Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


02.10.2025 | 09:41

img308

МАЪНО МАЪВОЛАРИ

Ҳазрат Алишер Навоий изидан

“Юрган – дарё, ўтирган – бўйра”, дейди халқимиз. Илм талабида жаҳон кезмоқ – бизга бобомерос одат. Сафар асносида рубъи маскуннинг сир-асроридан воқиф бўласиз, янги билимлар орттирасиз, ҳикмат соҳибларига ошно тутинасиз.

Яқинда бир гуруҳ ўзбекистонлик навоийшунос олимлар Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташаббуси ва ҳомийлигида Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон, Машҳад, Тус, Гургон каби шаҳарларида бўлиб қайтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 7 февральдаги 43-сонли қарори ижроси доирасида ташкил этилган навбатдаги илмий экспедиция янгиликларга бой бўлди.

НАВОИЙНИНГ ЭҲСОН ДАСТУРХОНИ ҲАМОН ОЧИҚДИР
Дилнавоз ЮСУПОВА,
филология фанлари доктори, профессор:

– Буюк аждодимиз Алишер Навоий Эрон маданияти тарихида нафақат улуғ шоир ва мутафаккир, балки муҳташам иншоотлар меъмори, саховатпеша, халқпарвар амир сифатида ҳам ном қозонган. Сафар давомида биз бунга яна бир бор амин бўлдик, Эрон ҳудудида ҳазрат бобомиз иншо эттирган улуғвор ёдгорликларга боқиб, қалбларимиз фахр-ифтихор туйғусига лиммо-лим тўлди.

Машҳад шаҳри Имом Ризо меъморий ёдгорликлар мажмуаси билан дунёга машҳур. Сафаримизнинг илк кунларида ушбу зиёратгоҳда бўлдик. Мажмуа эски ва янги ҳовли, Алишер Навоий айвони, Имом Ризо мақбараси, Гавҳаршодбегим масжиди, мадраса, музей, кутубхона, карвонсарой ва бошқа иншоотлардан иборат.

Тўртта ҳовлидаги катта айвонлар (узунлиги 46 метр) XV аср охирида Алишер Навоий томонидан қайта қурилган ва ҳозирги кўринишга келтирилган. Айвонлардан бирининг пештоқига Султон Ҳусайн Бойқаро исми битилган. Айвонларнинг ички қисмида Навоийнинг шахсий хаттотларидан бири, “хаттотлар султони” дея эътироф этилган Султонали Машҳадийнинг ва Алишер Навоий ёшликда чексиз меҳр қўйган, кейинчалик “Мажолис ун-нафоис”да энг маърифатли темурий ҳукмдор сифатида хотирлаган Абулқосим Бобурнинг мақбараси борлигидан воқиф бўлдик.

Хондамирнинг шоҳидлик беришича, айни шу масканда қурилган “Дор ул-ҳуффоз” иморатини ложувард ва олтин, ислимий, хитойча нақшлар ва тасвирлар воситасида дабдаба ила безаганлар. Бундан ташқари, ўша табаррук мақбара ҳудудида ўта ҳашамат ва бениҳоя зеб-зийнат билан бир айвон (айвони мақсура) бунёд қилинган. Шунингдек, бир ғалвирхона ҳам қурилган бўлиб, ҳар куни унда мусофирлар, муҳтожлар ва етимларга таом улашилган. Ҳайратланарли жиҳати, бу анъана ҳозир ҳам давом этаётир, ҳалигача эҳтиёжмандлар ушбу емакхонадан таомланар экан. Сафаримизнинг сўнгги кунида Навоий бобомиз беш аср олдин ёзган ва бугунгача очиқ турган эҳсон дастурхонидан тановул қилиш бахти бизга ҳам насиб этди.

Тарихий манбалардан маълумки, Навоий қурдирган бинои хайрлар орасида работлар – карвонсаройлар алоҳида ўрин эгаллайди. Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида улуғ амир барпо эттирган элликдан зиёд работнинг номини келтирган.

Дастлаб VIII-IX асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларида пайдо бўлган работлар ҳарбий (сарҳадда душманга қарши мудофаа) ва иқтисодий-ижтимоий (йўлчилар, савдогарлар ва сайёҳларга бошпана) вазифаларни бажарган. Ғазнавийлар даврига келиб, улар нафақат йўловчилар бошпанаси, балки сўфийлик ва ижтимоий ҳаёт марказига айланган.

Навоий амирлик қилган даврда работларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти янада ортган. Чунки бу даврда карвон йўллари янада ривожланиб, Шарқ-у Ғарб ўртасидаги савдо алоқалари кучайган, бинобарин, работларга эҳтиёж кескин ошган. Шу тариқа работлар илм, маънавият марказлари сифатида ҳам хизмат қилган. Навоий қурдирган работлар катта ҳовли, масжид, ҳаммом, меҳмонхона ва омборхоналарга эга мукаммал иншоотлар бўлиб, бадиий ва меъморий жиҳатдан ҳам алоҳида аҳамият касб этган.

Таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистон даврида ҳар бир туманда қад ростлаган “Маънавият масканлари” вазифасини ҳазрат Навоий даврида у киши бино этган работлар бажарган, дейиш мумкин.

Машҳад шаҳридан қарийб қирқ чақирим масофада жойлашган кўҳна Сангбаст работини ўз кўзимиз билан кўрдик. Гумбаз ва минорага эга бу бино Султон Маҳмуд Ғазнавий замонида Тус ҳокими Арслон Жозиб томонидан милодий 999 – 1030 йиллар оралиғида қурилган. Кейинчалик ушбу бинонинг асосий қисми бузилган ва Амир Алишер Навоий унинг ёнидан янги бир работ барпо этган.

Давлатшоҳ Самарқандий ушбу кўркам ва муаззам работни “Олам кўзи ҳалигача бундай иморатни кўрмаган эди”, дея таърифлаган. Дарҳақиқат, тарихий обиданинг асрлар ҳукмидан омон қолган оч яшил рангдаги гўзал пештоқлари муаррихнинг сўзлари муболаға эмаслигига гувоҳлик бериб турибди.

СИРЛИ ДАФИНАНИНГ СОҲИБИ КИМ?
Фазлиддин МАҲМАДРАЖАБОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ўқитувчиси:

– Сафар давомида Алишер Навоий бир муддат ҳокимлик қилган Астробод (ҳозирги Гургон) шаҳрида ҳам бўлдик.

Шу ўринда мазкур жуғрофий ном этимологиясига аниқлик киритиб ўтсак. Форс тилидаги манбаларда Астробод сўзи “Астаробод” шаклида келади. “Астар” сўзи паҳлавий тилида “хачир” деган маънони билдиради. Лекин, аслида, бу номнинг келиб чиқиши бошқа бир тарихий ҳодисага боғлиқ, яъни Аҳмоний подшоҳ Хашоёршоҳнинг қизи малика Эстар шарафига шаҳар шу ном билан аталган экан. “Эстар” сўзи қадимги форсийда “юлдуз” маъносини англатган. Нақл қилишларича, Хашоёршоҳ қизи Эстарга Астрободдан Осторо (ҳозирги Астрахан) шаҳригача бўлган ерлар бошқарувини топширган. Маҳаллий аҳолининг шаҳар номини ҳалигача “Эстаробод” тарзида талаффуз қилиши ҳам ана шу нуқтаи назарни тасдиқлайди.

Тарихий Астробод шаҳри йўлида бошқа тарихий обидаларни ҳам кўрдик. Улардан бири – Чинорон шаҳридаги Мили Родкондир. Мазкур тарихий обидани милодий XIII асрда яшаб ижод қилган қомусий олим Хожа Носириддин Тусий қурдирган экан. Гунбади Ковус шаҳридаги Қобус мақбараси эса Х–XI асрларда ҳукмронлик қилган Оли Зиёрийлар давлатининг тўртинчи подшоҳи Қобус бин Вашмгир томонидан барпо этилган, тождорнинг ўзи ҳам шу ерга дафн қилинган экан. Мақбара дунёдаги лой ғиштдан қурилган энг баланд бино сифатида аҳамиятлидир. Баландлиги 52 метр бўлган тарихий обида 15 метрли тепалик устида қад ростлаган.

Қадим Астробод шаҳрида темурийлардан мерос маҳобатли масжид ва бозор сақланиб қолган. Салжуқийлар даврига мансуб минорага туташ масжид темурий малика Гавҳаршодбегимнинг буйруғи ва шафелигида барпо этилган экан. Ота-боболаримизнинг бунёдкорлигидан қалбимизда фахр туйғуси уйғонди. Қизиқ маълумотни эшитдик: бир неча йил олдин масжид ҳовлиси таъмир учун қазилганида, бу ердан катта тилла қозон топилибди. Маҳаллий аҳоли таъбири билан айтганда, Гавҳаршодбегим масжид қуриш билан кифояланиб қолмай, унинг юз йиллардан кейинги таъмири учун ҳам сармоя қолдириб кетган экан! Дарвоқе, темурийлар даврига мансуб бозор ҳам ҳозирда “Наълбандон” номи билан фаолият юритиб келмоқда.

Масжид ҳудудига кираверишда сўл қўлдаги айвонда тошга ўйиб ёзилган эълонлар тахтасига кўзимиз тушди. Пешлавҳалар олис ўтмишда Астрободга янги ҳоким бўлган шахсларни халққа таништирмоқ учун ўрнатилган экан. Эҳтимол, улар орасида Алишер Навоийнинг Астрободга ҳоким этиб тайинлангани ҳақида эълон ҳам бордир. Бу энди алоҳида тадқиқот мавзусидир. Масжиднинг ёғочдан ишланган безакдор эшиги шу ердаги музейда сақланар экан. Меҳмонлар масжид минбарларини ҳам томоша қилиши мумкин. Эронлик маданий мерос мутахассисининг айтишича, бундай минбарлар фақат суннийлик мазҳабига хос ҳисобланади.

Қадим Астрободда қозоқлар ва ўзбеклар яшайдиган маҳалла ҳам бор экан. Шу ерда Эрон фуқаролигига эга миллатдошларимиз билан ҳамсуҳбат бўлдик.

Сафар дастурига мувофиқ Машҳадга қайтишимиз керак эди. Йўлда орифлар султони Боязид Бистомийнинг она шаҳри – Бистомга кириб ўтдик. Бистомий дафн қилинган мақбара йигирмага яқин тарихий бинони ўзида жамлаган катта бир мажмуа таркибида экан. Экспедиция аъзолари билан табаррук зот қабрини зиёрат қилдик.

Эроннинг тарихий шаҳарларида темурийларга оид обидалар, осори атиқалар бисёр. Буни қарангки, Боязид Бистомий мақбарасига туташ мадраса ҳам Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо томонидан барпо этилган экан. Улуғ аждодларимиз номи билан боғлиқ меъморий иншоотни кўриб, қалбимизни яна бир кўтаринкилик чулғади.

ЗАМИН ВА КОИНОТ АРО РОБИТА
Каромат МУЛЛАХЎЖАEВА,
филология фанлари номзоди, доцент:

– Саёҳатимиз давомида Эрон пойтахти Теҳрондаги Озодлик майдони ва унинг музейида ҳам бўлдик. Музейнинг юзлаб осори атиқалари ичида метеорит бўлаклари эътиборимизни тортди. Катта бир бўлмада турли ҳажмдаги само жисмлари жамланган. 2023 йили Кирмон шаҳридан келтирилган каттагина метеорит бўлагини ушлаб кўриб, ноодатий вазнни ҳис қилдим. Тош мени коинотнинг аллақайси нуқталари билан боғлагандек бўлди. Балки тасаввурга эрк бергандирман, лекин нима бўлганда ҳам ўзимиз учун янги маъволарни очишни кўзлаган сафаримиз мобайнида кичик бир тошбўлак ўзгача қувват бергани рост. Тунда Машҳадга етиб келганимизда, Имом Ризо мажмуасидан таралаётган нурнинг бутун шаҳарга ўзгача жило бериб товланиши эса соҳир ҳолатимизга янада сирлилик бахш этди.

Мақсад-муддаомиз – Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ масканларни зиёрат қилиш, ўрганиш, у зотга алоқадор бугунгача сақланиб қолган иншоот ва бошқа ёдгорликлар ҳақида маълумотлар тўплаш эди. Айни чоғда, муштарак тарихимизга оид муҳим иншоот, тарихий обида ва илмий-адабий манбаларни назардан қочирмасликка қарор қилганмиз. Машҳаддаги Фирдавсий университетида маъруза қилиш, Имом Ризо мажмуасидаги қўлёзмалар билан танишиш, халқаро илмий семинарда маъруза қилишдек муҳим вазифаларни бажаришга тайёрланар эдик. Қўлёзмалар билан танишиш асносида туркий тилда битилган тўрт юздан зиёд қўлёзмани аниқлашга муваффақ бўлишимизни ҳали билмасдик…

Фирдавсий  университетидаги учрашув ва суҳбатлардан сўнг Тусга йўл олдик. “Шоҳнома” муаллифининг дахмаси қошида кўнглимиздан Навоийнинг бу зотни алқаб ёзган: “Бу майдонда Фирдавсий ул гурд эрур, / Ки гар келса Рустам жавобин берур”, деган мисралари кечди. Машҳаддан анча олисда жойлашган Гургон – Астрободга йўл олар эканмиз, Алишер Навоийнинг “сургун қилиниши” ҳақида илмда ҳамон охирига етмаган баҳсларни эсладик.

Турли давр тамаддунларини бир-бирига туташтирган Эрон давлати ҳудудларида ислом ва ундан олдин амалда бўлган эътиқод-у таълимотларга оид осори атиқалар ҳамон сақланиб турибди. Бу, айниқса, Гургонда яққол кузатилади. Тоғлар орасида, денгиздан у қадар олисда бўлмаган кентга етгунча йўлда Буржи Носирий ва Гумбази Ковус каби тарихий минораларни кўрдик. Ҳар бирининг махсус ўрганишга арзийдиган узун ва қизиқарли тарихи бор.

Кейинги куни кўҳна харобалар оша Туркман саҳроси томон йўлга тушдик. Узоқ йўл юриб, биёбондан ўтиб, Махтумқули Фироғий қабрини зиёрат қилдик. Бу ерда умргузаронлик қилаётган форсигўй туркманларнинг ҳаёт тарзи ҳам ўзига хос экан. Навоий ҳазратларининг баракоти туфайли сафаримиз файзли ва манфаатли кечаётганидан мамнун эдик.

Яна бир довон ошиб, янги маъно маъвосига равона бўлдик. Хондамир “Макорим ул-ахлоқ”да тасвирлаганидек, бу ерда бир кунда тўрт фаслнинг об-ҳавосини кўриш мумкин эди. Алҳол, тайфурия тариқати асосчиси Боязид Бистомий мақбараси зиёрати қалбларга сакинат индирди. Зиёратлардан сўнг Сабзавор ва Нишопур орқали Машҳад сари йўлга тушдик. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таваллудининг 1500 йиллиги муносабати билан муқаддас зиёратгоҳ ҳудудида ташкил этилган “Самарқанддан Тусгача: Эрон ва Ўзбекистон умумий маданий меросига бир назар” мавзусида халқаро илмий семинарда қатнашдик.

Бир ҳафталик экспедициямиз келгусида салмоқли илмий тадқиқотларга пойдевор бўлади, деган умиддамиз.

ОЛТИ АСРЛИК БУЛОҚ
Умедулло МАҲМУДОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD):

– Машҳад шаҳрида жойлашган Остони Қудси Разавий кутубхоналар, музейлар ва ҳужжатлар марказида илмий-маърифий мулоқотлар қилдик. Марказ директори доктор Саид Жалол Ҳусайний темурийлар даврида Машҳадни ободонлаштириш, шаҳарни сўлим ва бетакрор манзилга айлантириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилгани ҳақида сўзлаб берди.

“Машҳад аҳли қурғоқчиликдан азият чекаётган кезларда Султон Ҳусайн Бойқаронинг вазири, яқин дўсти Амир Алишер Навоий шаҳарга сув торттириб келган ва бу ерда бир айвон ҳам солдирган. Ҳозирда у “Айвони Навоий” номи билан машҳур. Ҳазрат Навоий очган чашма суви эса Имом Ризо ҳарамининг марказида ҳали-ҳамон одамларнинг чанқоғини қондирмоқда”, деди Саид Жалол Ҳусайний мамнуният билан.

Ушбу муаззам кутубхонада жами икки миллион нусха китоб мавжуд бўлиб, улардан юз минги қўлёзма асарлардир. Бу ерда ҳатто минг йиллик тарихга эга Қуръони Карим ҳам сақланаётир. Кутубхона хазинасида туркий тилдаги нодир қўлёзмалар ҳам кўп экан. Хусусан, экспедициямиз аъзолари ўрганишлари натижасида Остони Қудси Разавий кутубхонасида тўрт юз нусхада туркий қўлёзма мавжудлиги аниқланди. Улар орасида Қуръони Каримнинг иккита таржимаси ва тафсири, дуолар китоби, мумтоз адабиётга оид асарлар бор.

Тасодифий танлаб олинган қўлёзма нусхасини қисқа фурсатда ўргандик. У Алишер Навоийнинг терма девони бўлиб чиқди. Тўпламдан шоир қаламига мансуб ғазал, мусаддас, қитъа ва рубоийлар ўрин олган. Девон “Хазойин ул-маоний”даги: “Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул-худо, Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқти садо” матлали илк ғазал билан бошланади. Ҳар бир саҳифада матн ўн икки қатордан жойлаштирилган. Девоннинг охиридаги баъзи саҳифалар (колофон) мавжуд эмас. Шунингдек, қўлёзма хотимасида келтирилган рубоийларнинг охиргиси тугалланмай қолган. Қуйидаги рубоийнинг икки мисраси билан девон якунига етган:

Бераҳмдурур олам-у золим афлок,
Бемеҳрдурур анжум-у даврон бебок.

Ушбу девон тахминан XIX асрда китобат қилинган.

Алишер Навоийнинг вафотидан олти аср ўтган бўлса-да, Эронда улуғ мутафаккир ижодига қизиқиш асло камаймаган. Олимлар, ҳатто оддий одамлар шоирдан мерос қолган моддий, маънавий обидаларга ўзгача эҳтиром кўрсатишини алоҳида қайд этмоқ ўринлидир.

Имом Ризо зиёратгоҳига келадиган минглаб зиёратчиларнинг чанқоғини қондираётган олти асрлик чашмани Алишер Навоийнинг ўлмас маънавий меросига менгзадик. Зеро, асрий бўронлардан омон чиққан булоқ каби улуғ бобомиз қолдирган бебаҳо бисот ҳам маъно аҳлларининг ташналигини қондириб келмоқда.

Ҳазрат Навоий очган чашма суви қиёматга қадар қуримасин, буюк мутафаккир асарлари бутун инсониятга маърифат, ҳикмат ва ҳидоят маёғи бўлиб қолсин, дея дуойи хайр қилдик.

Давра суҳбатини Олимжон ДАВЛАТОВ олиб борди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855