23.12.2025 | 15:40
340
…ОҚИБ БОРАР ОЙ

ЮРТ МАНЗАРАЛАРИ
Марғилонда, тонг шивирида,
Юрагимга тегиб ўтди куз.
Потирлади кўксимда қушлар –
Оқи – оппоқ, қораси – қундуз.
Тубигача кўринар сувлар,
Боғлар соғинч рангига кирган.
Рўмол учин тишлар сулувлар
Юзга ҳаё упасин урган.
Ҳовлилардан анқийди ҳаёт,
Саришталар Кумуш, Зебилар.
Энгашмасанг бошингга тегар
Уста боғбон эккан беҳилар.
Соқолини йиллар кузаган,
Бомдод ўқиб қайтишар чоллар.
Ширмой нондай балққанда қуёш
Қаймоқ сузар азиз аёллар.
Беданалар пайров қилганча
Айвонларда қутлайди тонгни.
Сездирмасдан томирлар меҳр,
Безаб борар инсоний онгни.
Пахтазорлар, камалак боғлар,
Қадоққўл куз қилмоқда ижод.
Тирикликнинг томирларига
Иссиқ қондай югурар ҳаёт.
Ипак тўлиб борар чархида,
Нақш солар умрингга тонглар.
Довон орти – сўлим водийда
Ана шундай бошланар кунлар.
* * *
Сўзнинг ўчоғида гўлаҳлик ишим,
Банда билан битмас – оғир юмушим.
Ўнг томонимдан кел, ўзинг кўрасан,
Тажриба майдони менинг турмушим.
* * *
Нечун гулламайди музлаб ётган руҳ,
Нечун шоир доди манзилга етмас?
Нечун Ватан дея ҳайқирган чоғи
Мазлум юракларнинг занглари кетмас?
Қалбларга қамалган қуёшлар порлаб,
Нечун уйғонмайди мудраган кучлар?
Карга қўшиқ айтиб, тунга тош отиб,
Шамолни қоплаган каби бесамар…
Нечун юрагида бозиллаган чўғ,
Ғарибнинг музлаган шомин иситмас?
Эй, сўз! Мумиёча тотими йўқ сўз,
Азадор кийикнинг яраси битмас?
Бунинг сирин билдим, шу аччиқ сўроқ
Юракни сазойи қилаётган он.
Худо билан юрак ўртасидаги
Шеър деган тариқат бўлганда талон.
Ана шунда билдим, эй, шамол насли,
Эй, қадаҳи тўлган, кўнгли тўлмаган.
Ғаладонда турган шамдай умрлар,
Сўзи борган жойга ўзи келмаган…
Расулга хиёнат қилган мушрикдай,
Дуолари қабул бўлмас пир каби.
Туйқус сезиб қолдим Ватан каломин,
Эсноқ-ла, шарафсиз айтганда лабим…
Ҳа, гумон қалами сочмагайдир ўт,
Сўзнинг улуғ кучи бўлмаскан содир.
Қон тўкмасдан туриб шаҳид қавмида
Кетиш мумкинлигин унутса шоир.
КЎНГИЛ
“Кечга… ишдан келай, майлими..?”
Эшикни ёпасан – кетасан.
“Чарчадим. Ишим кўп, вақтим йўқ…
Тонг отсин, майлими..?” Ётасан…
Қўлингда – бозорлик. Йўл тирбанд,
Қор босиб келасан, этик ҳўл…
Телефон асабий жиринглар,
“Йўлдаман. Борайин… уйда бўл…”
…Чигиртка чириллар шом чоғи,
Ёз қачон келдийкин – ўйлайсан…
Бир марта, бир марта бўлса ҳам,
Сен менинг ҳолимни сўрмайсан…
Сен менинг кўнглимни билмайсан…
БАЛОҒАТ
Тирноғига ҳали бўёқ тегмаган,
Инжа упаларни тотмаган юзи.
Ширин гилосидан ҳеч ким ўпмаган,
Ҳулкардай порлайди икки юлдузи.
Ҳали қай бекатда тушишин билмас,
Ҳаммани бахтиёр санайди.
Ҳали кўзларининг тафтида дунё
Қанддай эриб турар – сезмайди…
Нозик киприклари ҳижрон селига
Ҳали бир марта ҳам дуч келмаган гул.
Ҳали ғамли қўшиқ айтиб кўрмаган
Чап кўксига қўниб ўлтирган булбул.
Ўнта асов кийик – ўнта бармоғи,
Гоҳо титраб кетар бир зумга…
Недир рўй беришин ўйлар-у,
Аммо шубҳа қилмас ҳеч кимдан.
Сочининг селида оқиб борар ой,
Кундуз мингта тузоқ тўқиб ўлтирар.
Ҳали бу сирлардан бехабар, шоён,
Гоҳо… тушларида қалтирар.
Ҳали Худойимнинг узун арқони
Нозик қўлларини аста боғлайди.
Сесканмай, тик қарар кўзимга,
Ҳали кўп нарсани билмайди,
Шу сабаб парво ҳам қилмайди.
* * *
Битта уйда яшасак ҳам,
Бирга қадам ташласак ҳам,
Фақат кўзлар сўйлашади –
– Сирлашмоқ йўқ, дардлашмоқ йўқ.
Бир шаҳарда яшасак ҳам,
Бир ниятга ишласак ҳам,
Кесишмаган кўчалардай
Сирлашмоқ йўқ, дардлашмоқ йўқ.
Бир дунёда яшасак ҳам,
Бир хил ғамни ошасак ҳам,
Шамол қувган булутлардай…
Сирлашмоқ йўқ, дардлашмоқ йўқ.
Ҳимолайдан ошолмаган
Қушлар каби қайлардамиз?
Тушлардамиз, ўйлардамиз,
Сирлашмоқ йўқ, дардлашмоқ йўқ.
Бир Худога банда бўлсак,
Ҳали жонлар танда бўлса,
Қўрқув, умид, соғинч бор-у,
Сирлашмоқ йўқ, дардлашмоқ йўқ.
* * *
Ўқ тешган ҳавонинг ўрни тўлдими,
Сўнгги хўрсиниқдан, оғир нафасдан?
Биз тенги ҳислардан кимдир қолдими:
Сўнгги қор, атиргул, бир бекат пастда…
Айтгил, юрагингнинг тақдиридан айт,
Ул туйғулар ҳолинг сўраяптими?
Артгил, кўзгудаги кўзёшларни арт,
Тушларингда музлар эрияптими?
Туннинг ҳисобидан қолган қувончлар,
Ҳануз сочларингни тараяптими?
Менинг юрагимга тўлган севинчлар
Кўзгуда аксингни кўраяптими?
Ҳалиям уйингда дераза борми,
Йўл, уйлар, одамлар юраяптими?
Ташқарида ёмғир, қайси фасл бу,
Деразангдан Аллоҳ қараяптими?
Тонгга яқин тинган ёмғирдан кейин,
Деразани қалбдай очоласанми?
Хонангда севгидай бепоён ҳаво,
Уни борлиғинг-ла қучоласанми?
Менинг бўшлиғимни тўлдиролдингми,
Деразада ёмғир, қалбингда қорми?
Бир бекат нарида қўл силкияпман,
Дунёда ҳалиям атиргул борми?
СЎРОВ
Раббим! Бу оламга қанча сир бердинг,
Кимдан нурни олдинг, кимга нур бердинг.
Ботқоққа нилуфар қадаган каби
Ноқобил бандангга бойлик, зар бердинг!
Раббим! Бу жаҳонга қанча сир бердинг,
Қадрига етмасга гўзал ҳур бердинг.
Оппоқ қор тўшида қуртлар яшайди,
Гуноҳкор тилимга қанча шеър бердинг.
Раббим! Мулк – Сеники. Тоғ-у қир бердинг,
Қай бир элатларга буни кўп кўрдинг.
Дилга шеър ўрнига тавба солсанг-чи?
Қийналиб кетяпман – кам сабр бердинг!
* * *
Бутунини, синиғини, ёриғини,
Ярқироғи, ялтироғи, чориғини.
Осмонини, замонини, чистонини,
Соғинчини, қувончини, армонини,
Ўзи айтиб бекор қилган фармонини,
Тилим билан териб ўтдим, кўнглим ака,
Нима олиб, нима бердик, Салим* ака.
Кечаларнинг ҳисобидан кундузларни,
Тенгсизларнинг суҳбатига тенгсизларни,
Юраклари улуғ шоир, тилсизларни,
Қароғларда музлаб турган денгизларни,
Шу денгиздан зумрадларни, ферузларни,
Сенга атаб юрган эдим, синглим, ака,
Ҳафсаламиз пир бўлдими, Салим ака.
Қадаҳ янглиғ тўлиши бор юраклар ҳам,
Бир кун дод деб юборади, кўкраклар ҳам,
Толар экан, пар тутса-да билаклар ҳам,
Керак бўлмай қолар экан “кераклар” ҳам,
Биздан бўйи баланд экан тераклар ҳам,
Шу теракдан учган баргдир кўнглим, ака,
Кузга қараб кетяпмизми, Салим ака.
Ҳув, қирларда бир қамиш, бир юлғун эди,
Илон билан чумчуқ ини яқин эди,
Бу қирлар ҳам отам каби ҳорғин энди,
Соғинч кетди, лошим бунда толғин энди,
Кўргим келар, чопгим келар тағин энди.
Қават-қават уйдай баланд ғамим, ака,
Шу уйларда бир ўзимман, Салим ака.
..._______________...
*Шоир Салим Ашур
* * *
Тегирмонтош устида илдиз отган буғдойман,
Қуёшни кўрмаганман –
бир тола ойнурдайман.
Икки тош орасидан тортиб чиққан чумоли,
Рангимни сарғайтирган ул жўмарднинг заволи.
Бир тун ойни эшитдим, тилиб ўтди томимни,
Сочин юлиб йиғлади, куйлаб берди ғамимни.
Тегирмончи уйқуда, келмай қолган харидор,
Тўхтаб қолган тошларга
қисматин эслат, Жаббор!
Энди ун бўлолмасман, эшилиб кетсин тарзим,
Аросат фасли ўтсин – йўқдир бошқа ҳеч арзим!
* * *
Тун барибир узун экан, ёз бўлса ҳам,
Ғам барибир оғир экан – оз бўлса ҳам.
Товушларинг юрагимга тегиб ўтди,
Энди йўқ-да, овозгинанг – соз бўлса ҳам.
Онагинам, йўқ дамларинг бағрим тилди,
Ёш боладай уйқум ўчиб, ўпкам тўлди…
Беор дунё кўксим ўйиб, мендан кулди,
Бу маккорда садоқат йўқ, ноз бўлса ҳам.
Ёпган нонинг иси келди саҳарларда,
Лек ўзинг йўқ – қўрқиб юрдим сафарларда,
Гоҳ дарёдай тошганим бор зафарлардан,
Сен йўқ учун қувонч тотмас – рост бўлса ҳам.
Бу кенг жаҳон қуёш нурин эмиб яшар,
Ёмғирларнинг қўшиғига чўмиб яшар,
Сени қўмсаб тунлар мен-ла ой адашар,
Қуёш ҳар тонг келар, сен йўқ – боз бўлса ҳам.
Ўсай десам, кўкрагимдан босиб ўтар,
Етай деган чоғим тоғлар қочиб кетар.
Мен ортидан чопган қушлар учиб кетар,
Сен йўқ учун, улар ҳам йўқ – роз бўлса ҳам.
Тун барибир узун экан, ёз бўлса ҳам,
Соғинч юки оғир бўлар – оз бўлса ҳам.
Эй, волийдам, рози бўлгин ғарибингдан,
Миннати кўп, хизматлари оз бўлса ҳам.
Шодмонқул САЛОМ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 декабрдаги 51-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



