Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


12.08.2025 | 09:07

img294

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТЛАРИ: ТАНЛОВ ИМКОНИЯТИ КЕНГАЙМОҚДА

Дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари асосан нодавлат шаклда фаолият юритгани ҳолда, юртимизда хусусий университетлар ҳақидаги тасаввур кейинги ўн йилликда шаклланди. Албатта, бунинг турли сабаблари, омиллари бор. Аммо 2017 йилдан соҳага давлат-хусусий шериклик тамойили кириб келгач, таълимда сифат ва самарадорлик, рақобат кескин ошганини ҳам тан олиш керак.

Маълумотларга кўра, 2016 йилда республикамиз бўйлаб 75 та олий таълим муассасаси фаолият юритган. Бунда абитуриентларнинг ўқишга кириш эҳтимоли қарийб 20/1 нисбатда бўлиб, ушбу омил иқтидорли ёшларнинг олий таълим олиш имконини чеклагани ҳақиқат. Қолаверса, давлат тасарруфидаги муассасалар ўртасида рақобат йўқлиги дунёнинг “ТОП-рейтинг”ларига кириш даражасига ҳам соя ташлар эди.

Соҳа тубдан ислоҳ қилина бошлагач, қисқа фурсатда ўз самарасини бера бошлади. Хусусан, 2021 йилга келиб юртимизда олий таълим муассасалари сони 131 тага, қамров имконияти эса 25 фоизга етди.

Бунда 2019 йил 8 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги статистик маълумотлар платформасига кўра, айни кунларда ўзбек олий таълим муассасалари 201 тага етган. Шундан 49,75 фоизи давлат, 32,32 фоизи нодавлат муассасалар ҳиссасига тўғри келади. Эътиборлиси, 953 минг нафардан ортиқ талаба давлат олий таълим муассасаларида ўқиётган бўлса, нодавлат ОТМлар 514 минг нафар йигит-қизларни ўз бағрига олган. Ушбу рақамлар ҳам хусусий таълимнинг давлат муассасаларига тобора рақобатлаша бошлаганидан дарак беради.

Яна бир жиҳат. Хусусий олий таълим шаклининг ривожланиши абитуриентларда танлов имконини ҳам кенгайтиради. Муассасалар эса рақобат муҳитида таълим сифатини ошириш учун юқори малакали профессор-ўқитувчиларни ишга жалб этади, илғор методикаларни таълим жараёнига жорий қилади, замонавий технологияларни фаол қўллайди.

Шундай экан, хусусий олий таълим муассасаларининг аҳамияти бугун ривожланиш йўлидан дадил бораётган мамлакатлар – жумладан, Ўзбекистон учун стратегик аҳамият касб этади.

Шунга қарамай, бу соҳада ҳам ҳал қилиниши зарур бўлган айрим муаммолар, эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар мавжуд. Олайлик, баъзи хусусий олийгоҳлар сифатсиз ўқув дастурларидан фойдаланаётгани ёки тажрибасиз кадрларга таяниб қолгани кузатилмоқда. Айримлари эса етарли аккредитацияга эга эмас, бу битирувчиларнинг келажакда меҳнат бозоридаги позициясига салбий таъсир қилиши мумкин.

Молиявий юкламани ҳам ҳисобга олиш керак. Хусусий университетларда ўқиш ҳақи юқори бўлгани сабабли кўпчилик ёшлар учун танловга мақбул бўлмаяпти.

Албатта, давом этаётган ислоҳотлар занжирида бу жиҳатлар ҳам босқичма-босқич инобатга олиняпти. Қабул қилинган сўнгги қарор ва фармонларда, қонуности ҳужжатларида олий таълим тизимида хусусий секторни қўллаб-қувватлашни давом эттириш кўзда тутилгани бежиз эмас.

Бунда лицензиялаш жараёнларининг соддалаштирилиши, солиқ имтиёзлари берилиши ва ер ажратилишидаги тўсиқларнинг бартараф қилиниши фикримиз тасдиғидир.

Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистонда хусусий олий таълим сектори эндигина шаклланмоқда. Бу жараён ҳали йўл-йўриқ, тажриба ва тартибга муҳтож. Шунга қарамай, хусусий секторнинг мавжудлиги рақобатни кучайтиради, тизимга янгиликлар киритади ва талабаларга танлов имкониятини яратади.

Сир эмас, меҳнат жамоаларида тобора чуқурлашаётган рақобат муҳити юзага келган. Халқаро майдонда ҳам кадрларнинг янги авлодидан юқори касбий малака талаб қилинмоқда. Давр ҳар бир олий таълим муассасасидан ҳам Ўзбекистонимиз, ҳам минтақамиздаги қўшни давлатлар, ҳам жаҳондаги етакчи давлатларда меҳнат қилишга лаёқатли кадрлар тайёрлашни талаб қилмоқда. Шубҳасиз, бу олий таълим сифатини таъминлашга бўлган ижтимоий буюртма ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг глобал жараёнлар билан муносабатлари кескин кенгаймоқда. Инвестицион муҳит фаоллашмоқда. Ижтимоий, иқтисодий соҳаларда янги тармоқлар, қўшма корхоналар пайдо бўлиб, хусусий мулк субектлари ривожланяпти. Бу жараён олий таълимдан ана шу модернизациялашаётган иқтисодиёт, такомиллашаётган ижтимоий сектор талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлашни талаб қилади.

Шу ўринда хусусий университет ректори сифатида ўз тажрибамдан келиб чиқиб, айрим масалаларга эътибор қаратмоқчиман. Тажрибали ва юқори малакали профессор ва ўқитувчилар хусусий университетларнинг асосий бойлиги ҳисобланади. Зотан, жаҳон рейтингларида ҳам айнан муассасада таълим бераётган муаллимларнинг салоҳияти олийгоҳ ўрнини белгиловчи мезон ҳисобланади. Ишга қабул қилишда уларнинг илмий салоҳиятига, шунингдек, хорижий тилларни билиши, нуфузли илмий журналларда мақолалар эълон қилиши, дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилгани, халқаро “ҳерш” индексига эгалигига жиддий эътибор бериш даркор.

Таълим жараёнида назария билан амалиётнинг ўзаро уйғунлигига эришиш – бош масала. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, таълим жараёнининг, яъни назарий билимларнинг амалиёт билан бевосита боғланишига алоҳида эътибор қаратишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Биз, аввало, мутахассислик кафедралари талабалар танлаган касбга мос ташкилот, корхона, тадбиркорлик субектлари билан шартнома имзоладик. Бундай ҳамкорлик натижасида тайёрланаётган кадрлар ўзининг бўлажак иш жойи билан танишади, у ердаги малакали мутахассислар тажрибасини ўрганади. Шу тариқа талаба рақобат муҳитида бемалол фаолият юритиши учун замонавий касбий билимларни пухта эгаллаши зарурлигини дилдан ҳис қилади.

Илмий тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, ўқув жараёнини инновациялар билан узвий боғлаш ҳамда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадини халқаро ҳамкорликсиз амалга ошириб бўлмайди. Университетда ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманларга Германия, Буюк Британия, Латвия, Литва, Эстония, Индонезия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон вакилларини ҳам таклиф этаётганимизнинг сабаби шунда.

Биз товарлар рақобатбардошлиги ҳақида кўп гапирамиз. Аммо жаҳон меҳнат бозорида ишчи кучи ҳам – товар. Шундай экан, бугун ҳар қандай олий таълим даргоҳи ватанпарвар, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга мажбур. Хусусий олий таълим муассасаларига бу борада масъулият икки карра кўпроқ тушади.

Бу масъулиятни эсдан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Абдусалом УМАРОВ,
Тошкент амалий фанлар университети ректори, техника фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 8 августдаги 32-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855