Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


17.12.2025 | 10:06

img681

КОШҒАРИЙ САЛТАНАТИ

ТИЛ ИЛМИНИНГ НАЙЗАДОРИ

Атоқли олим ва мутафаккир Маҳмуд ибн Ҳусайн Кошғарийнинг ҳақига, бутун туркий эллар, ҳар қанча дуо қилсак арзийди. Асли қорахоний ҳукмдорлар авлодидан бўлган, машҳур Буғра Қорахон сулоласига еттинчи бўғинда туташадиган бу улуғ зот ўткинчи мулк ҳой-у ҳавасидан мардона кечиб, боқий сўз салтанатини забт этмакка қарор қилди ва бу кетмас давлатнинг ўлмас соҳибига айлан­ди – “фармон доиралари кенгайсин!”

Кошғарий шунга муносиб, чунки “тилда уларнинг энг етукларидан, энг катта мутахассисларидан, хушфаҳм­ларидан, эски қабилаларидан, жанг иш­ларида найзадорларидан эди” у.

Бепоён ҳудудни пой-у пиёда кезиб, ўттиздан ортиқ туркий лаҳжаларни – энг кичик фарқларигача чуқур ўрганиб ва ниҳоят, улуғ ёшга етганида ўзининг бебаҳо асарига – “Девону луғатит турк”га нуқта қўйиб, сокин бир қониқиш ила тин олган Кошғарий бобонинг нурли сиймосини тасаввур қиламан. Мана, йиллар давомида инжу каби терилган сўзлар унинг қаламравида, “китоб янгиликлар беришда қиёмига, қиймат ва муҳимликда эса поёнига етди” – “араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойгада ўзиб бораётган турк тили” яшар экан, энди бу китоб ҳам мангу барҳаётдир.

Маълумки, Кошғарий девонининг изоҳ ва тушунтириш матнлари араб тилида ёзилган. Уни туркий тилларга биринчи таржима қилган ўзбек олими Холид Саид Хўжаев эди. Афсуски, бу таржима нашр қилинмай қолиб кетган. Холид Саиднинг тақдири атоқли шоир Мақсуд Шайхзода тақдирига ўхшаш: Холид Саид Ўзбекистондан Озарбайжонга бориб яшаб, шу ерда ижод қилган эди. Таассуфки, Озар­байжон Фанлар академиясининг тилшунослик бўлимида меҳнат қилаёт­ган маърифатпарвар олим 1937-йилда қатағонга учраб, қатл қилинган. Айтганча, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини илк бор озар тилига ўгирган таржимон ҳам Холид Саид эди.

Девоннинг туркча таржималари орасида профессор Басим Аталай томонидан 1939–1941-йилларда тай­ёрланган нашр қандай муҳим ўрин тутса, филология фанлари доктори Солиҳқори Муталлибовнинг ўзбек тилига қилган таржимаси биз учун шундай қадрлидир. Ушбу таржима 1960–1963-йилларда “Фан” нашриётида чоп этилган. Қўлимиз­даги китоб мана шу таржимага асосланган. Уни ЎзФА академиги Алибек Рустамов, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болта­боев нашрга тайёрлаган. Таниқли олимлар Ҳамидулла Дадабоев масъул, Бахтиёр Исабеков илмий муҳаррирлик қилган. Китоб аввалида ёзилишича, нашр турк, уйғур ва рус тилларидаги таржималар билан солиштирилган, изоҳлари тўлдирилган, таржимадаги айрим хато­ликлар ислоҳ қилинган, бошқа нашрлар билан қиёсланган.

Қуйида таҳлилга олинаётган мисол­лар девоннинг фақат биринчи жилдига оид эканини айтиб ўтишим керак. Чунки ўзим ҳали шу жилдни ўқидим, айни пайтда иккинчи жилд мутолааси давом этмоқда. Айтиш жоизки, девонни ўқиш, сўнг уни уқиш осон машғулот эмас, китобхондан жиддий қунт ва вақт талаб қилади.

ЭНГ АВВАЛО СЎЗ…

Девондаги ҳар бир сўз тирик, ҳар бирининг жони бор, уларни ҳис қилиш, ҳатто ушлаб кўриш мумкин. Бу сўзлар кўҳна давр одамларига ўхшайди, бирорта ортиқча “қилиғи”, жимжимаси йўқ – барчаси оддий, тўғри ва рост хабарни беради. Ҳар бир сўзнинг ўз тасвири, қиёфаси бор. Қадим қиёфадаги сўзни ўзининг аждоди бўлмиш бугунги сўз билан ёнма-ён қўйиб, уларни синчиклаб кузатсангиз, ибтидоий даврда ҳайвон терисини ёпинган ва бугунги кун урфи бўйича пўрим кийинган икки инсон тасвири кўз олдингизда намоён бўлади. Худди кийиниш маданияти тусланиб боргани сингари инсоннинг сўзлари ҳам ўзгариб боришини кўриш мумкин.

Масалан, девонда “қурун” сўзига “девор ва шиплардаги тутун ислари” деб изоҳ берилган. Вақт ўтиши билан охирги ҳарф ўзгарган, бу, албатта, биз ҳозир ишлатадиган “қурум” сўзидир. Айнан “қурум” сўзи эса бошқа бир ўринда келади, Кошғарий изоҳича, унинг маъноси “қоя”дир. Марказий Осиёдаги энг баланд тоғ тизмаларидан бири Қорақурум деб ном олгани эҳтимол шундандир. Тарихда Чингизхон империяси пойтахти бўлган Қорақурум шаҳри, фикримизча, бундан мустасно, у мўғулча “Хархорум”нинг тур­кий талаффузидир. Ҳа-я, девонда “қурум”га қўшимча изоҳ ҳам бор: “йиғил­ган кўп молга ҳам қурум дейилади”.

Қадимги “сучик” – “ҳар бир ширин нарса”. Бу, биздаги “чучук”дир. Худди шунингдек, “чазан” бора-­бора “чаён”га, “қағун” – “қовун”, “қузуғ” – “қудуқ”, “сағиз” – “сақич”, “қазғу” – “қайғу”, “қира­ғу” – “қиров”, “тумағу” – “тумов”, “тарғақ” – “тароқ”, “там­ғақ” – “томоқ”, “увут” – “уят”, “саз­рак” – “сийрак”, “қузурчуқ” – “қўғир­чоқ”­қа айланган.

Девонга кўра, “чатир” – бугунги “чодир”. У ҳозир фақат “ўргамчининг чотири” деган жумлада ўз аслига яқин қиёфани сақлаб қолган. Бу­гун бўғиз, ҳалқумни ҳеч ким девондаги каби “буғаз” демайди. Лекин бир ўринда бу сўз ҳам яшаб келмоқда: масалан, “Беринг бўғози” каби. Девонда “қу­ғуш” ва “қувуқ” сўзлари бор. “Қу­ғуш” – “сув йўли, тарнов” ҳамда “қувуқ” – “кавак”дир. Ўйлаб кўринг, ҳар икки сўз ҳам мазмунан, ҳам оҳанг жиҳатидан бугунги “қувур”га қариндош келма­яптими?

Бугун бир-биридан тез-тез “ўпка­лайдиган” кишилар кўп. Агар қадим аждодларимиз бир-биридан “ўпка­­ла­са”, бу “ўпкасига урди” де­ган аниқ зарбани ифодалаган, шу боис, улар бунгача бормаган, яъни “ўпка” эмас, “ўпкилаган”. Девонда “та­ғар” – “буғ­дой ва бошқа нарса­лар солина­ди­ган қоп”дир, бугун бизда “тоғо­ра” бор, лекин у қоп эмас, идиш­дир.

“Ог” сўзининг ҳам тарихи қизиқ. Девонда бу сўз “ақл ва зийраклик” деб изоҳланган. Бу – бизнинг ­“онг”имизга яқин-ку! “Шунинг учун ёши улуғ ва ақллиларга ога лақаби берилади”, дея қўшимча маълумот айтади Кошғарий. “Ога” бугунги “оға”мизнинг чин оғаси эмасми? Бошқа бир ўринда: “ога сўзи аслида Зулқарнайн замонида Зулқарнайн билан туркларнинг битишу­видан олдин уларнинг олдинги қўшин­лари орасидаги тўқнашувда юзага келган”, деган таърифни ҳам назарда тутмоқ лозим.

Қизиқарли сўзлардан яна бири “тапук”­дир. Изоҳда унга “тепиш, тепки­лаш” деган маъно берилган. Кўриниб турибдики, бу сўзнинг ўза­ги – “тап”. Энди, айтинг-чи, бугун “тўп теп” деяр бўлсак, қадимги бир сўзни икки бора такрорлаган бўлмаймизми – “тўп” ҳам, “теп” ҳам “тап”га бориб туташ­маяптими? Кейинроқ “тобиқ” деган сўз ҳам келади: “чавгон билан уриладиган копток, тўп” дейил­ган.

Китобда “чанқа” сўзи “бир хил тузоқ” деб изоҳланган. Чанқовуз ҳам тузоққа ўхшаб кетгани учун шу номни олган бўлиши мумкин. “Чипқан” дегани, аслида – жилон жийда. “Чипқон яраси қизилликда жилон жийдага ўхшагани учун шундай аталган”, дейди Кошғарий. “Бир юртлик икки кишига ердаш дейилади. Биродар, яқинга қадаш дейилади; асли идиш маъносидаги “қа”дир. Унга “даш” қўшилгач, бир идишдош, бир қориндош маъносини англатади”, дейилади девонда. 

Қадим сўзлар ва уларнинг изоҳлари билан танишар экансиз, негадир, ўша кўҳна қиёфадаги сўз кўзингизга иссиқроқ кўринади, чунки у бош Сўзга – ўзининг илк ва туб маъносига жуда-жуда яқиндир.

БУГУН ҲАМ ҚЎЛЛАСАК БЎЛАДИ

Айни пайтда Вазирлар Маҳка­масининг давлат тилини ривожлантириш департаменти чет тиллардан олинган бир қатор сўз ва атамаларни ўзбек­чага ўгириб, расмий муома­лага киритаётганини олқишлаш керак. Девон саҳифаларида бу масалада бизга ёрдами тегадиган, яъни бугун ҳам ярайдиган, нафақат яраш, ҳатто биз учун зарур бўлган сўзлар жуда кўп.

Мана, масалан, турли идораларда ишлайдиганлар, аксар раҳбар ҳузурига хат-ҳужжат олиб кирадиган масъул шахслар фойдаланадиган, картон, чарм ва шу кабилардан ясалган қалин жилд ёки муқова бор, яна бир кенг оммалашган номи – “папка”. Кошғарий бобо – сарой иш юритиш тартибларини жуда яхши биладиган инсон, бу борада аниқ тавсия беради: “кусурга”, яъни ичига “қоғозлар солинадиган муқова”.

Биз кўпроқ араб ёки форсий тилларидан олиб ишлатадиган сўзлар­нинг асл туркийчаси девонда мавжуд. Қуйида бунга бир қатор мисоллар келтирамиз. Уй шифтини девон “тарус” деб тақдим қилади. “Сизиғ” – “тишлар оралиғи”, ҳозир бизда бунинг аниқ атамаси йўқ. “Бу сўзни сизиғдан сизитма – бу сирни тишларинг орасидан чиқарма”, деб мисол келти­рилади асарда. Холанинг ўғли кўп ҳудудларимизда “бўла”, баъзи жойларда “жиян” дейилади. Аслида, “жиян” холанинг эмас, амма­нинг ўғли. Демак, девон тавсияси­­дан – “чиқан” атамасидан қўшимча фойдаланишимиз мумкин.

Айни пайтда, ўзбек тилининг фаол сўзлашув нутқида “конус” сўзига таржима йўқ. Девонда “конус шаклидаги нарса” “қирма” деб аталади. Яна бир ўринда ичимлик солинадиган, “конус шаклидаги таги тор, оғи кенг идиш, чоғир идиши” “сағир” дейилиши ҳам айтилади. “Сағир”нинг келиб чиқиши “солғир”дан бўлса, эҳтимол. Мана, ёмғирдан сўнг чиқадиган “камалак” учун ҳам соф туркий атама – “ел кокан”.

Девондан келиб чиққан ҳолда, хазина, турли моллар турадиган жой­ни – “таварлиқ”, гардишни – “чи­ғри”, дас­­турхонни – “тавси”, дарвозани – “қапға”, пашшани – “қудғу” ёки “кумича”, қарзни – “баргу”, гу­­воҳ­ни – “тануқ” ва гувоҳликни – “тануқлуқ”, сўз ва гапга сино­ним – “калачу”, юк ортиш ёки ми­ниш мум­­кин бўл­ган улов, автомобилни – “кўлук”, эрта­­­лабки ов­қат, та­мадди, нонуш­­­тани – “тут­ғуч”, мажбурий иш, жаримани – “ра­бят” (бун­даги “раб” ўзаги рус тили­да­ги “қул, асир, банда” маъносидаги сўз билан алоқадор эмасмикан?), дўст, ўртоқни – “сағдич”, аҳмоқ одамни “мундуз”, одамлар ораси­даги ваъда, аҳдни – “бичғас”, бир ҳовлида турув­чи қўшнини – “кир­даш” (“кирувчи” маъно­­сида), лови­яни – “бурчақ”, ҳар доим иш­ла­­тадиган матоҳимиз бўлмиш даст­рў­молни – “сувлуқ”, чўнтак­ни – “кунчук”, ғовур-ғувурни – “коч­­­рум” (“Бу – шаҳарнинг қиш­лоқ аҳли­­га ёқмайдиган жиҳати”, де­­­ган қўшим­ча изоҳ ҳам берилади де­вон­да), туркча билмайдиган киши­ни – “сумлим”, жимжилоқ ёнидаги, биз одат­­да узук тақиладиган ёки ном­сиз атай­диган бармоқни – “жижамуқ” (Кош­ғарий ҳам “Буни кам одам билади”, деб эскартиб ўтади), бул­­­бул­­ни – “сандувач”, саъвани – “сундилач”, бе­­­данани – “будурсин”, бақлажон­ни – “бу­туга”, гуручни – “тутурқан” деб ишла­тишимиз мумкин.

Ўз навбатида, “утуг” (дазмол), “тавар” (жонли, жонсиз мол, товар),  “парту” (яхтак, бир қаватли устки тўн, партуқ), “керпич” (ғишт, Алишер Навоий бобомизнинг “Лисон ут-тайр” асарида келган энг таъсирчан ҳикоя – Шайх Санъон қиссасида бунга зўр мисол бор: “Кирпичи дард-у бало туфроғидин”), “ниждағ” (қайроқтош), “қафтан” (тўн, устки кийим) каби ўз сўзимиз бўлган ва қадимда тилимизда фаол ишлатилган атамаларни ҳам бего­на қилмаслигимиз, мақсадга мувофиқдир.

ҲАР БИР СЎЗДА БИР ТАРИХ БОР

Ҳар бир сўз замирида ўша сўз соҳиби бўлган халқнинг тарихи, урф-одат ва анъаналари акс этиши ҳам ҳақиқат. Девонда бунга ҳам мисоллар талай. Масалан, асарда ёзилишича: “қирғиз, ябоқу, қип­чоқ ва бошқалар бирор кишига қасам ичирганда ёки ундан бирор нарсага ваъда олганда, қилични унинг олдига кўндаланг қўйиб, “Бу кўк кирсун, қизил чиқсун”, дейдилар. Яъни, ваъда бузилса, бу кўк кирсин, қизил чиқсин, яъни қонга беланиб чиқсин. Бу, аҳд бузилса, темир сени ўлдирсин, ўч олсин, демакдир. Чунки улар темирни ҳурмат қиладилар”.

“Сиғир” сўзи девонда икки маънода келади. Бири, сиз-у биз биладиган сигир. Иккинчи маъноси “шоҳларнинг бир қанча одамлар билан қиладиган ови”га боғлиқ. Анъанага кўра, “шоҳ бир қанча одамларни ўрмон ва даштлардан ўз томонига ов ҳайвонларини ҳайдаб келишга юборади. Улар ҳайвонларни тўплаб келгач, шоҳ қийинчиликсиз, бемалол ов қилади”.

“Суфра”нинг асл маъноси мусофир учун қилинган таом бўлса ҳам, кейинчалик у таом ёзиладиган теридан қилинган дастурхонга нисба­тан қўлланган. Демак, мусофир одамга эътибор кўрсатиш, унинг олдига атай таом – суфра тайёрлаб чиқиш аввалдан туркий халқларда удум бўлган. Яна йўлга, сафарга отланган таниш ва яқинларга чиқариб бериладиган овқат ҳадяси ҳам бор, бу – “тузғу”дир. Ўша дамларда маълум сабаб билан ариқ қазишга, тўғон бўғишга чиқмаганлардан қишлоқ оқсоқоли махсус солиқ олгани, бу солиқ турининг номи “чатиба” бўлганини ҳам девон­дан билиб оламиз.

Кўпчиликка яхши маълум бўлган “тегин” номи аслида қул демакдир. “Алп Эртўнганинг болалари… оталарига ҳурмат юзасидан ўзларини камситиб, “қулингиз фалон қилди” деб, “қулингиз” ўрнида “тегин” сўзини ишлатар эдилар. Сўнг бу сўз уларга от бўлиб қолди. Бошқа қуллардан ажратиш учун бу сўзнинг ёнига яна бир нарса қўшиб ишлатилади”, дейилади девонда. Албатта, отага ҳурмат азалдан қонимизда бўлган. “Тегит – тегин сўзининг кўплиги, – дейди Кош­ғарий. – (Лекин) Бу шаклдаги кўплик қоидага хилофдир”.

Узоқ даврларда шошилинч хабар­ни бир манзилга етказиш учун қанчалик заҳмат чекилгани, энг муҳими, хабарни етказиш усуллари жорий этилганини ҳам девондаги бир­гина сўз бизга англатади: “чуф­ға – шошилинч чопарнинг йўлда олади­ган оти, маълум манзилга етганда, уни қолдириб, бошқасини ми­нади”. Инсоният қўлимиздаги оддий телефоннинг имко­ниятига етиб келгу­нига қадар қанча асрлар-у машақ­қатларни босиб ўтмаган дейсиз.

Китобда келтирилган яна бир сўз орқали илгари эркак кишилар ҳам орқа сочини ўстириб юрганини тахмин қилиш мумкин. Эркакларнинг орқага осилтириб қўйган сочи “салунди” деб аталган. Бугун биз ишлатадиган, давлатимизнинг рамзларидан бўлган байроқ, туғро сўзлари ҳам аввал жангларда ишлатилган атамалардир. “Батрақ – учига махсус ипаклик осилган ёғочки, аскарнинг жангда ўзини кўрсатгани белгиси” бўлса, “туғру – қилич, пичоқ, ханжар дасталарига тақиладиган попук”дир.

Халқимизда кўҳна замонлардан буён жамоатчилик руҳи устувор. Ҳозир ҳам кўплаб қишлоқларда аҳоли йиғилиб маслаҳатлашадиган жойлар бор, одатда кўринарли тепалик жойларда бўлгани учун бу жойлар “Маслаҳаттепа” деб аталади. Қадимда одамларнинг худди шундай йиғилиш жойи “тирнак” деб аталган.

Бугун човгон ўйинини эшитма­ганлар ҳам, эшитган бўлса-да, қандай ўйналишини билмайдиганлар кўп. Эски замонларда бу ўйин кўп ўйналганидан “тасал” деган сўз хабар беради: “Тасал – човган ўйини майдонида чегарани белгилаб чизилган чизиқ. Бу талас сўзининг ағдарилганидир. Арабчада ўтлоқ маъносида дейилиши ҳам шундайдир”. Машҳур адиб Чингиз Айтматов туғилган Қирғизистоннинг Талас водий­си номи эсингизга тушдими?

Ҳозир бу одат борми-йўқми, билмай­­ман, болалигимизда қўшни­ларникига янги келин келар бўлса, келин минган уловнинг олдига узун арқон тортиб чиқардик, номи “бақан тутиш” эди. Қачонки, келиннинг янгалари бизга ширинликми, сувлуқ – рўмолчами берса, бақанни йўлдан олардик. Девонга кўра, “бақан” – доира, ҳалқа экан. “Ердан кавлаб олинадиган металлардан ясалган ҳалқага алтун бақан – олтин ҳалқа дейилади”.

Жангда сафларни тузатувчи, дам олиш вақтида аскар тартиб-интизомини сақловчи бошлиқ – “чавуш”, душманнинг олдинги айғоқчиларини қўлга олиш учун кечаси кезувчи айғоқчи – “тутғақ”, амирларнинг мол боқадиган кўкатзор майдони, қуршалган ҳар бир нарсага ҳам – “қориғ”, эшикларни айланиб юрувчи гадой – “қарачи” дейилган. “Чалма” сўзи бугун ҳам бизга бегона эмас (ҳатто унинг архаик сўзга айланиб кетмагани ачинарли), девонга кўра ҳам, бугун ҳам бу сўзнинг маъноси “қўй, туя ва бошқа моллар қийидан кесиб олиб, қишда ёқиш учун қуритиладиган тезак”дир.

Онамнинг ўзи туғилган қишлоққа борар бўлса, “тўркунимга бориб келай”, деган гапи бор. Мен буни вояга етгунча даврда яшаган “тўрт кунлик юрт” маъносида тушу­нардим. Девонда бу сўз “туркун” деб берилган ва “қавм, қабила йиғини жойи, ота-онанинг уйи” деган изоҳ ҳам келтирилган экан. Яна мисол ҳам айтилибдики: “Қиз туркуна келди – қиз отасининг уйига келди”.

Аждодларимиз овдами, жангдами, албатта, сопқондан унумли фойда­ланган. Ана энди, сопқонга солиб отиш учун “лойдан ғўлак қилиниб қуритилган, ҳўл ҳолида ҳам отиш мумкин бўлган, ёнғоқдан кичик юмалоқ кесак” – “кувлук”дир. Ичига узум ёки майиз солиб тайёр­ланадиган сутли овқатни била­сизми? Ўтмишда бундай таом бўлган ва у “булдуни” аталган. Яна, “зонтик” ҳам бизга бегона бўлмаган, бобо-момоларимизнинг ҳам ёмғирдан тўсадиган, кигиз (девонда “кизиз”)дан тайёрланган ёпинчиқлари бўлган, у “кадук” дейилган. Асарда Барсағон шаҳри халқи “буғдой” сўзини “будғой” тарзида талаффуз қилишлари, бировнинг у шаҳар халқи эканини шу сўз билан синаб билиш одатлари баён этилган.

ЎЛМАС МАҚОЛЛАР – БОҚИЙ ҲИКМАТЛАР

Асли, сўзлар изоҳига мўлжалланган девонда кўҳна мақол ва шеърлардан намуналар келтирилгани китобнинг қадрини бениҳоя оширади. Бу мақол ва шеърларда ўша давр нафаси уфуриб туради. “Мақолда шундай келган”, дейди Кошғарий бобо. Мана бу мақолларга эътибор беринг-а, қандай боқий ҳикматлар жо бўлган уларда!

“Сўзнинг қисқаси узунидан яхши­роқ”, “Қадам изи биров юрганини билдиради”, “Тулки ўз уясига қараб ирилласа, қўтир бўлади”, “Оғиз еса, кўз уялар”, “Ҳўкизнинг оёғи бўлгунча, бузоқнинг боши бўлган яхшироқ”, “Тиришқоқнинг лаби ёғлиқ”, “Идиш оғзи кичик бўлса ҳам тиқини катта”, “Тоғ арқон билан эгилмайди, денгиз қайиқ билан бекилмайди”, “Сув ичирмасга сут бер”, “Қишнинг зиёфати оловдир”, “Тошни чайнашга қодир бўлмаган киши уни ўпиши керак”, “Иштони бутун қандай хоҳласа, шундай ўтиради”, “Кулни пуфлагунча, чўғни пуфлаган яхши”, “Балиқ сувда, кўзи ташқарида”, “Хитой хоқонининг ипак газмоли кўп, лекин ўлчамай кесилмайди”, “Қирғовул овига чиқ­санг, уйдаги товуқни унутма”, “Халқда фитна кўпайса, ақл озаяди ва тўғри йўлни тополмай қолади”, “Ширин сўз билан одам шоҳлар косасидан сув ичади”.

Бу мақоллар – бугунги тилга эврилганлари. Энди, бугунги тилимизга яқин бўлган мақолларни девон тилида ўқиб, сўзнинг мазасини ҳис қилиб кўринг: “Таз келиги бўркчига” (Калнинг борар жойи дўппифуруш дўконидир), “Эрмагуга эшик арт болур” (Ялқовга эшик остонаси ҳам довондек кўринади), “От теса ағиз куймас” (Ўт деган билан оғиз куймас), “Авчи неча ал (ҳийла, фириб, алдамоқ) билса, азиғ анча ёл билир” (Овчи қанча ов ҳийлаларини билса, айиқ ҳам шунча қочиш йўлларини билади)… “Сарт азиғи ариғ болса ёлда ер” мақолига эътибор қилайлик. Яъни, савдогарнинг оши ҳалол бўлса, кўчада ейди. “Сарт” сўзи ҳақида баҳслар ҳам, миллатга боғланган ҳолатлар ҳам кўп, девонга кўра, у “савдогар”дир.

Мақолларнинг мағзини чақишда давом этамиз: “Улуқ яғири оғулқа қалир” (От курагидаги яғир болаларига мерос бўлиб қолади. Улуқ – отнинг орқаси), “Ай толун болса, элигин имламас” (Ой тўлин бўлса, қўл билан кўрсатилмайди, чунки у ҳар кимга аниқ кўринади), “Эмгак экинда қалмас” (Меҳнат бўш кетмайди), “Қул – яғи, ит – бўри” (Қул – душман, фурсат топса, қочиш пайида бўлади, ит ҳам хонадон учун бўридир), “Қирқ йилқа тегин бай чиғай тузланур” (Қирқ йилгача бой билан камбағал тенглашади), “Эрдам баши тил” (Адабнинг боши тилдир. Ҳа, ҳамма замонда шундай!), “Қара булити ел ачар, урунч била эл ачар” (Қора булутни шамол очади, ҳукумат эшигини пора очади. Афсуски, бу ҳикмат ҳам ҳамма замонларга хосдир).

Навбатдаги мақоллар: “Бар – ба­қир, ёқ – алтун” (Бор нарса – мис, йўқ – олтин (қадрли), “Қонақ баши сазраки йиг” (Тариқ бошоғининг сийраги яхши. Чунки дони кам бўлса, дон тўла ва йирик бўлади. “Қонақ” – “тариқ”), “Неча йимик бичак эрса оз сабин янумас” (Пичоқ қанча ўткир бўлса ҳам, ўз сопини йўнмайди, кесмайди), “Алп чарикда, билга тирикда” (Ботир жангда, доно мажлисда синалади), “От тутунсиз болмас, йигит язуқсиз болмас” (Ўт тутунсиз бўлмас, йигит гуноҳсиз бўлмас), “Сабанда сандириш болса, ортугунда ирташ болмас” (Ер ҳайдаш вақтида пухталик бўлса, хирмонда англашилмовчилик бўлмайди), “Қа­даш темиш қоймадуқ, қазин темиш қоймиш” (Қариндошларга оға-ини келди, дейилса, унга эътибор берилмади, қайин она (ота) келди, дейилган эди, дарров унга қаради. “Қазин” – қайин маъносида), “Катан корди керагу юзти” (Меҳнатни кўриб, чодирини орқалади. “Катан” – меҳнат, қийинчилик), “Хан иши болса, қатун иши қалир” (Хоқоннинг иши бўлса, хотин иши қолдирилар. “Қатун” – Алп Эртўнга қизларидан тарқаганларнинг номи, мақоми), “Қарға қарисин ким билир, киши аласин ким тапар” (Қарғанинг қарисини ким билади, кишининг оласини ким топади), “Қут балгуси билиг” (Бахт белгиси илм ва ақлдир), “Тилин тергуга тегир” (Ширин, ёқимли сўз билан киши дастурхонга етишади. “Тергу” – дас­турхон).

Ёшлигидан таниш бўлган йигит мартаба топиб кўтарилса ҳам, ёшлигида кўриб юрган уруғ-аймоқ­лари орасида кичик кўринишига ишлати­ладиган зўр мақол бор: “Эвдаги бузағ-у окуз болмас” (Уйда ўсган бузоқ ҳеч вақт ҳўкиз бўлмайди). Йўл бошловчилар ҳақида икки мақол: “Қалин қулан чифғасиз болмас” (Моллар подаси йўлбошчисиз бўл­мас. “Чуфға” – йўл бошловчи, раҳбар) ва яна бир вариант: “Қалин қаз қулавузсиз болмас” (Ғоз тўдалари йўлбошчисиз бўлмас. “Қулабуз” – йўлбошчи). Кейинги мақоллар: “Ер басруқи тағ, бузун басруқи бег” (Ер суянчиғи – тоғ, эл суянчиғи – бек), “Ат тагузлуги ай болмас” (Отнинг пешонасидаги оқлиги ойнинг ўрнини босмайди), “Сундилач иши эрмас ортугун тепмак” (Хирмон янчмоқ саъванинг иши эмас), “Булдачи бузағ-у окуз ара балгулук” (Ҳўкиз бўлади деб гумон қилинган бузоқ ҳўкизлар орасида ёшлигидан маълум бўлади).

Фақат айримлари ҳозир ҳам қўл­ланадиган, аксарияти ўтмиш қатла­рида қолиб кетаётган қандай ажойиб мақоллар булар!

“ШEЪРДА ШУНДАЙ КEЛГАН”

Кошғарий ҳазратлари бирор сўзга шеърий мисол келтирар экан, шундай эскартма беради. Туркий халқларнинг энг кўҳна адабиётидан бизга намуналар етказгани учун ҳам муаллифдан яна бир бор миннатдор бўлишимиз керак.

Китобда берилган шеърларнинг барчаси миллий адабиётимизнинг ота йўли – бармоқ вазнида битилган. Жумлалар бир қарашда содда, аммо чуқурроқ разм солсангиз, ҳар бирининг замирида катта мазмун мужассам эканини англаб етасиз. Мана бу сатрларга эътибор беринг:

Барди эран қонуқ қоруб қутқа сақар,
Қалди явуз уюқ коруб эвни йиқар.

Яъни, “меҳмонни давлат ва бара­ка санайдиганлар ўлиб кетди, саҳроларда кўринган қораларни ва манзилларни белгилаш учун қўйилган тошларни кўриб, одам деб ўйлаб, у келиб қўниб қолмасин, деб чодирини бузувчиларгина қолди”. Қаранг, меҳ­мондўстлик азал-азалдан туркий халқларимизнинг қонида бўлган-да. Бу хислатини йўқотганлар ўша вақт­ларда ҳам қаттиқ маломатга қолган.

Энди мана бу ҳикматли сўзларни қаранг:

Атса ажун оғраб оқ,
Тағлар баши кертилур.

Яъни, “агар замон ўқ отса, тоғ бошлари ҳам кертилиб кетади”.

Шеърларнинг яна бир алоҳида аҳамиятли жиҳати – уларда қўлланган қофияларнинг ниҳоятда тўқлигидир. Мана, масалан:

Томлиғ калиб қапсади,
Қутлуғ яйиғ тапсади,
Қарлаб ажун япсади,
Эт йин ушуб армшур.

“Совуқ келиб қоплади. Қутлуғ ёзни ҳайдади. Қор дунёни қоплаб олди. Кишининг бадани увушиб қалтирайди”.

Аксарияти “а-а-а-б” тарзида, фақат айрим ҳоллардагина “а-б-а-б” шаклида келадиган ҳар бир шеър қофиялари эътиборни тортмай қолмайди.

ҚАДИМГИ ИСМЛАР

Девоннинг биринчи жилдида эркак­лар оти сифатида Булуч, Қулуч, Қиличхон, Тутуқ, Қумуқ, Қабан, Қотан, Баклан, Чуғлан, Будрач, Қатмиш, Қутлуғ, Бадруқ, Булғақ, Қулбақ, Тутуш, Утар, Тоқиш, Текиш, Қалалдуруқ сингари исмлар келтирилади. Аксарияти “эрлар исми” деган изоҳ билан чекланган. Баъзи сўзлар билан боғлиқ тарзда келган исмларда уларнинг маъноси айтиб ўтилади. Масалан: “Сағун – қарлуқ катталарининг лақаби. Турк табибларга ата сағун дейилади”; “Буғра – эркак туя. Буғрахон исми ҳам шундан олингандир”; “Чағри – лочин. Чағри­бек дейилган одам исми ҳам шундан”; “Қавшут – эл ва юрт тинчлиги учун икки шоҳ орасидаги келишув, келишиш. Одамларга Қавшут деб исм қўйишда ҳам шу маъно бор”, “Бактур – эркаклар исми. Асли, у Багтур – доим ўрнингда тур, кўп яша демакдир”; “Тоғрил – йиртқич қушлардан бири. Бу мингта ғозни ўлдириб, биттасинигина ейди. Бу сўз эркаклар исми ўрнида ҳам қўлланади” ва ҳоказо. Биринчи жилдда эҳтимол ягона келтирилган аёллар исми Кумушдир, у кумуш сўзининг изоҳида келган. Яна бир ўринда “мерос”, “эсдалик” маъноларидаги Хумару сўз эркак ва аёллар исми сифатида ҳам ишлатилиши баён этилади.

БИЗГА ҚАДРДОН НОМЛАР

Девон нафақат тил тарихидан сўз­лайди, айни пайтда ўша давр жуғрофияси ҳақида тасаввур уйғо­тувчи нодир маълумотларни ҳам тақдим этади. Бугунги кунда биз учун қадрдон бўлган жойлар таърифи акс этган саҳифалар ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди, албатта. Масалан, “Тошкент Мовароуннаҳрнинг энг қадимий шаҳарларидан биридир”, дея хабар беради Кошғарий. Бугунги пойтахтимиз ўша даврларда ҳам қадимий деб эътироф этилган экан.

Юртимиз гавҳари – Фарғона ҳақидаги таърифни ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди: “Фарғона мевага бой, тоғлари кўп ўлкадир. Унинг чўзиқ тоғларида олма, узум, писта, бодом ва бошқа мевалар, турли хил хушбўй ўсимликлар, гуллар, райҳонлар кўпдир. Хушҳаво, сер­ме­ва­ликда тенги йўқдир. У жуда кенг, серқишлоқдир. Бундай сер­қиш­лоқ ўлка Мовароуннаҳрда йўқ­дир. Одам кўплигидан, экин ва чорванинг мўллигидан қишлоқлар кенгайиб, катталашиб кетгандир. Қишлоқларга бориш учун бир қўниб бориш шартдир. У ерда етишган олимлар кўпдир. Сўнгги вақтларда Дамашқда туриб қолган зўр олим, донгдор устод Ҳожиб бинни Молик бинни Эркин фарғоналик олимларнинг биридир (Муъжаму-л-булдон. 6-жилд. Б.364)”. Афсуски, Кошғарий эътироф этаётган фарғоналик олим Ҳожиб бинни Молик бинни Эркинни – мана шундай “зўр олим, донгдор устод”ни бугун билмаймиз, балки кам одам билар, қайдам?

Албатта, қадим тарихимиздан сўй­ловчи бу нодир асарни Самарқанд таърифисиз тасаввур этиб бўлмайди. Девон иловасида шундай дейилади: “Самарқанд шаҳри энг эски ва энг обод шаҳар сифатида жуда машҳурдир. У энг қадимги араб манбаларида, форс тарихларида кенг изоҳлаб берилган. Батлимус ва бошқа жуғрофия олимлари бу шаҳарнинг жуғрофий мавқейини ва унинг хушҳаволиги, кўркам ман­зараларга бойлиги, сермевалик хусу­сиятларини мукаммал изоҳлаган эдилар”. Маҳмуд Кошғарий маълу­мо­тига кўра, “Самарқанд энг эски шаҳардир. ВИИ асрлардаёқ бу шаҳарда халқ гавжум эди. Ҳар хил касб аҳллари бор эди. Х асрларда суғдоқлар Баласоғунга шу ер­дан кўчиб бордилар. Унинг асл номи Самизканд – Катта шаҳар демакдир”. Маҳмуд Кошғарийнинг алоҳида уқтиришича, “бу шаҳарнинг туркий халқлар томонидан бино қилинганига, бу ҳақдаги бошқа хил қарашлар хато эканига шу номнинг ўзи далилдир”.

“Канд – ўғузлар ва улар билан яқин турувчилар тилида қишлоқ. Кўпчилик турклар наздида шаҳардир. Шунинг учун Фарғонани Ўзканд – “ўз шаҳримиз” дейдилар. Самарқандни катталиги учун Самизканд – “семиз шаҳар” дейдилар. Буни форслар Самарқанд тарзида қўллайдилар”, дея эслатади буюк Кошғарий. 

“ЎҒИЛ, МEНДАН ЎГИТ ОЛ, ФАЗИЛАТ ТИЛА”

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асари “замоннинг энг соғлари касал ва энг бурролари соқов бўлган” ҳар вақтда, жумладан, бугунги глобал замонда ҳам барчамиз учун жуда долзарбдир. Айниқса, ҳозир Яратган ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик “қуёшини турклар буржига кўтарган” бир вақтда, туркий халқлар ўзининг қадим илдизла­рини эслаб, Кошғарий таъбирича, қадаш­лик алоқаларини тобора мустаҳкам­лаб борар экан, бу бебаҳо асарга ҳамиша юксак эҳтиёж сезамиз. Бир вақтлар Кошғарий: “От туркнинг қанотидир”, деб ёзган бўлса, бугун туркийларнинг қаноти – сўздир.

Шу боис, Кошғарий бобо ҳар қачонки: “Ўғил, мендан ўгит ол, фазилат тила”, дея чорлар экан, тезда “фалак қутб юлдузи атрофида айланиш қоидаси каби” бу табаррук китобни қўлга олиб ўқиш ва уқиш – “ҳар бир ақлли кишига лойиқ ва муносибдир”.

Икром ИСКАНДАР

“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 декабрдаги 50-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img829

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img822

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857