Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


22.07.2025 | 12:28

img279

ТАНДИРДА ТОБЛАНГАН ТОР

Яккахон ижрода торнинг ўрни беқиёс. “Шашмақом”дан тортиб, барча мумтоз қўшиқларимиз мусиқаси  ижросида тор саси алоҳида ажралиб туради.  Шу боис, тор чолғуси ҳофиз-у гўянда, қўшиқчи-ю хонанда аҳли танасининг бир бўлагига айланиб улгурган. Одатда, “умрида тор ушлаб кўрмаган” иборасининг ўзидан “юлдуз” ясаб олган отарчиларга нисбатан ишлатилиши ҳам унинг миллий қўшиқчилик санъатимиздаги ўрни, нуфузи нақадар юксак эканини кўрсатади.

Мусиқа чолғулари билан савдо қиладиган дўконда қаторлаштирилиб қўйилган торларнинг нархи билан қизиқдим.

Сотувчи йигит турли ялтироқ нимарсалар қистирилган бир торни кўрсатиб, “Буниси энг қиммат туради – баҳосига яраша қиймати бор. Бармоғингиз тегмасдан жаранглайди”, деб таърифлай кетди. Сотувчи мақтаган торни қўлимга олиб, у ёқ-бу ёғини кўргандек бўлиб савол билан юзландим: “Бу тор тандир тагида неча йил тобланган?”

Сотувчи саволимдан ажабланди. Сездимки, бу йигитнинг ҳақиқий тор қандай тайёрланишидан мутлақо хабари йўқ.

Бундан ўттиз йиллар муқаддам улуғ ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг хонадонига борганимда у кишининг турмуш ўртоғи Имсиной опа Полвонова қизиқ воқеани сўзлаб берган эди: “Комилжон аканинг вафотидан ўн йиллар ўтгач, у кишининг шогирдлари ўзаро мусобақа уюштиришди. Ғолиб чиққан киши устознинг торини бош соврин сифатида олишига келишилди. Мен ҳам эътироз билдирмадим: олса шогирдлари олади, қолаверса, торлари неча йиллардан бери хонасида деворга осилиғлик турибди-ку, деган фикрга бордим.

Мусобақа ғолиби торни олиб кетган куни тунда Комилжон ака тушимга кирди. Кайфиятсиз бир ҳолатда турибди. Мен сўрашмоқчи бўлсам, у киши “Тор қани?” деди, холос. Уйғониб кетдим…

Шу куниёқ ўша шогирдини уйига бордим ва кўрган тушимни айтиб, торни олиб қайтдим. Комилжон ака бу торни мени яхши кўрган даражада яхши кўрарди”.

Имсиной аянинг яхшигина назмий иқтидори бор эди – ягона шеърий тўпламини умри ниҳоясида чоп этишга жазм қилганлар. Аядан “Ёшлик пайтингизда шеър ёзган экансиз-у, аммо нега бирорта шеърингизни Комилжон ака қўшиқ қилмаган?” деб сўраганман. Ая кулган: “Акангизнинг диди баланд эди. Қўшиқ учун шеър-ғазални чертиб-чертиб танларди. Менга ўхшаган ҳаваскор шоирлар у кишига яқин келишга ҳам чўчирди”.

Ҳофизнинг юз йиллиги Президентимиз ташаббуси билан кенг нишонланди, яшаган уйи музейга айлантирилди. Ўша машҳур тор ҳозирда ҳофизнинг уй-музейини безаб турибди.

Комилжон ака ардоқлаган бу торнинг қандай сеҳри бор дерсиз? Жудаям бор! Бор бўлганда ҳам мўъжиза маҳсули у.

Маълумки, тор юртимизга озарбайжон қардошларимиздан кириб келган ва дастлаб Бухорода қўлланила бошланган. Бу сознинг Хоразмга келтирилиши ва воҳа қўшиқчилигининг ажралмас қисмига айланишида Комилжон аканинг хизматлари беқиёс. Ҳеч бир истисносиз айтиш мумкинки, торни Комилжон ака каби маромига етказиб сайратган бошқа ҳофизни топиш қийин. Тор унинг қўлида ўзгача жаранглаган, мумтоз ашулаларимизнинг тингловчиларга тўла-тўкис етиб боришида, қўшиқ матнидаги ҳар бир сўз ва ҳатто, лофи билан айтсак, вергул-у нуқтаси қайдалигини англашлари, қалбларига мисли оби ҳаёт каби қуйилиши ва юрак пардаларини кўпиртириб юборишгача бориб етган. Ҳофиз куйлаётган дақиқаларида минглаб қўшиқсеварларнинг сел бўлиб ўтириши, эгил-ган бошларини оҳиста тебратишлари сабаби соҳир товушдан ташқари тордан чиқаётган сеҳрли оҳанглар ҳамдир.

Бу сеҳрли оҳанг ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бу мўъжаз чолғу – торнинг зуваласи жуда мустаҳкам пишитилгани натижаси!

Хоразмда беш юз йилча яшайдиган Балх тути кўп ўсади. Умрбоқийликда гужум билан беллашадиган тутни “темир дарахт” деб ҳам атайдилар. Бежиз эмас. Тут танасига урилган болтанинг тиғи синиши мумкин. Унга энг ўткир учли михни ҳам қоқиш қийин.

Торнинг оҳанг таратадиган, жарангдорлик пайдо қиладиган қисми – косаси тут ёки ўрикдан ясалади. Ясалади, деб айтдик-қўйдик, аслида бу кўп йиллар давом этадиган жараён.

Тор ясайдиган ҳунарманд уста кўп йиллик тут ёки ўрик дарахтининг соғлом қисмини кесиб олиб, пўстлоғини арчимасдан сув тўла ҳовузга ташлаб қўяди. Бу дарахт танасида мавжуд озроқ ҳаво чиқиб кетиши учун қилинади. Пўстлоғи арчилмаган дарахт танасига тобланиш вақтида ёриқ тушмайди.

Оғоч ҳовузга бир неча йил ташлаб қўйилади. Сўнг ҳовуздан олиниб ерга кўмилади ва устига ертандир қурилади. Тандирда камида етти йил нон ёпилади.

Шундан кейингина маромига етиб “пишган” дарахт танасидан тор ясалади.

Тасаввур қиляпсизми, бир тор яралиши учун ҳунарманднинг камида ўн йил умри ўтади. Ўша ўн йил тоблатиш торга минг йиллик умр бағишлайди ва уста сабр-тоқати учун муносиб тақдирланади ҳам. Бу усулда ясалган торнинг нархи жуда юқори туради.

Торнинг дастаси ҳам тут ва ўрикдан ясалади.

Улуғ шоир, раҳматли Матназар оға ўғиз лаҳжасида ёзган шеърларидан бирида тор ясалишини шундай таърифлаган:

Тутнинг шохосиннон дутор дастаси,

Тутнинг йўрпоғиннон дутор торлари.

Шохо билан йўрпоқ қўшилишғондо

Бағрингни азади чаккан зорлари.

Шохо болталонор даста вўлмоқа,

Йўрпоқлар қурта ем тор бўламиз даб.

Надаган азоб-ла чакдик сан билан

Иккимиз ўлунча ёр бўломиз даб.

Ҳозирда Хоразмнинг кўпчилик хонадонларида деворга осиғлиқ турган торга кўзингиз тушиши мумкин (Бизнинг хонадонда бир эмас, учта тор бор). Аммо бу торларнинг аксарияти бир вақтлари қайсидир мусиқа чолғулари тайёрлайдиган фабрикада конвеер усулида ишлаб чиқарилган. Айнан ишлаб чиқарилган, ясалган эмас. Бугун концерт залларида куйлаётган ҳофизлар ёки ойнаи жаҳонда ҳар куни кўзимиз тушадиган қўшиқлар клипларида хонандалар қўлидаги торларнинг нечтаси “тандир тагида тобланган”, деган саволга жавоб олиш мушкул. Ҳатто ҳофизлар торларини мақташда бир-биридан ўзишади ҳам. Бошқаларникидан фарқланиши учун тор дастасига тилло суви юритганлари, симларига зарҳал тус берганлари қанча.

Тўғри, хоразмлик ҳунармандлар орасида буюртма асосида тор ясайдиган усталар ҳалиям бор. Улар маҳорат билан ясаган торлар фабрика (ёки цех)ларда ишлаб чиқарилган чолғулардан сифати, жарангдорлиги, кўриниши, умрбоқийлиги борасида бир неча карра устун туради, аммо…

Бир гал машҳур ҳофиз Отажон Худойшукуровдан қўлидаги торнинг нархини сўраганимда у киши қисқа жавоб қилган: “Бунинг баҳоси ўзим миниб юрган “Жигули”дан қимматроқ”.

Ўша вақтлари “Жигули” деган матоҳ ўн минг доллар атрофида турарди. Демак, Отажон оғанинг қўшиқчилик санъатида юксак мақомга кўтарилишида ўзининг улкан истеъдоди билан бир қаторда “тандир кўрган тор”ининг ҳам ўрни беқиёс бўлган.

Воҳанинг дилбар адиби, шоир, драматург ва тарихчи, раҳматли Комил Аваз санъатга ошно инсон эди. У киши торда мумтоз мусиқаларни маромига етказиб ижро қилар, яхшигина овози ҳам бор эди. Санъатга ихлоси ўлароқ узоқ йиллар Хоразм вилояти мусиқали драма ва комедия театрига раҳбарлик қилган.

Комил оға тандирда тобланган торнинг ясалиши ҳақида шундай гурунг берган эди: “Тор – ажиб мусиқий асбоб. Унинг куй яратадиган қисми, яъни чаноғи инсон бошига ва унга туташ юракка ўхшайди. Бош чаноғи деймиз-ку, ахир! Тандир тагида етти йил тобланган тутдан ўша чаноқ катталигидаги қисми кесиб олинади ва унинг ичи ғовак шаклида ўйилади. Хоразмда ёғоч ўймакорлиги кўп қадим илдизларга эга. Ёғоч ўймакорлар ясаган жилвакор устунлар, дарвоза асрларки Хива обидаларини безаб турибди. Аммо торнинг чаноғини ясашга ёғоч ўймакорлар ишлатадиган ускуналар ожизлик қилади. Ҳайкалтарош тош, мармардан ҳайкал ясаганида ўткир чўкичдан фойдаланади. Торнинг бош чаноғи ичини ғовак ҳолатга келтиришда ҳам айнан ўткир чўкич ишга солинган. Тасаввур қиляпсизми, тут ёки ўрикнинг қаттиқлигини? Раҳматли отам Самандар бува хивалик тор ясовчи бир устанинг чаноқ ичини ўйганини кўрганини айтиб берарди. “Қараб ўтирибман, уста чўкич билан ёғочга ҳар урганида гўё тошдан чиққанидек учқунлар чиқади”. Буни биз ҳозирда лоф деб биламиз. Аслида шундай бўлган. Айнан тош мисол қаттиқ чаноқ устига тортилган сигир ёки ҳўкизнинг юрак пардаси сеҳрли, мўъжизакор оҳанглар чиқара олган”.

Хоразмда сурнай чалиш бўйича мактаб яратган устоз санъаткор, иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Йўлдош сурнай Тожиев мўъжаз тор ясаш борасида қизиқ фикр билдирди: “Торнинг косаси (уни баъзан “торнинг қорни” ҳам дейишади) ва дастасини мевали дарахтдан ясаш русм бўлган. Бўлмаса воҳада танаси қаттиқликда тут ёки ўрик билан беллашадиган қорамон ёки гужум дарахтлари ҳам бор. Бунда ҳам рамзийлик акс этган: мевали дарахтдан ясалган тор уни қўлига ушлаган ҳофизга умри давомида кўплаб “мевалар” беради – қўшиқлар яратади-да!”

Дунё мусиқа тарихида италиялик Страдивари ясаган скрипкалар жуда машҳур саналади. Ҳар бири ноёб осори-атиқага айланган бу скрипкаларнинг нархи бир неча миллион АҚШ долларига баҳоланади. Ўша чолғуларни Страдивари айнан биздаги усталар каби йиллар давомида тоблаб, ҳар бирини санъат асари даражасига етказиб яратган. Ҳа, айнан яратган!

Замонавий технологиялар ривож топган ҳозирги даврда устомон ишбилармонлар аҳли “вақтни қаритиш”нинг ҳадисини олишган. Ҳар қандай буюм, табиий ўсимликни кимёвий унсурлар ёрдамида дақиқалар ичида “ёшартириб” юборилади. Страдивари каби бир скрипка ясашга неча йил умрини зое қилиб ўтиришмайди. Аммо улар қадимги усталар ўн йиллаб умрини сарфлаб, сабр-тоқат билан яратган тор ва бошқа мусиқа чолғуларидан тараладиган оҳанг, яраладиган бетакрор мусиқа тотини бера олмайди.

Комилжон аканинг ўша машҳур тори кимошди савдосига қўйилса қанчага сотилади, деб ўйлайсиз? Камида етти рақамли сонларда ифодаладиган нархга чиқади, сўзсиз! Сўмда эмас, албатта!

Мумтоз санъатимиз илдизлари қайдан озиқланганини англагандирсиз?

Рўзимбой ҲАСАН

“Жадид” газетасининг 2025 йил 18 июлдаги 29-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855