27.10.2025 | 16:58
129
САРАТОН ЧЕКИНАДИ
Альфред Нобель васиятига кўра таъсис этилган нуфузли мукофот ҳар йили инсоният тараққиётига катта ҳисса қўшган шахсларга топширилади. 2025 йилги физиология ёки тиббиёт бўйича Нобель мукофоти ҳам айнан шундай буюк кашфиётга – иммунитет тизимининг ўз ҳужайраларига ҳужум қилишини тўхтатувчи механизмлар – “периферик иммунитет толерантлиги” бўйича фундаментал тадқиқотлар учун берилди. Мери Брунков, Фред Рамсделл (АҚШ) ва Шимон Сакагучи (Япония) иммунология соҳасида инқилоб ясаб, аутоиммун касалликлар, саратон ва трансплантатсия каби соҳаларда янги даволаш усулларини яратишга пойдевор қўйишди.

ТАРИХ
Иммун тизимининг энг асосий вазифаси – организмни бегона, яъни патоген микроорганизмлардан ҳимоя қилишдир. Аммо ҳимоя жараёнида иммунитет ўзининг соғлом ҳужайраларини адаштириб қўймаслиги муҳим. Иммун тизимининг бу хусусияти “иммунологик толерантлик” деб аталади.
Тарихда олимлар узоқ вақт давомида толерантликнинг фақат “марказий” механизмлар орқали шаклланишига ишонишган. 1960-йилда Нобел мукофотини олган олимлар Френк Макфарлейн Бёрнет ва Питер Медаварнинг ишлари бу борадаги илк муҳим қадам эди. Улар иммун тизими эмбрионлик даврида ўз ҳужайраларини эслаб қолишини ва уларга қарши курашмаслигини исботлади. Аммо баъзи аутоиммун касалликлар (масалан, ревматоид артрит, Крон касаллиги) бу назариянинг барча ҳолатларга тааллуқли эмаслигини кўрсатди. Яъни, иммунитетнинг назоратдан чиқиши фақатгина марказий органларда эмас, балки организмнинг периферик қисмларида ҳам юз бериши мумкин эди.
БУГУН
Айнан шу бўшлиқни тўлдиришда Брунков, Рамсделл ва Сакагучи кашфиётлари муҳим рол ўйнади. Улар иммун тизимида назорат қилувчи махсус ҳужайралар – тартибга солувчи Т-ҳужайралари (Трегс) мавжудлигини аниқладилар. Ёрдамчи Т-ҳужайралари доимо танани назорат қилади. Агар улар босқинчи микробни топса, бошқа иммунитет ҳужайраларини огоҳлантиради.
1995-йил Шимон Сакагучи биринчи бўлиб аутоиммун касалликлардан ҳимоя қилувчи номаълум иммун ҳужайралари турини аниқлади. У бу ҳужайраларнинг аутоиммунитетнинг олдини олишдаги ҳал қилувчи ролини намойиш этди, аммо уларнинг пайдо бўлиш механизмини тўлиқ тушунтира олмади.
2001-йил Брунков ва Рамсделл аутоиммун касалликлардан азият чекадиган генетикаси ўзгарган сичқонлар устида ишлаганларида, уларда ФОХП3 номли генда мутатсия борлигини аниқладилар. Бу ген инсонларда ҳам ИПЕХ синдроми (оғир аутоиммун касаллик)га сабаб бўлади. Уларнинг кашфиёти ФОХП3 генининг толерантликдаги муҳим ролини кўрсатиб берди.
Сакагучи икки йилдан сўнг ФОХП3 генининг ўзи кашф этган тартибга солувчи Т-ҳужайраларининг ривожланишни бошқаришини исботлади. Шундай қилиб, уч олимнинг тадқиқотлари бирлашиб, иммунитетнинг мураккаб ички назорат тизими тўлиқ намоён бўлди.
КЕЛАЖАК
Бу кашфиёт нафақат илмий дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди, балки амалий тиббиётда ҳам туб бурилиш ясади. Буни уч йўналишда кўришимиз мумкин:
Аутоиммун касалликларни даволашда. Энди олимлар иммун тизими ҳаддан ташқари фаол бўлган аутоиммун касалликлар (масалан, ревматоид артрит, 1-тоифа диабет)ни даволаш учун Трегс сонини ошириш устида ишламоқда. Бунинг учун беморнинг тартибга солувчи Т-ҳужайраларини ажратиб олиш, лабораторияда кўпайтириш ва қайта киритиш усуллари синовдан ўтказилмоқда. Трегс ривожланишига ёрдам берувчи “интерлейкин-2” каби моддалар ёрдамида иммун тизимини тинчлантириш борасида изланиш олиб бориляпти.
Саратон иммунотерапиясида. Саратон ҳужайралари кўпинча Трегсларни жалб қилиб, иммун тизимининг ҳужумидан ўзини ҳимоя қилади. Олимлар саратонга қарши курашиш учун ушбу Трегсларни йўқ қилиш ёки уларнинг фаолиятини тўхтатиш усулларини изламоқда. Бу орқали иммун тизими саратон ҳужайраларига ҳужум қилиши учун йўл очилади. Тадқиқотлар натижасида саратонни даволаш борасида янги иммунотерапия усулларини яратиш кўзда тутилмоқда.
Орган трансплантатсиясида. Орган кўчириб ўтказилганда, тана янги аъзони “бегона” деб ҳисоблаб, уни рад этишининг олдини олиш учун иммун тизимини бошқариш зарур. Трегс терапияси иммун тизимининг донор органга нисбатан толерантлигини оширишда ёрдам бериши мумкин.
ХУЛОСА
Брунков, Рамсделл ва Сакагучининг кашфиёти иммунология илмига янги нафас олиб кирди ва унинг марказий толерантликдан ташқари бошқа мураккаб назорат механизмларига эга эканини исботлади. Улар иммун тизими ўз-ўзини сақлаб қолишининг фундаментал сирларини очиш билан бирга, аутоиммун касалликлар, саратон ва орган трансплантатсияси каби соҳаларда янги, самарали даволаш усулларини яратишга йўл очди. Бу кашфиёт инсоният учун катта фойда келтирадиган, Алфред Нобел васиятига тўлиқ мос келадиган улкан илмий ютуқдир.
Жамолиддин БАДАЛОВ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 17 октябрдаги 42-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



