Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


26.09.2025 | 09:20

img595

ТЎЙЛАР МУБОРАК…

Тўй абадий ҳаёт тантанасидир. Тўйда икки ёш аҳд-паймон қилиб бир-бирига қўл беради, мурод-мақсадига етадигина эмас, ўтган аждодимиз билан келажак авлодимизни бир-бирига боғлайдиган олтин ҳалқа, гўзал ва хушахлоқ кишиларни етиштирадиган тарбия ўчоғи вужудга келади. Шунинг учун тўй ниҳоятда улуғвор, ниҳоятда гўзал маросим бўлиши керак.

Ҳозир шаҳар ва қишлоқларимизда бўлаётган тўйларга разм солсангиз, ёш-қари ҳамма шунга интилаётганини пайқайсиз, лекин кўп одамлар улуғворликка тўйни чексиз-чегарасиз катта қилиш, гўзалликка “бир умр йиққанини тўкиб ташлаш” билан эришмоқчи бўлади.

Менимча, тўйни катта қилишга уриниш қадимги бойларга кўр-кўрона эргашишдир.

Қадимги бойлар тўйни мумкин қадар катта қилишар эди. Лекин бойнинг тўйни катта қилишдан, бир ҳафта, ўн кун ва ҳатто бир ой тўй беришдан мақсади, шубҳасиз, текин томоқ улашиш эмас, обрў орттириш, чунки пул сочиб орттирадиган обрўйдан яна пул ясаш мумкин эди. Модомики шундоқ экан, ҳозирги замонда пул сочишнинг маъноси борми? Бу замонда обрўйнинг бирдан бир манбайи – меҳнат, обрў эса пул ясаш қуроли эмас, халқнинг ҳурматига сазовор бўлишдир. Демак, обрўни пул сочиб топиш мумкин эмас, бунга уриниш халқнинг ўринли шубҳа ва нафратини қўзғатади, холос.

Тўйни қимматга туширадиган расмлардан бири, унинг икки жойда – ҳам куёвнинг, ҳам келиннинг уйида бўлиши, ҳар иккала тўйнинг яна “тўйча”ларга бўлинишидир. Ҳар иккала қуда ҳам “орзу-ҳавас кўриш”, “қудадан кам эмаслигини” кўрсатиш, фалончини қойил қолдириш, аллакимлардан ўч олиш ва ҳоказо, дея бор-йўғини тўкади, бундан ташқари, боласини қарздор-абгор қилади. Кўпгина ёшлар “ота-она розилиги” деб, ўзлари истамаган ҳолда шу ишларнинг бошида туришади. Ҳолбуки, “ота-она розилиги”да ҳам розилик бор, буларнинг тўғри келадиганига кўниб, бидъатларга қарши бош кўтариш зарур…

Ўғлининг тўйига етти ярим минг сўм сарф қилган 69 яшар бир чолни кўрдим. Чол тўйга атаб ёстиққа пул тиқиб юрган экан, тўйга яқин ўғлининг қўлидаги пулларни ҳам қоқиштириб олипти, 200 кило гурунч дамлаш билан тўйни бошлаб юборибди. Қуда томон ҳам, албатта, “бир чол”дан қолишмасликка ҳаракат қилганлиги турган гап. Тўй ўтган ҳовлини, янги оиланинг рўзғорини кўрдим. Солинаётган икки уй, бир даҳлизнинг усти ёпилмай қолибди. Чол-кампир ўзлари турган уйни ёшларга бўшатиб бериб, ҳозиргача токнинг тагида ётиб юришар экан.

Янги оилани мана шунақа ортиқча чиқимдор қилмаслик, тўйда исрофгарчилик бўлмаслиги учун тўй ё қизнинг, ё куёвнинг уйида, ё бўлмаса клубдами, бирон боғдами ёки махсус тўйхонадами ўтказилса, нима қилар экан? Хизмат қилишни кўнглига тугиб юрган қавм-қариндошлар, ёр-ошналар шу ерда хизмат қилишсин. Ҳар иккала томондан айтилган одамлар табрик ва совға-салом билан шу ерга келишсин. (Ўрни келганда шуни айтиб қўяйлик: тўйга ҳол-бақудрат тўёна билан келиш яхши, бу нарсалар келин билан куёвга тўйни, жамоатчиликни узоқ вақт эслатиб туради, лекин дастурхон кўтариб келиб, дастурхон олиб кетишдек чириб кетган одатга барҳам бериш керак).

Яхши ўтган тўй ҳақида маҳаллий газеталар ахборот, қолаверса таассуротлар, лавҳалар берсин. Тўй мана шундоқ улуғланса, тўй эгалари мансуб бўлган коллектив ва бутун жамоатчилик диққат марказига қўйилса, йигит билан қиз шундоқ тўйга муносиб бўлишга ҳаракат қилади, тўй уларнинг дилида ва онгида чуқур из қолдириб, оиланинг мустаҳкам бўлишига сабаб бўлади. Бу бировнинг хаёли эмас, балки ҳаётнинг талабидир, чунки кўп жойларда шунга интилиш бор…

Лекин шуни эсдан чиқармаслик керакки, ҳеч бир эски урф-одат шовқинсиз, йиғисиз таслим бўлган эмас, ҳеч бир янгилик дафъатан қучоқ очиб қарши олингани йўқ… Тўйни қимматга туширадиган, кўпинча унинг хунини чиқарадиган бидъатлардан яна бири ичкиликдир. Мен шаҳарда ўтган бир қанча тўйларнинг сарф-харажатига сарҳисоб солдим. Бу тўй арда бўлган сарф-харажатларнинг 28–53 протсентини ичкилик ташкил қилади…

Шаҳарлик бир ўқитувчи “Ичкилик тўйдангина эмас, умуман ҳаётимиздан қувиб чиқарилса жуда олижаноб иш бўлар эди, чунки ўғри мол ўғирласа, ичкилик жон ўғирлайди, жамият аъзосини сафдан чиқариб ташлайди”, деди. Бу гапга сафдан чиқиб қолган пиянистагина эътироз билдириши мумкин.

…Мен ичкилик оралаган учта таъзияда бўлдим. Марҳумни қабрга қўйиб келган одамлар қадаҳларни тўлдириб, унинг саломатлигига-ку эмас, “ёрқин хотирасига” ичишмоқда эди. Шу таъзиялардан бирида биров ашула айтиб юборди. Ҳамма хижолат. Ҳушёр одамлар: “Марҳум шу ашулани яхши кўрар эди”, деб одамларни хижолатдан чиқаришга ҳаракат қилишди. Баъзи одамлар: “Тўйда ичкилик бўлсин-у, меъёрида бўлсин”, дейишади. Хўш, бу “меъёр”ни ким белгилаб беради? Таъзияда ашула айтиб юборган мастми ё арақхўрни ўғридан баттар кўрадиган бояги ўқитувчими?..

Наша чекиш айб, кўкнор ичиш уят. Нима учун ичкилик ичиш айб-уят эмас, нима учун тўйни айб-уятликдан қолишмайдиган ичкилик билан безаймиз? Наша бангиликка, кўкнор кўкнориликка элтиб, кишини одамгарчиликдан чиқаради деймиз, нима учун пиянистани одам ҳисоблаймиз? Ичкиликнинг, масалан, кўкнордан нима афзаллиги бор? Кўкнори кўкнор ичиб ўғирликка тушгани, одам ўлдиргани маълум эмас, лекин пиянистанинг қилмаган жинояти йўқ-ку! Шуми ичкиликнинг бошқа бангилардан афзаллиги! Ичкиликни ҳозирча ҳаётдан буткул қувиб чиқариш мумкин эмас, чунки ҳозирча халқ орасида ичувчилар бор экан, ичкилик тақиқ қилинган кундан бошлаб ичувчилар, айниқса текинхўрлар уйида хум қайнайди…

Биз бу ерда тўйни улуғвор ва чиройли қилиб ўтказиш, уни ортиқча чиқимлардан бўшатиш тўғрисида гапирдик. Ортиқча чиқимлар фақат тўйдагина эмас, ундан олдин ва кейин ўтадиган турли “тўйчалар”да ҳам бўлади. Биз бу тўғриларда ҳам фикр олишиб, янгича тўйнинг ҳар жиҳатдан мукаммал ва гўзал шаклини топишимиз керак.

Абдулла ҚАҲҲОР
1963

“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 сентябрдаги 38-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img856