16.01.2026 | 12:32
435
ТОМЧИДА ҚУЁШ
“Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам КАЛОНОВ билан суҳбат
“Юрт ободлиги, аввало, маҳалладaн бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради. Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали биз мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш борасидаги ишларни давом эттирамиз”.
Президент Шавкат МИРЗИЁЕВнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан

– Рустам ака, маҳаллаларимизни нуронийларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ёшлар тарбияси, маҳалла ободлиги, жамоатчилик назорати, маънавий муҳитни шакллантиришда бевосита катта ҳаётий ва касбий тажрибага эга отахон-у онахонларнинг ўрни беқиёс…
– Тўғри айтасиз, оилада ҳам, юрт тараққиётида ҳам нуроний отахон ва онахонларнинг ўрни алоҳида. Хабарингиз бор, ўтган йилнинг охирида давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри фаоллари билан учрашди. Очиғи, бу учрашув унда қатнашганлар учун жуда катта сабоқ бўлди. Учрашувда ҳар бир масъулга ўз йўналиши бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. “Ҳар бирингиз билиб қўйинг: Ватан маҳалладaн бошланади”, деган аниқ ва лўнда фикр айтилди. Биласиз, шу кунгача ҳам маҳалла ва унинг ободлиги ҳақида тегишли ҳужжатлар имзоланган. Бу бежиз эмас. Чунки маҳалла юртимизнинг қайноқ ўчоғи ҳисобланади.
Юртимизга келаётган чет элликлар билан хизмат юзасидан суҳбатлашишимизга тўғри келади. Шунда уларнинг ўзбек маҳаллаларида яшаётганларнинг турмуш тарзидан, маҳалла тузилмасининг фаолияти ва бунда нуронийларнинг ўрнидан ҳайратга тушганини кўп кўраман. Айниқса, оилаларнинг бошига оғир кунлар тушганда ёки тўй-ҳашамларда маҳалла одамларининг бирлашиши, ҳар қандай ёрдамга тайёр туриши уларнинг ақлига сиғмайди, таажжубланади.
Аксарият чет мамлакатларда оилалар, ҳатто бир оиладаги ота-она, бола-чақаларнинг ўзаро алоқаси йўқлиги, ҳамма ўз бошига ёғган қорни ўзи кураши, яхши-ёмон кунларни ҳам танҳо ўтказишини биламиз. Афсуски, бизда ҳам кўп қаватли уйларда ўз қобиғига ўралиб қолганлар йўқ эмас. Лекин бугун маҳалла фаоллари бу ҳолатга томошабин бўлиб тургани йўқ, барчанинг маҳаллага мослашиши, сингиб кетишида ёрдамини аямаяпти.
Бугун маҳаллада ҳеч ким ўз муаммоси билан ёлғиз қолишига йўл қўймаймиз.
“Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айнан шу руҳда тарбиялашимиз керак”.
Мурожаатномадан
Илгари кекса одам бирор ножўя иш қилаётган болани кўрса, “Кимнинг боласисан? Нима қилаяпсан?” деб савол берарди. “Бир болага етти маҳалла ота-она” мақолининг ҳақиқий амалий кўриниши эди бу. Очиғи, бу анъанадан йироқлашиб боряпмиз. “Бирoвнинг боласи билан нима ишим бор”, деган кайфиятга ўтиш жуда хавфли. Чунки замон шиддатли ва умумий, бугун бир болада иллат пайдо бўлса, эртага бошқа оилага ҳам кириб бормайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. “Суюнчи” фильмида: “Ким бегона экан бувингга бу маҳаллада? Кўрсат, ўша бегоналарни”, деб айтилади-ку.
Яна бир гап. Айрим ёшлардан “Маҳаллангнинг номи нима?” ёки “Нега бундай аталишини биласанми?” деб сўрасангиз, аксарияти “билмайман” деб жавоб беради. Илгари бува-бувиларимиз танчанинг атрофида гардиш патнисга туршак-майизни ташлаб қўйиб, невараларига авлод-аждодлари ҳақида гапириб беришарди. Кексаларимиз кўча-кўйда юрганида, атрофида юз бераётган воқеаларга бефарқ эмасди. Яхши ишларга ҳам, ёмонликка ҳам муносабатлари бор эди.
Эсимда бор, онам пенсияга чиққанларидан кейин кечки салқин пайтлари эшигимиз олдида курсичага ўтириб, ўтган-кетган билан суҳбатлашарди. Бегона одам кўринса, албатта, кимлигини суриштирарди. Ҳар бир маҳаллада косиблик, заргарлик, мисгарлик дегандек, бирор касб-ҳунар билан шуғулланувчи гуруҳлар бўларди. Албатта, бугун давр ўзгарди, одамлар ўзгарди, касб-ҳунарлар ҳам ўзига хос ривожланяпти. Назаримда, бугун маҳалла раҳбарларининг ҳам иш тутуми, одамлар билан муносабати даврга ҳамоҳанг бўлиши керак.
Ҳозир кўпқаватли уйларда яшовчи аҳоли билан ишлашда муаммолар учраб турибди. Очиғи, бу уйларда ўзаро бефарқлик, бир-бирини камситиш каби иллатлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бундай ҳолатлар бизнинг жамиятга ярашмайди. Бу борада Сергелида қуриб фойдаланишга топширилаётган маҳаллаларни ibrat қилиб кўрсатса арзийди. Уларда нуронийлар, маҳалла фаоллари бош бўлиб, аҳолини ўзаро бирлаштирадиган ибратли тадбирлар ўтказиляпти.
2025 йилги маълумотларга кўра, аҳоли, ёшлар ўртасида жиноятчилик, товламачилик, фирибгарлик, ажрашиш каби иллатлар анча камайган. Бунда, шубҳасиз, маҳаллада обрў ва нуфузга эга бўлган нуронийлар, доно бувижонларнинг жонкуярлиги муҳим роль ўйнаяпти.
Шаҳримиздаги 585 та маҳалланинг ҳар бир нуронийсига 10 та оиланинг ахлоқи бузилган, ёмон йўлга кириб кетган фарзандлари бириктирилган. Албатта, бу нуронийлар бир ўзи эмас, ёнида бир-икки фаол шахслар билан уларнинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришяпти.
– Шубҳасиз, нуронийлар, маҳалла етакчиларининг фаолликлари бугунги кунда ўз натижаларини бераётгани ҳаммамизни қувонтиради. Пойтахтда турли миллат ва эътиқод вакиллари жамланган маҳаллалар ҳам тальйгина. Улар билан ишлаш тарзи қандай?
– Маҳалла ўн йил ёки юз йиллик тузилма эмас. Ўлкамизда бу бирлик тарихи минг йилликларга бориб тақалади. Буюк Ипак йўлининг муҳим бўғинида жойлашган, азалдан бағрикенг ва тинчликпарвар бўлган халқимиз маҳаллаларга бирлашар экан, азалдан у ерда тиллар, динлар, қарашлар хилма-хиллиги бўлган. Маҳаллада ҳар ким аввало инсонийлиги учун ҳурмат қилинади. Муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимиз ҳам дўстлик ва уюшқоқликни тарғиб қилади.
Ўзбекистон – кўпмиллатли мамлакат. Фақат янги кўчиб келганлар ва ёшларда маҳаллада яшашнинг ўзига хос томонларини тушунишда бироз қийинчилик туғилиши мумкин. Илгаридан яшаб келаётганлар аллақачон урф-одатларимиз, қадриятларимизни яхши билиб олган. Ҳозир кўплари тилимизни сув қилиб ичиб юборган. Очиғи, ҳашар, ўзаро ёрдам тадбирларида биринчилардан бўлиб қўл чўзадиганлар ҳам айнан дўст ва қардош миллат вакиллари. Одамгарчиликнинг миллатга алоқаси йўқ. Бу оилага, ундаги таълим-тарбияга боғлиқ.
“Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир. Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади”.
Мурожаатномадан
– Тўққиз мингдан зиёд маҳаллада, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия муҳитини шакллантириш каби долзарб масалалар катта ҳаётий тажрибага эга маҳалла раислари ва фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар, зиёлилар, тадбиркорлар, Ватан посбонлари – бутун халқимиз зиммасига юкланди. Ана шу жабҳада, назаримда, нуронийлар олдинги сафда қайд этилгани бежиз эмас.
– Ҳа. Янги йил, шубҳасиз, янги режалар, янги вазифалар билан кириб келади. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” халқимиз руҳини кўтариш билан бирга, республикамиз маҳаллаларида фаолият юритаётган нуронийларимиз, маҳалла фаоллари олдига катта вазифаларни ҳам қўйди.
Халқимизда “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди” деган мақол борлигини эслатиб қўймоқчиман. Яъни ҳаммамизнинг олдимизда юртимиз иқтисодини янада кўтаришга, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиш вазифаси турибди. Бу йўлда нуронийларимиз, оқсоқолларимиз, ёш фаолларимиз – ҳамма бирлашиб ҳаракат қилиши керак.
Бугун нуронийларимиз, фаолларимиз одамларнинг нима дарди бор, уларни қийнаётган нарса нима, ёшларга, ёш оилаларга қандай ёрдам керак, деган саволлар устида ўйланиб, уларга жавоб топиш йўлларини излашлари, жиллақурса, маслаҳатлари билан ёрдам беришлари лозим. Чунки маҳаллабоши нуронийлар ҳисобланади.
Эсласангиз, биз ёши улуғлар кўча бошида кўринса, ўйин-у юмушимиздан тўхтаб, йўл четига чиқиб, солим турардик. Оиланинг катталари – отахонлар, оналар дастурхон атрофига келиб ўтирмагунча, қозон очилмасди. Барча тадбирларда маҳалладаги обрў-эътиборли отахон дуойи фотиҳа қиларди. Менимча, ҳозир ҳам кўп жойларда шундай ва шундай бўлиб қолиши керак. Бу каби удумларимиз асрлар давомида ўзини оқлаб келган. Бизнинг вазифамиз мавжуд анъаналаримизни давом эттиришга бош-қош бўлишдан иборат.
Анъаналаримизни давом эттириш мақсадида мунтазам равишда уч авлод учрашувларини ўтказиб турамиз. Учрашувларга кўпроқ ёшларни жалб этамиз. Шу билан бирга, маҳаллада олиб борилаётган ишларни мунтазам кузатиб борамиз. Деярли барча тадбирда нуронийларимиз, маҳалла оқсоқоллари бош-қош. Ишонасизми, тадбирга келаётган кексаларни кўриб, ёшлар ҳам қатнашишни хоҳлаб қолади. Бекорга нуроний дейишмайди, ахир, юз-кўзларида нур бор уларнинг.
– Боя хорижликларнинг маҳалла институтиимизга қизиқишини таъкидладингиз. Шу ҳақда батафсилроқ гаплашсак. Зеро, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дейишади-ку.
– Биринчи навбатда этнографлар, ижтимоий масалалар билан шуғулланадиган мутахассислар маҳаллаларга олиб боришни сўрашади. Одатимиз бўйича бир пиёла чой, дастурхон устида суҳбатлашамиз, кўча-кўйларни айлантирамиз, одамлар билан кўришадилар. Фуқаролар билан мулоқотлардан, маҳалла айланиб кўрганларидан сўнг амалга оширилаётган ишларнинг натижасига иқрор бўлади. Қандай делегация келишидан қатъи назар, саёҳатининг бир куни, албатта, маҳаллаларда ўтади. Айниқса, японлар жиддий қизиқади. Франция, Германия, Болтиқбўйи мамлакатларидан келганлар ҳам маҳаллаларда бўлишни истайди.
Энг муҳими, улар кўрган-билганлари асосида давлатнинг фуқаролар учун қилаётган саъй-ҳаракатлари, амаллари тўғри эканига амин бўлади. Томчида қуёш акс этади, дейдилар-ку. Ана шу томчилар дарёлар, денгизлар, уммонларни ташкил қилади.
Муҳтарам Президентимиз ўтган йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб атаб, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатига янгича руҳ ва маъно берди. Биз, маҳалла аҳли учун бу иқтисодий сиёсат айни муддаодир. Чунки маҳалла деган сўзнинг ўзагида боғ-у бўстон, фаровонлик ва ободлик деган тушунча ётибди. Биз бу борада ҳам белни боғлаб, Ватанимизни гуллатишга доимий ҳиссамизни каррасига кўпайтиришга киришганмиз.
“Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм, ҳар бир депутатга 3,3 миллиард сўмдан беряпмиз. Бу борада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирамиз. Бундай ёндашув орқали 2030 йилгача барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз”.
Мурожаатномадан
– Маҳалла ҳақида гап кетганда, албатта, маросимларни четлаб ўта олмаймиз. Тўй-ҳашам деган икки сўз ва унинг ортидаги икки мингта машмаша ҳамда уларни тартибга солиш бўйича тажрибангиздан келиб чиқиб фикр билдирсангиз.
– Тўйларни ихчамлаштириш, маърака ва бошқа оилавий тадбирларни тартибга солиш ҳам бевосита маҳаллага тегишли масала. Муҳими, одамларимиз дунёқарашида ижобий ўзгариш бор. Айниқса, ёшлар билим доираси кенгайиб бораётгани ҳамда кенг кўламли тарғиботлар натижаси ўлароқ исроф ва мантиқсиз ишлардан ўзини олиб қочяпти. Энди улар ҳеч кимга наф бермайдиган харажатлардан кўра, пулни жамғариб ота-онасини сиҳатгоҳларга, зиёратларга юбормоқда. Келин-куёв тўйдан тежалган пулни таълимга, саёҳатга ва келажакка йўналтирмоқда.
Катталар ҳам ёшлардаги бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди. Ўтган йилнинг октябрь ойида Юнусободнинг маҳаллаларидан бирида онахон бош бўлиб, неварасига 50 одам билан тўй қилди. Очиғи, ҳамма ҳайрон қолди. Ҳаммаси оқ озода, тартибли, чиройли бир тарзда ўтди тўй. Мана бу ибрат, мана бу шахсий намуна дейилади!
Агар мол-давлати ошиб-тошиб кетаётган бўлса, шуни кераксиз томошаларга эмас, ёрдамга муҳтож оилаларга, беморларга, талабаларга берайлик, деб йўналтиряпмиз. Бу жиҳатдан маҳалланинг, нуронийларнинг роли муҳим. Чунки бирор раҳбар гапирса, “конъюнктура” дарди қўзиб, “Пулимга хўжайинмисан? Бир-икки сўм чўнтагимга солиб қўйганмидинг?” дейишлари мумкин. Лекин кексаларнинг гапини тўғри қабул қилади.
– Демак, гапларингиздан келиб чиқадиган бўлсак, бугун маҳаллалар фильтр вазифасини ҳам бажаряпти.
– Шундай. “Ўтмиш бисотимиз шаксиз буюк, аммо орасида бу кунги турмушга ярайдиганлари ҳам, оёғимизга кишан бўлиб, бизни чоҳга судрайдиганлари ҳам бор”, деган гапни ўқидим яқинда. Ана шу бисотнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш – маҳалланинг иши. Қолаверса, юртимизда кечаётган сиёсий жараёнлар, ислоҳотлар моҳиятини одамларга етказиш ҳам бизнинг бурчимиз.
Мана, бу йил маҳаллага боғлиқ ишлар билан кенг қамровда шуғулланиш имкони яратилди. Ватан хизматига доим шаймиз.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Гулчеҳра УМАРОВА суҳбатлашди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 9 январдаги 2-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



