Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 12°C

TAVSIYA QILAMIZ


24.11.2025 | 10:00

img1089

ОЛУ

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Ҳозирги ўзбек тилидаги олхўри, олча, шафтоли каби мева номлари “олу” сўзи иштирокида ясалган. Қадимги туркийда “олу” маъносида “ӭрўк” (“ўрик”) сўзи ишлатилган. “Девону луғатит турк”да “ӭрўк” сўзига: “шафтоли, ўрик, олхўри каби меваларнинг умумий номи” деб изоҳ берилган Аммо кейинчалик, афсуски, “ӭрўк” кўп ҳолатларда ўз ўрнини “олу”га бўшатиб берди.
“Бобурнома”да “олу” мустақил ҳолат­да ҳозирги тилимиздаги “олхўри” маъно­сида қўлланган. “Форсча-ўзбекча луғат”да ҳам “олу” – “олхўри” деб изоҳланган. Энди мазкур “прунус”, яъни “олу” ёки “ӭрўк” оиласига мансуб меваларга эътибор қаратамиз:
ОЛУЧА – ҳозирги тилимизда “олча”. Бу ном форсча “олу”га туркча “-ча” кичрайтириш қўшимчасини қўшиш билан ясалган.
ОЛВОЛИ – “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бу сўз ҳам шевада “олча” маъносини билдириши айтилади. “Бобурнома”да бу сўз – “олу-болу” шаклида ёзилган: “Мен олу-болу ниҳолини келтуруб эктурубмен, яхши олу-болулар бўлди ва ҳануз тараққийда эди”. Бобур мазкур жумлада олу-болу, яъни олчани Кобулга келтириб эктирганини айтмоқда. Қаердан келтирган? Албатта, Мовароуннаҳр, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан келтирганлиги эҳтимоли кўпроқ. Балки шунинг учун бу мева номи охирига туркча “-ча” қўшимчаси қўшилиб, “олуча” деб аталгандир.
ҚАРОЛИ – бу сўз “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га ҳам, “Ўзбек тилининг этимологик луғати”га ҳам кирмай қолган. “Ўзбек халқ шевалари луғати”дан бу сўзнинг Қашқадарё, Жиззах, Хоразм ҳудудларида қўлланишини билиб олиш мумкин. “Қароли” деганда ҳам олхўри тушунилади ва у туркий – “қора” ҳамда “олу” сўзлари қўшилишидан “қора олу” шаклида ясалган. Бундай дурагай исм пайдо бўлиши сабаби – аслида олхўрининг қадимги туркча номи “қара ӭрўк” бўлган. Юқорида биз форсча “олу” – қадимда туркчада “ӭрўк” бўлганлигини айтдик. Кейинчалик “ӭрўк”  ўрнини “олу” эгаллагач, “қара ӭрўк” ҳам “қара олу” – “қароли”га айланган.
“Бобурнома”да ҳозирги Афғонистон ҳудудида ўсадиган эмлук дарахти ҳам тилга олиниб, унинг мевасини турклар “қора емиш” дейишлари ҳам айтилади: “Қўрғоннинг икки тарафидаги руд (анҳор, дарё) ёқалари тамом дарахттур, кўпраги эмлук йиғочидур. Бу мевани баъзи турклар қора емиш дерлар”.
ЗАРДОЛИ – бу исм форс-тожикча “сариқ” маъносидаги “зард” ва “олу” сўзларидан ясалган, яъни “сариқ олу”, “Девону луғатит турк”дан эса бу меванинг қадимги туркча номи ҳам – “сарїғ ӭрўк” эканлигини кўриш мумкин. Ҳозирги ўзбек тилида қадимги туркийдаги “ӭрўк” фақат шу мева номида “ўрик” шаклида сақланиб қолган. “Зардоли” кўпроқ Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ҳудудларида “ўрик” маъносида қўлланилади.
ГУРДОЛИ – бу ном бирорта ўзбек­ча луғатда учрамади. Эҳтимол, “гурдолу” – форс-тожикча “паҳлавон, ботир” маъносидаги “гурд” ва “олу” сўзларидан ясалган бўлиши мумкин. Чунки тожикча луғатларда: “гурдолу – навъи олуи калондона”, яъни “катта дона олу нави” деб изоҳланган. Шунингдек, ўзбек ва тожик шеваларида “олхўри” маъносида: “ғайноли”, “ғайлони”, “ғайдолу” каби номлар ҳам мавжуд.
ШАФТОЛИ – бу сўз этимологияси ҳақида “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да келтирилган изоҳ қониқарли эмас. Мутахассислар талқинига кўра, бу сўз ўрта форс тилидаги “сут” маъносидаги “шифт” (“šифт”) ва “олу” сўзларидан ясалган ва “сутли олу” маъносига эга. Қадимги турк тилида эса бу мевани – “тўлўг ӭрўк” деб аташган.
“Девону луғатит турк”да яна бир мева номи – “лимкäн” ҳам келтирилган бўлиб, унга “сариқ олхўри” деб изоҳ берилган. “Бобурнома”да Бобур лимонни – “лиму” деб атайди. “Девон”да ҳам “лимкан”, яъни “сариқ олхўри” деганда, эҳтимол, лимон кўзда тутилгандир. Ёки қадимги туркийда ҳозирги тилимиздаги ўрик икки ном билан: ҳам “лимкан”, ҳам “сарїғ ӭрўк” деб аталган бўлиши мумкин.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 14 ноябрдаги 46-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855