20.10.2025 | 17:00
256
ИЛОҲИЙ НЕЪМАТ
Тил миллатнинг қалби, қадим аждодлардан мерос буюк хазина, авлодларни авлодларга боғловчи маънавий кўприк ҳисобланади. Ҳар қандай тилда у мансуб халқнинг маънавий-ахлоқий олами, инсоний фазилатлари, урф-одатлари-ю орзу-умидлари ўз ифодасини топади. Тилини йўқотган халқ ўзлигини ҳам йўқотади. Миллий хотирани сақлаб қолишда тилга тенг келадиган бошқа қудратли восита йўқ. Тилнинг мўжизавийлиги шундаки, киши ўзи учун мутлақо бегона тилдаги сўзлашув ёки мусиқани тинглар экан, шу миллат ҳақида маълум тасаввурга эга бўлади.

Самарқандда ўтказилаётган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалида бир ҳолатни кўп бор кузатганман. Фестивал меҳмонлари турли миллатга мансуб санъаткорларнинг чиқишларини жон қулоқлари билан эшитадилар ва… бир олам завқ оладилар. Улар, дейлик, ўзбек тилини билмайди, аммо асрлар ва минг йилликлар синовига дош бериб келаётган ўтмиш тарихимиз саҳифаларига гувоҳ оҳангларимиздан, “Муножот” ёки суворалардан “ахборот олади”. Мезуми исмли япониялик сайёҳ аёл Регистон майдонида ўзбек миллий қўшиқларини тинглар экан, “Сизларнинг мусиқангизда оҳанг билан бирга тил ҳам бор, у билан сўзлашиш, дардлашиш мумкин”, дегани ёдимда.
Мумтоз қўшиқларимизда халқимиз босиб ўтган шонли тарихий йўл, жанг-у жадаллар, қонли босқинлар, зулм ва истибдод азоби, ёруғ ва адолатли кунларга умид, келажакка ишонч мавжуд. Чунки тил ўзликни англашда миллий онг ва тафаккур ифодаси бўлиб, авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни намоён этади. Эзгу фазилатлар инсон қалбига она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. “Тил – миллатнинг руҳи”, деган гап бежиз айтилмаган.
Тилшунос олимлар тирик жоннинг ҳаёти учун сув ва ҳаво қанчалик зарур бўлса, жозибали сўз ҳам инсон учун худди шундай мақомга эгалигини таъкидлашади.
Равон нутқ, таъсирчан талаффуз – инсоннинг ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган маънавий бойлиги. Ўз тилида, шу билан бирга, бошқа тилларда мукаммал сўзлай оладиган, фикрини тиниқ ифода этишга қодир кишилар фазилат бобида комилликка яқин турадилар. Улуғ аждодларимиз бир эмас, бир неча тилларни мукаммал эгаллаб, шу тилларда ҳам баракали ижод қилган, дунё илмий тараққиёти ва маънавий ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Америкалик олим Драбер ўзининг “Европада ақлий тараққиёт тарихи” китобида: “Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шам ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир”, дея бу шарафли ишни ғоят юксак баҳолайди.
Илм чироқларининг ёғдуси янада ёрқин бўлиши учун ҳар киши аввало ўз она тилини мукаммал билиши, шу тилда фикрлаши зарур. Бугун хорижий тилларни ўрганишга алоҳида эътибор берилаётган экан, бу жараён она тилига бўлган эътиборни сусайтирмаслиги керак. Хорижий ўқув юртларида ўқишни орзу қилаётган ёшлар билишлари керакки, у ердаги тенгдошлари Ўзбекистондан келган йигит-қизларнинг инглиз ёки франсуз тилида қандай сўзлашларига эмас, ўз она тилларини, миллий урф-одатлар-у мамлакат тарихини нечоғли билишларига кўпроқ қизиқади.
Ёқимли нутқ, одобли мушоҳада, вазмин мулоҳаза, ҳар қандай ҳолатда ақл-заковат билан иш тутиш, суҳбатдошларни эътибор билан тинглаш маданиятли инсонларга хос фазилатлардир. Инсон бу ёруғ оламда умргузаронлик қилар экан, ҳаёти давомида кутилмаган ҳолатларга дуч келиши, муаммолар гирдобига тушиб қолиши мумкин. Бундай пайтда тил нажоткор кучга айланади. Чуқур ўйланмай, ҳиссиётга берилиб айтилган биргина гап ҳам халқлар, мамлакатлар ўртасига совуқлик солиши, можароларга сабабчи бўлиши мумкин.
Ҳаётда гоҳо бир-бирини мутлақо танимаган, ўзаро мулоқотда бўлмаган икки киши гўзал бир лутф, самимий табассум таъсирида дўст-қадрдон бўлиб кетиши мумкин. Сўзнинг қудрати, тилнинг жозибаси боис шундай бўлади. Халқ эртакларидаги очкўз девларнинг “Ассалому алайкум, девбува” қабилидаги ёқимли лутф боис ёмон ниятидан қайтиши (“Саломинг бўлмаганида, етти ямлаб бир ютардим” дейиши) ҳам сўзнинг ноёб куч-қудратини кўрсатади.
Сўзлаш одоби оиладан, мактабдан, маҳалладан бошланади. Инсон нечоғли узоқ умр кўрмасин, бу одоб сабоғининг адоғига етолмайди. Кичиклик чоғидан сўз ва ибораларни тўғри талаффуз қилишга, исмлар, жойлар, турфа номларни аниқ ифода қилишга ўргатилган, китоб билан дўст тутинган, халқ эртакларини кўп ва хўб ўқиган, саргузашт достонларни мириқиб тинглаган болаларнинг нутқи бошқа тенгдошларига нисбатан мукаммал бўлади. Бу фарқни наинки нутқда, боланинг шаклланаётган характерида, тенгдошлари билан муомаласида, атрофида кечаётган воқеа-ҳодисаларга муносабати ва ҳатто, орзу-хаёлларида ҳам кўриш мумкин. Ёшлигида кўп эртак тинглаган, катталар овоз чиқариб китоб ўқиганида диққат билан эшитган болалар вояга етгач, фақат ўзларининг эмас, бошқаларнинг ҳам фикрини эшитадиган бўлади. Яхшини ёмондан, одобни одобсизликдан фарқлай олади.
Болалар тарбияси билан шуғулланувчи мураббийларнинг кузатувича, бола нутқининг қандай бўлиши оила аъзоларига, хусусан, ота-онага, сўнг боғча тарбиячилари ва мактаб муаллимларига боғлиқ. Болаларни эркалаб, исмларини қисқартириб айтиш кўп ҳолларда бола вояга етганида ҳам давом этади. Бугун уйда, кўчада болалари билан сайр қилаётганида бошқа тилда сўзлашадиган оилалар кўпайиб бормоқда. Боланинг тили шу ҳолатда қотгач, уни ўзгартириб бўлмайди.
Яна бир ҳолат: ота-она кўпинча фарзандлари улғайиб, яхши-ёмон, рост-ёлғоннинг фарқига бориб қолганини сезмай қолади ёки сезса-да, бунга эътибор бермайди. Бола бўлгандан кейин катталарнинг олдида жим туриши, нима дейилса хўп дейиши, бетгачопарлик қилмаслиги лозим, деймиз. Улуғ аждодларимиз: “Ақлли, фаҳм-фаросатли ёшлар катталар олдида ўринсиз билимдонлик қилмасликлари, биров бир нимани сўрамагунча одоб билан сукут сақлаб туришлари керак”, деб таълим беришган. “Сукут гоҳо каломдан улуғ” деган ҳикмат ҳам бор. Бир қарашда, бу ўгит шарқона одобга мос, эътироз билдириш қийин. Аммо ҳамма нарсада бўлганидек, сукутда ҳам меъёр бўлиши зарур. Чунончи, болага ҳам гапириш, суҳбатга қўшилиш, фикрини билдириш имконини бериш зарур.
Болалар тарбияси билан шуғулланувчи мутахассисларнинг йиллар синовидан ўтган фикри бу. Бола нотўғри тарбия таъсирида оғзини очмай, фақат бошқаларни тинглаб, ким нима деса хўп дейишдан бошқага ўтмай улғайса, кейинчалик ҳаётда ўзини шахс сифатида намоён қилишга қийналади, фикрини аниқ ифодалаб беролмайди, боз устига бефарқ ва лаббайчи бўлиб қолади. Болани фикрлашга, мулоҳаза юритишга ўргатиш осон эмас, бу мураккаб жараён уни эътибор билан тинглаш, гап-сўзлари, хатти-ҳаракатларига эътибор бериш, нималарга қизиқаётганини англашдан бошланади. Шундай қилинса, бола бундай муносабатни мукофотдай қабул қилади, кўнглида ўзига нисбатан дастлабки ишонч куртаклари пайдо бўлади. Ҳар бир рағбат, ҳар бир эътибор бу ишончни мустаҳкамлайди. Аксинча, болани бўлар-бўлмасга жеркийвериш, тенгдошлари олдида изза қилиш унинг мурғак қалбини жароҳатлайди. “Гапирмаслигим керак, нари туришим керак, хўп дейишим керак, бундай қилмасам яхши одам бўла олмайман”, деган тушунча онгига сингади.
Нутқ ўз-ўзидан равон, оҳангдор бўлиб қолмайди. Чолғучи бирор куйни ўрганмоқчи бўлса, уни юз бор, минг бор ижро қилибгина муддаосига эришади. Мусаввир бир асар яратгунча қанча заҳмат чекади. Нутқ маҳоратини эгаллаш учун ҳам йиллар давомида машқ қилиш керак. Қадимги юнон нотиғи Демосфен ўзининг паст, ҳазин овозини яхшилашга жазм қилиб ертўлага тушар экан-да, тўла шифтига ўткир тиғли ханжарни осиб қўйиб (бошини димоғдорона баланд кўтармаслик учун), узлуксиз машқ қилар экан.
Бугун боғчаларда турли байрамлар, танловлар ўтказилаётгани ёш тарбияланувчиларни аста-секин фикр оламига етаклаши, шубҳасиз. Бунда тарбиячиларнинг ибратли нутқи, бошланғич синф ўқитувчиларининг маҳорати муҳим аҳамиятга эга бўлади. Негаки, тарбиячи нутқидаги камчилик, қусур у тарбиялаётган болаларга ҳам ўтади. Демак, нутқимиздаги норасоликлар эртага фарзандларимизга кўчишини билиб туриб, бу муаммога бефарқ бўлсак, ўнглаб бўлмас хатога йўл қўйган бўламиз. Кейинги пайтларда мактаб ўқувчиларига иншо, баён ёздиришдек муҳим талабга қайтилмоқда, аммо ўқитувчилар, ўқувчилар орасида нутқ маҳорати, тўғри талаффуз, урғуни тўғри қўйиш танловлари ҳозирча кўзга ташланаётгани йўқ.
Хорижий мамлакатларда техника, физика, математика, биология ёки кимё соҳасида ишга кирмоқчи бўлиб, тегишли ташкилотга мурожаат этган кишига: “Агар биз сизни ишга қабул қилсак, маҳсулот ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш билан боғлиқ қандай янги таклифлар киритасиз – шуни ёзиб беринг”, дейишади. Гап шундаки, ёзув ҳам худди нутқдек, кўп нарсани ойдинлаштиради.
Ўқувчилик йилларим деярли ҳар ҳафта иншо ёки баён ёзардик, янги китобларни овоз чиқариб, қироатини жойига қўйиб, навбатма-навбат ўқирдик. Урғуни тўғри қўя олмайдиган, тортинчоқ, тили чучук болаларга анча қийин бўларди. Таътил кунлари ўқиган китобларимизни бир-биримизга ошириб-тошириб, ҳис-ҳаяжон билан ҳикоя қилиб бериш яхши одат бўлган. Бугун олий ўқув юртлари талабалари оралиқ назорат ишларини асосан ёзма равишда топширади. Бу айни муддао, деб ўйлайман. Уларни ўқиб, талабанинг фанни нечоғли ўзлаштиргани ва яна дунёқараши, характери, фикрлаш савияси, ахборотни қабул қила олиш ва ўзлаштириш даражаси ҳақида маълум хулосага келиш мумкин. Чунки ёзув фикрнинг қоғозга кўчган ёзма ифодасидир.
Нутқ маҳорати тўғрисида бундай мулоҳаза юритаётганимнинг боиси бор, албатта. Бугун кундалик ҳаётимизни телекўрсатувлар, радио эшиттиришлар, турли йиғинлар, машваратлар, баҳс-мунозараларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳар куни турфа даражадаги нотиқларнинг, жамият ҳаётида ижтимоий фаоллик кўрсатаётган кишиларнинг фикрларини эшитишга тўғри келади. Ҳурматли депутатларимизнинг интервюларини тинглаймиз. Таассуфки, уларнинг ҳаммасида ҳам нутқ маҳорати талаб даражасида эмас, талаффуз қоидаларига тўла риоя қилинмайди. Баъзи маърузаларда она тилимизга хос бўлган нозик, бетакрор иборалар, халқ донишмандлиги ифодаси бўлмиш мақол ва маталлар, таъсирчан ташбеҳлар бузиб ишлатилади.
Устоз Эркин Воҳидов “Гап кўп-у кўмир оз”, деб айтиладиган мақол аслиятга мутлақо тўғри келмаслиги тўғрисида куюниб ёзган эди. Мақолнинг асли: “Гап кўп-ку, умр оз”. Тез айтишда “ку” “умр”га қўшилиб, “кўмир”га айланиб кетган. “Кампирнинг дарди ғўзада”, дейишади. Бундай мақол йўқ, “Кампирнинг дарди – ғозада” дегани бор. Ғоза – атир-упа, элик. Бундай чалкашликларни яна кўплаб келтириш мумкин. Қиш яқин, кўмир етарли, аммо умр оз.
Айрим нотиқлар ўзбекча сўзлаётган бўлсалар-да, бошқа бир тилда фикрлаётганларини сезиш қийин эмас. Телесериалларда ҳар куни неча ўн марталаб қулоққа чалинадиган “Гаплашиб олишимиз керак”, “Сен мени тушун, ахир”, “Сен нима, тушунмайсанми?”, “Ана, яшавор” каби иборалар аслида рус тилидаги “Нам надо поговорит”, “Ты пойми меня, конце-концов”, “Ты что, не понимаёшь”, “Вот молодец” каби жумлаларнинг сўзма-сўз таржимаси. Ҳеч бир ўзбек ота-она ўғли ёки қизига “гаплашиб олайлик”, демайди, “Ўғлим, қани ўтир-чи, ишларинг яхшими, нима гап, хомуш кўринасан?” дейди. Она ҳам шундай нафис гап бошлайди.
Улуғ алломалар: “Таъсирли сўз ҳаётнинг жон булоғидир. Фикрлаётган одам яшашда давом этади. Фикрлашдан тўхтаган одамнинг маънавий умри тўхтайди, энди у фақат мавжуд бўлиб қолади”, деб бежиз айтмаган. Бунинг боиси, фикр инсонни ҳаракатда, жамиятни ривожланиш ҳолатида ушлаб туради. Фикрлар хилма-хиллиги, баҳс-мунозара ҳаётни тараққиёт сари йўналтиради. Бунинг учун тилимиз равон, нутқимиз мукаммал, ифода маҳоратимиз юксак бўлиш керак.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 17 октябрдаги 42-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



