Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


06.10.2025 | 09:30

img322

НОЗИМАХОНИМ НИДОСИ

Нозимахонимнинг табаррук исми мумтоз шоиралар сафининг охирида ва XX аср ижодкор аёллари рўйхатининг аввалида келади. У хонликларнинг тугатилиши, Туркистон Мухторияти ва совет ҳукуматининг ташкил этилиши палласида умр ўтказди. У ижодини салафлари сингари шам шуъласида аруздан бошлаб, халафлари каби электр чироқ нурида бармоқ вазнида тугатди. Ҳа, у халқимизнинг икки аср оралиғидаги турмушини ўзидан ўтказиб кўрди. Натижада, даврнинг назмда ифодалаш мумкин бўлмаган, ҳали ўзбек адабиёти дуч келмаган воқеаларини публицистикада баён этишга тушди ва бу борада салмоқли ишларни амалга оширди.

Жадид мактабидан чиққан туркистонлик зиёли аёлларнинг ёрқин вакиласи, шоира Нозимахоним замонасининг илғор шахсларидан эди. Ёзган мақолалари, куюнчак сўзи, салмоқли ижоди кўз ўнгимизда унинг эркпарвар қиёфасини чизиб беради.

Нозимахоним 1870 йилда Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида даврининг пешқадам зиёлиси Мулла Саид Аҳмад хонадонида дунёга келади. Кенг фикрли, илм-у маърифатга ошно ота қизининг келажагига катта умид боғлаб, унинг ҳар томонлама тўлиқ билим олиши учун барча имкониятни яратади. Қаҳрамонимиз аввалига маҳалладаги қизлар мактабида отинойи қўлида сабоқ олади, кейин рус-тузем мактабида ўқиб, дунёвий билимлар билан танишади. Болаликдан илмга ташна қизалоқ араб, форс, рус ва татар тилларини пухта ўзлаштиради, турли тиллардаги нашрлар билан танишиб боради ва шу орқали дунёқарашини бойитади.

Адабиёт ва журналистикага бўлган меҳри унинг вақтли матбуотда ном қозонишида туртки бўлди. Замонанинг оғриқ нуқталарини ёритиш асносида қаҳрамонимиз илм-маърифат, тенглик ва озодлик жарчиси сифатида бўй кўрсата борди. Шу тариқа, матбуотимиз тарихида илк публицист аёл сифатида эътироф топди.

Унинг фаолиятида маърифатпарвар Омина Бону билан фикран яқинлик ва мустаҳкам дўстлик муҳим ўрин тутган. Омина Бону унга мактуб йўлларкан: “Шеърларингиз менга жуда маъқул бўлди, бироқ шу билан бирга газета саҳифаларига мақола бериб турсангиз, кўп улуғ ва савоб иш бўлур эди”, дея даъват этади. Ана шу чорлов самараси ўлароқ, матбуот нашрларида “Бешёғочлик Нозимахоним” имзоси пайдо бўлади.

Нозимахонимнинг 1904 йили “Туркистон вилоятининг газети”да чоп этилган мақолаларидан бири “Инсонга қанча эрк даркор?” деб номланади. Сўнгра маҳаллий матбуот саҳифаларида “Хотинлар ҳуқуқига оид”, “Илм ва маориф борасида бир-икки сўз” каби мақолалари босмадан чиқади. Бу мақолалар ўзининг теран мазмуни ва ўткир руҳи билан Туркистонда озодлик ғояларининг ёйилиши, хотин-қизлар ўртасида демократик интилишнинг кучайишига хизмат қилади.

“Тараққий” газетасининг 1907-йилги сонларининг бирида унинг “Афсус” номли шеъри эълон қилинади. Шоира ушбу шеър орқали ҳақ сўзни хотин-қизларга етказмоқ умиди билан: “Ки, шоят зулм туни барҳам бўлди”, деб ёзади. Нозимахоним “Туркистон вилоятининг газети”, “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Хуршид”, “Ҳуррият”, “Осиё”, “Садойи Туркистон”, “Улуғ Туркистон”, “Самарқанд” каби газеталарда, шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлик қилган “Ойина”, Уфада чоп этилган “Шўро” ва Озарбайжонда чиқарилган “Иршод” журналларида ғазаллари, ҳажвий шеър ва публицистик мақолалари билан фаол иштирок этади.

Шу ўринда, қаҳрамонимизнинг матбуотда “Аёлларга эрк даркор” деб баралла чиқишини ўша қалтис даврдаги ҳақиқий жасорат намунаси эди, дейиш мумкин. Мақолада ўтмиш тузумнинг аёлларни чекловчи қоидалари кескин танқид қилинади. Бундай қатъият ортидан эл орасида тез тилга тушган Нозимахоним ижодини кутадиганлар сони кун саин ошиб боради.

1907 йили “Шуҳрат” газетасида чоп этилган “Илм ва маориф борасида бир-икки сўз”да Нозимахоним Туркистон жамиятининг оғриқли муаммосига – таълим ва маърифат аҳволотига юзланади. “Садойи Туркистон”да ҳам, хусусан, нашрнинг 1915 йилги 13-сонида илм-маърифатга доир кенг қамровли мулоҳаза билан чиқади. “Замоннинг аҳволи, ўзга халқларнинг туруш-турмушлари, ўз она-сингил ва қизларига бўлмиш яхши муносабатлар ҳақида баъзи хабарларни ўқишга муяссар бўлдик. Илло, бундай ҳолатлар бизнинг Туркистон музофотида жамият орасида ҳали юз кўрсатмамишдир”, дея куйинади. Айни вақтда, “Жамиятимиз аҳволи руҳиясинда ўшандек ҳолатларни вужудга келтириш учун… элимизнинг маърифатли, оқил ва доно арбобларининг саъй-ҳаракат қилмоқларига вақт етмадимикан?”

Нозимахоним мактабдорлик – отин сифатида ҳам жамиятда катта из қолдирди. Қаҳрамонимиз шогирдларидан охунгузарлик Манзурабону Мажидованинг “Тошкент оқшоми” газетасида 1966-1967 йилларда чоп этилган “Табаррук одам эдилар” ва “Устозим ҳақида” номли хотираларидан маълум бўлишича, Нозимахоним рус ва татар тилларида яхши гаплашар ва ўқир эди. “Русча қизиқ-қизиқ расмли китобларни кўрсатар, ўқиб ҳамда таржима қилиб, биз қизларга тушунтириб берар эди”, дейилади ёдномаларда. Ва яна келтириб ўтиладики, у шогирдларига татарча газеталарни ҳам ўқиб туриш кераклигини айтар, “татар аёлларининг мактабда очиқ ўқиб, театрга бемалол боришлари мумкинлиги, ҳатто саҳнага қўрқмай чиқиб роль ўйнашларини” ҳам ҳавас билан сўзлаб берган.

Нозимахоним ён атрофдаги маҳалла қизларини ҳам ўқитиб, уларга ҳар томонлама чуқур билим беришга, уларни диний ва дунёвий фанлар, бадиий адабиёт, тарих ва география билан ошно этишга ҳаракат қилиб, дунёда бўлаётган воқеа-ходисалардан мунтазам хабардор қилиб борган.

Манзурабону тағин эслайди: “1916–1917 йиллар эди. Отинча аям (биз Нозимахонимни шундай аташни одат қилган эдик) қўл остида 12 нафар қиз ўқир эдик. Шу қизлардан еттитаси шоира бўлиб етишди ва биз Отинча аямдан шеър қонун-қоидаларини пухта ўрганар эдик.

Нозимахоним кўпинча бизни бир ерга ўтқазиб, ўзаро мушоира қилар эдилар. Дастлаб биримиз байт айтардик, қолганларимиз эса шу байтга муносиб яна бир байт қўшиб кетаверардик. Шундай қилиб етти байтдан иборат бир ғазал бунёд бўларди… Отинча аям энг яхши чиққан мушоираларимизни биздан хотира сифатида ўз дафтарларига кўчириб қўяр эдилар. Ўша шоира деганларимизнинг исмлари мана бундай эди: Муаттар, Гулчеҳра, Насиба, Париваш, Сайёра, Сурайё. Биз етти шоира биргаликда қирқдан ортиқ мушоира – шеър ижро этган эдик. Афсуски, уларнинг бирортаси ҳам менда сақланиб қолмаган” (“Нозимахоним ҳақида хотиралар”дан. “Тошкент оқшоми” газетаси, 1960 йил 2 январь).

…1924 йили эллик тўрт ёшида ҳаётдан кўз юмган публицист, маърифатпарвар шоира Нозимахонимнинг шеърлари адабиётшунос Тўхтасин Жалолов тузган “Ўзбек шоиралари” тўпламига киритилади. Бироқ шунга қарамай, қалбларни ўз шеърлари билан мунаввар этиб, ўз даври маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган бу фидойи аёл ҳақида муфассал тадқиқот ишлари йўқлиги кишини ўйга солади. Нозимахоним ижоди ҳақида маълумотлар турли мақола ва хотираларда парчалар ҳолича сақланиб қолгани боис, унинг адабий меросини чуқур ўрганиш зарурати ҳали ҳам долзарблигини йўқотмаган.

Шоиранинг туғилган йили хусусида ҳам турли манбаларда зид маълумотлар учрайди. Айрим манбаларда унинг 1870–1920 йилларда яшагани қайд этилса, 1999 йили Абдулла Қодирий номидаги халқ нашриётида чоп этилган “Шарқнинг етти ёғдуси” китобида бошқа сана (1869–1924) кўрсатилган. Ана шу ноаниқликнинг ўзиёқ Нозимахоним ҳаёти ва ижоди юзасидан жиддий илмий тадқиқот олиб бориш зарурлигини англатади.

Агар ўша даврнинг вақтли матбуот нашрларига мурожаат қилинса, номлари кенг жамоатчиликка ҳали ноаён ўнлаб аёл ижодкорларнинг бой шеърий ва маърифий мероси кашф этилиши мумкин. Улар асарларида замоннинг ижтимоий ҳаёти, хотин-қизлар тақдири ва маънавий қиёфасини жонли тарзда акс эттирганлар.

XX асрнинг 20 йилларида хотин-қизлар матбуоти ва умумий вақтли нашрлар саҳифаларида янги бир авлод аёл ижодкорлар исмларини ўқиймиз: Хосият Тиллахонова, Музайяна Алавия, Ойдин, Маҳбуба Раҳим қизи, Зарифа, Эркин, Ёлқин, Назокат, Матлуба, Офтобхон Холботирова… Улар нафақат шеър ёзган, балки жамиятда хотин-қизларнинг ўрни, маърифат, тенглик ва озодлик масалалари ҳақида ҳам фаол фикр билдирганлар.

Шубҳасиз, Нозимахоним шахсияти ва ижоди орқали биз XX аср бошларидаги аёл ижодкорлар олами, маънавий уйғониш жараёнлари ва миллий тараққиёт масалалари ҳақида тасаввурга эга бўламиз. Шу жиҳатдан қаҳрамонимиз ҳаёти бизга илм, маърифат ва озодлик йўлидаги ҳаракат ҳар қандай даврда ҳам қимматли эканини ўргатади.

Марҳамат АЛИМОВА,
тарих фанлари номзоди

“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859