23.10.2025 | 09:10
251
ОҚ ТЕРАКМИ, КЎК ТЕРАК?
Элатимизни ёқалаб оқиб ўтадиган Месит ариғи бўйлаб тош йўл бор. Қишлоқ марказига енгил уловлар асосан шу йўлдан қатнайди. Уч йиллар олдин ариқ бўйидаги йўл анчагина кенг эди, қарама-қарши келган енгил машиналар бемалол ўтиб кетарди. Ҳозир эса икки енгил машина рўпара келиб қолса, бир-бирига йўл беришга мажбур. Ундаям бир машина сал кенгроқ жойда четга чиқиб туриши керак. Нима, уч йилда йўл торайиб қолдими, дерсиз. Йўқ, йўл жойида турибди. Икки йил олдин тош ётқизилиб, таъмирланди ҳам. Йўлнинг “торайиши”га сабаб эса…

Авваллари табиий газ тортилмаган қишлоқлар аҳли қишда ўтин ғамида дарахтларга роса қирғин келтирарди. Бугун дарахтларни кесиш бўйича моратория қабул қилингани туфайли қишлоғимизда ҳам ариқ ёқаси ва далалар четида ўсган табиий дарахтлар – тўронғилар қисқа муддатда осмонга бўй чўзиб, ён шохлари ҳам йириклашиб, мисли ўрмон қиёфасига кириб қолди. Айнан тўронғиларнинг ривожланиши йўлнинг ҳаракатланиш қисмини қоплаб олиши юқоридаги ноқулайликни келтириб чиқарди. Бу ёмонми? Шошқалоқ ҳайдовчилар учун ёмондир, аммо Орол денгизи ҳалокати туфайли экологик вазият ёмонлашган воҳа табиатини, об-ҳаво асраш ва сақлаш маъносида – яхши, жуда яхши!
Бизга қўшни қишлоқдаги Митан элатининг қаторлашган иморатлари узоқдан кўринмайди ҳам, гўё қишлоқ ўрмон ичида жойлашган дейсиз. Узум етиштиришга ихтисослашган аҳоли кўчалар ёқасига ҳам тол, терак, жийда дарахтларини қалин эккан. Ёзнинг саратонида ҳам мўътадил ҳарорат сақланиб турадиган элатга йўлингиз тушса, иқлими кескин ўзгарувчан воҳада эмас, гўё тоғолди қишлоғига кириб қолгандек бўласиз.
Бу мисолларни нимага келтирдик?
Сўнгги йилларда барча жойларда бўлгани каби Хоразм вилоятида ҳам яшиллик оламини кенгайтириш мақсадида миллионлаб кўчатлар экилди, экилмоқда. Кеч куз ва баҳорда катта йўл ёқаларида кўкаламзорлаштириш кампанияси жадал олиб борилаётганига кўзимиз тушади. Аммо, афсуски, катта йўл бўйлари шунча йиллар давомида ҳам биз яшайдиган қишлоқ ариғи бўйидагидек “яшил макон”га айланмади. Ваҳоланки, ариғимиз бўйига бирор одам бир туп ниҳол суқмаган – бу жой табиий тарзда тўронғизорга айланиб улгурган.
Воҳанинг иқлим шароитида асрлар муқаддам ерлашган дарахт турлари – терак, тол (оқ ва қора тол), жийда, тўронғи, қорамон, гужум ва бошқалар тез ўсиши, ёз жазирамаси ва қаҳратон қиш совуғига чидамлилиги билан яшаб келяпти. Бу дарахтларни кўпайтириш кўп даромад талаб қилмайди. Масалан, терак, тол, жийдани кўпайтириш учун унинг икки-уч йиллик шохчасини кесиб, мос ерга суқсангиз бўлди, тутади-кетади. Тўронғи эса табиий тарзда, ер остидаги томирлари ҳамда гуллаш мавсумида шамол учирган уруғларидан кўпаяди. Бутун бир туманни яшил маконга айлантириш учун миллионлаб туп маҳаллий дарахт ниҳолларини кўпи билан икки ҳафтада экиш учун арзимаган маблағ сарфланади, буям дарахт кўчатларини ташиш, улов ва ишчи-хизматчиларга иссиқ овқат учунгина кетадиган харажатлар.
Анча йиллар олдин воҳага миллионлаб туп лимон кўчатлари олиб келинди. Икки қарич келадиган бир дона кўчат ўн икки минг ва уни ўрнатиладиган махсус тувак билан қўшиб ҳисоблаганда қирқ минг сўмдан ошган. Иссиқ иқлимли ҳудудларда ўсадиган бу кўчатларнинг юздан бири ҳам сақланиб қолмади – биринчи қишдаёқ қуриб қолди. Ўшанда маҳаллий мутахассислар лимон кўчатлари учун кетган маблаққа ўн икки миллион туп тол ёки терак экиш мумкин эди, деган хулосага келишган. Ўн икки миллион туп тол ёки теракдан ҳеч бўлмаганда ўн миллиони илдиз отиб, ҳозирда қурилишга ярайдиган ҳолга келиб қоларди.
Воҳада арчасимон дарахт турлари узоқ тарихимизда ўсмаган. Охирги асрга келиб шу турдаги дарахтларни воҳа табиатига мослаштиришга ҳаракат қилинди. Ҳозирда илк экилган арча, қарағай каби нинабаргли дарахтларнинг энг “кекса”си ёши қирқ йилга яқинлашди. Шу қирқ йил ичида кўпи билан ўн метрча бўй тортган арчасимон дарахтлардан эндигина қурилиш материали сифатида фойдаланиш мумкин. Ахир маҳаллий нав тераклар саккиз-ўн йил ичида қурилишбоп материалга айланади-ку!
Воҳа шароитида тез ривожланадиган қора тол ниҳоли уч йилда камида саккиз метр ўсади. Шу даврида унинг асосий танаси чопилиб, ердан бир метр баландликдаги тўнкаси қолдирилади. Ана шу тўнкадан баҳор бошида ўсиб чиққан новдалари уч йилда фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатга, яъни ходага айланади. Узунлиги ўн метрга борадиган ходалар узумларга тиргак қилиш ва иморатларни бостиришда ишлатилади. Бундан ташқари, ҳунармандлар ходалардан турли мебеллар ясашда кенг фойдаланади. Қисқаси, қора тол ниҳоли олти йилда илк “ҳосил”ини беради ва бу “ҳосил” ҳар уч йилда қайта ва қайта йиғиштириб олинади. Арчасимон дарахтлар қирқ йилда қурилишга яраса, қора тол бу муддатда камида ўн марта шундай вазифани бажаради. Жийда дарахти эса бир пайтнинг ўзида шифобахш, тўйимли мева беради, ҳар йили ортиқча ўсган шохлари аҳоли учун арзон ўтин ҳам бўлади.
Масаланинг яна бир муҳим томони бор. Маҳаллий дарахтлар нинабаргли арчасимон дарахтларга қараганда икки-уч ҳисса кўпроқ кислород ишлаб чиқариши билан бир вақтда, ерости сувлари юзага яқин бўлган воҳа шароитида шўрланишни йўқотишга ҳам беминнат хизмат қилади. Жийда кўчатлари сув йўқ жойларда ҳам тез ўсиб, ривожланаверади. Тўронғи, қорамон ёввойи тарзда ўсса-да, айнан жийда каби табиатни тозалаш, ерости зах сувларини буғлантириш, бир сўз билан айтганда, табиат мувозанатини сақлашда “санитар” вазифасини бажаради.
…Яқинда расмий телеграм каналларда ёйилган маълумотда айтилишича, баҳорда экилган ниҳолларнинг 27,5 миллион донаси қуриб қолган. Хабарга илова қилинган суратда йўл ёқасига экилган арча кўчатларининг қовжираб, қуриб қолгани акс этган. Ана шу қуриган арчаларнинг бир неча миллиони Хоразмга ҳам тегишли. Бир туп кўчат неча сўмдан сотиб олинган, уни ўтқазиш ва парваришлаш, суғориш учун қанча маблағ сарфланган? Оз эмас. Бир мавсумда кўрилган зарар ўнлик рақамлар билан ифодаланади.
…Куни кеча вилоят марказига бораётиб, йўл чеккасига баҳорда экилган, аммо ерлашиб кетмай қуриб қолган нинабаргли кўчатларни йиғиштириб юришганига кўзим тушди. Эсиз, кетган вақт, сарф-харажатлар!
Тез кунларда “Яшил макон” дастури доирасида кузги мавсумда манзарали дарахт кўчатлари экиш яна бошланади. Айтишларича, кузги кўчат кўкламгига нисбатан яхшироқ ўрнашиб, унуми соз бўлади. Демак, жўжани баҳорда санаймиз.
Рўзимбой ҲАСАН
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



