Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


22.10.2025 | 11:39

img362

ТИНЧЛИК НУРИ – ЎЗБЕКНИНГ НУРИ (ШЕЪРЛАР)

* * *
Қадрим сўраганда, қароғим тилим,
Кўксимни кўтарган сен – тоғим, тилим,
Асрлар аждодлар руҳин ёритган,
Туркий тиллар ичра чироғим тилим.

Яссавий байтида туморим, тилим,
Навоий назмида сен орим, тилим,
Кумушнинг васфида бетакрор малак,
Қодирийдан қолган ёдгорим, тилим.

Тошлар тўфонида бағри тилимсан,
Кўксин чангаллаган қонли қўлимсан,
Ойга алмашмасман, кунга бермасман,
Чўлпон юрагида унган гулимсан.

Кўзларнинг гавҳари, кўнгил ойнаси,
Изҳор иффатидир ёрнинг гинаси.
Машраб қаламида девона тилим,
Тинглаган, энтиккан ишқ ашуласи.

Жисмимда демангиз, жонимда тилим,
Етмиш икки томир-қонимда тилим,
Ўғлимга ҳам менинг жонимдан ўтган,
Қизимга қатралаб қонимдан ўтган.

Қадрин сўрасангиз, қароғим, тилим,
Кўнгил осмонида чақмоғим, тилим,
Нонидек тотли-ю, чойидек иссиқ,
Ўзбек кўксидаги булоғим, тилим.

ТОҒЛАР ОҒУШИДА

Мен тоғларни жондек суйдим.
Булутларга бошим қўйдим.
Пок туйғудан чўғдек куйдим,
Тангримгадир ташаккурим.

Осмон менга яқин келди,
Ёмғирларда оққим келди,
Суқли-суқли боққим келди,
Тангримгадир ташаккурим.

Арчалари тоғлар ори,
Ирмоқлари тошлар тори,
Оқ тилакдир мангу қори,
Тангримгадир ташаккурим.

Қуёш қучса қоясини,
Бургут солар соясини,
Бу – муҳаббат ғоясими?
Тангримгадир ташаккурим.

Тошни ёрган майса шунда,
Қабоҳатга найза шунда,
Ой ўпади уни тунда,
Тангримгадир ташаккурим.

Таърифига қалам ожиз,
Қалам билан мен ҳам ожиз,
Юрак ўтда ёнар жиз-жиз,
Тангримгадир ташаккурим.

Етказганга беҳад шукур,
Кўрсатгани дилга сурур,
Бу не ором, бу не ҳузур,
Тангримгадир ташаккурим.

Қалб кўзимни катта очган,
Жисм-у жондан ғафлат қочган,
Шеър шаклида шодлик сочган,
Тангримгадир ташаккурим.

ЭЗГУ ТИЛАК

Осмондаги ойнинг изин ким кўрган,
Қадам етмас тоғнинг музин ким кўрган,
Жаннат таомининг тузин ким кўрган?
Кўрсатгин, деб Ҳақдан бирга сўрайлик!

Тинчлик тилаганнинг тилида боли,
Тинч юртда булбулнинг гулда хаёли,
Маърифат меваси – миллат камоли,
Элу юрт тинчлигин бирга сўрайлик!

Дил-дилга вобаста, қўл-қўлни танир,
Эл-элга вобаста, йўл-йўлни танир,
Ғаним ёмонлиги яхшини янир,
Аё дўст, ниятни нурга ўрайлик!

Аллоҳ азиз қилгай ҳалол юрганни,
Олов олқишлайди қўрда турганни,
Ҳавасини қилинг, қандин урганни,
Сийланган одамни гулга ўрайлик.

Инсонга чин ораз – гўзал иймони,
Меҳр-у муруввати бахтин посбони,
Ойдан айрилмасин умрин осмони,
Дуодан тўкилган дурга ўрайлик!

ЎЗБЕКНИНГ НУРИ

Энг гўзал ранг – тинчликнинг ранги,
Бахт балқиган қувонч оҳанги,
Янги Ўзбекистон жаранги,
Қутлаганлар қувончга тўлсин!

Аждодларнинг орзуси бизда,
Хуш тилаклар туйғуси бизда,
Бугун дунё кўзгуси бизда,
Қутлаганлар қувончга тўлсин!

Ким офтобни хушласа нурдир,
Ким уммонни тушласа дурдир,
Шукур, ўзбек, аслидек ҳурдир,
Қутлаганлар қувончга тўлсин!

Яхшиликнинг ёноғидамиз,
Хуш дуонинг қароғидамиз,
Шукур дунё ардоғидамиз,
Қутлаганлар қувончга тўлсин!

Биз мезбонмиз меҳримиз дарё,
Жисм-у жонда ўзбекча зиё,
Яхшиларга ёр қилсин Худо,
Қутлаганлар қувончга тўлсин!

Ўзбекистон умиднинг умри,
Оқ каптарлар оқ тилак қумри,
Тинчлик нури – ўзбекнинг нури,
Қутлаганлар қувончга тўлсин!

ҲИММАТЛИЛАР ХУШЛАНГАЙ

Инсонмиз, гар бўлсак нафсимиз қули,
Кафтимиз тўлдирар шу гуноҳ кули.
Сабрдан сув ичар савобнинг гули,
Ҳимматлини Худо хушлар яхшилар!

Борин баҳам кўрар бағри бутунлар,
Қаторга қўр тўкар қадри устунлар,
Биздан умидвордир усти юпунлар,
Ҳимматлини Худо хушлар яхшилар!

Кўнглимиз кўчаси кенг бўлса яхши,
Кенг феълда одамзод тенг бўлса яхши,
Эгни бут йўқларга енг бўлса яхши,
Ҳимматлини Худо хушлар яхшилар!

Сизни сизлаб келса сенламанг уни,
Қайтиб япроқ бўлмас хазон кукуни,
Унутсанг унутгай, унутманг шуни,
Ҳимматлини Худо хушлар яхшилар!

Момоқалдироқлар уйғотгувчи бонг,
Қуёш шоҳ гадони тенг қутлар ҳар тонг,
Жонзотлар ичида инсондадир онг,
Ҳимматлини Худо хушлар яхшилар!

Насиҳат қилмадим, дилимга келди,
Дилим тутдек тўкди, тилимга келди,
Дил ошиб, тил ошиб элимга келди,
Ҳимматлини Худо хушлар яхшилар!

ЯХШИЛИК ЯХШИ

Яхши кўрмоқ яхши, ва лекин кимни,
У кимса отдами ёки пиёда?
Карами кенг бўлинг, унутманг шуни,
Яхшилик барчага етар дунёда.

Умримиз ўлчови Ўзига аён,
Биз қайда бўлмайлик, кўзига аён,
Шу фикр шоирнинг сўзига аён,
Яхшилик барчага етар дунёда.

Оқиллар дунёнинг азобин тортган,
Яхшилик қилган-у, дарёга отган,
Балиқнинг савобин Ҳолиқдан тотган,
Яхшилик барчага етар дунёда.

Ўнг қўлинг берганин чапи билмасин,
Нина бериб, туя гапи бўлмасин,
Саховат аҳлининг сафи сўлмасин,
Яхшилик барчага етар дунёда.

Барака кўпдами, озда дейдилар,
Эзгу иш, нияти созда дейдилар,
Бир майизни қирққа бўлиб ейдилар,
Яхшилик барчага етар дунёда.

Садоқат сафоси самога тимсол,
Ватандан топганинг вафога тимсол,
Маҳмуднинг мақсуди келмасин малол,
Яхшилик барчага етар дунёда.

ЁЗМАСЛИК ГУНОҲ

Юракни ватанга ибодати шеър,
Шоирни сўздаги саодати шеър,
Покиза ниятнинг ижобати шеър,
Шундай шеърга ўзинг ёр қилгин, Аллоҳ,
Шундай шеърни асли ёзмаслик гуноҳ.

Тил дилнинг беғараз тилмочи бўлса,
Муҳаббат шоирга ишбоши бўлса,
Шеъри ошиқларнинг сирдоши бўлса,
Ўқиган дардига тополса паноҳ,
Шундай шеърни асли ёзмаслик гуноҳ.

Шеърда икки қалбнинг қалови қолса,
Изҳори ишқининг олови қолса,
Қолса, лолаларнинг лов-лови қолса,
Фақат булбул бўлса бахтингга гувоҳ,
Шундай шеърни асли ёзмаслик гуноҳ.

Меҳрингни тутамлаб тумордек тутсанг,
Туморга ул санам хумордек тутсанг,
Бу ҳолни ёзганда ўзни унутсанг,
Ўзингдан ўзгалар бўлолса огоҳ,
Шундай шеърни асли ёзмаслик гуноҳ.

Шеър – гулнинг, гулзорнинг гулоби бўлсин,
Ҳар байти баҳорнинг офтоби бўлсин,
Шоир ошиқларнинг аҳбоби бўлсин,
Шундай шеърни Маҳмуд, ёзиб тур гоҳ-гоҳ,
Шундай шеърни ахир, ёзмаслик гуноҳ.

СЕНИКИ

Оппоқ атиргулни дилингда ўстир,
Дилингга сиғмаса, қўлингда ўстир.
Қўлингга сиғмайди ғунчалаб кетса,
Аё дўст, сен уни йўлингда ўстир.

Гул бўлсанг, гўзалсан, кўзга сиғмайсан,
Булбул баётидек сўзга сиғмайсан,
Бахтиёр боғбондек юзинг ловуллаб,
Худони хушласанг, ўзга сиғмайсан.

Изингдан таралган ифор сеники,
Гулларга ярашган кибор сеники,
Дили гул, қўли гул, йўли гул ўзинг,
Шоирни шоширган ашъор сеники,
Сеники… сеники… сеники…

ХУШНУД ҚИЛГИН

Кўзим билан халқни кўрдим,
Кўнглим билан Ҳақни кўрдим,
Яратганим, дилдан сўрдим,
Хушнуд қилгин халқим билан.

Хуш мезбоннинг гилами кенг,
Кўпга берсанг кўлами кенг,
Борми, сендек карами кенг,
Хушнуд қилгин халқим билан.

Оқиб турса дарё гўзал,
Тунни тилган зиё гўзал,
Элдан олган дуо гўзал,
Хушнуд қилгин халқим билан.

Тинчлик одам тилагидир,
Тинчлик олам тилагидир,
Бу дунёга керагидир,
Хушнуд қилгин халқим билан.

Тизлар чўкиб тиловатда,
Сўрайдирман ибодатда,
Ўзинг ахир ҳимоятда,
Хушнуд қилгин халқим билан.

Барокатни боши сенда,
Умримизнинг ёши сенда,
Маҳмудингман, сенга банда,
Хушнуд қилгин халқим билан.

БАХТ КУТСИН

Оилангда бори ороминг,
Бошинг узра қуёш нур тутсин.
Шукур бўлсин тонги каломинг,
Эшигингда сени бахт кутсин.

Отанг бўлса дуоси-и ол,
Онанг ҳаргиз кўрмасин малол,
Дуодадир билсанг хуш камол,
Эшигингда сени бахт кутсин.

Оқибатнинг оппоқ висоли,
Бу инсоннинг тилдаги боли,
Жигарларинг жонинг жамоли,
Эшигингда сени бахт кутсин.

Меҳринг мироб дил дарёсига,
Соя солма хуш жилосига,
Ўзинг айлан эл фидосига,
Эшигингда сени бахт кутсин.

Миллатингни муродин сўра,
Тинч, осуда ҳаётин сўра,
Худо сенга ёр бўлсин, жўра,
Эшигингда сени бахт кутсин.

ЯХШИ БЎЛИБ

Нафсингни кўм қаро тупроққа,
Сўнг устидан ўра сувоққа.
Кейин ўзинг тутгин сўроққа,
Яхши бўлиб янгитдан яша.

Тийилмоқнинг тилаги тоза,
Тийилганни юраги тоза,
Ўзгаларга бўлгин андоза,
Яхши бўлиб янгитдан яша.

Нафс дегани тўлмас хуржундир,
Унинг номи асли афсундир.
Умр қисқа, даъво узундир,
Яхши бўлиб янгитдан яша.

Ҳар бир йўлнинг поёни бордир,
Поёнида аёни бордир,
Яхшиларнинг шоёни бордир,
Яхши бўлиб янгитдан яша.

Бор ўтгандан қолган бу дунё,
Берганини олган бу дунё,
Ёмонлардан толган бу дунё,
Яхши бўлиб янгитдан яша.

ПОКЛИКНИ АСРАНГ

Бўғзимни тилади ҳақиқат тиғи,
Бу дардни юволмас кўздаги намлар,
Ҳақиқат олдида ожиздир йиғи,
Покликни асрайлик аҳли одамлар!

Шабнам шаклидадир тонгнинг кўзёши,
Ақл – одамзодда онгнинг қуёши,
Ўз бошини ёрсин туҳматчи тоши,
Покликни асрайлик аҳли одамлар!

Ким фаҳш-у фасоднинг гирдобидадир,
Ким иғво, ҳасаднинг хитобидадир,
Тириклайин дўзах азобидадир,
Покликни асрайлик аҳли одамлар!

Иймоннинг чиройи – покликнинг гули,
Бахт боғини кўрмас нафсининг қули,
Асрасин, бўлмоқдан итнинг “булбули”,
Покликни асрайлик аҳли одамлар!

Осмон билан ернинг орасида биз,
Тирикмиз, нафсимиз чорасида биз,
Бўлмайлик ҳаромнинг қорасида биз,
Покликни асрайлик аҳли одамлар!

Бир бора яшаймиз дунёйи дунда,
Нафсимиз нидоси ҳиқиллар кунда,
Охират ўтмайлик азобда, хунда,
Покликни асрайлик аҳли одамлар!

Поклик – умримизнинг қувончи бўлсин,
Поклик тахтимизнинг суянчи бўлсин,
Қўл очсак кафтимиз дуога тўлсин,
Покликни асрайлик аҳли одамлар!

ВАТАН – МИЛЛАТИМИЗ БОҒИДАГИ ГУЛ

Хазонлар баҳорнинг йилга видоси,
Орзулар армоннинг дилга видоси,
Инсоннинг бўлмасин элга видоси,
Ватан – кўксимизнинг тоғидаги гул,
Ватан – умримизнинг боғидаги гул.

Тупроқнинг таъмида жонингни қони,
Шу ерда узил-ин жисмингни жони,
Садоқат қалбдаги имоннинг шони,
Хиёнат жафонинг доғидаги гул,
Ватан – бу вафонинг боғидаги гул.

Юз йил дунё кезсанг қайтар тупроғинг,
Тиз чўкиб дардингни айтар тупроғинг,
Кўрсанг, чақмоқ чақар чашми қароғинг,
Ватан – қувонч қучган чоғидаги гул,
Ватан – бахтимизнинг боғидаги гул.

Боболардан қолган мангу меросинг,
Мангубердиларинг ичган қасосинг,
Минг ташбеҳ топсанг ҳам етмас қиёсинг,
Ўзбекнинг ўзлиги – роғидаги гул,
Ватан – миллатимиз боғидаги гул.

Куйласанг бўғзингни куйдирган қўшиқ,
Етти ёт элларни ийдирган қўшиқ,
Ўзбекни жаҳонга суйдирган қўшиқ,
Янги Ўзбекистон тоғидаги гул,
Ватан – бу ўзбекнинг боғидаги гул.

АСРАР

Олтин соҳибини олтин асрамас,
Меҳрсиз одамни метин асрамас,
Ҳўл ўтин ёққанни тутун асрамас,
Саодат аҳлини савоби асрар,
Мадрларни майдонда шитоби асрар.

Иғво болаласа умримиз забун,
Ким боқий кўрибди инсон мансабин,
Поклик йўргакласин дилнинг матлабин,
Деманг, хиёнатни ниқоби асрар,
Уқиб ўқиганнинг жавоби асрар.

Кўнгилдан кўнгилга боқингиз бир қур,
Дардсиз машшоқ чертса яйрамас танбур,
“Ҳаё халоскор”, дер Иброҳим Ғафур,
Эл-юрт қадрин миллат аҳбоби асрар,
Заминни, осмонни офтоби асрар.

Қаноат қондадир қадринг тик тутар,
Яхшини остона орзиқиб кутар,
Яхшига қўл эмас, юрак гул тутар,
Ошиқни дийдорнинг гулоби асрар,
Одамзотни азал одоби асрар.

Кўзи тўқ нафсига назарин солмас,
Ҳеч кимса вафони жафодан олмас,
Оқил ҳам, одил ҳам Худодан қолмас,
Худодан қўрққанни тавофи асрар,
Маҳмудни меҳрнинг дил оби асрар.

БУ САВОЛЛАР

Биз йўл юриб кимга етибмиз,
Биз мўл юриб кимдан ўтибмиз,
Қай омад, бахт барин тутибмиз?
Бу саволлар дилдаги қондир,
Жисмимиздан чиқмаган жондир.

Кимни дедик, биз зўр юрганда,
Кимни кўрдик отда турганда,
Отдан тушиб оҳлар урганда,
Бўғзимизда бўзлаган шондир,
Жисмимиздан чиқмаган жондир.

Қуёш биздан нечун узоқда,
Ой булутлар ичра тузоқда,
Парвона йўқ бизнинг чироқда,
Вужуд ичра ҳушёр иймондир,
Жисмимиздан чиқмаган жондир.

Бир дарахтдек соя тутдикми,
Қоқилганга конференцияи,
Миллат учун ғоя тутдикми?
Бу саволлар абад армондир,
Жисмимиздан чиқмаган жондир.

Бандаси-ку, бунга иқрордир,
Беайб зот Парвардигордир,
Нечун бевақт сочимиз қордир,
Бу саволлар ранги сомондир,
Жисмимиз-ан чиқмаган жондир.

Милтиқ шони ҳар ўқда бўлгай,
Оқил иши зўр пухта бўлгай,
Ҳар саволдаXIир нуқта бўлгай,
Савол борки, жавоб омондир,
Жисмимиздан чиқмаган жондир!

ҲИКМАТ ИЗЛАДИМ

Саодатнинг самосидаман,
Билмам кимнинг баҳосидаман,
Лек эзгулик дуосидаман,
Кимдир ўйлар: ҳиммат изладим,
Мен ҳаётдан ҳикмат изладим.

Қоқилганим ўзимдан кўрдим,
Очиқ турган кўзимдан кўрдим,
Бефарқ айтган сўзимдан кўрдим,
Гуноҳимга чиммат изладим,
Мен ҳаётдан ҳикмат изладим.

Гоҳ бошимдан баландга сакраб,
Гоҳо катта дарёдан ҳатлаб,
Не кўйларга солмади матлаб,
Армонимдан ибрат изладим,
Мен ҳаётдан ҳикмат изладим.

Бир беморнинг ёнида турмай,
Оч қолган қуш донида турмай,
Айтинг, қандай кўксимга урай,
Инсофимга нисбат изладим,
Мен ҳаётдан ҳикмат изладим.

Қуёш нури кун шони учун,
Ойнинг нури тун шони учун,
Инсон азиз иймони учун,
Шоирман-да, фикрат изладим,
Мен ҳаётдан ҳикмат изладим.

ТЎРТЛИКЛАР

Борин берган билан ер нолимайди,
Меҳнатдан тўкилса тер нолимайди.
Гуноҳдан терлаш ёмондан ёмон,
Бегуноҳ бандадан гўр нолимайди.
* * *
Сим-сим дарди билан симиллар дунё,
Гоҳ тезоб, гоҳ сокин қимирлар дунё.
Қай кўзман қарасанг, шундай кўринар,
Икки дил жонида жимирлар дунё.
* * *
Шеър менинг қалбимни қаноти бўлди,
Шеър менинг умримни баёти бўлди.
Элнинг элагидан билмам қай ўтдим,
Шукур, шеър Маҳмуднинг ҳаёти бўлди.
* * *
Муз асли – бу қишнинг зардаси эрур,
Қиш ўзи баҳорнинг пардаси эрур.
Булбулларга бешик белаган баҳор,
Ўн саккиз минг олам хандаси эрур.
* * *
Оиланг оромини тилло бермайди,
Меҳрдан бошқаси, илло, бермайди.
Оқибат ортингдан эргашиб юрса,
Уйингда ғам, қайғу садо бермайди.
* * *
Олдингдан оққан сув назардан четда,
Ҳалоллик ҳамиша ҳазардан четда.
Бу дунё фойданинг фойтуни эмас,
Етти ўлчаб кесган зарардан четда.
* * *
Қайта кўрмоқ бўлсанг босган йўлингни,
Кўксингга қўёлгин икки қўлингни.
Отдан тушиб, пича пиёда юргин,
Сен ерда кўрасан ҳақгўй элингни.
* * *
Нокаснинг номи ҳам тилингга озор,
У аввал бергайдир дилингга озор.
Сен ундан чимдим туз сўргандан кўра,
Пешонанг шўрини ялайвер такрор.
* * *
Қанот қоққан билан ҳар қуш бургутмас,
Ҳар қушни бургутдек тоғлари кутмас.
Биздан ўзга элнинг Навоийси йўқ,
Қалам тутган зот бор, буни унутмас!
* * *
Булут кўргин, қабоғингдамас,
Соч шуъласи тароғингдамас,
Очиқ кўзда гар чоҳга тушсанг,
Маҳмуд, айбинг оёғингдамас.

ИККИЛИКЛАР

Эл-улус назарин тахти илмда,
Боқий яшамоқнинг бахти илмда.
* * *
Ошиқлик умримиз олий унвони,
Бу шундай унвонки, кўпдир армони.
* * *
Дунё асли қўлнинг кири деганлар.
Бир умр шу кирнинг ғамин еганлар.

Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img856