Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


21.10.2025 | 09:30

img233

“СУНБУЛИН ЛАЙЛО ОЧИПТУР…”

Навоий шаҳрида “Алишер Навоий илмий-адабий меросининг умумбашарият маънавий ва маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида V халқаро илмий конференсия ўз ишини бошлади.

Алишер Навоий аввалбошдан ўз олдига жуда катта ва ўта масъулиятли вазифа қўйган. Бу туркий, яъни ўзбек сўз санъатини форсий адабиётдан ҳеч ҳам кам бўлмаган юксакдан юксак даражага кўтариш мақсади эди. Очиғи, бу мақсад туркий адабиёт олдига, аслида, XI асрдан қўйила бошлаган. Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг”ни айнан Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си вазни ва жанрида битган ва уни форсийлар “Шоҳнома”йи туркий” дейишларини бекорга қайд этмаган. Кейин Сайфи Саройи Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”и, Қутб Хоразмий Шайх Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин”, Ҳайдар Хоразмий эса унинг “Махзан ул-асрор”ини эски ўзбек тилига таржима қилиши замирида ҳам шу интилиш ётган. Лирикада Хоразмий, Атоий, Саккокий, Лутфий шеърларида ҳам форс-тожик тилидаги шеъриятнинг кучли таъсирини кўрамиз.

Навоий бу жараённи охирига етказди: форс-тожик шеърияти даражасидан асло кам бўлмаган, ҳатто, баъзи жиҳатлари билан ундан ҳам устун бир поғонага кўтарилган ижод намуналарини яратди. Буни мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг: “Навоий форсий соҳиби қаламларга раҳм қилиб, хайрият, туркий тилда асарлар ёзди”, қабилидаги қайди ҳам тўла тасдиқлайди.

Форс-тожик шеъриятидан кам бўлмаган шеърият яратишнинг Навоий танлаган бир муҳим йўли шу эдики, у форсча-тожикча ва арабча сўз ва ифодаларни ўзбек тилидаги асарларида максимал даражада қўллади. “Хазойин ул-маоний”да биринчи девон бўлмиш “Ғаройиб ус-сиғар”нинг 228-ғазали ҳам айнан шу йўлда битилган шеърлардан бири. Чунки ундаги мавжуд 10 қофиянинг ҳаммаси форсий-арабий сўзлардан иборат. Эҳтимол, шоир замонасидаги форсий шеъриятдан тўла бохабар туркий китобхон учун бу ғазални тушуниш у қадар катта мушкулот туғдирмагандир. Лекин ҳозирги ўқувчи учун бу ғазал байтлари мазмунини чақиш, шу тариқа улардаги бадиий гўзалликдан тўла баҳраманд бўлиш унчалар осон иш эмас.

Келинг, аввал 9 байтли бу ғазалда нечта сўз ишлатилгани-ю унинг қанчаси туркий эканини аниқлаштириб олайлик. Жами 119 та сўз қўлланган. Айримлари такрор-такрор ишлатилган ҳам. Майли, келинг, ҳозир шу сўзларни учга бўлайлик:

‒ Туркий (ўзбекча) сўзлар: очиптур, ел, эмас, қонатмиш, эмас, кўзгусида, бир, сори, мен, бир, сори, кўргузуптурбиз, эмас, ўхшатқан, учун, аро, кўнглум, қушидур, эмас, устидин, эскач, қилдимким, эмас, олтун, оллида, эмас, дема, йўқ, бу, эмас, ул, эмас, узра, эттим, кўнгул, айтай, кеби, эмас, бўлмангиз, аро, сиз, кеби, билтурғи, бири, эмас, манга, тутти, эрур, ул, эмас.

Демак, 119 та сўздан 50 тасигина – туркий. Бу, ҳатто, ишлатилган жами сўзларнинг ярмини ҳам ташкил этмайди. Булардан “эмас” 11, “бир” 3, “сори” 2, “кўнгул” 2, “мен” 2, “кеби” 2, “аро” 2 мартадан қўлланган. Бундан 17 сўз қисқаради. Демак, бу шеърда жами 33 тагина туркий калима келтирилган бўлиб чиқади.

‒ Форсча-тожикча сўзлар: сунбул, доғини, лолайи, ҳамро, настаран, ёр, чеҳра, гули, гулни, ёримға, гўё, боғ, булбули, шайдо, сунбул, нигорим, туррасин, ёд, ошуфтадур, наргис, жомининг, кофурий, пардайи, жонимдурур, афғонимда, булбул, ноласидек, ҳам, андуҳзо, гар, гулни, сарв, бўстонида, рост, сарви, гулрўюм, зебо, эй, шўхларким, боғ, гуллардин, пайдо, гулрух, булбулға, гул, маст, ҳам, Навоийдек, расво.

Демак, 119 сўздан 49 таси – форсий. Миқдор жиҳатидан бу – туркий сўзлардан, бор-йўғи, 1 тагина кам, холос. Демак, 119 та калимадан 99 таси туркий ва форсий сўзлар. Арабча сўзлар 20 тагина қоляпти. Марҳамат, санаб кўрамиз.

‒ Арабча сўзлар: Лайло, абиросо, Мажнун, аксин, раъно, музтариб, насим, димоғ, савдо, ҳарир, марҳун, қадаҳполо, нишот, нишотафзо, хаёл, мағрури, ҳусн, соқий-у, қадаҳ, вале.

Ўзбек тили ўз гуруҳидаги қардош 40 та лисон орасида энг форсийлашган туркий забон ҳисобланади. Тилимизда арабий ва форсий сўз ва ибораларнинг кўп қўлланиши жиҳатидан Навоий ижодига тенг келадигани йўқ. Бу анъана ундан кейинги даврлар адабиёти, айниқса, шеъриятида ҳам изчил давом этди. Хусусан, Муҳаммад Ризо Огаҳий ижодида яна қайтадан бўй кўрсатди.

Навоий қалам тебратган тил туркий гуруҳ орасидаги “чиғатой тили” деб юритилар эди. Бу тилнинг бошқа туркий тиллардан кескин ажратиб турадиган уч муҳим хусусияти бор эди: 1) қарлуқ-чигил гуруҳига мансуб эди, яъни уйғур тилидаги каби, сўзлар, масалан, “келдим”, “кетдим” (“галдим”, “гетдим” эмас), “этти” (“эди” эмас), “тўрт” (“дўрд” эмас), “йиғладим”, “йўқ”, “этти”, “ип”, “илон” (“жиладим”, “жўқ”, “жетов”, “жип”, “жилон” эмас) тарзида ишлатилади; 2) бу тилда форсий ва арабий сўз ва ифодалар бошқа барча туркий тиллардагидан кўра кўп ишлатилган; 3) форсий-арабий талаффуз таъсирида ривожланиш жараёнида бу тилда сингармонизм кескин камайиб борган, ҳатто, ҳозирги ўзбек адабий тилида йўқ даражага тушиб қолган, айрим сўзлардагина сақланиб қолган, холос. Аммо ҳозирги ўзбек тилининг ўғуз ва қипчоқ лаҳжаларида у тўла амал қилиб келмоқда.

“Сингармонизм” юнонча “сйн” (“бирга”) ҳамда “ҳармония” (“уйғунлик”, “оҳангдошлик”) сўзларининг қўшилмасидан ҳосил бўлган. У асосан туркий, қисман айрим бошқа тилларда учрайдиган унлилар уйғунлигини англатади. Бунда қўшимчалардаги унлилар ўзакдаги унлиларга мослашади. Масалан, “кел” феълига “-ган” сифатдош ясовчи қўшимча қўшилади. Чунки “э” унлиси “-ган”ни талаб қилади. Бироқ “қол” ўзагига сифатдош қўшимчасини қўшадиган бўлсак, у энди “-ғон” ёки “-ған” шаклини талаб қилади: “қолғон” ёки “қолған” бўлади. Ҳозирги ўзбек адабий тилида сингармонизм йўқолганининг исботи шуки, биз бугун адабий тилда “қолган” деб ёзамиз ва шундай талаффуз ҳам қиламиз.

1643–1663-йилларда Хива хони бўлган Абулғози Баҳодирхон ўзининг “Шажарайи турк” асарини ёзишда тилни соддалаштириш, айнан форсий-арабий сўз ва ифодаларни камайтириб, беш яшар бола ҳам тушунадиган қилиб ёзишни мақсад қилганини алоҳида қайд этади: “Бу тарихни яхши ва ёмон барчалари билсин, теб, турк тили бирлан айттим. Бир калима чиғатой туркийдин ва форсийдин ва арабийдин қўшмайман, беш яшар ўғлон тушунур”.

Бу қайдда, биринчидан, чиғатой туркийсида эски, тушуниш мураккаб сўз ва ифодалар кўплиги, иккинчидан, унда форсий ва арабий калимот ҳаддан зиёд ишлатилгани назарда тутилган. Аммо, очиғини айтганда, Абулғози Баҳодирхон ҳар қанча эски ҳамда форсий-арабий сўз ва ифодаларни қўллашдан чекингани билан ўзи, барибир, ўша чиғатой тили анъанаси асосида асар битган. Чунки бу тил Навоийга қадар ҳам адабий тил сифатида шаклланиб келган, Навоийдан кейин эса Мовароуннаҳрда асосий адабий тил бўлиб қолган эди. Чиғатойча уйғурлар, шунингдек, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ўзбекларнинг қарлуқ-чигил лаҳжасида сўзлашувчи вакиллари шевалари асосида шаклланган адабий тил эди. Буни Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг яқинда илмга маълум бўлган “Тақтеъ” асаридаги икки изоҳдан ҳам билиб оламиз.

Биринчи изоҳ шуки, асарнинг 2-саҳифасида: “Бухоро лисони ила арузи чиғатой” деган сарлавҳага дуч келамиз. Бу – “Бухоро ўзбекларининг лаҳжаси асосидаги чиғатой арузи” дегани. Аммо шуни унутмаслик керакки, “Бухоро” деганда муаллиф ҳозирги Бухоро вилоятинигина кўзда тутмаган, албатта. Бухоро типидаги шевалар ҳозирги Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари, Тожикистоннинг айрим туманлари ва шимолий Афғонистондаги кенг ҳудудларда учрайди.

Иккинчи изоҳ шундан иборатки, “Тақтеъ”нинг 3-саҳифасида: “Бухоро ва Хўқанд ва Самарқанд ва Хўжанд ва атрофида махсус чиғатой лисони вазнида тартиби аруздур”, деган қайд ҳам учрайди. Бундан маълум бўладики, “чиғатой тили” деганда, Бобур шу шаҳарлар ва улар атрофларида тарқалган қарлуқ-чигил лаҳжаси вакиллари забонини кўзда тутган. Бу лаҳжада, табиийки, форсий ва арабий калимот ва иборот бисёр эди. Буни шу ҳудудлардаги ўзбек шеваларида ҳозир ҳам кузатиш мумкин.

Энди, келинг, ғазалга қайтиб, унинг мазмунини байтма-байт шарҳлайлик.

Сунбулин Лайло очиптур, ел абиросо эмас,
Доғини Мажнун қонатмиш, лолайи ҳамро эмас,
– матлаъси мазмунига етиш учун ундаги бугунги ўқувчига мураккаблик қиладиган сўзларни аниқлаштириб олишимизга тўғри келади.

“Сунбул” деган гул жуда хушбўй ва гули ҳалқа-ҳалқа, яъни жингалак бўлгани учун Шарқ шоирлари ижодида ёрнинг сочини унга ўхшатиш анъанага айланган. Демак, байтдаги “сунбул” истиораси “соч” маъносини англатиб келган. Бу гулнинг бир тури, тўқ нофармон, яъни бинафша рангда бўлади ва у қоп-қора сочга менгзалади.

Аммо бу гулнинг оқ, пушти, қирмизи, кўкимтир, сарғиш, оч бинафша ва бошқа рангларда очиладиган турлари ҳам бўлади.

Арабча “абир” хушбўй моддалар қоришмасини англатади. Яъни бу “ёқимли ҳид” дегани. Унга форсий “-осо” қўшимчасини қўшиш орқали ясалган “абиросо” эса “ёқимли ҳид тарқатувчи” маъносида келади.

Байтда, бир қарашда, бугунги ўзбек ўқувчисига осонгина англашилгандай туюладиган, аммо, аслида, тушунарсиз бир сўз бор. Бу – “ҳамро”. Бунинг тушунарлидай туюлгани шундаки, ўзбек исмлари орасида “Ҳамро” учрайди. У форсча-тожикча “ҳам+роҳ”нинг қўшилмаси сифатида юзага келган ва талаффузда “роҳ” сўзининг охирги товуши қисқариб, “ҳамро” бўлиб қолган. Ўзбек тилида унинг “йўлдош” (“йўл+дош”) деган маънодоши ҳам бор. Лекин бу мулоҳазалар билан байтдаги “лолайи ҳамро” сўз бирикмасидан маъно чиқармоқчи бўлсак, аниқки, калаванинг учини бутунлай йўқотиб қўямиз. Чунки тилимизда “йўлдош лола” деган тушунча мавжуд эмас-да. Хўш, гап нимада? Гап шундаки, араб тилида “аҳмар” деган сўз бор. У биздаги “қизил” маъносини англатади. Араб тилида рус тилидаги каби жинс, яъни род бор. “Аҳмар” – музаккарий жинсдаги шакл. Унинг муаннасий жинси “ҳамро” бўлади.

Ғазални араб ёзуви асосидаги эски ўзбек алифбосида ўқиган мутахассис бундай тарзда адашмайди. Чунки арабча “ҳамро” сўзи “ҳейи ҳутти” ҳарфи билан битилади. Бунинг эса ёзилишида форсча-тожикча “ҳамроҳ” сўзидан икки ҳарф билан фарқ қилади. Бу калима вазн тақозоси билан “ҳамраҳ” шаклида ёзилиши ҳам мумкин. Аёнлашдики, “лолайи ҳамро” айнан “қизил лола” дегани экан.

Қаранг, бир байт мазмунини тушуниб олиш учун шунча луғат кўришга тўғри келди. Ана энди бу қўшмисрани насрий баён этса, бўлади:

“Лайли сочини очибди, ел хушбўй ҳид таратувчи эмас (яъни, бу хушбўй ҳид Лайлининг сочидан тараляпти), (унинг юзидаги) доғ қизил лола эмас, уни Мажнун қонатган”.

“Доғ” сўзининг “ғам”, “андуҳ”, “ҳасрат”, “қалб азоби” каби кўчма маънолари ҳам йўқ эмас. Шоир, юзаки қараганда, юздаги хол ёки норни айтаётгандек туюлгани билан зимдан кўнгил доғини ҳам назарда тутгани сир эмас.

Шоирнинг бор-йўғи 11 тагина сўз орқали бир байтда шундай ажойиб манзарани ўқувчи кўз олдида чизиб бериш маҳоратига қаранг.

Настаран кўзгусида бир сори – мен, бир сори – ёр
Чеҳра аксин кўргузуптурбиз, гули раъно эмас,
– тарзида жаранглайдиган 2-байтнинг мазмунини англаш унчалар мушкуллик туғдирмайди. Чунки ундаги “настаран” – айнан рус тилида “сирен” деб юритиладиган гулнинг номи. “Гули раъно” дегани эса “атиргул”ни англатади. Демак, байтда қуйидаги мазмун баён этилган:

“Настаран шундай чаман бўлиб очилганки, у гўё кўзгуга айланган, ундаги тасвирни икки атиргул деб ўйламанглар, чунки бир тарафда менинг, бир тарафда ёрнинг чеҳраси акс этиб турибди”.

1-байтда Лайли билан Мажнун ҳақида сўз борган эди. Лирик шу параллеллик қатъияти асосида 2-байтда бирдан “саҳна”га ўзи билан ёрини олиб чиқади. Буюк рассом янглиғ ўқувчи кўз олдида бошқа манзаранинг “расм”ини чизади.

Гулни ўхшатқан учун ёримға гўё боғ аро,
Музтариб кўнглум қушидур, булбули шайдо эмас,
– деган 3-байтда муаллиф яна бир ижодий “ўйин” қилади. Ўзи-ку, 2-байтда: “Настаранда акс этган икки чеҳрани “атиргул” деб ўйламанглар”, деган эди. Энди эса гулни ёрига ўхшатганини тилга олади. Бу байтда бугунги ўқувчи тушунишга қийналадиган биргина “музтариб” сўзи бор. У эса “изтироб чекувчи”, “бетоқат”, “безовта”, “ошуфта” маъноларини англатади. Шунинг учун қўшмисрани мана бундай тарзда насрий баён этиш мумкин:

“Гулни боғдаги ёримга ўхшатганим учун изтироб чекиб, безовта бўлаётган (нарса) – кўнглим қуши, шайдо бўлган булбул эмас”.

4-байт мана бундай жаранглайди:

Сунбул устидин насим эскач, нигорим туррасин
Ёд қилдимким, димоғ ошуфтадур, савдо эмас.

Бундаги “насим” сўзи “шамол”ни, “турра” калимаси “кокил”, “соч ўримлари”, “зулф”ни, “савдо” эса “ақлдан озиш даражасида ошиқлик”ни билдириб келганини инобатга олсак, ундан шундай мазмун англашилади:

“Сунбул устидан шамол эсгач, нигорим (ёрим) сочларини эсладим, (шундан) димоғ (кўнгил) ошуфта (ошиқ), (лекин) ақлдан озиш даражасида эмас”.

Наргис олтун жомининг оллида кофурий ҳарир
Пардайи жонимдурур марҳун, қадаҳполо эмас,
– деган 5-байтда яна бугун учун тушунарсиз сўзлар кўп. Ғазалнинг шу еригача “сунбул”, “лола”, “настаран”, “раъно” каби гуллар тилга олинган. Энди бу сафга “наргис” ҳам қўшилади. Бу гулнинг кўп турлари оппоқ рангда очилади.

Аммо атрофида оқ гул-у, ўртада сап-сариқ қадаҳга ўхшаган косачаси бор турлари ҳам учрайди. Шоир бу байтини унинг айнан ана шу турини кўз олдига келтириб ёзган.

“Жом” сўзи – “қадаҳ”нинг маънодоши. “Кофур” оппоқ рангдаги хушбўй кристал модда ҳисобланади. “Кофурий” сифати – “кофур рангида”, яъни “оппоқ” дегани. “Ҳарир” калимаси ипак матони, яъни юпқа ва нозик газламани билдиради. Бунда наргис гулининг косачаси тагидаги оқ гулбарглар назарда тутиляпти. “Марҳун” эса “гаровга қўйилган” ёки “гаровга берилган” маъносида келган. “Қадаҳполо” дегани “майсузгич”ни англатади. Май тозаланиши учун у дока ёки сурпдан ўтказилган-да.

Ана энди байт мазмунини тугал ифодалаш имкони пайдо бўлди:

“Наргис гулининг олтиндек сап-сариқ қадаҳи олдидаги юпқа оппоқ гулбарглар жонимнинг гаровга берилган пардаси ҳисобланади, у майни сузиб оладиган нарса эмас”.

Дема: “Афғонимда булбул ноласидек йўқ нишот”,
Бу ҳам андуҳзо эмас, гар ул нишотафзо эмас,
– дея жаранглайдиган 6-байтдаги “афғон” сўзи “нола”, “фиғон”ни, “нишот” калимаси “шодлик”, “хуррамлик”, “хурсандчилик”ни, “андуҳзо” ифодаси “ғам-андуҳ келтирувчи”ни, “нишотафзо” эса “хурсандлик пайдо қилиш”ни билдиради. Демак, байтда қуйидагича мазмун англашилади:

“Чеккан нола-фиғонимда булбул ноласидек шод-хуррамлик йўқ”, дема, гарчи у хурсандлик пайдо қилувчи бўлмаса-да, бу ҳам ғам-андуҳ келтирувчи эмас”.

Энди навбат 7-байтга келди:

Гулни сарв узра хаёл эттим кўнгул бўстонида,
Рост айтай, сарви гулрўюм кеби зебо эмас.

Шоир гуллар галареясидан дарахтга ўтди, яъни “сарв” сўзини қўллади. Очиғи,“сарв” шеърлар орқали ҳаммамизга жуда танишдек. Ҳолбуки, ундай эмас. Сарв – нинабаргли, яъни арчалар оиласига кирадиган дарахт. Ўзига хослиги шундаки, у жуда тикка ва ингичка бўлиб ўсади. Ёғочи жуда қаттиқ бўлади. Шайх Хованд Тоҳур ҳазратлари (XIII аср охирлари – 1359) Тошкент шаҳрида ўзлари эккан бир сарв дарахти ёнига дафн этилган. Йиллар ўтиб, дарахт қуриган. Аммо Шайхга мақбара қураётганда сарвнинг танасини айнан қолдиришган. Ҳозиргача ҳам тик ҳолда сақланиб турибди.

“Гулрўй” сўзи – айнан “гул юзли” дегани.
Шу тариқа байтдан мана бундай мазмун чиқариш – мумкин:

“Кўнгил бўстонида гулни сарв узра деб хаёл қилдим, ростини айтай, (у) гул юзли сарвим (тик қоматли ёрим) каби зебо (чиройли, гўзал) эмас”.

8-байт, бир қарашда, олдинги байтлардаги баён ва тасвирга бевосита боғланмайди:

Бўлмангиз мағрури ҳусн, эй шўхларким, боғ аро
Сиз кеби билтурғи гуллардин бири пайдо эмас.

Мусулмон Шарқи мумтоз шеъриятида ғазалнинг охирги қўшмисраси, яъни мақтаъдан олдинги байт ёки байтларда шоир эркинроқ бир масалани ўртага қўйиш, масалан, насиҳат қилиш ҳуқуқига эга. Шунинг учун илмда “бегона байт” дейилади. Унда шоир олдинги 7 байтдаги изчил тасвирдан чекинади ва кутилмаганда, шўхларга, яъни ўз ҳусни билан ғурурланиб юрган таннозларга насиҳат қилишга ўтади, уларга дунёнинг ўткинчилигини таъкидлаган бўлади:

“Эй шўхлар, боғ аро ҳуснларингизга мағрур бўлманглар, (чунки) сиз каби бултурги гуллардан бирортаси пайдо эмас (яъни қолмаган)”.

9-байт – мақтаъ. Унда бугунги ўқувчи учун тушунарсиз сўз йўқ даражада:

Манга гулрух соқий-у, булбулға гул тутти қадаҳ,
Маст эрур ул ҳам Навоийдек, вале расво эмас.

Фақат “гулрух” қўшма сўзидаги “рух” ўзбекчадаги “юз”ни билдиришини қайд этиш керак, холос. Шоир дастлабки 7 байтда қўл келган тимсолларга яна қайтади. Чунки уларда лирик қаҳрамоннинг гулрух ёри, булбул, наргис гулининг қадаҳи тилга олинган эди.

Шу тариқа байтдан мана бундай мазмун англашилади:

“Менга гул юзли (ёр) соқийлик қилди-ю, булбулга гул қадаҳ тутди, у (булбул) ҳам Навоийдек маст, лекин расво бўлган эмас”.

Кўриниб турибдики, бу шоирнинг анча мураккаб ғазаллари сирасига киради. Байтларда зичлик бор. Ифодаларда форсий-арабий сўз ва қўшимчалар устуворлик қилган. Очиғини айтганда, бу асарни форсийга ўгириш у қадар мушкулот туғдирмаса ҳам керак.

Биринчидан, зинҳор-базинҳор, шоир туркона услубда шеър ёзишга қийналган, шунинг учун форсий-арабий сўзлардан унумли фойдаланган, деб ўйламаслик керак. Йўқ, у билиб туриб шу йўлни тутган. Бу билан туркий тилда ҳам шунақа юксак даражадаги форсий-арабий ифода ва тасвирларни яратиш мумкинлигини исботлаш унинг асл мақсади замирида ётган.

Иккинчидан, айнан шу йўл билан ҳам у она тили имкониятларини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшган. Чунки ҳар қандай тил, жумладан, бошқа тиллардан олинган сўзлар ҳисобига бойиб боради.

Учинчидан, Навоийнинг соф туркий сўзларни кўпроқ ишлатишни махсус мақсад қилиб ёзган ғазаллари ҳам кам эмас. Бу унинг туркий тил имкониятларини намоён этишдаги иккинчи бир йўли эди. Бироқ айни масалани алоҳида кўриб чиқиш лозим.

Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 17 октябрдаги 42-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855