25.12.2025 | 15:17
385
СОҒЛОМ АҚЛ
Педагогика фанлари доктори, профессор, I даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Талъат Усмонхўжаев республикамизда жисмоний тарбия ва спортнинг фидойи назариётчиси, миллий ҳаракатли ўйинларимизнинг фаол тарғиботчисидир.

У киши 1932 йилда Тошкент шаҳрининг Бешёғоч даҳасида, зиёлилар оиласида таваллуд топган. Жисмоний тарбия техникумини имтиёзли тугатгач, Москвадаги Марказий жисмоний тарбия институтида ўқиган. Фаолиятини Тошкентда янги очилган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг спорт ўйинлари кафедрасида ўқитувчи сифатида бошлаган. Ҳамкасбларининг эътирофича, мазкур кафедрада ўқитувчилик фаолияти давомида Талъат ака кўплаб хайрли ишларни амалга оширган, ҳудудларга сафар қилиб, иқтидорли ёшларни институтга қабул қилишда жонбозлик кўрсатган, спорт соҳасида миллий кадрларни етиштиришга ҳисса қўшган.
Ўша кезларда аксарият дарслар рус тилида олиб борилар, қишлоқдан келган ёшлар рус тилини яхши билмагани боис, уларда ўзлаштириш бобида маълум қийинчиликлар юзага келарди. Шунда ёш ўқитувчи Талъат Усмонхўжаев баскетбол ва ҳаракатли ўйинларга оид маъруза ва қўлланмаларни таржима қилиб, дарсларни ўзбек тилида ўта бошлайди. Турган гапки, унинг бу хатти-ҳаракати кафедра ва институт раҳбариятига ёқмайди, уни катта мажлисларда танқид қилишади. Уларнинг фикрича, спорт атамалари таржима қилинмас эмиш. Шундан сўнг, ўзбек тилининг фидойиси бўлган педагог институтдан кетишга мажбур бўлади.
Болалар жисмоний тарбияси, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, ёш физиологияси, мактаб гигиенаси, ва айниқса, миллий ҳаракатли ўйинлар ёш олимнинг тадқиқот объектига айланди. Изланишлар натижаси сифатида биринчи китоби – “Ҳаракатли ўйинлар” дунё юзини кўрди. Тадқиқотчимиз фаолияти давомида спортни миллий қадриятларимиз билан боғлашга харакат қилиб, “Ўзбекча уқалаш (массаж)нинг спортчилар фаолиятига таъсири” деган мавзуда илмий изланишлар олиб борди. Тадқиқотлар натижасида шарқона уқалаш киши танаси ва руҳиятидаги чарчоқни йўқотиш, вазнни камайтиришнинг муҳим омили экани хақида илмий хулосага келди. Аммо афсуслар бўлсинки, ёш олимга ўз тадқиқотларини тугаллаш насиб этмади, тўғрироғи, бунга имкон берилмади. Катта йиғинларнинг бирида уни яна танқид қилишди. Мустабид тузум даврида жисмоний маданият ва спортни илмий тадқиқ қилиш шарт эмас, фақат кўрсаткичлар бўлса бас, деган тушунча ҳамда қарашлар мавжуд бўлиб, ҳатто “Жисмоний тарбиядан ҳам илмий иш қилиб, фан номзоди бўлиш шартми?” деган ғайриилмий баҳслар ўртага ташланган эди.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, ана шундай чалкаш, ноилмий баҳсларнинг пайдо бўлишига айрим олим ва мутахассисларнинг жисмоний маданият ва спортнинг аҳамиятини тўғри тушуниб етмасликлари сабаб эди. Бироқ халқимизда “Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди” деган ажойиб нақл бор. Республикамиз мустақилликка эришгач, барча соҳаларда бўлгани каби, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳам илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, натижаларни амалиётга тадбиқ этиш бўйича кенг имкониятлар юзага келди. Ушбу масалалар билан шуғулланиш Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ва унда фаолият кўрсатиб келаётган Ихтисослаштирилган илмий кенгаш зиммасига тушди. Талъат Усмонхўжаев ана шу Илмий кенгашнинг фаол аъзоси сифатида, соҳада етук олимларнинг етишиб чиқишига назарий ва амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Талъат Усмонхўжаев жисмоний тарбия ва спорт, миллий спорт турларининг назарий ва амалий жиҳатлари билан шуғулланиш асносида соҳалар бўйича илмий-тадқиқотларни олиб боришга мўлжалланган бир нечта илмий-услубий лабораторияларни ташкил этиб, уларни бошқарди. Жумладан, пойтахтимиздаги Митрофанов номидаги сув ҳавзаси қошида кичик лаборатория ташкил этди, ёш спортчи-сузувчиларнинг мускул-иш фаолиятининг машғулотдан олдинги ва кейинги ҳолатини тадқиқ қилиб, сезиларли натижаларни қўлга киритди.
Юқорида қайд этиб ўтганимиз мажлисда носамимий танқидга учраган бўлажак олим илмий изланишларини четга суриб қўймасдан, билими, зеҳни ва иродасини ишга солиб, 1968 йили Москва Тиббиёт фанлар академиясининг Педиатрия институтида номзодлик диссертациясини ёқлаган эди. Шундан сўнг, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг махсус Ихтисослаштирилган илмий кенгашида “Болаларни ҳаракат фаолликлари билан боғлиқ тарзда жисмоний камолотга етказишнинг илмий-педагогик асослари” мавзусида докторлик диссертатсиясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Бу воқеага ҳам шу кунларда 30 йил тўлди.
Бугун тўқсон ёшдан ошган устоз қарийб 70 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида йигирмадан ортиқ фан номзоди ва фан докторига илмий раҳбарлик қилди, бир қатор монография, дарслик, ўқув қўлланма, тавсияномалар яратди. Миллий ҳаракатли ўйинлар ва спорт турларини тиклаш, улар асосида ёшларимизда ватанпарварлик, миллий ғурур, қадриятга эш интизом, ҳалоллик каби фазилатларни камол топтиришга мўлжалланган қўлланма, тавсияномаларга ҳаммуаллифлик қилди.
Устоз қаламига мансуб “Мактабгача таълим муассасаларида жисмоний тарбия”, умумтаълим мактабларининг 5–11-синфлари учун етти тилда “Жисмоний тарбия” ўқув қўлланмалари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар учун дарсликлар, ихтисослашган коллежлар учун “Жисмоний тарбия назарияси ва услубияти” каби кўплаб рисолалар нашр этилди.
Талъат Усмонхўжаев юртимизда миллий ҳаракатли ўйинлар, уларга оид спорт анжуманлари, фестивалларни халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида оммалаштиришда ҳам фидойилик кўрсатмоқда. Фестивалга айланиб кетган “Алпомиш ўйинлари” шулар жумласидандир. Шунингдек, устоз “Чўпон”, “Бўрон”, “Чиллак”, “Отиб қочар” каби тарихий ҳаракатли ўйинларни тиклаш борасида ҳам жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Шуниси қизиқки, устоз “бўрон” ва “чиллак” ўйинларини таҳлил қилиш ва таққослаш орқали, уларнинг “регби” ва “гольф” сингари АҚШ спорт турларига ўхшашлигини аниқлаган.
Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, албатта, фарзандлари соғлом ва жисмонан етук бўлиши ҳақида қайғуради. Шу йўлда фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган ибратли замондошимиз Талъат Усмонхўжаевга сиҳат-саломатлик, эзгу ишларида муваффақиятлар тилаймиз.
Ғайрат ШОУМАРОВ,
академик
“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 декабрдаги 51-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



