09.12.2025 | 14:22
146
ОРЗУЛАР РЎЁБИ
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқимиз таклифлари ва муаллифлигида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси – бу нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки эл-юртимизнинг келажакка бўлган ишончи, тараққиёт ва фаровонликка интилишининг ёрқин ифодасидир.

Жадидлар орзу қилган адолатли, эркин ва тараққий этган давлат қуриш ғояси бугунги кунда янги Қомусимиз тимсолида ўз рўёбини топди.
Бу йил Конституциямизнинг қутлуғ 33 йиллигини кенг нишонлаймиз.
Бош қомусимиз миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, эришган ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Бугун янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг устувор йўналишларини белгилаб бермоқда. Янгиланган Конституция миллий уйғониш даврининг ёрқин намояндалари – маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ғоялари ва орзу-умидларига ҳамоҳанглиги билан алоҳида аҳамиятлидир.
Миллатнинг ўз Конституциясига эга бўлиши – жадидларнинг буюк орзуларидан бири эди. Улар ёзган “Маромнома”, аслида, ана шундай ҳуқуқий ҳужжатга интилишнинг илк намунаси сифатида тарих солномаларига муҳрланган. Ушбу “Маромнома” – Туркистон Мухторияти ҳукумати томонидан қабул қилиниши режалаштирилган бир дастур, сиёсий платформа ёки бошқарув тамойилларининг баёнидир.
“Маромнома”га кўра, Туркистонда ташкил этилажак халқ жумҳурияти қонун чиқарувчи органи – парламентига эга бўлиши ва унга аъзолар синфи, дини ва мазҳабига кўра мансублигидан қатъи назар, умумий, тенг ва яширин овоз бериш йўли билан сайланиши кўзда тутилган.
Сайловда шариат доирасида хотин-қизлар ҳам иштирок қилишлари мумкин, дейилган.
Жадидларнинг бош ғояларидан бўлган таълимни ривожлантириш, замонавий мактаблар очиш масаласи ҳам “Маромнома”да алоҳида ўрин тутган. Иқтисодни, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали халқнинг турмуш даражасини ошириш зарурлиги таъкидланган. Халқнинг давлат бошқарувида иштирок этиши, сайловлар орқали ўз вакилларини сайлаш ҳуқуқи каби демократик тамойиллар ҳам унда ўз аксини топган.
“Маромнома” миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, ҳуқуқий давлат қуришга бўлган асрий интилишларини акс эттирган муҳим тарихий ҳужжат сифатида биз учун қадрлидир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг асосий мақсади – Ўзбекистонни ижтимоий, ҳуқуқий ва дунёвий давлат сифатида мустаҳкамлаш, инсон қадрини олий қадрият даражасига кўтариш ва ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз таъминлашдан иборат. Конституция инсон қадрини олий қадрият деб билади. Унда инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамма нарсадан устунлиги принципи мустаҳкамлаб қўйилган. Давлатнинг барча фаолияти инсон ва унинг манфаатларига қаратилгани қатъий белгиланган.
Конституцияга кўра, давлат аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, фуқароларнинг уй-жой, меҳнат, тиббий хизмат ва таълим олиш ҳуқуқларини кафолатлаш мажбуриятини зиммасига олади. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатли суд қарорлари, ҳар кимнинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлаш орқали қонун устуворлигини таъминлайди. Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги белгилаб қўйилиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада ошириб, ички сиёсати инсонпарварлик ва тараққиётга йўналтирилганини кўрсатади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши халқимиз ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади. Унда ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар қачонгидан ҳам чуқурроқ ва атрофлича ҳимоялаб қўйилган.
Давлат кам таъминланган, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига моддий ёрдам кўрсатишни кафолатлайди. Пенсия, нафақаларнинг миқдори қонун билан белгиланади. Ҳар ким тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Давлат тиббий хизматнинг бепул шаклларини кафолатлайди ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади. Мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим бепулдир. Олий таълимнинг ҳам давлат грантлари асосида бепул олиниши кафолатланади. Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг уй-жойли бўлишига кўмаклашади ва уй-жой қурилишини рағбатлантиради.
Ҳар ким меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатланади, бу эса иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳеч ким суднинг қарорисиз уй-жойидан маҳрум этилмайди. Мулк ҳуқуқи кафолатланади ва давлат томонидан ҳимоя қилинади. Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Бу экологик муаммоларнинг олдини олиш ва соғлом ҳаёт кечириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Ёшларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кенгайтирилди, уларга давлат ва жамият бошқарувида иштирок этиш имкониятлари яратилди. Эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги Конституциявий даражада кафолатланди. Бу ҳуқуқларнинг барчаси жадидлар орзу қилган жамиятда яшаётганимизни англатади.
Жадидлар ўз даврининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, мамлакатнинг қолоқлиги ва халқнинг қашшоқлигига чек қўйишнинг ягона йўли – бу адолатли бошқарув, илғор таълим тизими ва иқтисодий мустақиллик эканини таъкидлаган. Нафақат билим тарқатиш, балки халқни ўз ҳуқуқларини англашга, ўз тақдирига бефарқ бўлмасликка даъват этган. Улар бундай давлатнинг пойдевори халқнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи, давлат бошқарувини тартибга солувчи олий қонун – Қомус бўлиши кераклигини теран англаб етганлар.
Жадидлар ҳаракатининг асосий ўзаги таълим ва маърифат эди. Улар “жаҳолатдан – нурга”, “қолоқликдан – тараққиётга” ўтишнинг ягона йўли илм-маърифат эканини қатъий уқтирган. Усули жадид мактабларини очиш, дунёвий фанларни ўрганиш, хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш – уларнинг дастурий мақсадлари эди. Жадидлар миллатнинг келажаги илмли ва маърифатли ёшлар қўлида деб билган.
Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияда ҳам таълимга алоҳида эътибор қаратилган. Унда “Ҳар ким сифатли таълим олиш ҳуқуқига эга”лиги мустаҳкамлаб қўйилган. Давлатнинг умумтаълим мактабларини бепул қилиш, олий таълим тизимини ривожлантириш, илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш каби мажбуриятлари белгиланган.
Конституциянинг 50-моддасида “давлат жамиятнинг ижтимоий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади”, дея таъкидланиши жадидлар ғояларига ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.
Жадидлар ўз даврида қонун устуворлиги, барчанинг қонун олдида тенглиги ва ҳаққоний судлов тамойилларини орзу қилган бўлса, Янги Ўзбекистонда “Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятдир”, деган норма Конституциянинг руҳини белгилайди. Жадидлар миллий тил, маданият, тарих ва урф-одатларни асраш, миллий онгни уйғотишга катта эътибор қаратган. Уларнинг фикрича, миллат ўзлигини англамасдан туриб, тараққий эта олмайди.
Янгиланган Конституцияда ўзбек тилининг давлат тили мақоми, унинг ҳимояси ва ривожланиши, “Ўзбекистоннинг маданий мероси давлат ҳимоясида” экани, фуқароларнинг миллий ва маданий ўзлигини сақлаш ҳуқуқи кафолатланган.
Конституция – ҳар биримизнинг Қомусимиз, унинг ҳар бир нормасига амал қилиш, уни асраб-авайлаш ва унда белгиланган қадриятлар руҳида яшаш – ҳар бир ўзбекистонликнинг муқаддас бурчидир.
Жамолиддин БАДАЛОВ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 декабрдаги 49-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



