория ускуналари харид қилинди. Андижон давлат университетининг физика факультети ҳам бу жараёндан четда қолмади. Бугунги кунда бизнинг лабораториямизда атомкуч микроскопи, рентгенструктуравий спектрометр, металлооксид модда олиш қурилмалари ва замонавий компьютерлар мавжуд. Улар орқали давлат буюртмалари асосида бир неча лойиҳалар устида тадқиқот олиб боряпмиз.

– Пойтахтдан йироқда яшаб, илм билан шуғулланишнинг ўзига яраша заҳмати бўлса керак?

– Тўғри, яқин вақтларгача имконият ва шароит борасида Марказ ҳамиша олдинда бўлган. Бироқ бугун ҳудудларда ҳам пойтахтимиздагидан кам бўлмаган даражада шароитлар ҳозирланганки, буларни кўриб амалга оширилаётган ислоҳотлар учун таҳсин айтгинг келади. Шукр, вилоят илмий марказларида ҳам тадқиқот ишлари самарали давом этаётир. Саволингизга жавобан бир ҳаётий ҳақиқатни айтай: аслида имконият ва шароитнинг чеклангани олимни янада кучли қилади. Шу маънода, пойтахтдан узоқда яшаб, илм қилишнинг ўзига яраша машаққати билан бирга завқли, шарафли томонлари ҳам бор. Илм – фидойилик дегани. Илмнинг аввали – иштиёқ. Фанни ўрганиш учун шароитдан кўра кўпроқ шуниси зарур. Негаки, қизиқиш ва иштиёқ фидойиликка айланмагунча сиз тўла маънода илм одами бўлолмайсиз. Мен ёшлар билан суҳбатлашганимда уларда ана шу иштиёқнинг бор ёки йўқлигига қизиқаман.

Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиз ёшларига қарата, илм-фанга бўлган иштиёқни асло сўндирманг, демоқчиман. Чунки юрт равнақи илмга қанчалик боғлиқ бўлса, фан ривожи ҳам олимларнинг иқтидор-у иштиёқига шунчалар боғлиқ.

Дилмурод ДЎСТБЕКОВ суҳбатлашди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 25 июлдаги 30-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858