Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


30.07.2025 | 13:40

img287

МАННОН РАМЗИЙ

Яқин тарихнинг оғриқли, кам ўрганилган саҳифаларида қатағон қурбонлари ҳақидаги маълумотлар тобора ойдинлашиб бораётир. XX асрнинг 30 йилларида минглаб ўзбек зиёлилари, маърифатпарварлар қаторида асоссиз айбловлар билан фожиалар қурбонига айланган жадидлардан бири Маннон Рамзий бўлади.

Бу ном илк бор мустақиллик йилларида тадқиқотчилар эътиборига туша бошлади. 2009 йили Ғафур Ғулом нашриётида чоп этилган “Тарихнинг номаълум саҳифалари. Ҳужжат ва материаллар. Биринчи китоб” тўпламидан ўрин олган тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов мақоласида Рамзий ҳақида айрим маълумотлар келтирилади. 2012 йили “Шарқ” нашриётида босмадан чиққан “Ўзбекистонда советларнинг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (Биринчи китоб)” асарида унинг ҳаётига теранроқ назар ташланади.

Айни пайтда ушбу икки манбадан бошланган саъй-ҳаракатлар орқали Маннон Рамзий шахсияти, фаолияти ва фожиали қисмати ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлиш имконияти юзага келди. Бошқача айтсак, илмий тадқиқотлар ва архив манбалари асосида унинг ҳаёти тарих саҳифасига қайта ёзилмоқда.

Маннон Рамзий 1896 йили Самарқанд шаҳрида дунёга келган. Айрим манбаларда унинг Тошкентда туғилгани ҳақида маълумотлар учрайди. Ҳар икки шаҳар ўз даврида Бухоро амирлиги ва Туркистон генерал-губернаторлиги таркибида бўлган бўлса-да, маънавий жиҳатдан мустақил яшаган, билим ва тараққиёт марказлари сифатида танилган. Шу жиҳатдан қараганда, Рамзийнинг болалик муҳити қайси шаҳарга тўғри келишидан қатъи назар, унинг фикр ва тафаккури жадидлик руҳи билан суғорилган муҳитда шаклланганини тахмин қилиш қийин эмас.

XIX аср охири ва XX аср бошларида Самарқанд ва Тошкент жадид мактаблари кенг оммани саводли қилишга бел боғлаган пайтлар эди. Шаҳарларда Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ва бошқа маърифатпарварлар таъсис этган янги услубдаги мактаблар фаолият олиб борарди.

Расмий мактаб ёки мадрасада ўқигани алоҳида қайд этилмаган бўлса-да, Рамзийнинг кейинчалик давлат ва жамоат ишларида, матбуот ва таълим соҳаларида тутган ўрни, ўз давридаги мураккаб масалаларга теран ёндашуви унинг пухта билимга эга шахс бўлганини яққол тасдиқлайди.

Маннон Рамзий 1918–1930 йилларда партия ва давлат идораларида ишлаб, ўзини юксак салоҳиятли, ташаббускор ва ишончли кадр сифатида намоён этди. 1922 йили у Тошкент шаҳри Эски шаҳар ижроия қўмитасига раҳбар этиб тайинланади. Табиийки, бу лавозим ўша йилларда ҳудуддаги ижтимоий ва сиёсий жараёнларни тўғри бошқаришни талаб қиларди. Айнан ана шу ишонч ва салоҳият 1924 йили қаҳрамонимизни янада масъулиятли вазифа – Помирга хизмат сафарига юборилишига асос бўлади. Шу тариқа Рамзий бутунлай бошқа дунёқараш, бошқа маданият, бошқа турмуш тарзига эга жамият ичига кириб боради. У маҳаллий аҳоли орасида таълим масаласини кун тартибига олиб чиққан маърифатпарварлардан биридир. Помирда орттирган тажриба Рамзийнинг кейинги фаолиятига, айниқса, таълим ва маориф соҳасидаги иш услубига жиддий таъсир кўрсатган.

Маннон Рамзий жамиятда янгича фикрлаш тарзини шакллантириш, ижтимоий ўзгаришларни тушунтириш ва муаммоларни очиқ ёритишда матбуотни асосий восита сифатида кўради. 1927–1929 йиллар оралиғида “Туркистон”, “Камбағал деҳқон”, “Қизил Ўзбекистон” газеталари, шунингдек, “Ер юзи” ва “Маориф ва ўқитувчи” журналларида муҳаррир сифатида фаолият кўрсатади. Бу нашрлар ўз даврида жамоатчилик учун асосий ахборот манбаи ҳисобланган. Архив материалларида Рамзийнинг мақолалари мунтазам чоп этилгани, уларда таълим, маданият ва маърифат соҳаларига оид масалалар муҳим ўрин эгаллаганини кузатамиз. У ўз чиқишлари орқали эл орасида ўта куюнчак, бошқарув салоҳиятига эга раҳбар ва муаммони амалиётда ҳал қилиш қобилиятини ўзлаштирган шахс сифатида тилга туша боради.

Айнан матбуот орқали намоён бўлган ушбу малака натижасида 1927 йили Маннон Рамзий Ўзбекистон ССР Маориф халқ комиссарлигига тайинланиб, таълим ривожига катта ҳисса қўшади.

Бироқ  унинг мустақил қарашлари сиёсий айбловлар билан тўқнаш келиб, 1930 йилнинг 1 сентябр куни “Наркомпрос иши” деб номланган сохта айбловлар тўплами асосида ҳибсга олинади.

Ҳужжатларга кўра, Рамзий 1933 йил 31 мартда Москвада ўтказилган ёпиқ суд мажлисида дастлаб тўққиз нафар айбланувчи қаторида ўлим жазосига ҳукм қилинади. Бир неча ой ўтиб, ҳукм қайта кўриб чиқилади. Ўлим жазоси 10 йил озодликдан маҳрум этиш билан алмаштирилади. Айрим манбаларда қайд этилишича, бу қарор ЎзССР КП(б) Марказий Комитети биринчи котиби Акмал Икромовнинг шахсий аралашуви билан амалга оширилади. Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ Рамзийнинг маориф соҳасидаги беқиёс мавқейи ва меҳнатидан дарак беради.

1934 йилда озод қилингач Рамзий юртга қайтиш имконсизлиги боис Ростов-Дон шаҳрига жўнатилади. Ўша ерда у “Ростселмаш” заводида кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи лавозимида иш бошлайди. Четдан қараганда, унинг билим ва тажрибасига яна ишонч билдирилгандек туюлса-да, бу ишонч ортидаги ўйинлар кўп ўтмай аён бўла бошлайди.

1937 йил 17 август куни ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлигидан келган хатга асосан Маннон Рамзий тағин ҳибсга олинади. Турар жойи тинтув қилиниб, соқчилар кузатувида Тошкент шаҳрига, ички ишлар халқ комиссарлиги ихтиёрига жўнатилади. Тергов ҳужжатларида Рамзий “Миллий истиқлол” ташкилоти аъзоси сифатида тилга олинар экан, бу ташкилотнинг мавжудлиги, мақсади ва таркиби ҳақидаги маълумотлар ёзма гувоҳликлар орқали шакллантирилиб, унга кўра, Рамзий Боту, Олтой ва бошқа шахслар билан бирга совет ҳокимиятига қарши фаол кураш олиб борган деб кўрсатилади.

Унинг фаолияти, ҳатто бир пайтлари ёзган мақолалари, матбуотдаги илғор чиқишлари – ҳамма-ҳаммаси кутилаётган ҳукм учун етарли далил ўлароқ синчиклаб кўриб чиқилади. Миллийликка оид ҳар қандай фикри “миллатчилик” деб баҳоланиб, танқиди “аксилинқилобий ҳаракат” сифатида ҳужжатга тикилади.

Тўғри, мазкур тергов жараёни Маннон Рамзий учун илк синов эмас эди. Бунга қадар “Наркомпрос иши” ортидан бир бора ўлим ёқасидан қайтган қаҳрамонимиз маълум  бир муддат шахсий ҳаётини йўлга солишга уринди, аммо бу галги терговда унинг устидан ёғдирилган сохта айбловлар Рамзийни ўлим чангалидан олиб қололмади.

1938 йил 27 апрелда Москвадаги ёпиқ суд мажлисида Рамзий РСФСР Жиноят кодексининг 58–1а, 58–7, 58–8 ва 58–11-моддалари асосида айбдор деб топилади. Суд мажлисига гувоҳлар чақирилмайди, ҳимоячиларнинг иштирок этишига ҳам йўл қўйилмайди. Ҳукм ўша куниёқ чиқарилиб, Маннон Рамзий отиб ташланади.

Орадан йигирма йил ўтиб, 1956 йил 26 сентябрда Маннон Рамзийнинг рафиқаси Турсуной Рамзиева СССР Бош прокурори номига ариза йўллайди. У ўз мурожаатида умр йўлдошига нисбатан чиқарилган қарор юзасидан адолатли ечим сўрайди. Аризада унинг партияга садоқати, жамият олдидаги хизматлари ва маърифатпарварлик фаолияти ҳақида ёзар экан, “ўзбеклар орасидаги биринчи маърифатчи коммунистлардан бири”, дейди.

Ҳаёт йўлини ҳалол яшаб ўтган инсоннинг исмини оқлашга уриниш сўрови жавобсиз қолади. Хуллас, Маннон Рамзий ўз тақдири мисолида бутун бир тарихий авлоднинг кураш ва интилишларини ифодалаган шахсдир. У жадидлар сафида истиқлол ғоялари, таълим, маърифат ва миллий қадриятлар учун фаол хизмат қилган. Унинг ҳаёти ва фаолияти бугунги кун учун хотира эмас, том маънода ўрганиш, таҳлил ва хулоса чиқариш манбаи ҳамдир.

Рамзийга оид маълумотлар орасида ҳали тўлиқ очилмаган, тадқиқталаб саҳифалар бисёр. Шу боис агар кимда ким Маннон Рамзийнинг фарзандлари, қариндошлари ёки у ҳақидаги янгиликларга эга бўлса, “Жадид” газетаси таҳририяти ёки Андижон давлат университети қошидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига мурожаат қилишини сўраймиз. Бу борада сиз-у биз қўшадиган ҳар қандай ҳисса ва улуш тарихий адолатни тиклаш йўлидаги умумий масъулиятимиздир.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 25 июлдаги 30-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855